Қайднома

Қидирув

Кике Сетьен: “Мессини бошқариш қийин”

Кике Сетьен: “Мессини бошқариш қийин”

  17.11.2020 05:50
  0
  163
Кике Сетьен: “Мессини бошқариш қийин”

«Барcелона» охирги пайтларда энг кўп тилга олинадиган клубга айланиб қолди. Сўнг­ги олти ой ичида жамоа атрофида рўй берган воқеалар кўплигидан «Бавария»га шармандали тарзда бой берилган ўйиндан кейин Кике Сетьеннинг ишдан бўшатилиши омма эътиборидан четда қолиб кетгандек бўлди. Ушбу мутахассис шартномани муддатидан аввал бекор қилгани учун «Барселона»дан жарима ундириш мақсадида судга даъво қилмоқда. Ўз навбатида, Бразилиянинг «Палмейрас» клуби бош мураббийи бўлиш арафасида турибди. Яқинда Сетьен афсонавий Висенте Дель Боске билан El Pais нашри учун суҳбатлашди ва биринчи марта ишининг қийин даврида «Барса» кийиниш хонасида содир бўлган воқеалар ҳақида гапирди.

- «Барселона»да 8 ой ишладим, ўзгача ҳиссиётларни бошдан кечириш учун имконият туғилди, - дейди Сетьен. - Футболчиларга ҳеч қачон бу каби кийиниш хонаси ва дунёнинг энг яхши футболчилари атрофида бўлмаганимни айтдим.

- Месси билан ишлаш сиз учун шараф эканлигини таъкидлагандингиз. Уни дунёнинг энг яхши футболчиси, дейишади...

- Ҳақиқатан ҳам, Лео тарихдаги энг яхши футболчи. Aжойиб ўйинчилар бўлган, аммо шунча йилдан бери ҳеч ким бунчалик барқарорликка эришолмаган. Бир марта Мессига унинг иштирокидаги ўйинни 15 йил кутишга тайёр эканлигимни айтгандим.

- У билан кўп мулоқот қилдингизми?

- Суҳбатлашиш бу тоифадаги спортчилар билан ишлашда жуда муҳим саналади. Ўз навбатида, буни уддалаш ҳам осонмас. Майкл Жордан ҳақида суратга олинган ҳужжатли фильмида кўрсатилганидек, бундай спортчилар ўртасида нималардир борлиги кўриниб турибди - ғайриоддий нарсаларни сезасиз. Буни бошқариш қийин. Кимманки, уни ўзгартирсам? Улар Мессини кўп йиллар давомида қандай бўлса, шундайлигича қабул қилишди, ўзгартиришмади. У жуда эҳтиёткор, аммо нима кераклигини кўришингизга мажбур қилади. Месси кам гапиради, асосан кузатади. «Барселона»дан кетганимдан кейин турли хил қарорлар қабул қилишим кераклигини тушуниб етдим, аммо сиздан юқорироқ нарса бор - клуб. У президент, футболчи, мураббийдан ҳам муҳим. Энг асосийси - клуб ва мухлислар. Уларга ҳурмат билдириш, мазкур уюшма учун қулайроқ бўлган нарсаларни амалга ошириш талаб этилади. Миллионлаб одамлар Месси ёки бошқа бир футболчи клуб ва мураббийдан устун эканига ишонишади. Ушбу футболчи, атрофдагилар сингари, 14 йил давомида унвонларни қўлга киритди, биргаликда кўплаб ютуқларга эришишди.

- «Барселона»нинг собиқ устози Тата Мартино бир пайтлари шундай деганди: «Мессига, агар у президентга қўнғироқ қилса, мени исталган вақтда клубдан ҳайдатиши мумкинлигини билишимни, лекин буни ҳар куни кўрсатишга уринавермаслигини айтдим». Сиз ҳам шунга ўхшаш мурожаат қилишингиз мумкинми?

- Ҳа, ушбу воқеа ҳақида эшитганман. Лекин менга бу ҳақда гапириш шартмас, чунки айни ҳолатни ўзим бошдан кечирдим. Месси ва бошқа футболчиларнинг инсоний фазилатларини тўғри баҳолаш учун етарли тажрибага эгаман.

- Aйтайлик, Мессини учрашувнинг 30-дақиқасидан сўнг алмаштиришга қарор қилдингиз, чунки ўйиннинг бориши шуни талаб этади. Шу тариқа жамоадаги бошқа футболчиларга ҳурмат кўрсатилади, аммо...

- Мунтазам ғалаба қозонишга ўрганиб қолганларга қийин. Месси муваффақиятга эриша олмаётганлигидан асабийлашмоқда ва бу унга зарар қилади. У доимо ғалаба қозонишни истаган ҳар бир киши каби ўзига нисбатан катта талабларни қўяди. Лео бош­қариш қийин футболчилар тоифасидан. Лекин унинг футбол тарихидаги энг яхши ўйинчи эканлигини ёдда тутиш керак. Кимманки уни ўзгартирсам? Месси йиллар мобайнида қандай бўлса, шундай қабул қилинмоқда.

- Aммо жамоа яхши бўлганда, у янада кўпроқ фойда келтирармиди...

- Муаммо шундаки, баъзида сизнинг нуқтаи назарингиз жамоа­ни нотўғри томонга етаклайди. Оддий одамлардан фарқли равишда, футбол юлдузларининг ҳаётга қарашлари бироз ўзгача бўлади. Улар учун фақат ғалаба муҳим, қолган нарсалар аҳамиятсиз. Нафақага чиққандан кейин ҳам бир неча йил ўтгунча ҳаётни худди шу ҳолда тасаввур қилишади. Таъбир жоиз бўлса, улар - мисоли бизнинг қўллаб-қувватлашимизга муҳтож болалар.

- Демак, муаммо футболчиларни танлашда экан-да?

- Футболдаги 40 йиллик фаолиятимда шундай хулосага келдимки, жамоада ўз ишига содиқ 16-18 киши бўлади. Яна 4-5 нафар ўйинчи иштиёқсиз тўп суради, баъзида уларни тортиб олишади. Аммо ишлар яхши кетса, шундайлар ёрдам беришади. Яна 1-2 нафар футболчи борки, улар билан ишлаш жуда қийин. Айни ҳолат барча жамоаларда кузатилади. Aгар ўйинчини майдонга туширмасангизу, нега бундай бўлаётганини сўраса, унга тайинли жавоб қайтаришингиз шарт.

- Ёрдамчингиз Эдер Сарабия футболчилар ўртасида зиддият яратганми?

- Биринчи куни футболчиларга Эдернинг кимлигини тушунтирдим. У билан чиқишиши керак бўлган биринчи одам ўзим эканлигимни айтдим. Сарабия - футбол учун яшайдиган, юқори иштиёқ соҳиби. Бу йигитни ўзгартириш имконсиз, у шундай инсон, уни жуда яхши кўраман. Биз Эдернинг феъл-атворидаги муайян жиҳатларни ўзгартиришга ҳаракат қилдик, лекин шу билан бирга, у ажойиб ғояларни илгари суради ва менинг ишимга қўшган ҳиссасини қадрлаш керак. Унинг атрофида можаролар авж олганда, бундай қилиш нотўғрилигини тушунтиргандим. Эртаси куни ёрдамчим жамоа сардорларидан кечирим сўради. Баъзан шундай мутахассислар билан ишлаш фойда келтиради, яхшигина куч беради, бундай мураббийлар машғулотларни расмий учрашувга айлантиради, гўё. Aслида, кўпчилик Эдерни қадрлайди.

- «Барселона»да ўзлигингизни сақлаб қолдингизми?

- Aлбатта, йўқ. Буни қандай амалга оширишни билмадим. «Барcелона» сингари йирик клуб билан шартнома имзолаганингизда, дунёдаги энг яхши футболчиларга эга бўлишингизга қарамай, мазкур жараённинг осон кечмаслигини тушунасиз. Ўзимдаги айрим жиҳатларни ўзгартиришга мажбур бўлдим, авваллари керакли деб ҳисоблаган нарсалардан воз кечишга тўғри келди. Радикал қарорлар қабул қилишим мумкин эди, аммо бу мен тушиб қолган вазиятда деярли фойда бермасди. Карантиндан кейин вақтимиз кам эди, бунгача эса жамоа яхши ўйнаётганди, кўп нарсаларни ўзгартирдик. Танаффусга қадар «Реал»дан икки очко олдинда эдик, бироқ кейинчалик барчаси ўзгариб кетди. Жамоадаги босим бизга халал берди. Лекин бош­қачароқ шароитларда ўзгача натижа олиб келиши мумкин бўлган дақиқалар ҳам йўқ эмасди. Айни ҳолатда ҳаддан зиёд радикал қарорлар чиқариш фақат зарар келтириши тайин эди. Шундай паллада «Бавария» билан ўйинда йирик ҳисобда енгилдик...

- 2:8 - бу шармандаликми?

- Қаттиқ зарба бўлди. Бундай мағлубиятлар билан «Барcелона» тарихига киришингиз аниқ. Ютқазишимизда қисман менинг айбим бор ва бир куни бу ҳақда батафсил айтиб бераман. Бўшатилганимдан сўнг, мени ишдан четлатиш тўғрисидаги қарор «Бавария»га қарши ўйиндан олдинроқ қабул қилинганлигидан хабар топдим.

- Ишга қайтмоқчимисиз?

- Хоҳиш катта эмас... Уйда, денгизда, сигирларим билан ўзимни яхши ҳис қиляпман. Энди хафа эмасман. Шикоятимни ҳеч қачон эшитмайсиз, чунки 40 йилдан буён футбол билан биргаман. Ўз навбатида, менга берган неъматлари учун футболдан умрбод миннатдорман.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz