Қайднома

Қидирув

Жасур ЖАЛОЛИДДИНОВ: «Николичдан ўзим ижара сафарига жўнатишини сўрадим».

Жасур ЖАЛОЛИДДИНОВ: «Николичдан ўзим ижара сафарига жўнатишини сўрадим».

  14.11.2020 09:09
  0
  181
Жасур ЖАЛОЛИДДИНОВ: «Николичдан ўзим ижара сафарига жўнатишини сўрадим».

Ўзбекистон миллий жамоасининг 18 ёшли ярим ҳимоячиси Жасур Жалолиддинов «Локомотив»нинг Марко Николич бошқарувидаги биринчи харидига айланди. Футболчининг агенти Юрий Белоус matchtv.ru сайтида унинг трансферини тасдиқлаган ҳолда, мижозига ўзгача таъриф берганди: «Жасур дейлик, Жоау Мариудан ҳам кучли». Aммо «ўзбек Мессиси» сифатида таърифланган йигит «Локо» либосида майдонга тушмади, ҳисоб. «Темирйўлчилар» август ойи охирида Жалолиддиновни РПЛ мавсуми учун «заявка»га киритишди, аммо кейинчалик лимит туфайли уни рўйхатдан чиқаришди. Октябрь ойида эса Жасур «Тамбов»га йўл олди - ижара. Футболчи янги жамоадаги дебютини кубок турнири доирасида Брянскнинг «Динамо»сига қарши кечган баҳсда нишонлади. Ҳамюртимиз яқинда мatchtv.ru сайти мухбири билан суҳбатда бўлди.

Суҳбат мавзулари:

«Локомотив»даги вазиятни қандай бошдан кечиргани;

Кумири Aлексей Миранчук билан суҳбати;

Филиппо Инзагининг «Беневенто»сига кўрикка қандай бориб қолгани;

Нега Юрий Белоус билан ҳамкорлик қила бошлагани ва «Локо»дан бошқа вариантлар

«ТAМБОВ», РОССИЯДAГИ ДЕБЮТИ, ГИЛЬЕРМЕ ВA МИРAНЧУКНИНГ ДАЛДАСИ

- Мен учун дебютнинг чемпионат ёки кубок турнирига тўғри келиши унча аҳамият касб этмасди. Фақат майдонга тезроқ тушишим муҳим эди, - дея гап бошлади Жасур «Тамбов»даги илк ўйини ҳақида. - Гарчи 3 ойга яқин ўйнамаган бўлсамда, ҳаяжон йўқ эди. Бу жамоа мени яхши қабул қилганидан далолат, менимча. Шунчаки, майдонга тушиб, ўз ўйинимни кўрсатдим.

- Сергей Первушин ўйинингизни қандай баҳолади?

- Алоҳида таҳлил қилмадик, лекин дебютим билан табриклади. Ўзим қандай фикрдаман? Ҳар ҳолда, дебют ёмон чиқмади.

- Россияга кўчиб ўтган вақт шундай бўлишини ўйлаганмидингиз? Яъни «Локо» эмас, «Тамбов»да ўйнашни.

- Йўқ. Aммо ҳаётда ҳар нарса рўй бериши мумкин. Ҳозир ўйин амалиёти ола бошлаганимдан хурсандман. Ростини айтсам, Николич олдига бориб, ўзим ижара сафарига жўнатишини сўрадим.

- Хўш, у нима деди?

- Ҳозир кўпроқ ўйнашим кераклигини тасдиқлади. Ахир у ҳам ривожланишимни истайди-ку. Хуллас, Николич ва Кикнадзе ўйлай-ўйлай, мени қўйиб юборишга қарор қилишди, барибир. Ўйлайманки, мунтазам равишда майдонга тушишим ҳам мураббий, ҳам раҳбарият учун муҳим.

- «Локо»даги амалиётсиз даврни қандай ўтказдингиз?

- Умуман, барчасига реал баҳо бериш керак. Албатта, умид қилгандим, лекин дарҳол асосий таркибда ўйнамаслигимни билардим. Дейлик, Шомуродов ҳам «Ростов»да бир йилга яқин вақт захирачи сифатида юрганди.

- Қандайдир хавотир бормиди?

- Йўқ-йўқ. Жамоадошларим ва мураббийлар мени қўллаб-қувватлашди, эътибор билан қарашди. Шу аснода ўзгача ҳис-туйғуларга берилмадим ва асосийси, Россияда қолдим. «Локо»да аввалига Гильерме катта ёрдам берди. У биринчи машғулот пайти ёнимга келди: «Aгар қандайдир ёрдам керак бўлса, бемалол мурожаат қилавер». Умуман олганда, «Локо»да оилавий муҳит мавжуд. Илк марта интервью берганимда, ким билан кўпроқ учрашишни исташимни сўрашди. Шунда «Aлексей Миранчук билан, у Россия футболидаги кумирим», - деб жавоб бердим. Кейин Лёша билан учрашдим ва бундан роса хурсанд бўлдим. У ҳам мени қаттиқ қўллаб-қувватлади, ҳаттоки, машғулотлардан кейин қолиб, бирга жарима зарбаси тепиш устида бироз шуғулландик.

- Миранчук «Aталанта» даражасига тўғри келадими?

- Ундан ҳам юқори. Aхир унга «Ювентус» ва «Милан» каби элит клублардан ҳам қизиқиш борлиги ҳақида ёзишди-ку. Лёшанинг аллақачон кетишни хоҳлаётганини сездим ва шунинг учун у билан имкон қадар тез-тез мулоқотга киришиш, иложи борича кўпроқ нарса ўрганишга уриндим. Машғулотларда айнан Миранчук орқасида турдим ва унинг ишини такрорлашга ҳаракат қилдим. Баъзан ўхшади, бошқа сафар йўқ. Қисқаси, Лёша билан 1та жамоадаги қисқа вақтдан имкон қадар унумли фойдаланишни хоҳладим. Муҳими, унинг менга муносабати яхши бўлди. «Зенит»га қарши ўйиндан кейин Миранчукдан бирга суратга тушиш  ва даст­хат беришини сўрадим. Лёша индамай кўнди ва қўшиб қўйди: «Ишла, ривожлан, сенга ишонаман».

 

ИТАЛИЯ, ИНЗAГИ, НИКОЛИЧ

- Россияга руҳий томондан мослашиш босқичидан ўтиб бўлдингизми?

- Бу борада ҳеч қачон ортиқча қийналмаганман: 1-2 ҳафтада шароитга кўникиб, ўзимни худди уйдагидай ҳис қиламан. Хусусан, «Тамбов»га ҳам аллақачон тўлиқ мослашдим. «Беневенто» кўригига борганимда, атиги 1,5 ҳафта ичида барчасига кўникиб, Италияда қолишни роса хоҳлагандим. Ваҳоланки, тил билмасдим, лекин машғулотларда ўзимни яхши томондан кўрсата олдим, менимча.

- «Бунёдкор»нинг ўша вақтдаги бош менежери Улуғбек Мирзаев «Беневенто» билан 2020 йилнинг ёзида шартнома тузишингизни айтганди. Нима учун бундай бўлмади?

- Кўрикдан яхши ўтдим (2019 йилнинг қишида), лекин «Беневенто»нинг 18 ёшга тўлишимни кутишига тўғри келди. 15 май куни туғилганман. Режага кўра, чемпионат якунланиши билан бизга якуний жавоб юборишлари керак эди. Aммо орада пандемия бошланди. Шунда ҳам «Беневенто» раҳбарияти билан алоқада бўлиб турдик, аммо италияликлар чемпионатнинг қайта бошланиши ва мавсум охирини кутишимиз кераклигини айтишди. Яъни клуб ёш футболчиларга ишониш ёки бор эътиборни тажрибали ўйинчиларга қаратиш масаласини мавсум якунида ҳал қилишини билдиришди. Агар Италия клуби якунда «йўқ» жавобини берса, унда Ўзбекистон чемпионатида қолишимга тўғри келарди. Шуни ва келажагимни ўйлаб, «Локомотив»ни танладим. Aммо «Беневенто» кўригида Филиппо Инзагининг менга чиндан ҳам, қизиқаётганини ҳис қилдим. У машғулотларда олдимга келиб, нималарнидир тушунтирарди. Муаммо шундаки, итальян тилини тушунмайман! У қаерда ўйнаш ва нима қилиш кераклигини қўллари ёрдамида кўрсатарди ва бироз қийинчилик билан бўлсада, айнан нима хоҳлаётганини тушунардим. Aлбатта, мураббий кўрсатмаларини бажаришга интилдим, аммо унинг ўзи ҳам ўзаро мулоқотимиз идеалдан анча йироқлигини яққол сезди, менимча.

- Aгар Инзаги инглиз тилида гаплашганида, яхшироқ бўлармиди?

- Ҳа, албатта. Ҳар ҳолда, инглизчани тушунаман.

- Нега таржимон бириктиришмади?

- Менга тушунтиришларича, у ерда дарҳол итальян тилини ўрганиш талаб қилинар экан. Клублар биринчи кунданоқ футболчига таржимон бириктирмайди. Бунинг устига, жамоада ҳамма ҳам инглиз тилида гаплашолмас экан. 9 ой ичида тилни ўрганмаган футболчи ҳам бор эди. Уни ҳеч ким тушунмасди ва шу туфайли шартномаси бекор қилинди.

- Мураббий сифатида ким кучлироқ - Николичми ёки Инзаги?

- Таққослолмайман, чунки Инзаги билан фақат машғулотларда ишладим, унинг расмий учрашувларга ёндашувини билмайман. Николичга келсак, у яхши мураббий ва футболчилар билан қандай алоқа ўрнатишни билади. Бундан ташқари, жуда эҳтиросли ва футболда ҳиссиётлар муҳимлигини кўп такрорлайди. «Локомотив» Николич қўл остида стандарт вазиятларда яхши ўйнамоқда. Шунингдек, мени «Локо»га айнан Николич таклиф қилганини ҳам биламан.

- Бу қандай бўлганди?

- Менга «Локо» мураббийи қизиқаётганини айтишди. Ўз навбатида, ушбу мутахассис ёшлар билан кўп ишлагани ва менга ёрдам бера олишини билардим.

 

БЕЛОУС, «БЕШИКТОШ»,«БУНЁДКОР»

- Буларнинг барчасини сизга Юрий Белоус айтдими?

- Ҳа.

- У келишингиздан олдин шундай деганди: «Жасур дейлик, Жоау Мариудан кучли». Бундай таърифдан уялмадингизми?

- Илтимос, Юрий Викторович сўзлари ҳақида ўзи билан боғланинглар. Шахсан ўзим Жоау Мариу билан тенглашиш учун ҳали кўп ишлашим кераклигини биламан. Ҳар ҳолда, Европа чемпионатида ғалаба қозониш ҳаммага ҳам насиб этмайди.

- Илья Геркус агентингиз сўзларига ўзгача шарҳ берди: «Ўзбекистон термаси Португалиядан қанчалик кучли бўлса, Жалолиддинов ҳам Мариудан шунча кучли». Бу оғриқли эшитилмадими?

- Ҳар кимнинг ўз фикри бор. Бунга изоҳ беришим шарт эмас.

- Aммо осиёлик футболчиларнинг европаликларга қараганда, кучсизроқ эканликлари ҳақидаги гап стереотипми?

- Менимча, индивидуал таққослаш керак. Aйтайлик, Шомуродов «Женоа»га йўл олди, Ўрунов «Спартак»ка ўтди. Улар яхши ўйинчиларми? Эҳтимол. Демак, Ўзбекистон футбол борасида тобора кучаймоқда. Aхметов (Қирғизистонда туғилган, ўша ерда ўйнай бошлаган) ва ЦСКAдаги Зайнутдинов (Қозоғистон терма жамоасида ўйнайди) ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Менимча, бу муносиб кўрсаткич.

- Белоус билан қандай иш бошлагансиз?

- Чамаси 1 йил олдин Ўзбекистонда учрашдик. Мени узоқ вақтдан буён кузатишаётгани, агентликнинг қандай алоқалари борлигини тушунтиришди.

- У билан ишлаш фойдасини белгиловчи омил нима?

- Фақат алоқалар, муносабат, таъсир.

- «Бешиктош», «Бенфика» ва «Удинезе» вариантлари Белоус билан ҳамкорлик бошлаганингиздан кейин юзага келдими?

- Ҳа.

- Қайсидир клуб аниқ таклиф юбордими?

- «Локомотив»дан ташқари, «Бешиктош»дан чорлов бўлди. Умуман, яна бир қатор клублар қизиқди, кўп музокара ўтказилди.

- Нега «Бешиктош»га бормадингиз?

- Чунки ўзбекистонликларнинг Туркияда ўзларини кўрсатишганига оид мисоллар йўқ. Шунинг учун Россияга, Шомуродовга қарадим. Албатта, у бошида қийналган, лекин ишлади ва ривожланди.

- Ҳозир «Локо»ни танлаганингиздан афсусланмаяпсизми?

- Асло. Аксинча, буларнинг барчаси яхшиликка, менимча.

- Ижара шартномасига кўра, иккинчи даврада «темирйўлчилар»га қарши ўйнай оласизми?

- Aниқ билмайман - шартномада нималар ёзилганига қараш керак. Aгар имкон берилса, ўйнайман - барча собиқ жамоадошлар менга яқин йигитлар. Албатта, уларга қарши ўз ўйинимни намойиш этишга ҳаракат қиламан.

- «Бунёдкор»дан «Локомотив»га ўтишингиз Ўзбекистонда шубҳа уйғотгани ҳақида кўп гапирилди. Ушбу ҳолатга ўзингиз қандай қарайсиз?

- Тафсилотларни агентлардан ва «Бунёдкор» директоридан сўраганингиз маъқул. Шуни айтишим мумкинки, ҳеч қачон собиқ жамоамга ёмонликни раво кўрмайман ва аксинча, клуб пул олиши учун чиройли тарзда кетишни хоҳлаганман. Бу ҳақда агент билан аллақачон гаплашганман ва умид қиламанки, ҳаммаси «Бунёдкор» фойдасига ҳал этилади.

 

Эслатма:

Ўзбекистон ПФЛ август ойида ЎФАга ярим ҳимоячи Жасур Жалолиддиновнинг «Бунёдкор»дан «Локомотив»га трансфери юзасидан иш қўзғатиш тўғрисида илтимос билан мурожаат қилди. Бу ҳақда ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев маълум қилди. «18 ёшли Жалолиддиновнинг «Локомотив»га ўтишдан олдин «Бун­ёдкор» билан шартномани бекор қилгани шубҳа уйғотди. «Жалолиддиновга Туркиядан 400 минг евро таклиф қилинган паллада уни нега эркин агент қилиб, кейин «Локомотив»га жўнатишди? - деб ёзди Имомхўжаев «Телеграм»даги шахсий каналида. - Жалолиддинов аллақачон «Локомотив» формасини кийган бўлса-да, ПФЛ қайди бўйича у ҳамон «Бунёдкор» вакили ҳисобланади».

Имомхўжаев битим иштирокчилари томонидан бюрократик бузилишларга йўл қўйилганига ҳам ишора қилди. Унинг бўлими (2020 йил август ҳолатига кўра)га футболчи билан шартнома бекор қилингани тўғрисидаги ҳужжатлар тушмаган. Қўшимчасига, «Бунёдкор» бош мураббийи Вадим Aбрамов трансфер тафсилотларини қуйидагича келтирди: «Клуб айрим муаммоларимизни ҳал қилишда ёрдам берадиган пулни топди. 350 минг евро - буни эълон қиламан, гарчи ваколатим бўлмасада». Тransfermarkt портали маълумотларига кўра эса, трансфер суммаси 700 минг еврони ташкил қилган.

 

ҲAЁТИ ҲAҚИДA 9та СAВОЛ

- Футболдан ташқари, қайси машғулотни яхши кўрасиз?

- Уйда ўтиришни. Сайрни хушламайман, айниқса, Москвада доимий тирбандлик, бирор жойга етиб бориш жуда узоқ вақт олади. Яхшиси, уйда қолиб, компьютер ўйинларига шўн­ғиш маъқул. Иккинчи вариант - ўзбек ресторанига бориб, палов истеъмол қилиш. Тўғриси, бу таомсиз яшолмайман, Москвада асосан «Урюк»ка бораман. У ерда паловни худди Ўзбекистондагидек пиширишади. Деяр­ли ҳар ҳафта ушбу ресторанга кираман.

- Оилангиз ҳақида гапириб беринг.

- Онам болалигимда вафот этган. Бувим ва икки тоғам билан яшадим. Шунингдек, мен учун қадрдон укалардек бўлган жиянларим бор. Aммо туғишган ака-ука, опа-сингилларим йўқ. Россияда ёлғиз яшаяпман, маълум сабабларга кўра, яқинларим ҳали олдимга келишмади.

- Шомуродов биринчи бутсасини 14 ёшида олганини айтганди. Сизчи?

- 8 ёшда, «Бунёдкор»га келганимда. Бунгача фақат резина тишли оёқ ки­йимида ўйнаган ва уни бутса, деб ўйлардим. «Бунёдкор»га чақиришганида ҳали кичик эдим ва бувим мени қўйиб юбормадилар. Аслида у ерда ўйнашни орзу қилардим. Ахир бу Ўзбекистондаги энг яхши академия! Қисқаси, йиғлаб юбордим, тушкун кайфиятга тушдим, шунда бувим ниҳоят, рухсат берди. 15 ёшгача шахсий бутсам бўлмаган. Сотиб олишш­га имкон йўқ эди, оиламдан пул сўрашни эса хоҳламасдим. Фақат «Бун­ёдкор»нинг иккинчи жамоасида ўйнай бошлаганимдан кейин бутса сотиб олганман.

- Барча замонларнинг энг яхши футболчиси ким?

- Месси.

- Сизни «Ўзбек Мессиси» сифатида таърифлашмоқда.

- Ҳа, бу ёқимли. Аммо Месси дунёда  энг яхшиси. У майдонда имконсиз ишларни бажаради. Лео эркин ҳудудда тўпни қандай қабул қилишини ўрганаман. Аслида уни ҳар доим 2-3 нафар рақиб қўриқлайди, аммо очилиш имкониятини топади, барибир.

- Қандай автомобиль сотиб олишни хоҳлайсиз?

- Ҳеч қачон қизиқмаганман ва ҳали машина харид қилиш ҳақида ўйлаб кўрмадим.

- Қайси либос брендларини афзал кўрасиз?

- Ортиқча харидларга қўл урмайман.

- Aммо Остон Ўруновнинг машҳур фотосуратини эслайсизми?

- Эслайман (кулади).

- Қайси инсон билан учрашишни кўпроқ хоҳлардингиз?

- Онам билан. Унинг суратларига боқаман, лекин иккимиз қандай гаплашганимизни эслолмайман, юз тузилиши ҳам тасаввуримда йўқ. Албатта, айнан онам билан учрашишни хоҳлардим...

М.Пўлатов тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz