Қайднома

Қидирув

Остон Ўрунов ва Шаҳбоз Умаров ҳам Олимпия термасида ўйнашлари мумкин

Остон Ўрунов ва Шаҳбоз Умаров ҳам Олимпия термасида ўйнашлари мумкин

  20.11.2020 10:00
  0
  180
Остон Ўрунов ва Шаҳбоз Умаров ҳам Олимпия термасида ўйнашлари мумкин

Ўзбекистон U-22 терма жамоаси кеча Тошкентда ташкиллаштирилган навбатдаги ўқув-машғулотлар йиғинини якунлади. Махсус мухбиримиз шанба кунги машғулотлардан сўнг жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаровни суҳбатга тортиб, унинг янги олимпия термасини шакллантириш борасидаги фикрлари билан қизиқди.

* * *

- Олимпия термаси йиғинларини ташкил этишдан мақсад битта - 20-23 ёшли футболчиларда халқаро мусобақалардан узилиш бўлмаслиги. ОФК ҳам айни шуни ҳисобга олиб, U-23 тоифасида Осиё чемпионатини йўлга қўйди. Иккинчидан, бизда футболчилар бу ёшда бирданига очилиб кетмайдилар. Асосийси, миллий жамоага футболчи етказиб беришда узилиш бўлмаслиги керак. 18-19 ёшли йигитлар ўз клубларида ўйнашадими-йўқ, терма жамоанинг хал­қаро ўйинларида иштирок этиш ҳисобига ишончни мустаҳкамлашлари мумкин. Бу мотивация беради. Хуллас, олимпия тоифасидаги терма жамоа жуда муҳим аҳамият касб этади. Ўзи бизда U-22 жамоаси анчадан буён бор. Шахсан мен учинчи авлод вакилларидан жамоа шакл­лантирмоқдаман. Ҳозирги жамоада асосан 1999-2000 йилларда туғилган футболчилар бор. Айни пайт таркиб шакллантириш ва танлов жараёни кетмоқда. Мана, ЎФА пандемия қийинчиликларига қарамай, 3-йиғинни ташкиллаштириб берди.

* * *

- Футболчи терма жамоага чақирилдими, ўзини кўрсатишга интилиб, янада кучлироқ ишлаши лозим. Клублар мураббийларида терма жамоага жалб этилган футболчиларга муносабат ижобий томонга ўзгармоқда. Биз чақирган йигитларнинг ҳаммалари ҳам асосий таркиб вакиллари эмаслар. Ҳозирги йиғинга Суперлиганинг 9та  жамоасидан ташқари, Про-лига вакилларидан ҳам футболчилар жалб этилган. 35 нафар футболчидан иборат рўйхат қисқариб бораверади, ҳозирда ўйин услуби ва фалсафаси шакл­лантириляпти.

* * *

- Ушбу жамоа билан келаси йили июнь ойида Осиё чемпионати саралашида иштирок этамиз. Шунга қадар ўйин услуби шаклланиши керак. Зеро, бу Ўзбекистоннинг иккинчи рақамли термаси ҳисобланади. Қолаверса, бу футболчилар энди ёш ҳисобланишмайди. Жамоани кучайтирадиган, унинг таркибида ўйнаш ҳуқуқига эга футболчилар кўп - Ҳусниддин Алиқулов, Акмал Мозговой, Дилшод Саитов... Олимпия жамоасига номзод легионерлар ҳам бор. Уларни кейинги йиғинларга таклиф қиламиз. Масалан, Ҳумоюнмирзо Иминов, Шаҳбоз Умаров, ҳаттоки, Остон Ўрунов ҳам бу ёш тоифасидаги термада ўйнашлари мумкин. Миллий жамоамизга чақирилаётган йигитлар ўйнашсин, эътироз бўлиши мумкин эмас. Миллий жамоа улар учун маҳорат мактаби вазифасини ўтайди, тажриба тўплашади. Биз эса уларни керак пайт олишимиз мумкин. Умуман, бу жамоанинг асосий вазифаси - миллий термага футболчи етказиб бериш.

* * *

- Жамоа шакллантириш масаласида ўз принципим бор. Дейлик, аввалги авлод вакиллари, яъни 1995-1996 йилларда туғилган футболчилардан тузилган жамоага 7-8 нафар ёши кичик йигитларни ҳам қўшганман. Осиё чемпиони бўлган ўша жамоа таркибидан 1997-1998 йилларда туғилган 8 нафар футболчи жой олганди. Азиз Ғаниев, Бобур Абдухолиқов, Ҳожиакбар Алижонов каби футболчилар катталар орасида тажриба тўплашди. Ҳозирги жамоага эса 1999 йилда туғилган футболчиларни ҳам жалб қиляпман - Дилшод Саитов, Ҳусниддин Алиқулов... Уларнинг бугун тўплаган тажрибаси эртага 2000 йилда туғилган йигитлар жамоасида асқотади. Қисқаси, ҳар доим кейинги мусобақани ўйлаган ҳолда, жамоа шакл­лан­тиришга уринаман.

* * *

- 2001 йилда туғилганлардан ташкил топган Темур Кападзе бош­қарувидаги жамоа вакилларига тегмаётганимиз сабаби шуки, улар олдида катта вазифа турибди. Март ойида Осиё чемпионатида ЖЧ йўлланмаси учун курашишади. Демакки, футболчиларни чалғитмаслик керак. Биз эса Осиё чемпионати саралашига тайёргарлик кўряпмиз. Айтишим керак, Жасур Жалолиддинов ва Ҳожимат Эркинов бемалол U-22 термасини кучайтиришга қодирлар.

Ҳозирда эътиборим олимпия жамоаси машғулотларига қаратилгани сабаб, «Сурхон»ни Владимир Андреев бошқараётгани мантиққа тўғри келади...

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ ёзиб олди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz