Қайднома

Қидирув

Элит бешлик ёхуд ўйин тақдири(чархпалаги)ни "айлантирадиган"лар ҳақида

Элит бешлик ёхуд ўйин тақдири(чархпалаги)ни "айлантирадиган"лар ҳақида

  21.11.2020 03:33
  0
  365
Элит бешлик ёхуд  ўйин тақдири(чархпалаги)ни

Матбуотда Европа Чемпионлар Лигаси баҳсларига доир статистик кўрсаткичлар, тактик схемалар, мураббийларнинг кадрлар масаласи бобидаги қарорлари, жамоаларнинг ёрқин ёки суст иштироки хусусида етарлича ёзилади. Лекин турнирдаги ҳакамлик иши унча тилга олинмайдики, бу яхшиликка. Ҳар ҳолда, ўйин тақдирига масъул реферининг қайсидир томонга ён босгани муҳокама этилмаса, бундан ҳеч ким ранжимайди. ЧЛда ҳакамлик сифатининг яхши эканлигида УЕФАнинг роли катта, албатта. Биринчидан, ташкилот нуфузли турнир учрашувларига Европа миллий чемпионатларида намунали хизмат кўрсатган, синовдан ўтган ва етарли тажриба тўплаган рефериларни таклиф этади. Иккинчидан, ҳакам олдига қатъий талаблар қўйилади, у шунга яраша рағбатлантирилади ҳам. Қолаверса, УЕФА рефериларни ЧЛга тайёрлашнинг аниқ тизимини йўлга қўйган - улар аввало, еврокубоклар саралаш босқичларидан ўрин олган ўйинларда ишлашади, кейин ЕЛ асосий раундида имтиҳон топширишади. Хуллас, ЧЛ учрашувларини бошқарадиган ҳакам ҳар жиҳатдан пухта тайёр бўлиши шарт. Муҳими, қатъий талабларга деярли тўлиқ жавоб берган ҳолда, ЧЛ ҳакамлари учун эталон вазифасини ўтаганлар бор, албатта. Демак, қуйида FootballHD сайти маълумотлари асосида клуб футболининг энг қизиқарли ва шиддатли мусобақасида ҳаммадан кўп ўйин бошқарган 5 нафар етакчи ҳакам билан танишиб чиқамиз.

5-ўрин: Вольфганг ШТАРК - 51та ўйин

Фуқаролиги: Германия

Ёши: 50

ФИФА рефериси: 1999-2014 йиллар

Сариқ карточка: 192та

Қизилга айланган иккинчи сариқ карточка: 4та

Тўғридан-тўғри қизил карточка: 6та

Пенальти: 12та

Асосий ихтисоси банк хизматчиси саналган Вольфганг Штарк ҳакамлик фаолиятини 1984 йили бошлаган. У ўшанда ўсмир ёшида бўлиб, учрашувларни шунчаки, эрмак учун бошқарган. Муҳими, шу оддий қизиқиш йил сайин кучайиб борди ва Штарк 1999 йили ФИФА рефериси мақомига лойиқ топилди. Германиялик рефери ЧЛ асосий қисми (гуруҳ босқичи ва ундан кейинги раундлар)да жами 51та учрашувда ишлади. Вольфганг ЧЛдаги дебютини 2001 йилнинг октябрида ўтказилган ПСВ - "Нант" (0:0) учрашувида нишонлаб, футболчиларни 5 марта сариқ карточка билан "сийлади". Умуман, Штарк ўта қаттиққўл реферилар тоифасига кирмасди, аммо немисларга хос аниқликка интилиш хислати бутун фаолияти давомида сезилиб турган. Штарк учун ҳакамликдаги энг юксак марра - бу 2011|2012 йиллар мавсумида ЕЛ финали ("Атлетико" - "Ателетик" - 3:0). Вольфганг ўша ҳал қилувчи баҳсда ҳам футболчиларни 5 марта огоҳлантирганди. Германиялик ҳакам 2014 йили 45 ёшга тўлди ва ўша вақтдаги мавжуд қоидалар туфайли халқаро фаолиятини якунлади. У шундан кейин ҳам Бундеслигада яна 2 мавсум ишлаб, 2016 йили профессионал ҳакамлик билан батамом хайр­лашди.

 

3-4-ўрин: Дамир СКОМИНА - 52та ўйин

Фуқаролиги: Словения

Ёши: 44

ФИФА рефериси: 2003-...

Сариқ карточка: 205та

Қизилга айланган иккинчи сариқ карточка: 3та

Тўғридан-тўғри қизил карточка: 4та

Пенальти: 10та

Словениялик Скомина ҳаётда журналистлар "армияси"дан жой олиши мумкин эди, лекин у футболни танлади. Аниқроғи, бирдан рефери бўлишга қарор қилди ва 1995 йили, энди 19 ёшга тўлганида қўлига ҳуштак олди. Дамир орадан атиги 6 йил ўтгач, Словения чемпионати доирасидаги юксак даражали учрашувларда ишлай бошлади. ФИФА рефериси мақомини эса 2003 йили олди. Скоминанинг ЧЛдаги дебюти 2008 йилнинг 22 октябрь куни кузатилди. Ўшанда ПСВ - "Марсель" баҳси словения­лик реферига ишониб топширилганди. Умуман, словениялик ҳакам кўнгилчан табиати билан ажралиб туради, ўйинни синчковлик билан назорат қилади ва камдан-кам ҳолларда кескин жазо чораларини қўллайди. Ҳозирча ЕЛ-2016|2017 финали ("Аякс" - "МЮ" - 0:2) ва ЧЛ-2018|2019 ҳал қилувчи ўйини ("Тоттенхэм" - "Ливерпуль" - 0:2) Дамир учун ҳакамликдаги энг юқори чўққилар бўлиб турибди. Дарвоқе, Скомина биринчи финалда 6 марта "сариқ" кўрсатган бўлса, иккинчисида карточкалардан умуман фойдаланмади. 44 ёшли рефери ҳозир Словения чемпионатида ўз бурчини адо этиш баробарида халқаро учрашувларда ҳам иштирок этмоқда. Жумладан, яқинда бўлиб ўтган "Аталанта" - "Аякс" (2:2) баҳсини талаб даражасида бошқарди. Скомина фаолиятида экзотик тажрибалар кўп. Ҳар ҳолда, у Украина, Хитой, Саудия Арабистони, Греция ва Қатар чемпионатларида ҳам ишлаб кўрган.

 

3-4-ўрин: Бьорн КУЙПЕРС - 52та ўйин

Фуқаролиги: Нидерландия

Ёши: 47

ФИФА рефериси: 2006-...

Сариқ карточка: 198та

Қизилга айланган иккинчи сариқ карточка: 5та

Тўғридан-тўғри қизил карточка: 4та

Пенальти: 20та

Бьорн Куйперс асосий мутахассислик бўйича - маъмур. У ўз ватанида бир қатор супермаркетлар ва сартарошхоналарга эга. Лекин отасидан ўтган ирсий генлар ҳаётига таъсир кўрсатди, барибир. Оддий айтганда, катта Куйперс ҳам вақтида футбол ҳаками сифатида фаолият юритган. Бьорн эса бу борада отасидан аллақачон ўзиб кетди. У профессионал футболда 2002 йили дебют қилди, атиги 4 мавсум ишлагач, ФИФА реферисига айланди. ЧЛ доирасида 2009 йилнинг 29 сентябрь куни бўлиб ўтган "Барселона" - "Динамо" К. қарама-қаршилиги Куйперс учун фаолиятидаги энг ёрқин ўйиндир. Каталония клубининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан ниҳоясига етган беллашувда рефери 2та "сариқ" бериш билан кифояланди. Ваҳоланки, у ҳар бир ўйинда ўртача ҳисобда футболчиларга 4тадан сариқ карточка кўрсатади. Куйперс 2011 йили "Барселона" ва "Порту" ўртасидаги Европа суперкубоги баҳси (2:0)ни бошқарди. Кейин ЕЛнинг 2та финалида ишлади. ЧЛ-2013|2014 финали ("Реал" - "Атлетико" - 4:1) эса Куйперснинг энг юксак чўққиси бўлиб турибди. 47 ёшга тўлган рефери ҳамон фаолиятини давом эттирмоқда. 2014 йили ёшга оид чеклов бекор қилингач (энди ҳакамнинг ишга яроқлилиги унинг саломатлиги ва жисмоний тестлар натижаларига қараб аниқланади), Бьорнда учрашувлар сонини ошириш ва рейтингда юқорилаш имконияти туғилди. У жорий мавсум ҳисобидан "Интер" - "Боруссия" М. (2:2) ва "Боруссия" Д. - "Зенит" (2:0) учрашувларида бошқарди.

 

2-ўрин: Ким Мильтон

НИЛЬСЕН - 57та ўйин

Фуқаролиги: Дания

Ёши: 60

ФИФА рефериси: 1988-2005

Сариқ карточка:151та

Қизилга айланган иккинчи сариқ карточка: 3та

Тўғридан-тўғри қизил карточка: 2та

Пенальти: 10та

Даниялик собиқ рефери кундалик ҳаётда IT-менежери сифатида фаолият юритган, лекин футболга қизиқиши маълум муддат ўз касбидан воз кечишини тақозо этган. Нильсен ўсмирлик давриданоқ ўйинларини бошқарган бўлсада, профессионал мақомга кейинроқ, 26 ёшида кўтарилган. Муҳими, 2 йилдаёқ ФИФА эътиборини тортганди. Ким Мильтон ЧЛдаги деютини 1992 йилнинг 30 сентябрида, "Лидс" - "Штутгарт" ўйини (4:1)да нишонлаб, 4 нафар футболчини огоҳлантиришдан ташқари, немис клубини пенальти билан жазолаганди. Даниялик рефери 1993 йили Европа суперкубоги учун "Вердер" ва "Барселона" ўртасида кечган жавоб учрашуви (1:1)ни бошқарди. Кейин УЕФА кубоги финалида ишлади. 2004 йилга келиб, ЧЛ финали ("Порту" - "Монако" - 3:0) айнан даниялик реферига ишониб топширилди. Нильсен 2005 йили 45 ёшга тўлгач, ҳакамлик фаолиятига нуқта қўйди.

 

1-ўрин: Феликс БРИХ -

59та ўйин

Фуқаролиги: Германия

Ёши: 45да

ФИФА рефериси: 2007-...

Сариқ карточка: 247та

Қизилга айланган сариқ карточка: 16та

Тўғридан-тўғри қизил карточка: 4та

Пенальти: 23та

Фан доктори унвонини олган ҳуқуқшунос илмий диссертациясини спорт мавзусига бағишлаган эди. Феликс Брих замонамизнинг энг қаттиққўл ҳакамларидан бири сифатида танилди. Ҳакамлик соҳасига 1993 йили қадам ташлаган Брих мавсум-2004|2005да Бундеслига даражасига кўтарилди. Кейин 3 йилни ФИФА рефериси мақомини олишга сарфлади. ЧЛдаги дебютини эса 2008 йили нишонлади - "Ливерпуль" ва ПСВ ўртасидаги ўйин (3:1)да. Брих фаолиятидаги бош ўйинлар: ЕЛ-2013|14 финали ("Севилья" - "Бенфика" - 0:0, пен. серияси - 4:2) ва ЧЛ-2016|17 финали ("Реал" - "Ювентус" - 4:1). 45 ёшли рефери жорий мавсум ЧЛ доирасидаги "Аякс" - "Ливерпуль" (0:1) беллашувини бошқарди, шунингдек, Бундеслигада ўйинлари сонини 286тага етказиб олди. Брих фаолияти давомида Тунис, Миср, Саудия Арабистони ва Жанубий Корея чемпионатларида ҳам ишлади.

А.АҲМЕДОВ  тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz