Қайднома

Қидирув

Расул Йўлдошев: “Юзимиз ёруғ бўлганидан хурсандмиз”

Расул Йўлдошев: “Юзимиз ёруғ бўлганидан хурсандмиз”

  18.11.2020 01:10
  0
  393
Расул Йўлдошев: “Юзимиз ёруғ бўлганидан хурсандмиз”

Coca Cola Суперлиганинг 18-тури доирасидаги қолдирилган ўйин - «Бунёдкор» - «Пахтакор» қарама-қаршилиги «қалдирғочлар»нинг ғалабаси билан якунланди. Шу тариқа «шерлар»нинг чемпионлик унвонини муддатидан аввал қўлга киритишлари камида битта ўйинга ортга сурилди.
Шу куни «Бунёдкор» таркибида ўзининг фаол ҳаракатлари ва ажойиб тўп оширишлари билан ажралиб, муваффақиятга катта ҳисса қўшган Расул Йўлдошевни анчадан буён кузатаётгандик ва мазкур ўйин якунлангач, у билан суҳбатлашдик.

- Суҳбатимизни «Пахтакор»га қарши кечган ғалабали ўйин ҳақидаги фикрларингиз билан бошласак.

- Гувоҳи бўлганингиздек, ўйин қарийб тенг курашлар остида кечди. Ҳар икки жамоада ҳам гол уриш учун кўплаб вазиятлар юзага келди. Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланганимиз сабабли муносиб ғалабани қўлга киритдик. Биласизми, биз учун «Пахтакор» билан кечадиган ўйиннинг аҳамияти юқори эди. Сабаби, биринчи даврада ушбу жамоага йирик ҳисобда ютқазгандик ва бундай мағлубиятга лойиқ эмаслигимизни исботлашни жуда хоҳлагандик. Ғалаба қозониб, юзимиз ёруғ бўлганидан хурсандмиз.

- «Пахтакор» устидан қозонилган ғалабанинг бошқа жамоаларга қарши ўйиндаги ғалабалардан фарқи борми?

- Бор, албатта. Сабаби, «Пахтакор» мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони ҳисобланади. Қолаверса, «шерлар»нинг бу йил ҳам чемпионликка эришиши деярли аниқ бўлиб қолди. Биз мана шундай кучга эга жамоани мағлубиятга учратиб, ўз кучимизга бўлган ишончни янада теранроқ ҳис қила бошладик. Очиғи, «Пахтакор» устидан қозонилган ғалаба кераксиз мағлубият ва дурангларимизни ҳам эсимиздан чиқариб юборди.

- Шу куни жамоангиз кўпчиликка манзур бўладиган ўйин намойиш этди. Шундан келиб чиқиб, мазкур учрашувни «Бунёдкор» учун мавсумдаги энг яхшиси, десак бўладими?

- Йўқ, бундай дея олмайман. Биз ушбу учрашувда энг яхши ўйинимизни намойиш қила олмадик. Аксинча, кучли хоҳиш ва характер эвазига ғалаба қозондик.

- «Пахтакор» вакилларига кўрсатилган кетма-кет қизил карточкаларга қарамай, ўйиннинг сўнги дақиқаларидаги устунлик рақибларингиз томонида бўлди. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Тўғриси, бизга совуққонлик етишмади. Менимча, бу ҳиссиётлар билан боғлиқ бўлса керак.

- «Бунёдкор»нинг сўнгги ўйинларидан хулоса чиқарсак, жамоа аъзоларининг жисмоний тайёргарлиги бўйича муаммо борга ўхшайди...

- Бунда тиғиз тақвимнинг ҳам ўзига яраша таъсири бўляпти. Ўйинлар осон ўтаётгани йўқ. Ҳар қандай рақибга қарши катта куч сарфланмоқда. Кўряпсизки, ҳозир ҳар 3-4 кунда майдонга тушишга тўғри келмоқда. Боз устига, карантиндан кейин бундай тақвимда ўйнашдан бошқа илож ҳам йўқ. Истайсизми, йўқми, ушбу омилларнинг ҳаммаси жисмоний тайёргарликка таъсир ўтказади, барибир. Балки шунинг учун сўнгги учрашувларда ўйин охиригача бир маромда ҳаракат қила олмаётгандирмиз.

- Қисқа вақт ичида шонли тарих ярата олган «Бунёдкор»дек клубнинг ҳозирда молиявий муаммолар гирдобига тушиб қолгани ниҳоятда ачинарли. Айтинг-чи, шундай пайтда майдонда диққатни бир жойга жамлаб, футбол ўйнаш оғирлик қилмаяптими?

- Тўғри, муаммолар кайфиятга таъсир қилмоқда, лекин майдонга тушганимизда, иложи борича барчасини эсдан чиқарамиз ва чиройли футбол намойиш қилишга интиламиз.

- Жамоангиз «Навбаҳор»га қарши ўйинда ютқазди. «Бухоро» билан баҳсда эса дуранг ўйнади ва ниҳоят, «Пахтакор» устидан ғалабага эришди. Сўнгги учта ўйинда қайд этилган натижалардан келиб чиқсак, «Бунёдкор» рақибга қараб, бўлажак ўйинларга турлича ёндашади, шекилли деган хулоса келиб чиқиши мумкин...

- «Навбаҳор» ва «Бухоро» билан кечган ўйинларда катта устунликка эришган ҳолда ҳаракат қилдик. Лекин вазиятлардан унумли фойдалана олмадик. Тўғри, барча жамоаларга қарши бир хил тайёрланиш керак, лекин бу ниҳоятда қийин. Чунки мотивация ва шижоат ҳар ўйинда турлича бўлади.

- Аксарият ишқибозлар бош мураббий Вадим Абрамовни қўл остидаги жамоаларни «Барселона» услубида ўйнатади, дейишади. Айтинг-чи, уларнинг фикрлари нечоғлик ҳақиқатга яқин?

- Ҳа, бу ҳақиқат. Вадим Карленович Гвардиола давридаги «Барселона»дек ўйнашимизни хоҳлайди. Бош мураббийимиз жамоа ўйинига шу тактикани синг­диришга ҳаракат қилади.

- Бундан чиқди, сизларга «Барселона» ўйинини кўриш тавсия этилади. Лекин клубдошларингиз орасида «Реал Мадрид» мухлислари ҳам бўлса керак?

- Биласизми, бизда фақат «Барселона»нинг ўйинини кўринглар, деб ҳеч ким айтмайди. Шунчаки, тактикамиз шунга мос тушади, холос. Абрамов эса учрашувлар таҳлили ва тактик услубларни ўзлаштириш жараёнида кўпроқ «Барселона» ва «Манчестер Cити»нинг ўйинларини кўрсатади.

- Сизнинг «Бунёдкор»даги ўйинларингизни диққат билан кузатар эканмиз, бир савол туғилди: нима учун шундай иқтидор эгаси ҳали ҳам Ўзбекистон чемпионатида юрибди?

- Ёқимли сўзлар учун раҳмат. Билмадим, эҳтимол сизга хориж жамоларида тўп суришга лойиқ футболчи сифатида кўрингандирман. Бироқ ҳали жисмоний жиҳатдан кўп ишлашим керак. Шунда насиб қилса, ўзим хоҳлагандай ўйин кўрсата оламан.

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz