Қайднома

Қидирув

Сергей Ребров: “Леваголга нисбатан Шевага осонроқ эди...”

Сергей Ребров: “Леваголга нисбатан Шевага осонроқ эди...”

  21.11.2020 05:50
  0
  213
Сергей Ребров: “Леваголга нисбатан Шевага осонроқ эди...”

Поляклар ва украинлар ўртасидаги "дуэль" арафасида Украина футболининг афсонавий ҳужумчиларидан бири, Киев "Динамо"си собиқ бош мураббийи Сергей Ребров Польшанинг WP Sportowe Fakty сайтига интервью берди. Айни пайт Венгриянинг "Ференцварош" клубини бошқараётган мутахассис суҳбат давомида поляклар етакчиси Роберт Левандовскини ўз дўсти Aндрей Шевченко билан таққослашдан ташқари, ҳозирги жамоаси ишларига ҳам тўхталди.

- "Ференцварош"да ажойиб ишларни амалга оширдингиз. Ҳар ҳолда, клубни 25 йил бадалига илк марта Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига олиб чиқдингиз. Айтингчи, бунга қандай эришдингиз?

- Тўғриси, ҳеч қандай сир ёки сеҳр йўқ. Мисол учун, шогирдларимдан ҳеч бирининг исмини "баланд овоз"да айтолмайман, чунки бизда юлдузлар йўқ. Қисқаси, саволга жавобим стандарт кўринишда: жамоамиз ютуғининг асосий омиллари - меҳнатсеварлик, уйғунлик, тартибли ҳимоя ва ҳужум ҳаракатларидаги аниқлик. Бу айни ҳақиқат. Ўзи жорий мавсум ғайриоддий тус олмоқда, буни ҳамма билади. Мисол учун, ЧЛ гуруҳ босқичига йўл олиш жараёнида 3та саралаш босқичида қатнашдик ва ҳар бирининг тақдири 1та учрашувда ҳал этилди. Муҳими, якунда саралашдан муваффақиятли ўтдик. Қисқаси, барчаси жамоа ўсаётгани, тўғри йўлдан кетаётганини кўрсатиб турибди. Бир йил олдин Европа Лигаси гуруҳ раундида ўйнаганимизни ҳам эътибордан қочирмаслик керак.

- Жамоангизда Польша чемпионатида тўп сурган футболчилар бор, аммо улар поляк эмаслар. Польшалик бирор ўйин­чини ҳам кузатяпсизми?

- Албатта, Польша лигаси доимий эътиборимизда. Чемпионатда "Ференцварош"га мос тушадиган футболчилар борлигига ишонаман. Сафимизга "Экстра-класс"дан 3 нафар ўйинчи келгани бунга далилдир. Aммо польшалик ёш иқтидорларни сотиб олишимиз анча қийин масала, чунки уларни энг яхши чемпионатларнинг катта клублари "овлайди". Венгриялик иқтидорлар хусусида ҳам шундай дейиш мумкин.

- Мана, "Ференцварош" Чемпионлар Лигасида жонажон клубингиз - "Динамо" К. билан 1та гуруҳда ўйнамоқда. Қуръанинг бундай натижасига қандай қарадингиз - хурсанд бўлдингизми ёки...?

- Туйғулар нуқтаи назаридан айт­сак, бундай тўқнашувдан қочганим яхшироқдир. Лекин профессионалман, шундай экан, ҳозир "Ференцварош" мен учун биринчи рақамли жамоадир. Тўғри, шунинг баробарида "Динамо"ни ҳам қўллаб-қувватлайман. Биринчи ўзаро ўйиндаги дуранг натижадан унча қувонмаганимни ҳам айтишим жоиз.

- Ҳа, "Динамо"га қарши уй учрашувининг сўнгги дақиқаларида урилган гол эвазига 2:2 ҳисобида дуранг қайд эттинглар. 1 очко катта қийинчилик билан қўлга киритилганини назарда тутсак, бу сиз учун жуда ёқимли бўлиши керак...

- Йўқ, натижа аввало, қўл остимдаги футболчилар учун муҳим. Ўша учрашув - Чемпионлар Лигасида очколар учун курашишимиз ва уларга эга бўлишимиз мумкинлигига исбот.

- Афсонавий ҳужумчилар - Шевченко ва Левандовскидан қай бири яхшироқ?

- Гап турли вақтлар, турли ўйинчилар, турли одамлар ҳақида кетмоқда. Очиғи, бундай таққослашларни ёқтирмайман. Шевченко вақтида "Динамо" ва "Милан" сафида Чемпионлар Лигасида ажойиб ўйнади, Роберт эса немис клубларида худди шундай қилмоқда.

- Шевченко "Олтин тўп" ютди, Левандовски йўқ. Польшаликлар эса, бу йил совринни ундан шунчаки,  тортиб олишганини айтишмоқда. Умуман, кўпчилик "Олтин тўп" Леваголга насиб этишига амин эди.

- Шахсий фикримча, Шевкенкода "Олтин тўп"ни олиш имконияти Левандовскиникига нисбатан кўп эди. Бошқача ифода этганда, унга осонроқ бўлган. Ҳар ҳолда, Шева мегаюлдузлар - Месси ва Роналду даврида ўйнамади. Ушбу икки футболчи бошқаларнинг "Олтин тўп" ютиш имкониятини деярли йўққа чиқарди. Бутун дунёда одамлар аллақачон "Олтин тўп" Роналду ёки Мессига берилишига кўникиб улгуришди. Робертнинг фаолияти шу "шаблон"га тўғри келди. Бор гап шу. Шевченко даврида эса узоқ вақт яққол ҳукмронлик қилган бир ёки икки футболчи йўқ эди.

- Левандовскининг Украина термасига қарши баҳсда майдонга тушмаслиги жамоангиз учун яхшими ёки ёмон?

- Мураббий сифатида ушбу қарорни тушунаман, чунки бу учрашув кўпроқ захира футболчилари учун имконият. Ротация вақти, мураббий бошқа номзодларга қарайди, етакчиларга дам беради. Билишимча, Украина термаси ҳам асосий таркибда ўйнамайди. Икки мураббийни ҳам тушуниш мумкин, уларни олдинда Европа Миллатлар Лигаси баҳслари кутиб турибди. Боз устига, Украина термасини ушбу циклда ҳафтасига 3та ўйин кутиб турибди.

- Россия билан уруш туфайли Украинада бир неча йилдан буён вазият беқарор. Мамлакат футболи бундай шароитга қандай чидамоқда?

- Ҳа, терма жамоанинг ўйини чакки эмас, қолаверса, 2та клуб Чемпионлар Лигасида қатнашмоқда. Мана, ёшларимиз Польшада ташкиллаштирилган U-20 тоифасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишди. Aйнан ёшлар футболи катта аҳамиятга эга. Украинада ҳар доим ёш иқтидорлар тарбия­си ҳақида алоҳида қайғуришган. Масалан, "Динамо"да ажойиб академия бор. Эътибор беринг, жамоа коронавирус туфайли 11-12 нафар ўйинчисини йўқотди, шунга қарамай, Каталонияда "Барселона"га муносиб қаршилик кўрсатиб, атиги 1:2 ҳисобида ютқазди. U-20 термасида порлаган йигитлар ҳам Украина клубларини кучайтиришди. Қисқаси, футболимиз савиясини маълум даражада сақлаб туришда истеъдодли ёшларнинг роли катта.

-----------------------------------

P.S.: Польша - Украина ўйини 11 ноябрь куни ўтказилди ва унда 2:0 ҳисоби қайд этилди.

 

М.Пўлатов тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz