Қайднома

Қидирув

Пўлатхўжа Холдорхонов: “Бобом умидини оқлашим шарт”

Пўлатхўжа Холдорхонов: “Бобом умидини оқлашим шарт”

  20.11.2020 12:12
  0
  862
Пўлатхўжа Холдорхонов: “Бобом умидини оқлашим шарт”

Сир эмас, Наманган вилояти азал-азалдан иқтидорли футболчилар макони ҳисобланади. Ҳозир юртимизнинг исталган ҳудудида асли наманганлик мураббий ва футболчиларни кўриш мумкин. Ҳа, охирги йилларда вилоятдан иқтидорли ёшларнинг чиқиши бироз камайгандек туюлди, лекин эътибор билан қарасак, айни пайт кўплаб жамоаларда наманганлик истеъдодлар муносиб тўп суришмоқда. Дейлик, косонсойлик Пўлатхўжа Холдорхонов Биринчи лига иштирокчиси - «Пахтакор-2» сафида етакчи мақомида. Биринчи лигада тўпурарлик қобилияти билан кўзга ташланаётган Холдорхонов косонсойликларга айнан футбол орқали танилган Пўлатовлар оиласида туғилган. Пўлатхўжа 8 ёшидан туман футбол мактабига қатнай бошлади. Биринчи мураббийи - Шодмон Маматов. Кейинчалик болакайнинг иқтидори ва миллионлар ўйинига меҳрини тўғри баҳолаган оила аъзолари  уни етарлича қўллаб-қувватлашган, зарур шароитлар яратиб беришган. Мана, узоқ йиллик меҳнат самараси ўлароқ,  айни пайт 17 ёшни қаршилаган Пўлатхўжа тенг­қурлари орасида маълум ютуқларга эришиб улгурди.  Келинг, яхшиси, бу ҳақдаги маълумотларни ёш ҳужумчининг бобоси Холдорхон ака Пўлатовдан эшитайлик...

***

-       Ўзим футболга астойдил қизиқардим ва набирам Пўлатхўжани 6 ёшлигиданоқ стадионга, ўйинлар томошасига олиб борардим. Кейинчалик набирамда ҳам миллионлар ўйинига иштиёқ уй­ғонганини сездим ва уни 8 ёшида туманимиздаги футбол мактабига бердим. Пўлатхўжа мактабда Шодмон Маматов қўл остида 1 йил шуғуллангач, туманда кичик турнир ташкил қилинди ва ўйинларни кузатган «Бунёдкор» академияси селекционерлари Пўлатхўжани кўрикдан ўтказишни таклиф қилишди. Шунга биноан, 2014 йилнинг 20 март куни набирамни «Бунёдкор» академиясига олиб бордим. Мураббийлари уни 11 кун давомида синовдан ўтказиб, якунда олиб қолишга қарор қилишди. Фақат, 14 ёшга тўлмагани боис, академия базасига жойлаштиролмасликлари, ижара асосида уй олиб бўлса ҳам, боланинг машғулотларга қатнаб туришига шароит яратиб беришимизни сўрашди. Шундай қилиб, Пўлатхўжанинг ота-онаси  номимга ишонч­нома ёзиб беришди ва «Бунёдкор» стадионига яқин жойдан уй олиб, 4 йил давомида набирам билан бирга истиқомат қилдик.  Пўлатхўжа 14 ёшга тўлгач, яна 4 нафар тенгдоши билан бирга академия базасига жойлаштирилди. Орадан маълум муддат ўтгач, марҳум «пахтакорчи» Михаил Аннинг ўғли Дмитрий билан кўришиб қолдик ва у набирамни «Пахтакор»га чақирди. Шу тариқа Пўлатхўжа  2018 йилдан «Патакор» ёшлар жамоаси машғулотларига қатнай бошлади. Бу ерда ҳам дастлаб турар-жой масаласи бўйича муаммо борлиги туфайли 3-4 ой яна ижарага олинган хонадонда турдик. Шундан сўнг Дмитрий Ан набирамни «Пахтакор»нинг Қибрайдаги базасига жойлаштирди. Ўша йил октябрь ойида Тошкентда Республика турнири ўтказилди ва Ан бошқарувидаги Тошкент шаҳри жамоаси сафида майдонга тушган Пўлатхўжа 8та гол уриб, бош тўпурар бўлди. Совринни эса ўша вақт ТЖМ бошлиғи лавозимида ишлаган Асқар Толибжонов қўлидан қабул қилиб олди. Умуман, Ан шогирдлари ўша йилнинг ўзида қатор турнирлар ғолибига айланди. Ўтган йили ҳам набирам навбатдаги Республика турнири тўпурарига айланди ва бу гал совринни «Пахтакор» афсонаси Тўлаган Исоқовдан олди.

***

- Пўлатхўжа жорий мавсумдан эътиборан «Пахтакор-2»да тўп сурмоқда. Ўтган ой якунида «Пахтакор»нинг асосий жамоаси билан 2 йилга мўлжалланган шартнома тузилди. Пўлатхўжа ҳозирда жамоа машғулотларида иштирок этмоқда, фақат Биринчи лига учрашувлари ўтказиладиган куни «Пахтакор-2» сафига қўшилади. Худога шукр, қийинчиликлар орт­да қолди.

-       Набирам тинимсиз қўллаб-қувватлашимиз, саъй-ҳаракатларимиз ва ўз интилиши билан маълум ютуқларга эришди. Энди бу ёғига янада тиришқоқлик кўрсатса, меҳнатдан қочмаса, ўз устида астойдил ишласа, яхши футболчи бўлиб етишади, менимча. Шундан умидвормиз. Албатта, набирамга ҳамиша барча билан камтарона муносабатда бўлиши, сарфланган вақт ва меҳнатлар қадрига етиш кераклиги, туманимиз, вилоятимиз ва юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиши зарурлигини уқтириб келаман. Эшитишимча, ёш футболчи келажакда мукаммал маҳоратга эга бўлиши учун 1000тадан ортиқ ўйинда иштирок этиши керак экан. Тошкентда бунинг имконияти бор. Бежиз айтишмаган - 10та машғулотдан 1та ўйин яхши.

***

Пўлатовлар оиласини Косонсойда кўпчилик яхши билади. Чунончи, қаҳрамонимизнинг амакиси Шодмон Пўлатов вақтида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибида Александр Гейнрих, Мансур Саидов, Ярослав Крушельницкий ва Владимир Аникин каби истеъдодлар қатори Болгария ва Туркиядаги йиғинларда иштирок этган. Тақдир тақозоси билан бугун бошқа касб билан шуғулланаётган Шодмон аканинг жияни ҳақидаги фикрлари қуйидагича:

- Биласизми, ҳали чўққига чиқмаган боланинг ижобий хислатларини достон қилиш унинг ўзига, тиришқоқлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун иқтидорнинг кўзга кўриниб турган фазилатларини эътироф этишдан кўра, уни шу даражага чиқаргунча чекилган заҳмат, оилавий меҳнат ва ҳаракатни ёритиш манфаатлироқ. Бинобарин, бундай мақолалар фарзандини футболга йўналтириш масаласида иккиланиб турган ота-оналар учун тайёр қўлланма ҳисобланади. Тушунарлики, маҳоратли футболчи бўлиб етишиш учун иқтидор, қизиқиш ёки маблағнинг ўзи камлик қилади. Демоқчиманки, шу 3та жиҳат жамланган тақдирдагина нимагадир эришиш мумкин. Тўғриси, биз учун энг муҳими - Пўлатхўжанинг эл таниган машҳур футболчи бўлиши. Чунки ўзим тақдир тақозоси билан футболдан эрта чиқиб кетганман. Бу нафақат мен, балки отамда ҳам ўзига яраша армон пайдо қилди. Хуллас, шу армонимизни Пўлатхўжа орқали аритишни ўйлаб,  унинг келажаги учун қўлдан келганича ҳаракат қилдик. Кўз тегмасин, жия­ним камтар ва меҳнаткаш. Биз ўйнаган давр ва бугунги кун футболи ўртасида катта фарқ бор. Авваллари бутун жамоа ҳужумчилар учун ўйнарди, ҳозир олдинги чизиқ вакиллари зиммасидаги иш ҳажми ниҳоятда катта. Ўйлашимча, футболда характернинг ҳам ўзига яраша ўрни бор. Буни миллий жамоамиз сардори Одил Аҳмедов мисолида кўриш мумкин. Болаликда Одил билан битта мактабда ўқиганман ва айтишим мумкинки, у нимага эришган бўлса, барчасининг замирида камтарона характери ва тинимсиз меҳнати ётибди. 

***

Биринчи лига «Шарқ» минтақаси дастлабки босқичини 2-ўринда якунлаган «Пахтакор-2» ўз олдига Про-лигага чиқиш вазифасини қўйган. Жамоани Дмитрий Ан бошқармоқда. Қаҳрамонимизнинг ўзида эса мақсадлар янада улкан:

- Болалигимдан айнан «Пахтакор»да тўп суришни орзу қилганман. Жамоадаги дастлабки машғулотлардан кейиноқ бу ерда кўп вақт қолишни ўйладим. Мана, ҳозирга қадар турли ёш тоифасидаги жамоалар сафида ўйнадим. Ўтган ой эса «Пахтакор» билан 2 йиллик шартома туздик. Муҳими, мени асосий жамоада яхши қабул қилишди, муҳит аъло даражада ва йигитлар билан киришиб кетишда у қадар қийналмадим. Бош мураббий Шота Арвеладзе машғулотлардан кейин ҳам ўз устимда ишлашим бўйича кўрсатма берди. Ҳозирча «Пахтакор-2»да ўйнашда давом этяпман. Учрашувлар орасида вақт тиғизлиги учун ҳар куни асосий жамоа машғулотларида қатнашиш имкони йўқ. Муҳими, имкон туғилиши билан катталар жамоаси машғулотига жўнатишяпти. Мақсадим - «Пахтакор»да тезроқ дебют қилиш, турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимизда ўзимни кўрсатиб, бобом ва амаким армонини аритиш. Шу ўринда мени қўлимдан етаклаб машғулотларга олиб борган бобом, ота-онам, амаким ва «Пахтакор»га таклиф қилиб, катта ёрдам берган Дмитрий Михайлович Анга миннатдорчилик билдираман. Бу инсонлар келажагим учун катта ҳажмда иш бажаришди ва уларнинг умидларини оқлашим шарт.

-----------------------------------

Мана, косонсойлик янги иқтидор ҳақида баҳоли қудрат маълумот бердик. Ўйлаймизки, бу мақола  умидли футболчини талтайтирмайди, аксинча, ўз устида тинимсиз ишлаши ва фақат олдинга интилишида ўзига хос турт­ки беради.

Хуршид ЮСУПОВ ёзиб олди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz