Қайднома

Қидирув

Ҳужум чизиғидаги эски муаммо...

Ҳужум чизиғидаги эски муаммо...

  15.11.2020 12:12
  0
  358
Ҳужум чизиғидаги эски муаммо...

Футболда ҳар бир позициянинг ўз вазифаси бор. Дарвозабон гол ўтказмаслик, ҳимоячи рақибни ўз жарима майдонига яқинлаштирмаслик, ярим ҳимоячи ҳужумни бошлаш ҳақида ўйлайди. Ҳужумчи эса якуний нуқтани қўювчи, яъни гол урувчи ҳисобланади. Сўнгги йилларда футболимизда ҳужумчилар камлиги, улар орасида соғлом рақобатнинг пасайганлиги кўп гапирилмоқда. Тан олайлик, бугунги кунда Анвар Солиев, Александр Гейнрих, Фарҳод Тожиев, Бахтиёр Ҳамидуллаев, Шуҳрат Мирҳолдиршоев сингари топ-ҳужумчилар йўқ. Суперлигамизда эса Бобур Абдухолиқов, Игорь Сергеев, қўйингки, Шаҳзод Убайдуллаевни кўрсата оламиз. Умуман, бугунги мулоҳазамиз жорий мавсум ўзидан кутилган ўйинни намойиш этолмаган форвардларга бағишланади. Улар орасида, албатта, хорижликлар ҳам бор.

БАҲОДИР НАСИМОВ

Ушбу ҳужумчининг сўнгги йиллардаги фаолияти кўнгилдагидек чиқмаяпти. Асосан жамоа алмаштириш билан банд бўлаётган ҳужумчининг голларидан бир вақтлари барча бирдек қувонарди. Озарбайжон чемпионатидаги ажойиб ўйинлари вақтида миллий термадан мунтазам таклиф оларди. Қатар дарвозасига Тошкентда урган икки голи ҳамон ёдимизда. Кетма-кет жароҳатлар, барқарорликнинг йўқолиши унинг ўйинида пасайишни юзага келтирди. Жорий мавсум Улуғбек Бақоев Насимовни «Сўғдиёна»га чорлади, бу жуфтлик ўз вақтида «Бухоро»да бирга фаолият олиб борган. Насимов бу йил 21-турга келибгина голлари ҳисобини очди. Ўтган мавсум «Навбаҳор», «Динамо» жамоаларида тўп сурганди. Олдинда кубок ва Суперлига баҳслари бор. Демак, маҳоратли ҳужумчидан ушбу ўйинларда рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жамоасига фойда келтиришини кутамиз.

БАҲОДИР ПАРДАЕВ

Мавсум аввалида «Бунёдкор» таркибига қўшилган Пардаев афсуски, етарли ўйин амалиётига эга бўлмади. Ҳужумдаги рақобатни ошириш мақсадида таклиф қилинган ҳужумчи шу рақобатда ютқазди. Ҳумоюн Муртазоев, Миржаҳон Мираҳмадов, Шаҳбоз Эркинов, Владислав Нуриев, Баҳодир Пардаев. Ушбу бешликдан чиқишга номзодлар рўйхатига Пардаев ҳам киритилди. Сўнгги ўйинларда у ҳатто қайдномадан ҳам ўрин олмади. Унинг ёрқин ўйинлари ҳали олдинда эканлигига ишонамиз ва ҳужумчига омад тилаб қоламиз.

АБДУЛАЗИЗ ЮСУПОВ

«Локомотив»га катта мақсадлар билан келган иқтидорли ҳужумчига жароҳатлар халал берди. Аслида Юсуповнинг нималарга қодирлигини яхши биламиз. Жароҳатидан фориғ бўлаётган Абдулазиз иккинчи даврада спорт формасига қайтмоқда.

АРТЁМ ЛИТВЯКОВ

Қишки ўқув-машғулот йиғинлари доирасида «Андижон»га таклиф қилинган молдовалик ҳужумчи ҳам ишончни оқлагани йўқ. Янгиерда ўтказилган бир нечта назорат баҳсларида голлар уриб, бироз умид бағишлаганди. Лекин расмий ўйинларда унинг майдонда борлиги билинмади. Ҳужумчининг вазифаси - гол уриш, жамоанинг олдинги чизиғида муаммолар қалашиб ётган, маҳаллий футболчилар етарли даражада тўп суролмаётган паллада легионерлар катта саҳнага чиқиши даркор. Кумиков ишлаган пайт Литвяковга асосий таркибдан жой ажратганди, лекин... Фикримча, унинг ўрнига ўринбосарлар жамоаларида кўзи ёниб турган иштиёқли ёшларга имконият берганда, мақсадга мувофиқ бўларди. Артёмнинг «Андижон»даги фаолияти давомида қайд этган статистикаси қуйидагича кўриниш олди: 12 ўйин, 506 дақиқа, 0 гол.

ҲУМОЮН МУРТАЗОЕВ

Ўтган мавсум «Насаф» таркибида тўпурарлик салоҳиятини намойиш қилган ва терма жамоадан таклиф олган Ҳумоюн Муртазоев учун ҳам ушбу мавсум кўнгилдагидек ўтмаётгани табиий. «Бун­ёдкор»даги юриши чакки чиқмади, ОЧЛда голлар урди, ички чемпионатда ҳам мавсумни гол билан бошлади. Аммо оралиқ танаффусдан кейин ўйинида пасайиш юзага келди. Вадим Абрамов эса унинг хизматларига эҳтиёж сезмасликни лозим топди ва жавоб бериб юборди. «Машъал»га қайтган Муртазоев мавсумнинг энг авж палласида жароҳат олди, кўп учрашувларни ўтказиб юборди. Унинг салоҳияти, гол сезиш қобилиятига шубҳамиз йўқ. Буни у «Насаф»даги ўйинлари билан исботлай олган. Бежиз уни Абрамов «Бунёдкор»га таклиф қилмади. Ҳар бир футболчининг фаолиятида ўсиш ва пасайишлар бўлиши табиий ҳол.

МАККАРТНИ НАВЕСИБ

Катта умидлар билан «Қизилқум»га келган намибиялик ҳужумчи аввалига чакки кўринмаётганди, дастлабки турларда голлар ҳам урди. Лекин Суперлига рестартидан кейин сермаҳсуллик йўқолди, ўз даражасини кўрсата олмади. Иккинчи рестартдан сўнг таркибни қайта шакллантириш ишларини бошлаб юборган Навоий жамоаси унинг хизматларидан воз кечишга ва асосий эътиборни маҳаллий футболчиларга қаратишга қарор қилди. Қолаверса, «Қизилқум»да маълум вақт тўп сурган туркманистонлик Абди Башимов, Вазиргелди Илья­совларга ҳам жавоб бериб юборилди. Навесибнинг навоийликлар таркибидаги қайд этган статистикаси: 9 ўйин, 589 дақиқа, 1 гол.

ДИДАР ДУРДИЕВ

«Машъал» бош директори Илҳом Қурбоновнинг таъкидлашича, Дидар Дурдиев жамоа фалсафаси ва услубига мос келмаган. Туркманистонлик ярим ҳимоячи қишки йиғинлар чоғи «Навбаҳор»да ҳам кўрикда бўлиб қайтган, қишнинг охирги кунларида эса «Машъал» таркибига қўшилганди. Ўзини кўрсата олмади, захира футболчисига айланди. Натижада ёзги келди-кетдилар даврида Дурдиев ҳам жамоадан кетди.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz