Қайднома

Қидирув

Бахтиёр Зайнутдиновнинг отаси: “Аждодларимиз - Намангандан”

Бахтиёр Зайнутдиновнинг отаси: “Аждодларимиз - Намангандан”

  16.11.2020 01:30
  0
  376
Бахтиёр Зайнутдиновнинг отаси: “Аждодларимиз - Намангандан”

Ёзги трансферлар ойнасидан кейин Москванинг ЦСКА клуби тизимига энг тез мослашган футболчилардан бири Бахтиёр Зайнутдинов бўлди. Бир томондан, бу мантиқан тўғри - ахир ўзи яшаб турган мамлакат, тўп сураётган лигани алмаштиришга эҳтиёж сезмади. Бошқа тарафдан, катта маблағ эвазига сотиб олинган хорижлик бошқа футболчилардан ҳам тезкор натижа кутилганди. Яқинда Элдор Шомуродовнинг «Ростов»даги собиқ жамоадоши ҳақида унинг отаси россиялик ҳамкасбларимизга ҳикоя қилиб берди.

Уч ўғил - футболчи, бир қиз - раққоса

- Биз этник ўзбеклармиз. Лекин Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида туғилганмиз, - дея сўз бошлади Ботиржон Зайнутдинов. - Бобомнинг отаси бу ерларга Намангандан кўчиб келган. Ҳаётимиз футбол билан боғланган. Ўзим саломатлигим туфайли тўп сурмаганман, шунга қарамай, ашаддий мухлисларданман. Ўғилларимнинг ҳаммаси футболчи. Тўнғичим Бобур 25 ёшда, дарвозабон позициясида ўйнаган. Афсуски, у жароҳат сабаб бутсаларини эрта михга илди. Айни пайт «Тараз» академиясида мураббийлик қилмоқда. Кенжа ўғлим Баҳром «Тараз» ўринбосарлари сафида тўп суради. Ўртанчамиз Бахтиёрни эса яхши танийсизлар.

Мактабда аъло баҳоларга ўқиган

- Бахтиёр - бахтли деган маънони англатади. Катта ўғлим Бобур болалигида унинг исмини тўғри талаффуз қилолмай, «Батёк» деб чақирарди. Ҳозир ҳаммамиз уни Батёк деймиз. Ҳатто 76 ёшли бувиси ҳам. Болалиги ўртаҳол оилада ўтган. Мен «Газел»да қурилиш моллари ташийман, рафиқам поликлиникада ҳамшира. Катта ўғлим спорт мактабига борганида, Бахтиёр унга қўшилиб олган. Мураббий ноилож уни беш ёш катта болалар билан шуғуллантиришга мажбур бўлган. Олти ёшидан машғулотларга автобусда мус­тақил қатнарди. Бахтиёр ўзидан катталар - 1993 йилда туғилганлар билан, хусусан, Қозоғистон термаси сардори Бауиржан Исламхан билан бирга ўйнаган. 1996 йилда туғилган футболчилар ўртасида икки карра ва ўз тенгдошлари билан уч марта Қозоғистон чемпионлигини нишонлаган. Биз унинг барча медалларини йиғамиз.

4-дақиқада якунланган ўйин

- 2016 йилги Гранаткин хотира турнирини алам билан эслаймиз. Россияга қарши ўйинни бутун оиламиз телевизор орқали томоша қилаётганди. Учрашувнинг даст­лабки қисмида Бахтиёр йиқилганида, бувиси: «Унга нимадир бўлди!», деди. Ўғлимни тиббиёт ходимлари замбилда олиб чиқиб кетишди. Санкт-Петербургга қўнғироқ қилганимизда, чап оёғидан жиддий жароҳат олганини айтишди. Ўшанда федерация хунук иш қилганди, ҳамма айбни клубга ағдарган. Тасаввур қилинг: «Жанг­чи ватани учун курашга кириб, яраланса-ю, унга энди керакмаслигини айтишса...». Бундай муносабатдан ранжиганмиз. Клуб олий лигадан тушиб кетгани сабаб зўр­ға кун кўрарди. Шунда бувиси «Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама, ўзимиз йўлини топамиз», деганди. Операция қилиш учун 600 минг тенге тўлаш керак эди. Бу Батёкнинг ёшлар жамоасидаги ўнта маошига тенг эди. «Тараз»даги болаларга раҳмат, кимдир 20, кимдир 50 доллар қилиб, пул йиғишди, биз боримизни қўшдик ва зарур маблағ жамланди. Ўшанда кўпчилик Бахтиёрнинг келажагига нуқта қўйиб улгурганди. Ўғлим бир йилдан сўнг югура бошлади, лекин бунгача қанча азобларга дош берганини энди ҳис қиляпмиз.

Карпиннинг розилигини олган

- Ўғлимга ЦСКАдан таклиф тушганида барчасини ўзи ҳал қилиши кераклигини айтдим. Унга «агар мураббий чақираётган бўлса ўт, раҳбарият таклиф қилаётган бўлса, ўйлаб кўр», деб маслаҳат беришибди. Бахтиёр иккиланди, Карпиннинг олдида ноқулай бўлди. Валерий Георгиевич уни Қозоғистондан олиб келди, футболчи сифатида ҳурмат билан муомала қилди, Батёк ҳам уни яхши кўради. Карпинга раҳмат, ЦСКАга ўтишига рози бўлди. «Ўсишинг керак», деди. ЦСКА - Россиянинг топ-клубларидан. Фарзандим бу жамоага ўтганидан фахрландик.

Ичмайди, чекмайди, қизлар билан юрмайди

- Москва - улкан ва сершов-қин шаҳар. Батёкка бу ёқяпти. Москвадек жой ёқмаслиги мумкинми? Ҳозир ёлғиз яшаяпти, оила қуришни режалаштирмаяпти. Ушбу мавзуда сўз очилса, «Женоа»га ўтган дўсти Элдор Шомуродовни мисол келтиради. Элдор уйланганида Карпин ҳазиллашиб: «Бўлди, уни бир йилга йўқотдик», деган экан. Шомуродов тўйдан кейин қарийб 9 ой гол уролмади. Шундан бўлса керак, Бахтиёр жилмайган кўйи: «Элдорнинг аҳволига тушишни истамайман, олдин фаолиятимни ўнглаб олай, 25га кирганимда уйланарман», дейди. Биз мусулмонмиз, оиламизда ҳеч ким спиртли ичкиликлар ичмайди, тамаки чекмайди. Бахтиёр тез-тез қўнғироқ қилиб, аҳволимиздан хабар олиб туради. Яхши маош ола бошлагач, бизга катта ва шинам уй қурдириб берди. Акасининг хонадон сотиб олишига ёрдамлашди. Машҳурлик ва пул уни бузгани йўқ. Ҳаётда ҳамон ўша камтар ва катталарни ҳурмат қиладиган Батёк бўлиб қолмоқда.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz