Қайднома

Қидирув

“Қайрат”да қайсар “Қўмондон”

“Қайрат”да қайсар “Қўмондон”

  20.11.2020 16:16
  0
  741
“Қайрат”да қайсар “Қўмондон”

"Қайрат" бу йил Қозоғистон чемпионатида муддатидан олдин олтин медални расмийлаштирди. Бош мураббий Алексей Шпилевский - ғолиб жамоанинг асосий персонажи. Унинг ёши 32да, аммо "Қайрат" биринчи иш жойи эмас. Аслида ёш мутахассис 2019 йилги мавсумдан сўнг клубдан кетишга яқин турганди. Лекин қолди ва ниҳоят, фаолиятидаги дастлабки эътирофга молик сов­ринга эришди. Жароҳат ортидан бутсаларини жуда барвақт михга илган Шпилевский 11 йилдан буён мураббийлик соҳасида. У "РБ Лейпциг"да болалар билан ишлашга улгурди, ҳамон Юлиан Нагельсманндан ўрнак олади.

Вақтида Алексей Шпилевский билан Беларусь ўсмирлар термасида ўйнаган футболчилар ҳамон профессионал даражада тўп сурмоқдалар. У 2005 йили Михаил Сиваков ("Оренбург"), Егор Филипенко ва Станислав Драгун (БАТЭ) қатори ўсмирлар термаси шарафини ҳимоя қилган. Ўшанда беларуслик ўсмирлар Европа чемпионати йўлланмасини қўлга киритишганди ва ҳозиргача бу натижа охиргиси бўлиб турибди. Шпилевский таянч ярим ҳимоячиси сифатида катта ҳажмда иш бажарарди. Бироқ қитъа биринчилиги финал босқичи бошланмасидан аввал қаҳрамонимиз белидан шикастланди. Кейин маълум муддат тиббий воситалар ёрдамида ўйнади, бироқ жароҳатни тўлиқ даволаш имкони топилмади. Алексей ўшанда "Штутгарт" ўсмирлар жамоаси сафига қўшилган ва айнан шу клуб машғулотида жароҳат орттирганди. Натижада ўйинчилик фаолиятини мураббийлик иши билан алмаштиришга мажбур бўлди. Шпилевский кейинроқ бу ҳақда ҳўрсиниб гапирганди: "Афсуски, футболдан эрта кетдим, лекин 21 ёшдаёқ "А" тоифали лицензия олдим".

Беларусь футболи юлдузи Александр Глеб "Барселона"да ўйнаган пайт Алексей Каталония клубида болалар билан ишлаш бўйича амалиёт ўтаганди. Дастлабки иш жойи сифатида "Зонненхоф Гроссаспах" тилга олинсада, у илк салмоқли фаолиятни "Штутгарт"да бошлади. Муҳими, Шпилевский жамоада ёрқин таассурот қолдиргач, "РБ Лейпциг"дан таклиф олди. Ўша пайт клуб академиясига Ральф Рангник бошчилигидаги мутахассислар ҳам ўтишганди. Алексей шу тариқа U-16 жамоаси бош­қарувини қўлга олди. Кўпроқ ютуқлар хоҳлаганида эса, Германиядан кетди. Ўзининг айтишича, 30 ёшида болалар билан ишлаш ёки ЕЛда қатнашадиган жамоани мус­тақил  бошқаришдан бирини танлашига тўғри келган. Шу тариқа ёш мутахассис Беларусга қайтиб, "Динамо Брест" бош мураббийи ролида иш бошлади. Бироқ жамоадаги фаолияти атиги 6 ҳафтага чўзилди, холос. Яъни раҳбарият билан келишмовчилик ҳамда ЕЛдаги муваффақиятсиз иштирок туфайли кетишга мажбур бўлди.

Шпилевский янги клубда иш бошлаганида, "РБ Лейпциг"дан ҳам ёрдамчи чақирганди. У "Динамо Брест" бош мураббийи лавозимига тайинланганида, бу ҳақда алоҳида тўхталганди: "Гомел"га қарши ўйин пайти ёнимда "РБ Лейпциг"да 5 йил мен билан бирга ишлаган 28 ёшли Томми Йениген ўтирди. У ёрдамчим бўлади, видеотаҳлилларга жавоб беради".

"Қайрат" - Шпилевский фаолиятидаги иккинчи клуб. Қозоғис­тонда уни оддий ўйин ва баландпарвоз гаплар учун кўп танқид қилишди. Шпилевский бундай муносабатга оддий жавоб қайтарганди: "Футболчилардан хурсанд­ман, улар Қозоғистон миқёсида энг замонавий ўйинни кўрсатишмоқда, бунақасини авваллари ҳеч ким ҳеч қаерда кўрмаган". Мана, "Қайрат" унинг қўл остида чемпионлик мавсумида ҳаммадан кўп гол урди - 44та. Энг кучли ҳимоя ҳам "Қайрат"ники (атиги 13та гол қўйиб юборди). Шпилевский ҳозиргача Юлиан Нагельсманнинг "РБ Лейпциг"даги фаолиятини диққат билан кузатади. Алексей баҳорда бу борада таассуротлари билан ҳам ўртоқлашди: "Яқинда "РБ Лейпциг" - "Фрайбург" ўйинини томоша қилдим. Сир эмас, узоқ муддат Лейпциг жамоасида ишлаганман. Қолаверса, Юлиан Нагельсманнинг амалга ошираётган ишларини кузатиш қизиқ. Жумладан, унинг жамоасида нималар ўзгарганини таҳлил қилиш фойдадан холи эмас".

Алексей Шпилевский - агент Николай Шпилевскийнинг ўғли. Александр Глеб "КраСава"га берган интервьюсида ота фарзандининг рухсатисиз мураббий ҳисобидан 2,5 миллион евро ечиб олгани ҳақида гапирганди. Катта Шпилевский ҳам буни тан олган: "Қора икра савдосига 1 миллион 200 минг тиккандик, лекин бизнес инқирозга учради". Дарвоқе, унинг мижозлари орасида Глебдан ташқари, Дмитрий Путилов ва Антон Амельченко каби беларуслик кўплаб машҳур футболчилар бор эдилар.

Қозоғистонлик журналист Айдин Кожахмет "Қайрат"нинг чемпионлиги билан боғлиқ маълумотларни тақдим этар экан, мураббий ролини алоҳида таъкидлади: "Нафақат Шпилевский, балки бутун бошли мураббийлар штабининг чемпионликка қўшган ҳиссаси салмоқли. Унинг жисмоний тайёргарлик бўйича етук ёрдамчиси бор. Ўтган қисқа мавсум давомида "Қайрат" айнан жисмоний жиҳатлар бўйича барчадан кучли кўринди. Клуб футболчилари 90 дақиқа давомида тезкор футбол кўрсатишди. Шпилевскийнинг устун томони - ўзига нисбатан кучли ишонч ҳисси. У ўқимишли, "РБ Лейпциг" тизимида таълим олган. Ҳаммасини обдон ўйлаб, кейин иш кўради: ҳеч нимани таваккалига бажармайди. Қисқаси, замонавий мураббий. Шахсий фикримча, унинг асосий камчилиги - қайсарлиги. Яъни ўз фалсафаси, футболи, ягона схемасига асосланади. Ҳеч қачон юқори прессинг услубидан воз кечмайди. Алексей - германиялик замонавий мураббийларнинг типик вакили. Нагельсманнга ўхшайди. Қозоғистонда кўпчилик унинг Нагельсманндан кўчирма олишини таъкидлайди. Бунда фақатгина ўйин жиҳати инобатга олинмаяпти: гаплашиш, кийи­­ниш ҳам бор. Ҳаммаси Юлиан услубида. Тедеско, Нагельсманн, Шпилевский бой ўйин амалиётига эга бўлолмаган мураббийлар авлодидан. Улар учун футбол - фан. Назаримда, чемпионат савияси бироз тушди. Аммо "Қайрат" шу сабабли чемпион бўлганини таъкидлаш ноўрин. Ўйлашимча, мавсум ўз-ўзидан ғалати ўтди. Мартда бошланди, 3та турдан кейин танаффус юзага келди. Июль бошида турнир давом эттирилди, битта турдан сўнг яна тўхтатилди. Фақат августдан ўйин­лар тўлиқ тартибда ўтказилди. Жамоалар бундай жараёнга тайёр эмасди. Мусобақа деярли битта ҳудуд - Алматида ўтди. "Қайрат"­га устунлик тақдим этган жиҳат шундаки, жамоа энг сифатли майдонларда тўп сурди. Агар классик чемпионат бўлганида, "Қайрат" бироз қийналарди, майдонлар муаммосига йўлиқарди. Зеро, Алматидан бошқа жойлардаги стадионлар майсаси нисбатан сифатсиз. Шахсий фикрим: "Қайрат"нинг чемпионликни қўлга киритишида асосий фактор - Вагнер билан шартнома имзолангани. У жамоани сезиларли даражада кучайтирди. Айнан Лав ёрдамида мураккаб учрашувларда рақиб мудофааси ёриб ўтилди. Бразилиялик ҳужумчининг но­стандарт ҳаракатлари ва футболга ўзгача қараши асқотди. Вагнер Лав - "Қайрат"нинг асосий кучига айланди".

"Қайрат"нинг чемпионлиги ва Шпилевский роли ҳақида

маълумотлар

 

*** "Қайрат" ўз тарихида учинчи, сўнгги 16 йилда биринчи марта чемпион бўлди.

*** Бразилиялик Вагнер Лав 13та ўйинда 6та гол урди. У "Қайрат" сафига эркин агент (текинга) сифатида қўшилганди.

*** Ҳозирча жамоанинг энг яхши тўпурари - Абат Аймбетов. Унинг ҳисобида 10та гол бор.

*** "Қайрат" Қозоғистон чемпиони масаласини муддатидан аввал ҳал қилди, ваҳоланки, рақобатчилари захирасида ўйинлар сони кўпроқ.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz