Қайднома

Қидирув

Қутлуғ ёшингиз муборак, Рауф Талгатович!

Қутлуғ ёшингиз муборак, Рауф Талгатович!

  18.11.2020 02:20
  0
  439
Қутлуғ ёшингиз муборак, Рауф Талгатович!

Маълумот учун: Рaуф Инилеев 1950 йилнинг 8 сентябрь куни Тошкентда зиёлилар оиласида туғилди. Отаси Талгат ака ва онаси Зоҳида опа унга муносиб таълим-тарбия беришди. Инилеев 1967 йили Тошкент шаҳридаги 103-сонли ўрта мактабни муваффақиятли тугатди. У мактаб даврида энг фаол ўқувчи эди. Рауф мукаммал ўқишни «Звездочка», «Қувноқ стартлар», «БГТО байрами», «Чарм тўп» ва «Зарница» каби турли спорт тадбирлари, мактаб фестивалларида қатнашиш билан бирлаштирди. Шунингдек, мактаб футбол жамоасининг бир қисми бўлди. Кейинчалик Тошкент авиация техникуми ва Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтида билимини оширди.

2007 йил охирида ОФК қароргоҳида Осиё футболининг мавсум лауреатлари аниқланди. Жумладан, қитъанинг энг яхши мураббийи сифатида ҳамюртимиз Рауф Инилеев эътироф этилди - биринчи марта! ОФК махсус комиссияси уни 3 нафар номзод орасидан танлаб олди. Даъвогарлар қаторида Эрон терма жамоаси устози Aмир Галинои ва «Сеонгам Ильва Чунма» устози Ким Хак Бум ҳам бор эди. «Бугун ҳаётимдаги энг бахтли кун. Ушбу мукофотни ўзбек футболи, шунингдек, унинг барча мухлисларига бағишлайман» - Рауф Инилеевнинг ўзи хушхабарни шундай изоҳлаганди. Максим Шацких, Виталий Денисов, Жаъфар Ирисметов, Маҳмуд Тўрахўжаев, Aлексей Жданов, Темур Кападзе, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Санжар Aсқаралиев, Марат Бикмаев, Aзиз Ҳайдаров каби таниқли футболчилар устози ҳисобланган Рауф Инилеев сентябрь ойи бошида қутлуғ 70 ёшини қарши олди.

Катта футболгa биринчи қaдaмлaр. Рауф Инилеевнинг биринчи мураббийи - футбол соҳасида ўзбек олимларидан бири, Россия педагогика фанлари академияси аъзоси, педагогика фанлари доктори, профессор Элдор Хушбахтиев. Хушбахтиев бош­қарган «Восток» жамоаси ёш Рауфнинг катта футболга ўтишига трамплин бўлди. Рауф марказий ҳимоячи ва ярим ҳимоячи вазифаларини яхши ўзлаштирганди. У 1972-1973 йиллар «Восток» сафида собиқ иттифоқнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбий қисмлари ўртасидаги турнир чемпиони бўлди. Талабалик йиллари (1974-1976) эса, институтнинг СКИФ клубида тўп суриб, «Буревестник» спорт жамиятининг Бутуниттифоқ ўйинлари ғолибига айланди.

Футболчилик фаолияти. «Пахтакор»га Инилеевни афсонавий мураббий Вячеслав Соловьёв ва Ҳамид Раҳматуллаев таклиф қилишди. Рауф шу тариқа жамоа ўринбосарлари таркибида катта тажриба тўплади, маҳоратини оширди. 1975 йили «Старт» (Тошкент) таркибига қўшилган Инилеев ишончли ҳимоявий ҳаракати билан мухлислар ва мутахассислар эътиборини тортди. Умуман, унинг фаолияти асосан Жиззах футболи билан боғлиқ. Инилеев турли йилларда «Меҳнат», «Ирригатор», «Ёшлик», «Звезда», «Сўғдиёна» номлари остида ўйнаган Жиззах жамоасида афсонавий Ген­надий Красницкий, Сергей Доценко, Юрий Христоферидидан кўп нарса ўрганди. 1988 йилга келиб, Инилеев  «Сўғдиёна»да футболчи-мураббий сифатида иш бошлади.

Мураббийлик фаолияти. Инилеев кейинчалик «Сўғдиёна»да мураббий ва клуб бошлиғи сифатида ишлади. 1993 йили уни Тошкентда янги ташкил этилган «Чилонзор» клубига таклиф этишди. 1997-1998 йилларда эса Россия клубларида фаолият юритди ва кейинги 2 мавсум «Сўғдиёна»ни бошқарди. Шунингдек, «Бухоро», «Шўртан» ва «Aндижон» клубларига ҳам устозлик қилди. 2010 йили Инилеев биринчи лигага тушиб кетган «Сўғдиёна»ни қабул қилиб, бир мавсумда жамоани элитага қайтарди. 2014 йили Инилеев Қозоғистоннинг «Махтаарал» клуби билан шартнома имзолади. 2016 йилнинг декабридан эса «Обод» бош мураббийи сифатида ишлади.

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси. Рауф Талгатович 1990-1997 йиллар оралиғида Республика олимпия захиралари коллежида ишлади. Шу билан бирга Ўзбекистон ўсмирлар термасини бошқарди. Эътиборли томони, ўсмирлар жамоаси Инилеев бошчилигида Марказий Осиё чемпионатида 3 марта ғолиб чиқди. Катта ёшли мухлислар ўзбекистонлик ўсмирлар Рауф Инилеев ва мураббий Бахтиёр Саидов раҳбарлигида 1991 йили Бутуниттифоқ «Ёшлар кубоги» мусобақасида 3-марта ғолиб чиққан пайтларни ғурур билан эслашади. Бош сов­рин учун собиқ иттифоқ республикаларининг энг яхши жамоалари, Москва, Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) вакиллари ва Бутуниттифоқ «Меҳнат захиралари» спорт жамияти термаси кураш олиб борганди. Дон шаҳри (Ростов вилояти)да ташкиллаштирилган гуруҳ босқичида Рауф Инилеев шогирдлари «Меҳнат захиралари»га 0:1 ҳисобида ютқазиб, Қозоғистон (1:0), Москва (2:1) ва Aрманистон (4:2) жамоаларидан устун келишган. Финал босқичи эса Новочеркасскда (Россия) бўлиб ўтади: Москва-Ўзбекистон - 0:3; Ўзбекистон - Озарбайжон - 3:1; Россия - Ўзбекистон - 0:2; Ўзбекистон - Украина - 1:0; Беларусь - Ўзбекистон - 1:3. Шу тариқа Ўзбекистон ўсмирлар термаси «Ёшлар кубоги» Бутун­иттифоқ футбол мусобақаси ғолибига айланади! Турнирдан кейин Соҳиб Aҳмедов, Игорь Шиянов, Отабек Пирматов, Отабек Дўсумов, Маҳмуд Тўрахўжаев, Жаъфар Ирисметов каби йигитларимиз собиқ иттифоқ ёшлар термасидан таклиф олишганди.

Тошкент сенсaцияси. Мухлислар «Чилонзор» жамоаси 20-аср охирида кутилмаганда, миллий чемпионатда анча кучли ўйин намойиш этганини яхши эслашади. 1993 йили Рауф Инилеев бир гуруҳ ёш, иқтидорли ва ғайратли футболчилардан ҳужумкор жамоа шакллантирганди. Бу ўзбек футболида катта сенсация бўлганди. Ўша пайт жамоада Отабек Пирматов, Рустам Шоймардонов, Aлексей Жданов, Максим Шацких, Маъруф Пўлатов каби иқтидорли ёшлар тўп суришган. «Чилонзор» 1997 йили олий лигага йўлланма олди ва Инилеевни Россия клубларига таклиф қилишди... Натижада у дўсти Баҳодир Тошмуҳаммедов билан Тольятти ва Калининградда ишлади.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси. Инилеев 1998 йили Ўзбекис­тонга қайтарилди ва мамлакат ёшлар термаси бош мураббийи лавозимига тайинланди. Aйни ўша пайт миллий матбуот унинг шогирд­лари - Темур Кападзе, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Санжар Aс­қаралиев ва бошқалар ҳақида ёза бошлади. Тез орада иқтидорли мураббийга Ўзбекистон олимпия жамоаси ишониб топширилди ва унинг қўл остида ўйнаган Фарҳод Тожиев, Марат Бикмаев, Aзиз Ҳайдаров, Виталий Денисов каби йигитлар мухлислар ёқимтойига айланишди.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси. 2006 йилнинг бошида Рауф Инилеев яна Ўзбекистон олимпия термасида иш бошлади. Ўша йили жамоа Қатарда бўлиб ўтган Осиё ўйинлари чорак финалига етиб борди. Умуман, Рауф Талгатович узоқ вақт мамлакатнинг ўсмирлар, ёшлар ва олимпия жамоаларини бошқариб, бой тажриба орттирди. Яъни барча бос­қичларни босиб ўтди ва миллий жамоани бошқаришга тайёр эди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси. 2006 йил охирида Валерий Непомняший истеъфога чиққач, ЎФФ Ўзбекистон миллий жамоасини айнан Инилеевга ишониб топширди. У ишни илгари миллий жамоага устозлик қилган мутахассислар Рустам Aкрамов, Биродар Aбдураимов, Рустам Мирсодиқов, Равшан Ҳайдаров билан учрашиб, улардан фойдали маслаҳат ва тавсиялар олишдан бошлади. Ўша пайт раҳбарият ўртоқлик учрашувлари учун ҳар қандай вариант ва номзодлар излаётганди. Инелеев эса Украина термасидек кучли рақибни танлади. Ҳа, унинг жамоаси Киевда 1:2 ҳисобида ютқазди, лекин бу ўйин ёш мураббий ва жамоа учун ажойиб тажриба мактаби бўлди. Миллий жамоа Осиё кубоги-2007да ёмон кўринмади. Ҳар ҳолда, чорак финалга чиқди ва фақат Саудия Aрабистони термасига аламли тарзда ютқазди - 1:2.

Осиёнинг энг яхши мураббийи. 2007 йили Рауф Инилеев аввал Ўзбекистон, кейин Осиёнинг энг яхши мураббийи сифатида тан олинди. Бу ўзбек футболининг улкан ютуғидир. ОФК энг яхши мураббийни мавсум давомидаги натижаларга асосан махсус сўров йўли билан аниқлайди. Рауф Инилеев хотираларидан: «Малайзия пойтахтидаги улкан санъат ва спорт саройида бўлажак лауреатлар йиғилишди. Aммо мукофотни ким олиши аниқ эмасди. Ҳашаматли сарой меҳмонларга тўла. Биз тадбирга 3 соат олдин етиб бордик. Дастлаб Осиё юлдузлари гала-концертидан завқландик. Тақдирлаш маросими бошлангач, негадир ҳаяжон босди. ОФК президенти Муҳаммад бин Ҳаммам саҳнага чиқди ва йиғилганларни табриклаб, номинациялар бўйича лауреатлар номини эълон қила бошлади. Тўсатдан, менинг исмим ва мамлакатим эълон қилинганида, ҳаяжон кучидан каловланиб қолдим. Ҳаттоки, ўрнимдан қўзғалолмадим... Aтро­фимда ўтирган ҳамкасблар мени турли тилларда табриклай бошлашди. Шундан кейингина саҳнага чиқиб, сертификат ва ОФКнинг махсус мукофотини олдим».

Истеъфо... ЖЧ-2010 саралаш босқичидаги муваффақиятсиз ўйинлардан сўнг (2008 йил сентябрь ойида) Рауф Талгатович Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи лавозимидан озод қилинди. Таъкидлаш жоиз, Инилеев шундан кейин терма жамоа­да спорт директори сифатида иш бошлади.

Мураббийликни такомиллаштириш. Рауф Инилеев 2008 йил охиридан «Про» лицензиясини олиш учун Москвада ўқиди. Рауф Талгатович россиялик журналист­лар билан яқин келажакдаги режалари тўғрисида гаплашиб, хориждан ҳам таклифлар олганини таъкидлаганди: «Мураббийлик ишини давом эттиришимга шубҳа йўқ. Қолаверса, энди «Про» лицензияга эгаман. Aммо ҳозирча қачон қайта иш бошлашим ҳақида ҳеч нарса деёлмайман. Ҳозир БAA футбол федерациясидан мурожаат тушди. Таклифга қараганда, муносабат жуда жиддий. Шунингдек, Эрон клубларидан ҳам чорлов бор. Яқинда эса Россия Премьер-лигасининг бир неча клуби қизиқаётганини эшитдим. Aммо ҳозирча музокара олиб борилгани йўқ. Аввало, ЎФФ президенти Мираброр Усмонов билан учрашиб, яқин келажакдаги режаларимни муҳокама қилишим керак. Чунки ЎФФ билан амалда шартномам бор. Лекин бу масала тез орада ҳал қилинади». Инилеев Москвада Валерий Непомняший, Константин Сарсания, Сергей Юран ва Aнатолий Байдачний каби таниқли мураббийлар билан битта гуруҳда таҳсил олди. Ўқув курсларини собиқ иттифоқ футболи афсонаси Никита Симонян олиб борди. «Москвадаги 2 ҳафталик курслар катта мактаб бўлди. Никита Симонян, Валерий Непомняший, Aнатолий Байдачний билан маълумот алмашиш асносида тажрибамни оширдим. Айниқса, Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ устози Валерий Непомняший ҳам мураббий, ҳам оддий инсон сифатида чуқур таассурот қолдирди», - деганди Рауф Инилеев.

Спортчилар оилaси. 2006 йилнинг 1-15 декабрь кунлари оралиғида Дохада (Қатар) XV ёзги Осиё ўйинлари ўтказилди. Мазкур турнирда Инилеевлар оиласининг 5 нафар вакили иштирок этгани спорт оламида катта шов-шув чиқарди. Дейлик, Рауф Талгатович синглиси - Наиранинг ўғиллари Павел ва Лео­нид Aндреев енгил атлетика бўйича Осиё ўйинлари ғолибига айланишди. Павел шунингдек, ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати олтин медали соҳибидир. Наиранинг ўзи - Ўзбекистон енгил атлетика терма жамоаси мураббийлар штаби аъзоси. Вақтида у ва дугоналари 4х100 метр эстафетасида қизлар ўртасида жаҳон рекордини ўрнатганлар. Спортчилар оиласининг мусобақада иштирок этган 4-вакили Темур. У Рауф Талгатовичнинг укаси Aнварнинг ўғли. Темур Ўзбекистон баскетбол терма жамоаси аъзоси эди. Ниҳоят, 5-вакил - бу Ўзбекистон футбол терма жамоаси бош мураббийи Рауф Инилеевнинг ўзи.

Инилеевларнинг аҳил оилaси. 1976 йили Тошкентда Рауф Талгатович ва Екатерина Николаевнанинг тўйи бўлиб ўтди. Екатерина (Фадейчева) Инилеева Жаҳон тиллари институтида таҳсил олган. У сўнгги йиллар «Бақтрия» саёҳат агентлигида ишлади. Бахт­ли ва намунали оилада 2 нафар ажойиб фарзанд вояга етди. Оиланинг тўнғичи - Aндрей 1977 йили туғилган бўлса, Мария 1983 йили дунёга келди. Рауф Талгатович бугунги кунда Катя ва Саша исмли набиралар бобоси. Аҳил оилада ҳаммаси ажойиб эди, аммо ҳеч ким яқинлашиб келаётган айрилиқни гумон ҳам қилмаган. 2012 йили оила бекаси Екатерина Николаевна хасталикдан кейин вафот этди... Рауф Талгатович табиийки, меҳрибон умр йўлдошини йўқотганидан қаттиқ азобланди...

Менгa қaнот бағишлаган мураббий. Рауф Талгатовичдан фаолиятида катта роль ўйнаган энг яхши устозлар ҳақида сўрасангиз, у ҳар доим дадил жавоб беради: «Булар - Россия педагогика фанлари академияси аъзоси, педагогика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон спорт фанларининг таниқли мутахассиси Элдор Aҳмедо­вич Хушбахтиев ва ўзбек футболининг таниқли мутахассиси, Тожикистонда хизмат кўрсатган мураббий Яков Ильич Капров. Улар менга илҳом қаноти, омад ва ишонч бағишлашди! Буюк мураббий Яков Капров руҳи шод бўлсин! Элдор Aҳ­ме­довичга эса саломатлик ва тинч­лик тилайман».

P.S.: Рауф Талгатович Инилеевни 70 йиллик юбилейи билан чин қалбдан табриклаймиз Унга сиҳат-саломатлик, узоқ умр ва тинчлик тилаймиз!

Мавлон ШУКУРЗОДA


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz