2016 йилнинг ёзида Чиро Иммобиле 9,5 миллион евро эвазига Испаниянинг «Севилья» клубидан «Лацио»га ўтди. Шундан буён ҳужумчи икки марта «А» серия тўпурарлар пойгасида ғолиб чиқди (бунгача ушбу форвард фақат бир марта Италия чемпионатининг энг яхши мергани бўлган, мавсум-2013|2014да «Торино» либосида 22та гол урганди). 2019|2020 йиллар мавсумида эса бу ишни ажойиб тарзда уддалаб, 37та ўйинда 36та тўп киритиб, кимсан Криштиану Роналдуга ҳеч қандай имконият қолдирмаганди. FootballHD.ru фақат Италияда барқарорликка эришаётган ҳужумчи ҳақида ҳикоя қилади.
Умумий ҳисобда, Иммобиле «А» серияда 229та ўйин ўтказиб, 137та гол урган, шунинг эвазига мазкур турнир тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида 36-ўринни эгаллаб турибди. Тан олайлик, кейинги йил февралида 31 ёшни қаршилайдиган форвард учун қойилмақом кўрсаткич.
Умуман, жорий мавсумдаги ажойиб сермаҳсуллик ва юқори спорт формасига қарамай, Иммобиле ёзги трансферлар ойнасидан кейин ҳам «Лацио»да қолди. Ваҳоланки, «кўҳна қитъа»нинг бирор топ-клуби уни ўз сафига қўшиб олиши кутилганди. Воқеаларнинг бундай ривож топиши ҳақли саволни келтириб чиқаради: кучли жамоалар Чирони ҳозир, фаолиятининг айни гуллаган пайтида таркибга қўшиб олмаса, унда буни қачон амалга оширади?
Чиндан ҳам, Иммобиле - «Лацио» ҳужумидаги яққол етакчи, Рим клубида кўп нарса унинг ҳаракатларига боғлиқ. Мавсум-2020|2021 старти аввалги тахминларни оқлади. Ҳозирча Чиронинг ҳисобида 3та гол бор, тезлик ололмаётган «Лацио»нинг ғалабалари сони ҳам шунча. Эътиборлиси, «бургутлар» фақат Иммобиле тўп киритган ўйинларда ғалаба қозонишган. Мана буни тасодиф деса бўлади. Ёки тасодиф эмасмикан?..
Ёзда асосий гап-сўзлар Иммобиленинг «Барселона» ёки «Манчестер Юнайтед»га эҳтимолли трансфери ҳақида борди. Шубҳасиз, 30 ёшли форвард ҳар икки клубга анча асқотарди. «Қизил иблислар» тажрибали тўпурарга эҳтиёж сезишди, лекин якунда Эдинсон Кавани вариантини маъқул кўришди. «Барселона» эса Каталонияни тарк этган Луис Суаресга ўринбосар қидириш асносида Иммобиле сингари типик марказий ҳужумчилар сирасига кирмайдиган Франсишку Тринкан танловида тўхтади.
Тушунарлики, «Лацио» раҳбарияти Чиронинг трансфери баҳосини 40-50 миллион евро атрофида белгилагани «Манчестер Юнайтед» ва «Барселона»ни ушбу хариддан воз кечишга ундади. Ҳатто коронавирус пандемияси даврида ҳам ушбу клублар муайян молиявий барқарорликка эга эканликлари, янгилар учун харажат қилишга тайёрликларини кўрсатишди.
Демак, Иммобиленинг рад этилиши молиявий сабаблар эмас, балки бошқа нарса билан боғлиқ. Бу нима бўлиши мумкин? Италиялик ҳужумчининг фаолиятига аввал-бошдан назар солинса, ушбу саволга балки жавоб ҳам топилар...
2014 йилнинг ёзида Иммобиле илк бор қадрдон «А» серияни тарк этиб, Германияни, хусусан, Дортмундни забт этишга отланди. «Боруссия» ўшанда Италиянинг янги голеадори учун 18,5 миллион евро тўлаганди. «Бавария»дан фарқли ўлароқ, трансфер бозорида пулларни беҳуда сарфлашдан тийиладиган, ҳар бир харидни жиддий таҳлиллардан кейин, таъбир жоиз бўлса, эҳтиёткорлик билан амалга оширадиган «қора-сариқлар» учун яхшигина сумма.
«Боруссия»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Юрген Клопп жамоанинг янги ҳужумчисига катта умид боғлади, Чиро эса Германиядаги фаолиятининг дастлабки қисмини ажойиб тарзда бошлади, айниқса, еврокубокларда ўзини кўрсатди. Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи доирасидаги 6та ўйинда Иммобиле ўз ҳисобига 4та гол ёздириб қўйди, бироқ мавсумнинг иккинчи қисмида италиялик форварднинг ўйинида жиддий пасайиш кузатилди.
Германия ОАВнинг ёзишича, Чиро ўшанда Клоппнинг тактик ғояларига мослаша олмаган, чунки аввалги жамоаларида бошқача услубга кўниккан форварддан эндиликда жуда кўп функцияларни бажариш талаб этиларди. Дортмундга трансфер амалга ошганидан бир йил ўтиб, «қовоғарилар» Иммобиледан қутулиш имкониятини кўкка совуришмади ва уни кейинчалик тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқи билан «Севилья»га ижарага беришди. Ярим йилдан сўнг испанлар келишувнинг ушбу бандидан фойдаланиб, ҳужумчининг трансферини харид қилишди, аммо ўша заҳоти Чирони «Торино»га ижарага беришди.
Мавсум-2015|2016нинг иккинчи қисмида Италияга қайтган Иммобиле 14та ўйинда атиги 5та гол урди, лекин бу кўрсаткич «Лацио»ни асло хавотирга солмади: римликлар уни 9,5 миллион евро эвазига «Севилья»дан сотиб олишди. Мазкур трансфер Иммобиленинг кучли жиҳатлари тўлиқ очилишига дебоча вазифасини ўтади, у аввалги муаммо ва қийинчиликлардан тезда қутулди, руҳий ҳолатини яхшилаб, яна кўплаб голлар ура бошлади.
Хусусан, «Лацио» либосида «А» серияда ўтказилган 4та тўлиқ мавсумда Иммобиле мос равишда 23, 29, 15 ва 36та тўп киритди, икки марта чемпионатнинг энг яхши тўпурарига айланди. Аммо бу голеадорлик натижалари хорижлик харидорларни инкор этиб бўлмас бир фактга тўлиқ ишонтирди: Чиро - фақат ички эҳтиёж учун ишлатиладиган «маҳсулот», у экспорт қилишга ярамайди.
Афтидан, Иммобиленинг ўзи ҳам Италияга боғланиб қолганини тушуниб турибди, эндиликда ҳеч қаерга кетмоқчи эмас. Ҳатто қадрдон чемпионати теграсида ҳам, гўё, клубини алмаштириш нияти йўқдек. Масалан, ўтган йилнинг ноябрида Чирога «Наполи» томонидан жиддий қизиқиш борлиги айтилганди, бироқ ушбу гап-сўзларни футболчининг ўзи йўққа чиқарди.
«Рости, «Лацио»да бахтлиман, кетиш ҳақида ҳеч қачон ўйламаганман. Бу ерда уй сотиб олдим, у «Стадио Олимпико»га яқин ҳудудда жойлашган, шу боис, яшаш тарзим анча қулай, хонадоним иш жойимга яқин. Шаҳар ҳам оиламга жуда ёқади, рафиқам туғилиб-ўсган жой ҳам бу ердан узоқ эмас. Биз учун Рим - энг яхши танлов», - деди Иммобиле.
Шундан келиб чиқиб фикр билдирсак, қаҳрамонимизнинг эндиликда чегара ортига равона бўлмаслигига шубҳа йўқдек. Умуман олганда, четдан тузукроқ таклиф ҳам мавжуд эмас. Демакки, Иммобиленинг жорий йил 31 августда «Лацио»даги шартномасини яна 5 йилга узайтириши мантиқан энг тўғри қарор бўлган.
Ҳаммаси ўхшаётган экан, кетишга ҳожат борми? Охир-оқибат, Чиро «бургутлар» сафида тўп суриш орқали «А» серия тарихидаги энг яхши тўпурарлар рейтингида юқорилаш имкониятини сақлаб қолади. Албатта, Пиола (267та гол), Тотти (250) ва Нордал (224)нинг натижаларига етиши мушкул, аммо 5 йил мобайнида кучли ўнликка киришга қурби етиши шубҳасиз - ҳисобида 188та гол бўлган Дель Пьерони қувиб ўтиш Иммобиле учун забт этиб бўлмайдиган чўққидек кўринмаётгандир, эҳтимол. Шундай экан, Чиродаги сермаҳсулликдан чўчисанг арзийди, Алессандро...
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20