Қайднома

Қидирув

Евротур: Камёб воқеаларга бой ҳафта

Евротур: Камёб воқеаларга бой ҳафта

  15.11.2020 10:30
  0
  299
Евротур: Камёб воқеаларга бой ҳафта

Топ-чемпионатлар вакилларининг чинакам спектаклларига шунчалик кўникиб қолганмизки, уларни одатий ҳол сифатида қабул қиламиз. Лекин ортда қолган «уик-энд»да ана шу муросасиз ва қизиқарли учрашувлар орасида камёб воқеаларга ҳам гувоҳ бўлдик.

Англия. Етакчи яна ўзгарди

8-турнинг дастлабки беллашувида қуйи поғоналар вакиллари бўлган «Брайтон» ва «Бёрнли» жамоалари нурсиз (0:0) дурангга имзо чекдилар. Баҳс майдон эгаларининг фаоллигида ўтган бўлсада, устунликни таблода акс эттириш уларга насиб этмади.

Сўнгги турларни муваффақиятли ўтказаётган «Саутгемптон» эса ўз майдонида «Ньюкасл»ни ишончли тарзда маҳв этиб (2:0), етакчи квартет орасидан ўрин олди. Мавсумни қаторасига 4 ғалаба билан бошлаган «Эвертон» кейинги 4та ўйинда атиги 1 очкога эга бўлди ва 7-ўринга тушиб кетди. Бу гал Карло Анчелотти жамоаси ўз майдонида «МЮ»га ҳар жабҳада имкониятни бой берди. Ваҳоланки, баҳс мезбонлар учун муваффақиятли бошланган, Бернард 19-дақиқада ҳисобни очганди. Бироқ шундан кейин меҳмонлар ҳужумкорлик шиддатини янада оширишди ва Бруну Фернандешнинг тезкор «дубл»и «қизил иблислар»ни олдинга олиб чиқди - 1:2. Танаффусга ғолиб сифатида йўл олган Сульшер шогирдлари 2-бўлимни ҳам уюш-қоқлик билан ўтказишди, ишончли тарзда ҳимояланиб, тезкор қарши ҳужумлардан фойдаланишни ҳам унутишмади - «ПСЖ»дан «МЮ»га ўтган Эдинсон Кавани ниҳоят, янги жамоасидаги илк голини амалга оширди. Якуний ҳисоб - 1:3. Шу тариқа меҳмонлар кейинги фаолияти жиддий хавф остида турган мураббийларига ажойиб ғалабани тортиқ этишди.

«Стэмфорд Бриж»га ташриф буюрган «Шеффилд» навбатдаги мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди. Қизиғи, бу учрашув аутсайдер учун омадли бошланиб, Макголдрикнинг тезкор (9) голи эвазига ҳисобни очганди. Бироқ «Челси» бу голга ҳар бўлимда 2тадан аниқ зарба билан жавоб қайтарди ва сенсацияга йўл бермади - 4:1.

Лондонда «Кристал Пэлас» меҳмони бўлган «Лидс» учун ҳам тур омадсиз кечди - майдон эгаларининг 4 голига ягона гол билан жавоб қайтарган Марсело Бьелса шогирдлари энди 15-поғонадан жой олишди. «Вест Хэм» ва «Фулхэм» иштирокидаги пойтахт дербиси Соучекнинг қўшимча вақтдаги аниқ зарбаси эвазига мезбонлар ғалабаси билан ниҳоясига етди. Эътиборлиси, айнан шу қўшимча вақтда меҳмонлар мағлубиятдан қутулиб қолишлари мумкин эди. Аммо улар пенальтидан унумли фойдалана олмадилар.

«Вест Бромвич» майдонига сафар қилган «Тоттенхэм» Кейнннинг ягона голи эвазига муҳим 3 очкони қўлга киритиб, вақтинчалик пешқадам бўлиб олди. Лекин «Вулверхэмптон»ни қабул қилган «Лес­тер» ҳам тиниб-тинчимас Вардининг пенальтидан урган голи туфайли «шпорлар»дан ўзиб кетди. Қизиғи, 15-дақиқада зарбани аниқ йўллаган фахрий ҳужумчи 2-уринишини голга айлантира олмади. Бироқ Брендан Рожерс жамоаси 21 ноябрь оқшомига қадар турнир жадвалини бошқаради. Агар навбатдаги турда «тулкилар» очко йўқотишмаса, етакчилик ваколати узаяди. Лекин кучли квартет вакилларига нисбатан битта ўйин камроқ ўтказган «Астон Вилла»да «Лестер»ни қувиб етиш имконияти мавжуд. Лондонга ташриф буюрган жамоа «Эмирейтс»дан йирик (3:0) ғалаба билан қайтди.

Ниҳоят, «Этиҳад»да собиқ ва амалдаги чемпион ўзаро куч синашдилар. Томонлар имкониятларини синчиклаб ўрганган мутахассислар беллашувнинг дуранг билан якунланишини тахмин қилишганди. Амалда уларнинг башоратлари тўғри чиқди - 1:1. Ўз ишининг устаси саналган Гвардиола ва Клопп асосий эътиборни дарвозалари дахлсизлигини таъминлашга қаратишгани яққол сезилиб турди. Уокернинг ўз жарима майдончаси ичидаги қўполлиги туфайли Муҳаммад Салоҳ ҳисобни очган бўлса, меҳмонлар ҳимоясидаги ягона хато Габриэль Жезусга мувозанатни тиклаш имкониятини берди. Тўғри, майдон эгалари танаффусга ғолиб сифатида йўл олишлари мумкин эди. Бироқ Кевин де Брюйне «нуқта»дан зарба йўллашда хатога йўл қўйди.

Испания. Фантастик сценарий

асосидаги баҳс

Ҳа, Ла Лиганинг мазкур тур ҳисоботини ноодатий тарзда, охирги учрашувдан бошлашни ўринли топдик. Сабаби, «Месталья»даги «Валенсия» - «Реал» қарама-қаршилиги сценарийси энг зўр фантаст адибни ҳам қойил қолдириши аниқ. Бир ўйлаб кўринг-а, мадридликлар қандайдир ярим соатга етмаган вақт (35, 54 ва 63-дақиқалар) ичида ўз жарима майдончалари ичида ўйин қоидасини бузиб, майдон эгаларига 3та пенальтини «совға» қилишди. Мезбонлар ҳужумчиси Карлос Солер бу имкониятлардан самарали фойдаланди. Бир қарашда, ҳужумчи осонлик билан «хет-трик»ка эришгандек. Лекин пенальти гол эмаслигини инобатга олсак, ижрочининг маҳорати, мустаҳкам руҳиятига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Меҳмонларга келсак, Серхио Рамос, Марсело ва Рафаэль Варандек ас ҳимоячилар қўпол хатоликлари билан жамоани мураккаб вазиятга маҳкум этишди. Қўшимчасига, Варан Черишевга қарши кураш жараёнида тўпни... ўз дарвозасига йўллади. Шу тариқа, франциялик ҳимоячи охирги 5 учрашувда 2-марта автогол муаллифига айланди. Балки Карим Бенземанинг голидан кейин меҳмонлар бироз совуққонлик билан тўп суришгани маъқулмиди. Табиийки, тўп ўтказиб юборган мезбонлар катта куч билан олдинга ташланишди, меҳмонлар эса эҳтирослар таъсирида ўзлари истамаган ҳолда хатоликларга йўл қўйишди. Дарвоқе, «Қироллик клуби» ўз тарихида илк бора бир учрашувда 3 марта пенальти билан жазоланди. Оқибатда «Месталья»да 1:4 ҳисобидаги мағлубиятга имзо чекди.

Етакчи тўртликнинг бошқа вакиллари бу турда навбатдаги ғалабаларини расмийлаштирдилар. «Атлетико» Мадридда «Кадис»га умуман имкон бермади - 4:0. «Реал Сосьедад» ҳам ўз майдонида «Гранада»ни ишончли тарзда (2:0) маҳв этди. «Вильярреал» эса «Хетафе» майдонидан 3:1 ҳисобидаги зафар билан қайтди. Қизиғи шундаки, тўпурарлар рўйхатини ҳам айнан шу жамоалар снайперлари бошқариб боришмоқда.

Ҳанузгача барқарорликка эриша олмаётган «Барселона» ниҳоят, «Камп-Ноу»да охирги пайт­да ўзи учун ноқулай рақибга айланган «Бетис» устидан мухлисларга йирик (5:2) ғалабани туҳфа этди. Фақат стандарт вазиятлардан гол уришга одатланиб қолган Месси ўйиндан ҳам дарвозани забт эта олишини исботлади. Пенальтини голга айлантира олмаган Гризманн бу хатони танаффусдан кейин ювишга муваффақ бўлди. Мазкур ғалабадан кейин Куман жамоаси 8-ўринга кўтарилди, захирасидаги 2та ўйинни инобатга олсак, етакчи тўртликка чиқиш имконияти ҳам мавжуд. Аммо ўша 2 учрашув 6 очко дегани эмас.

Германия. Чемпиондан иродали ғалаба

«Сигнал Идуна-Парк»да кечган тенг курашлар остидаги қизиқарли беллашув Бундеслига грандининг иродали ғалабаси (3:2) билан ниҳоясига етди. Муросасиз баҳсдаги ҳисобни 45-дақиқада Марко Ройс очган бўлсада, қўшимча вақтда Давид Алаба мувозанатни тиклади. Иккинчи бўлим «Бавария»­нинг фаоллиги билан бошланиб, Левандовски тез орада меҳмонларни олдинга олиб чиқди. Кейинги ярим соат қарама-қарши ҳужумлар билан ўтди. Аммо таблодаги ҳисоб ўзгармади. Ниҳоят, асосий вақт тугашига 10 дақиқа қолганида, Сане «Боруссия Д» дарвозасига учинчи аниқ зарбани йўллади. Майдон эгалари Холанднинг голи билан тезда жавоб қайтаришди. Лекин мағлубиятдан қутулиб қолиш учун қолган вақт камлик қилди. Якуний ҳисоб - 2:3. Натижада, иродали ғалаба эвазига чемпион якка пешқадамга айланди.

Мазкур турга 3-поғонада етиб келган «РБ Лейпциг» ўз майдонида «Фрайбург»дан йирик (3:0) ҳисобда устун келди ва 2-ўринни банд этди. Сов­риндорлар учлигидан жой олиш учун курашаётган «Байер»нинг Леверкузенда бўлиб ўтган «Боруссия М»га қарши беллашуви ҳам голларга бой ва қизиқарли ўтди. Бу баҳсда майдон эгалари 4:3 ҳисобидаги иродали ғалабага эришдилар. Таъкидлаш жоизки, меҳмонлар 2 марта ҳисобда олдинга ўтиб олишди. Лекин танаффусга мувозанатни тиклаган ҳолда йўл олган мезбонлар иккинчи бўлимда Зоммерни яна икки марта дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этишди. Гладбахликлар бунга жавобан битта гол уришга улгурдилар, холос. Мазкур ғалабадан кейин «Байер» очколар бўйича «Боруссия Д»га етиб олди.

Италия. Мағлубиятсиз серия давом этди, аммо...

«А» серия турнир жадвалини бошқариб турган «Милан» ва 2-ўриндаги «Сассуоло» учун бу тур омадсиз бўлди. Боиси, мазкур икки жамоа нисбатан заифроқ рақибларга қарши ўйинда қимматли 2 очкони йўқотишди. Оқибатда, таъқибчилар уларга анча яқинлашиб олишди. Масалан, «Сассуоло» ўз майдонида «Удинезе»ни енголмади ва нурсиз (0:0) дурангга имзо чекди. Пешқадам «Милан» эса камтарин «Верона»ни 2 тўп фарқи билан олдинга ўтказиб юбориб, кейин бир амаллаб мувозанатни тиклади. Тўғри, Калабриянинг автоголига меҳмонлар ҳам Маньянининг «қовуни» билан жавоб қайтаришди. Тўпурарлар етакчиси бўлиб турган Ибрагимович аввалига пенальтини голга айлантира олмаган бўлсада, қўшимча вақтнинг 3-дақиқасида «россонерлар»ни мағлубиятдан қутқариб қолди. Охир-оқибат, беллашув 2:2 ҳисобидаги жанговар (меҳмонлар учун, албатта) дуранг билан поёнига етди.

Осимхеннинг ягона голи эвазига Болоньядан 3 очко билан қайтган «Наполи» ҳамда Мхитаряннинг Генуядаги «хет-трик»и туфайли «Женоа»ни маҳв этган «Рома» «Сассуоло»га максимал даражада яқинлашиб олишди. Етакчи квартет вакилларининг бахтига, Роналдунинг 15-дақиқадаги голига қўшимча вақтнинг 5-дақиқасида жавоб қайтарган Кайседонинг аниқ зарбаси «Лацио» ва «Ювентус»ни 1 очко билан кифояланишга мажбур этди. Акс ҳолда, чемпион 2-ўриндан жой олган бўларди. Шунингдек, ўзаро беллашувда битимга имзо чеккан (1:1) «Аталанта» ва «Интер» ҳам қимматли очколардан маҳрум бўлишди. Қисқаси, аёвсиз кураш авжига чиқмоқда.

Франция. Чемпион олисламоқда

Лига 1нинг 10-турини бошлаб берган «Страсбур» - «Марсель» учрашуви меҳмонларнинг камтарона (1:0) ғалабаси билан якунланди. Натижада очколари сонини 18тага етказиб олган меҳмонлар 2-ўринга кўтарилиб олиш имкониятини сақлаб қолишди. Чунки «Лилль» сафарда «Брест»га имкониятни бой берди - 2:3.

Амалдаги чемпион - «ПСЖ» эса Парижда «Ренн»ни қабул қилиб, меҳмонлар дарвозасига 3та жавобсиз тўп йўллади ва пешқадамлик мавқеини мустаҳкамлаб олди.

Навбатдаги ғалабани расмийлаштирган «Лион» («Сент-Этьен» - 2:1) ва «Монако» («Ницца» - 2:1) 5 ҳамда 6-поғоналарни банд этишди. Рақибларига саховатпешалик кўрсатаётган «Бордо» майдонидан 3 очко (2:0) билан қайтган «Монпелье» ҳам еврокубоклар ҳудудига кўтарилиб олди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz