Қайднома

Қидирув

Негредо – "Кадис"нинг янги етакчиси

Негредо – "Кадис"нинг янги етакчиси

  13.11.2020 09:39
  0
  266
Негредо –

Испания Ла-Лигасида дебютант сифатида қатнашаётган «Кадис»нинг 35 ёшли янги ҳужумчиси - Альваро Негредо фаолияти давомида нақ 24 нафар мураббийдан сабоқ олган ва рақиблар дарвозасини 230 марта ишғол қилган. Ўзининг айтишича, фахрий ҳужумчи ҳаттоки, тушларида ҳам бутсасини михга илаётгани эмас, ҳамон муросасиз беллашувлар ва голлар ураётганини кўради: «Меҳмонхонада бирга турадиган шеригимнинг нолишича, уйқу пайти алаҳсираб чиқарканман, тун бўйи «гол» ёки «бўл, узат, узат», дея бақирарканман. Бунга тушимга ҳамиша ўйинлар киргани сабабдир. Ҳа, уйқу вақти ҳам футбол ичида қоламан, ўйнайман. Бу мен учун жуда муҳим. Чунки суткада 24 соат футбол билан тирикман, дам олишнинг умуман иложи йўқ. Ўйинга иштиёқим йўқолмаганидан беҳад мамнунман», - дейди Негредо бу борада.

Альваро болалигидан гол уришни яхши кўради. У фаолияти мобайнида жами 545 марта майдонга тушиб, 230та гол урган. Ҳужумчини айниқса, «Райо Вальекано», «Альмерия», «Севилья», «Манчестер Сити», «Валенсия», «Мидлсбро», «Бешиктош» ва «Ал-Наср» мухлислари яқиндан биладилар. Мана, Негредо янги мавсум арафасида «Кадис» таклифига биноан, ватани - Испанияга қайтди. Муҳими, дебютант жамоа фахрий ҳужумчи билан келишувга эришганидан мутлақо афсусланмаяпти. Дейлик, 35 ёшли голеадор 25 сентябрь оқшоми «Кадис» либосида дастлабки голини нишонлади. Негредо аллақачон фахрий мақомини олган бўлсада, ўйинга ва гол уришга чанқоқлиги ҳамон аввалгидек кучли. «Эҳтирос масаласида муаммо йўқ. Болакайлик давридан гол уришни ёқтираман, бор вужудим билан шунга интиламан. Вақтида футзал билан шуғулланганман ва ўша пайт ҳам ҳамиша дарвозага яқин жойда ўйнаганман. Тўғри, баъзан қанот ёки орқа чизиқда ҳам тўп суришимга тўғри келган. Лекин ҳужум маркази - мен учун суюкли позиция. Ўртоқлик учрашувими, машғулот ёки ўта муҳим расмий ўйинми, фарқи йўқ, ҳар сония­да рақиб дарвозасини ишғол этишни ўйлардим. Тўғри, мабодо гол уролмасаму, жамоам ғалаба қозонса, ўйиндан қониқиш олардим. Агар гол урсаму, жамоа мағлубиятга учраса, бунга сира чидолмасдим. Умуман, ҳозирга қадар доимо гол уриш илинжида тўп сураман», - дейди фахрий футболчи.

«Кадис» шарафини ҳимоя қила бошлаган ҳужумчи 4 йиллик танаффусдан кейин Испания чемпионатида яна гол урганидан кейин енгил тин олганини алоҳида эътироф этди. Гол «ҳид»ини сезиш қобилияти ҳамон жойида эканлигини исботлаш билан оғзига кучи етмайдиган айрим чаламухлисларни тил тишлашга мажбур этиш ўта ёқимли: «Янги жамоада футболчи қанчалик тез гол урса, ўзини шунча эркин ҳис этади. Гол ўз салоҳиятига ишончни тиклаш учун аҳамиятли. Ўйин қовуша бошлагач, голлар ўз-ўзидан келаверади. Хорижий саёҳатлардан кейин Ла Лигага қайтиш орзусида эдим. Энди юксак савияни намойиш этиш ниятидаман. Аввалига мени роса муҳокама қилишди, гоҳ қарияга чиқариб қўйишди, гоҳ спорт формамдан камчилик қидиришди. Бироқ ҳозир ўта кўтаринки кайфиятдаман». Негредо болалигида «Реал» ҳужумчиси Роналдога ҳақиқий кумири сифатида қарарди. Шундай экан, 20 ёшга тўлганида, «Қироллик клуби»дан таклиф олгач, қувончдан ўзини қўярга жой тополмаганини тасаввур қилиш қийин эмас. Альваро гарчи «Кастилья» (ёшлар жамоаси) таркибида учинчи дивизионда тўп сурсада, Роналдо, Рауль, Дэвид Бекхэм ва Зайниддин Зидан каби афсоналар ёнида шуғулланар ва шунинг ўзидан чинакамига роҳатланарди: «Ҳа, ҳамиша Роналдодан ибрат олишга интилардим. Мени илк марта асосий жамоанинг Испания кубоги доирасидаги учрашуви қайдномасига киритишгани ҳамон ёдимда. Ўшанда Роналдо ўйиндан кейин ўз либосини совға қилишини айтди. Мен учун бундан-да яхшироқ мукофот бўлиши мумкин эмасди. Бироздан кейин Роналдо фикридан қайтганини айтиб, ҳазиллашди. Лекин ваъдаси устидан чиқиб, ҳар қандай ҳужумчи фахрланса арзийдиган футболкасини тортиқ этди. У «Реал»нинг чин рамзи эди».

2006|2007 йиллар мавсумида «Кас­тилья» сафида 18та гол урган Альваро анча улғайди. У Хуан Мата, Рубен де ла Ред ва Хави Гарсия билан ёнма-ён тўп сурганди. Бироқ кейинги мавсум олдидан ҳужумчини ижара келишуви асосида «Альме­рия»­­га жўнатишди. Шу тариқа Нег­редо янги жамоада Уго Санчесдан сабоқ олди. «Бу мураббийдан кўп нарса ўргандим. У вақтида ҳар мавсумни 30тадан ортиқ гол билан якунлагани боис, ҳужумчилар билан тез-тез жиддий суҳбатлашиб турарди. Санчес доимо битта жиҳатни такрорларди: «Жарима майдончаси ичида миянгга келган дастлабки режани амалга ошир. Ўйлаб кўриш ёки шубҳа учун 1 сонияни ҳам зое сарфлама». Бу жуда фойдали маслаҳат эди», - дея эслайди Негредо «Альмерия» сафидаги ижара муддатини. Умуман, Альваро камтарин жамоада 2 мавсум ўйнади ва рақиблар дарвозасини 31 марта нишонга олди. Лекин «Реал»га қайтиши сониядек ўтди-кетди - уни «Севилья»га сотишни маъқул кўришди. Ҳужумчининг «Рамон Санчес Писхуан»даги фаолияти эса анча самарали кечди - 185 марта майдонга тушиб, 85та гол урди ва Испания кубогини қўлга киритди. Шунингдек, клуб тарихидаги тўпурарлар рўйхатида 7-ўринга кўтарилди. «Севилья»да тўп сурганимдан жуда бахтиёрман. Бу жамоада Луис Фабиано ва Федерико Канутедек ажойиб ҳужумчилар билан ҳамкорлик қилдим, еврокубок мусобақаларида иштирок этдим. Секин-аста асосий таркиб аъзоси сифатида мураббийлар ишончини оқладим. «Севилья»­ни ҳозир ҳам яхши кўраман» - Альваро Андалусия клубидаги фаолиятини ҳамиша фахр билан тилга олади.

2013 йилга келиб, бадавлат «Манчестер Сити» Альваро Негредо трансферига 20 млн. евро тўлади. Испания­лик ҳужумчининг «шаҳарликлар» сафидаги фаолияти ўта шиддатли бошланди: дебютини ЦСКАга қарши ўйин­да «хет-трик» билан нишонлади. Ке­йин «Тоттенхэм» (6:0), «Арсенал» (6:3) ва «Ливерпуль» (1:2) дарвозабонларини ранжитди. Шу тариқа дастлабки 20та учрашувда 19та гол тўплади! Бундан ҳайратга тушган мухлислар унга «Йиртқич» лақабини муносиб кўришди. «Жамоага осонгина мослашдим. Чунки таркибда савияли ўйинчилар кўп бўлиб, улар ҳужумчиларга тинимсиз равишда яхши вазиятлар яратиб туришарди. Муҳими, имкониятдан унумли фойдаландим» - буниси ҳужумчининг АПЛдаги тажрибага боғлиқ хотираси. Лекин тез орада Негредога «кўз» тегдими, белидан жароҳатланди. Ундан энди қутулганида эса, иккинчи жиддий шикастланишга йўлиқди ва жамоага ёрдам беролмайдиган ҳолатга тушиб қолди. Қўшимчасига, УЕФА «Манчестер Сити»га жазо тариқасида ЕЧЛ учун қайдномага атиги 21 нафар футболчи киритиши ҳақида қарор чиқарди. Оқибатда Альваро халқаро мусобақада қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлди. «Жароҳат туфайли қисқа муддатга сафдан чиққандим. Бироқ кейинроқ ЕЧЛда қатнашмаслигимни айтишди. Бу менга нисбатан ишончсизлик эмасди. Шунчаки, бу ҳуқуқни тортиб олишди. Табиийки, қарор менга ёқмади. Натижада янги жамоа излашдан ўзга чорам қолмади», - дея изоҳлайди футболчи «Сити»дан кетиш ҳақидаги қарорини. Нег­редо шу тариқа Ла Лигага қайтди - бу са­­­фар «Валенсия»га. Аммо «Севилья»­даги муваффақиятни такрорлашнинг иложини тополмади - 74та ўйинда 18та гол билан кифояланди. Қўшимчасига, жамоа бош мураббийи Нуну Эшпириту Санту билан жанжаллашиб қолди. Тез орада мураббий истеъфога чиқарилди, аммо галисияликлар Гари Невилл ва Пако Айестаран раҳбарлигида янада ёмонроқ ўйин кўрсатишди.

Тартибсизликлардан зериккан Нег­редо «Мидлсбро» таклифини қабул қилди. Аммо унинг 9та голи жамоанинг элитада қолишига камлик қилди: «Англиядаги шароит маъқул тушганди. Албатта, ўзимни яна кўрсатишни хоҳлагандим. «Мидлсбро» табиийки, «Сити» эмас. Муҳими, «жон» сақлаб қолиш вазифасини уддалолмаган бўлсакда, кўп нарса ўргандим. Шафқатсиз услуб, тўқнашувлар, қудратли ҳимоячиларга қарши жангларда тобландим». Негредо кейинчалик «Бешик­тош»да ўйнади (49та учрашувда 18та гол урди), маҳаллий мухлислар ёқимтойига айланди. Айниқса, жамоа «Галатасарой»ни 3:0 ҳисобида тор-мор этганидан кейин: «Туркия Суперлигасида ҳаммаси рисоладагидек кечди. Асосийси, мухлислар меҳрини қозондим. Дербида гол уришнинг гашти ўзгача. Трибуналар шовқин-сурони ўйин­нинг бошидан охиригача тинмайди. Бироқ клуб молиявий муаммоларга дуч келгач, кўп маош оладиган ўйинчиларга жавоб берди, жумладан, менга ҳам...».

Альваро Испания миллий жамоаси либосида илк марта 2009 йили майдонга тушди ва дебютини «дубль» билан безади. Ўшанда «қизил фурия» Босния термаси дарвозасига 5та жавобсиз гол урганди. Негредо ҳаммаси бўлиб терма жамоа шарафини 21 марта ҳимоя қилиб, 10та гол муаллифига айланди. Унинг сов­ринлари коллекциясини Евро-2012 олтин медали безаб турибди. Негредо мураббийлар миллий жамоада фақат гол уриш эмас, бошқа вазифаларни ҳам уддалайдиган ҳужумчиларга кўпроқ эътибор қаратишганидан норози эмас: «Ҳа, жарима майдонидан чиқмайдиган биз каби ҳужумчилар кам. Мени бирор мураббий ҳеч қачон камситмаган. Қайси жамоада ўйнаган бўлсам, қандай футболчи эканлигим, ўзига яраша ижобий хислатларим борлигини исботлаганман. Мураббийнинг сени нима қила олишингни билиши муҳим. Ҳаммаси айнан унга боғлиқ. Тан оламан, мураббийнинг иложи борича кўпроқ вариантга эга бўлиши катта устунликдир».

Альваро Негредо узоқ фаолияти давомида 24 нафар мураббий қўл остида ўйнади. Улар орасида Мануэль Пеллегрини, Айтор Каранка, Висенте дель Боске, Гарри Невилл ва Шенол Гюнеш кабилар бор: «Ҳар бир мураббийдан ниманидир ўрганиш имконияти бор. Футболчи учун энг муҳими шу. Лекин менга Унаи Эмери ҳаммадан кўпроқ ёрдам берди. Биз ажойиб муносабатни йўлга қўйгандик, у доимо ишонч бағишларди». Негредо табиийки, жуда кўплаб ҳужумчилар билан ҳам ҳамкорлик қилган: «Севилья»да Луис Фабиа­но билан самарали ўйнадим. Пако Алькасер билан эса «Валенсия»да дўстлашганмиз. Шунингдек, Родриго ва Морено билан. «Сити»да Серхио Агуэро билан яхши тил топишгандик. Эҳтимол, бир тилда сўзлашганимиз ҳам қўл келгандир. Худбинликка йўл қўймадик ва ҳанузгача ўзаро ҳурматдамиз». Хўш, плеймейкерлар бобида вазият қандай? Бу чизиқнинг қироли ким? «Фаолиятим давомида ўнгу-чапга тинимсиз тўп узатадиган ажойиб «10-рақам»лар билан ўйнадим. Айниқса, Давид Сильванинг ўйини ёқарди. Иньеста, Хави ҳамда Хаби Алонсо билан терма жамоада тўп сурдим. Дани Парехо ҳам ноёб иқтидор соҳиби. Лекин Сильва алоҳида эътирофга муносиб, барибир», - дейди кўпни кўрган фахрий.

 

Д.ДАДАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz