Қайднома

Қидирув

Мавсум кашфиётлари: “Лестер” ҳимоясида янги даҳо

Мавсум кашфиётлари: “Лестер” ҳимоясида янги даҳо

  21.11.2020 01:44
  0
  521
Мавсум кашфиётлари: “Лестер” ҳимоясида янги даҳо

Уэсли Фофана ўсмирлик чоғи вақтида суюкли жамоаси - "Марсел"да порлаган Дидье Дрогба ворисига айланишни, кейинроқ ивуарлик ҳужумчини жаҳонга танитган "Челси" сафида ўйнашни орзу қилган эди. Бироқ тақдир унга сермаҳсул ҳужумчи эмас, Лига1нинг энг серхаридор ҳимоячиларидан бири бўлиш бахтини раво кўрди. Мана, "Лестер" бу йил 32 млн. фунтдан воз кечиб, Уэслини ўз сафига қўшиб олди. Шу тариқа Фофана Франция чемпионатидан чиққан энг қимматбаҳо ёш ҳимоячига айланди-қўйди.

"Тулкилар" томонидан амалга оширилган йирик трансфер ортидан Уэсли Фофана обрўси кескин ошган ва унга нисбатан эътибор анча кучайган бўлсада, ҳеч ким ҳимоячининг бир уринишда шунчалик фантастик ўйин кўрсатишини кутмаганди. Ваҳоланки, "Лестер"да мудофаани кучайтириш учун бошқа вариантлар ҳам йўқ эмасди. Масалан, "тулкилар" Жеймс Тарковскига қизиқишди. Бироқ "Бернли" бу ҳимоячини 50 млн. фунтдан камига сотмаслигини маълум қилди. Шунингдек, "Байер" вакили Жонатан Та, бош мураббий Брендан Рожерсга "Селтик" орқали яхши таниш Крис­тофер Айер ёхуд "Шальке" ҳимоячиси Озан Кабак ҳам АПЛ жамоаси мўлжалига тушишганди. 19 ёшли Уэсли эса катта футболда 30та учрашув маррасидан энди ўтганди. Аммо унинг икки ажойиб фазилати борки, "Лестер" танловида булар муҳим роль ўйнаган. Фофана - ўта бақувват ва иқтидорли. Мана, французлар унинг аллақачон "Сент-Этьен"даги қадрдон дўсти ва собиқ жамоадоши Вильям Салибдан ўзиб кетганини эътироф этишмоқда. Бу футболчи ўтган йили "Арсенал" сафидан жой олганди. Лекин Лондонда кутилган даражада ёрқин юлдуз мақомини ололмади ва ҳозир ўз клубида ижара келишуви асосида тўп сурмоқда.

Энди Англияда Фофанадан мўъжизавий ўйин кутишмоқда. Ахир Чаглар Суюнжи хизматидан маҳрум бўлган жамоа кимдан нажот кутиши мумкин? Лестерликлар бахтига, Уэсли дебютант учун муқаррар саналган мослашиш жараё­нига ортиқча вақт сарфлашни истамай, тўппа-тўғри жангга киришди. Дарҳақиқат, "Астон Вилла", "Заря" ва "Арсенал"га қарши баҳсларда ҳеч ким ундан шу қадар ишончли ҳаракат кутмаганди. Уэсли вақтида кимсан Пьер-Эмерик Обамеянг билан ёнма-ён суратга тушганди. Энди "Эмирейтс"да айнан шу ҳужумчи қўриқчисига айланиб, уни тўла-тўкис зарарсизлантирди. "Фофана ёш, аммо салоҳия­ти ҳавас қиладиган даражада. Ёнинг­да шундай иқтидорнинг тўп суриши қандай яхши. У тез орада "Лестер"нинг топ-ўйинчисига айланишига шубҳа йўқ", - дейди Уэслининг ҳимоя чизиғидаги шериги Жонни Эванс. Агар Фофананинг футболга қай тариқа кириб келганини инобатга олсак, у ҳозирнинг ўзида улкан муваффақиятга эришиб улгургани ойдинлашади. Уэсли ёлғиз онаси ва бобо-бувиси қарамоғида тарбия­ланган ва барча болакайлар каби футболга жуда барвақт ошно тутинган. Болакай уйдаги қисқа вақтини ҳам Дрогба иштирокидаги ўйинлар лавҳаларини томоша қилиш билан ўтказар, мактабдан тўғри шаҳардаги "Буш-дю-Рона" стадионига чопарди. У ерда болалар ва ўсмирлар футбол билан шуғулланишарди. Уэсли шу қадар яхши ўйнардики, навбати билан гоҳ болалар жамоаси, гоҳ ўсмирлар сафидан жой оларди. Доимо тўп билан юришга одатланган болакай синф хонасида ўйнагани учун уни бир сафар ҳаттоки, мактабдан уйига қайтариб юборишган экан.

Уэсли 9 ёшга тўлгач, уни "Пен-Мирабо" ўсмирлар жамоасига қабул қилишди. Айнан шу жамоа­да мураббийлар болакай позиция­сини алмаштиришни лозим топишди. Шу тариқа Фофананинг "янги Дрогба" бўлиш орзуси ўзгарди. "11 ёшгача бўлган болакайлардан тузилган жамоа ўша пайт бирор марта мағлубиятга учрамаган ҳолда, Прованса кубогини қўлга киритди. Уэсли шу жамоа аъзоси эди. Ўта ювош, одобли бола. Лекин майдонга тушганида, тортинчоқлик ва қувноқ характерини бир четга суриб қўйиб, жасурлик, тезкорлик намойиш этарди. Уэслига сабоқ берган мураббий Себастьян Гойкович айни пайт "Марсел"­да ишлаяпти. Лекин Фофанани ҳанузгача фахр билан тилга олади", - дейди клуб президенти Алин Динойя.

Кейинроқ 12 ёшли Уэсли базаси уйидан 45 дақиқалик масофа узоқликда жойлашган "Бель-Эр" клуби сафига қўшилди. Жамоа техник директори Каиссе Ханначи ҳам унинг маҳоратидан лол қолганди: "Фофана ҳужумчи сифатида тўп суришни истар, ўзини Дрогбадек тутарди. Ярим ҳимоя­чилар орасидан эса Дидье Закорани кумир сифатида ҳурмат қиларди. Уэслига дўстона маслаҳат бердим: "Яхшиси, ҳимоя чизиғида ўйнайвер ва Курт Зумадан ибрат ол". Фофана "Бель-Эр"нинг 12-15 ёш тоифасидаги жамоасида тиришқоқлиги, иккиланмаслиги ва метин иродаси билан яққол ажралиб турди. У ҳаттоки, асфальтда ҳам "подкат" амалга оширишдан ҳайиқмасди. Ғалаба учун ҳар қандай жабр чекишга тайёр турарди. Бироқ муваффақиятли фаолият учун нафақат жисмоний куч, балки тактик ва техник тараққиёт ҳам зарур. Футболчининг мураббийларидан бири Давид Диаснинг эътирофига эътибор қаратинг: "Уэсли майдонга илк бор тушаётганида, қошларини шундай чимирдики, худди Майк Тайсонга ўхшаб қолди. У муросасиз жангга шай турган довюрак аскар мисоли эди"."Марсел"да Фофана билан ҳамкорлик қилган Антони Лупи ҳам шогирди ҳаракатларига юқори баҳо берганди: "Уэсли машғулотларга бутун борлиғи билан киришиб кетарди. Мунтазам равишда майдонга тушиш мақсадида ҳаттоки, жароҳатини яширишга уринарди. Якшанба оқшомидаги учрашувдан четда қолмаслик учун тиббий кўрикка бормай қўя қоларди".

Қаҳрамонимиз "Бель-Эр"да тўп сурган вақт "Марсель", "Монако" ва "Ренн" скаутлари эътиборига тушди. Бироқ Уэсли негадир камтаринроқ "Сент-Этьен"ни танлади. Бу клубнинг селекция бўлими раҳбари Давид Вантье тиришқоқ Фофанани илк марта кўриши билан уни бир умрга эслаб қолди: "Бувиси ҳамроҳлигида келган 15 ёшли йигитчани яхши эслайман. У 17 ёш тоифасидаги ўсмирлар жамоасида майдонга тушди. Сунъий қопламали майдонда "Безансон"га қарши тўп суриб, 9:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Бутун ўйин давомида менга бир савол тинчлик бермади: бу йигитча ким ўзи? У ўта тезкор, "иккинчи қават"да ишончли ва енгилмас эди. Улкан иқтидор соҳиби".

2018 йили Фофанага дастлабки профессионал шартномани таклиф этишди. Кейинги мавсум у "Ницца"га қарши беллашувда дебютини нишонлади. Айнан шу паллада истиқболи ҳимоячига АПЛ вакиллари, айниқса, "Уотфорд" ва "Эвертон" қизиқиб қолган ва йигитча шартнома тузишга улгурмасидан уни ўз сафига жалб этишга уринганди. Лекин Уэсли таклифларни рад этиб, Францияда қолди. "Чиндан ҳам, Фофана олдида бир неча вариант бор эди. Аммо у "Сент-Этьен" билан шартнома тузишга ваъда берганди. Якунда сўзи устидан чиқди. Унинг табиати шундай - "айтдим-қайтдим"га тоқат қилолмайди. Уэсли билан ҳамкорликда ишлаганимдан мамнунман. У нафақат ажойиб футболчи, балки инсон сифатида ҳам намунали йигитдир. Ҳақиқий етакчи. Унинг учун оила муҳим аҳамиятга эга, ҳозир яқинлари Лестерда, ҳамиша Уэсли ёнидалар. Фофана тез орада терма жамоага жалб этилади", - дейди Франция клуби вакили.

Дарҳақиқат, Уэсли "тулкилар" билан 5 йиллик шартномани расмийлаштирган чоғи биринчи нав­батда, оиласи манфаатларини ҳисобга олди. "Болалик даврим, қолаверса, молиявий ҳолатимиздан келиб чиқсак, бундай таклифга рад жавоби беришимнинг иложи йўқ эди. "Лестер" чорловидан кўз юмиш - менинг шароитимдаги футболчи учун телбаликдан ўзга нарса эмас. Айни шу келишув бутун ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди. Бинобарин, энди оиламизни асраб-авайлашга ҳам масъулман", - дейди Фофананинг ўзи. Тўғри, футболчининг нуқтаи назари "Сент-Этьен" мухлисларини умуман қизиқтирмади. Улар Фофанани хоин ва ёлланма ишчига чиқаришди-қўйишди. Оқибатда ҳимоячи ижтимоий тармоқлар орқали алоқаларни батамом узишдан ўзга чора тополмади. Боз устига, фанатлар унинг қариндошларига ҳам босим ўтказишди. Футболчи бундан қаттиқ эзилди, албатта: "Сент-Этьен"нинг кўплаб мухлислари ўзим қолиб, онам ва синглимни ҳақоратлашди. Айрим ноинсофлар ҳаттоки, чегарадан чиқиб кетишди. Мактабда синглимни қаттиқ ранжитиб, ерга йиқитишгача боришди. Ахир жажжи қизалоқнинг футболга қандай алоқаси бор? Бундай зўравонликка чидаш қийин. Қисқаси, синглимни асоссиз йиғлатишди".

Фофананинг Англияга йўл олиши сабабларидан яна бири - бу Брендан Рожерс штабида Коло Туре ишлаётгани. Уэслининг бобокалонлари Кот-д~Ивуардан ва у тарихий ватани вакили билан ҳамкорлик қилишни истагани та­йин. "Уэслининг Колога нисбатан чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлиши ҳеч кимни ажаблантирмайди. Ахир унинг томирларида ивуарликлар қони бор. Қолаверса, Коло - Ивуар футболи қироли. Бундан ташқари, унинг бу ердаги асосий вазифаларидан бири айнан ҳимоячилар билан шуғулланишдир. Коло худди Уэс Морган ва Жонни Эванс каби улкан тажриба соҳиби. Уларнинг бош вазифалари - ёш иқтидорларга кўмаклашиш. Фофана эса - кўча ўйинчиси. Бундай футболчиларга кумуш медалдек қарайман. Чунончи, шу кумуш медаллар кейинчалик асл профессионалга айланадилар", - дейди "Лестер" устози Брендан Рожерс. Хуллас, Уэсли Фофананинг ёрқин фаолияти энди бошланди. Бу ёғига "Лестер" ёки Франция термасида мўъжизалар кўрсатса, сира ажабланманг.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz