Қайднома

Қидирув

Доминик Кальверт-Льюин: “Ҳозир Левандовскига тенглашадигани йўқ”

Доминик Кальверт-Льюин: “Ҳозир Левандовскига тенглашадигани йўқ”

  22.11.2020 03:03
  0
  356
Доминик Кальверт-Льюин: “Ҳозир Левандовскига тенглашадигани йўқ”

АПЛнинг жорий мавсумида ёрқин старт олган "Эвертон" ҳужумчиси Доминик Кальверт-Льюин обрўси кескин ошиб кетди. Тўғри, "ирислар" охирги ўйинларда омадсизликка йўлиқиб, пешқадамлик мавқеини бой беришди, аммо ҳужумчига айтарли эътироз йўқ. Бинобарин, Хамес Родригес ва Лукас Динга барқарорлик етишмаётгандек, бундай паллада жамоани кимдир олға бошлаши керак, албатта. Айни пайт бу вазифа айнан DCL зиммасида. Муҳими, Доминик масъу­лиятни тўлиқ ҳис қилган ҳолда, ҳаракатдан асло тўхтаётгани йўқ. Статистикага қаранг - 23 ёшли футболчи "Эвертон"нинг дастлабки 9та ўйинида 11та гол урди. Муҳими, у тўпурарлар пойгасида АПЛнинг дои­мий голеадорларига кескин рақобат тақдим эта бошлади. DCL шунинг натижасида Aнглия терма жамоасида ҳам дебютини нишонлаб, ҳаттоки, гол урди. Ҳозир Гари Линекер, Aлан Ширер ва Уэйн Руни каби тирик афсоналар Кальверт ижросидаги ўйиндан ҳайратдалар ва уни машҳур Дидье Дрогбага қиёслашмоқда. Доминик мағрурлик бобида Криштиану Роналду, эпчиллик масаласида Майкл Жордан, "иккинчи қават"да ўйнашда Иван Саморанони эслатмоқда. "Реал" клуби бежиз ҳозирдан "Эвертон" ҳужумчисига кўз тикмаяпти, унинг номзодига жиддий қарамаяпти. FIFA.com сайти мухбирлари яқинда Кальверт-Льюинни махсус суҳбатга тортиб, у билан ажойиб бошланган мавсум, бош билан ўйнаш қобилияти ва "Эвертон" ҳамда Aнглия термасига боғлиқ мавзулар юзасидан гаплашишди.

- Доминик, "Эвертон"нинг 9та учрашувида 11та гол урдингиз. Мавсум стартидан қанчалик қониқдингиз?

- Жуда ёқимли. Жорий мавсум олдидан шартномамни янгиладим ва қаттиқ ишладим, бунинг самараси ўлароқ, ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Ўйинга, аниқроғи, мавсумга тезда киришиб кетишни хоҳлагандим, ўйлайманки, буни уддаладим. Биласиз, футболда барқарорлик муваффақият калити ҳисобланади. Шундай экан, яхши ўйнашда давом этишим керак.

- Ҳозир АПЛ тўпурарлари рўйхатида боряпсиз. Чемпионат "Олтин бутса"сини ютиш ҳақида ўйлаяпсизми?

- Йўқ, бу ҳақда бош қотиришим шарт эмас. Муҳими, ўзим билан рақобатда енгилмасам, бас. Шахсий натижамни янада яхшилаш йўлида ҳар куни машғулотларда ўзим билан беллашяпман, ўйинларга гол уриш учун мақсадида тушаман, албатта. Aйни пайт тўп­урарлар рўйхатининг юқори қисмида турганим - жуда ёқимли. Ким кўпроқ гол урса, "Олтин бутса" унга насиб этади. Барчаси меҳнат маҳсули саналади.

- Баланд сакрашингиз табиат инъомими ёки бунинг устида кўп ишлайсиз?

- Сакраш - бу доимги ишим. Болалигимдан юқори сакраш ҳадисини олганман. Мендаги атлетик хусусиятда омад улуши ҳам бор. Майдонда яхши ишлаш учун баъзи жиҳатлар - тезлик, позиция танлаш, вақтни тежаш устида анча машқ қилганман. Лекин баланд сакраш қобилияти болалигимдаёқ ривожланган. Мактабда мунтазам узунликка сакраш машқини бажарардим, ўша вақт ҳеч ким мендан олдинга ўтиб кетолмасди.

- Кимдир сизни бошқа спорт тури билан шуғулланишга чорлаганми?

- 100 ва 200 метрга югуриш, узунликка сакраш доимий маш­ғулотларим сирасига кирарди. Ўйлайманки, енгил атлетика билан шуғуллансам, яхши натижаларга эришардим, лекин футбол мен учун ҳамиша энг севимли машғулот саналган ва шундай бўлиб қолади.

- Айни пайт сизни дунёдаги энг яхши "иккинчи қават" футболчиси сифатида таърифлаш­япти.

- Бу ҳақда яқинда эшитдим, асосий фазилатларимдан бири тан олинаётгани ёқимли ҳолат. Ўйинимда бошқа яхши жиҳатлар ҳам бор, лекин кучли хусусият устида ишлаш жуда муҳим. Имкон туғилдими, ҳаводаги тўпни дарвозага йўллашга уринаман, бунда аввало, тўғри зарба бера олишга ишонч ҳосил қилиш керак. Умуман, "иккинчи қават"даги ўйиним билан фахрланаман.

- "Эвертон" сафига янги қўшилган Кальверт-Льюин ва ҳозиргиси ўртасида қандай фарқ бор?

- Биринчи навбатда, руҳий томондан анча ўсганимни айтишим мумкин. Бунда ишончни назарда тутяпман. Тўғри, ҳар доим салоҳиятимга ишонганман, аммо шу ишончга мувофиқ ҳаракатланиш бошқа масала. Хуллас, "Эвер­тон"­да тажриба орттирдим, билим олдим. Табиийки, техник ва тактик жиҳатдан ҳам ривожландим. Эҳтимол, клубга келганимда, ҳаммасидан бир шингилдан бўлгандир, лекин ҳали хом эдим, кўп ишлашим талаб этиларди. Ҳамон ишлаяпман, ҳар куни янада такомиллашиш ҳаракатидаман. 

- Карло Aнчелотти кўпроқ нималар устида ишлашни буюради?

- Дон Карло топ-мураббий ва жуда инсонпарвар. Менежер сифатида катта обрў қозонган шахс. У жамоамиз бошқарувига келгач, катта мутахассис эканлигини дарҳол англадим. Анчелоттининг баланд овози бор - дўстона садо. Шу муносабати ўлароқ, ўзингизни жамоада қулай ҳис этасиз, бажараётган ишингиздан завқланасиз. Мана, ўз мисолимда айтсам, кундан-кунга футболдан кўпроқ роҳатланяпман. Менимча, бу майдонга тушганимда яққол сезиляпти. Дон Карло маслаҳатларига қулоқ тутар экансиз, беихтиёр унинг қўл остида ўйнаган етук футболчилар ҳақида ўйлайсиз. Қисқаси, мураббий ўз фалсафасини энг нозик усуллар билан сингдиради.

- Хамес Родригеснинг "Эвертон"га келиши ҳақида гап-сўзлар тарқалган паллада бунга қандай қараган эдингиз?

- "Эвертон" катта жамоа мақомини олишни истаётган экан, айнан шу даражадаги футболчиларни жалб этиши керак. Муносабатимга келсак, бошида бироз ҳаяжонландим, ахир Хамеснинг нималарга қодирлиги барчага маълум. Унинг ажойиб голларини кўрганман, кучли жамоалардаги ўйинларини ҳам. Мана, бирга ўйнашдан ўзгача завқланяпман. Хамеснинг тўп билан муомала қилиш услубини акс эттириш жуда қийин.

- Ришарлисон ҳақида нима дея оласиз?

- "Иккинчи қават" билимдони. Ҳали унча кўп бирга ўйнаганимиз йўқ, шунинг учун бир-биримизни янада яхшироқ ўрганишимиз керак. Aввало, Ришарлишоннинг менталитетини таърифлайман - туғма ғолиб. Муҳими, жамоа учун кўп тер тўкади. Унинг футболда юксак чўққиларни забт этишига шубҳам йўқ.

- "Эвертон"нинг жорий мавсум ЧЛ йўлланмасини ютишига нечоғли ишоняпсизлар?

- Шундай бўлиши керак. Ишончим комил, жамоамиз ҳозирги ўйи­ни билан ЧЛда ҳам муносиб қатнаша олади. Aммо йўлланма ютиш учун бутун мавсум давомида барқарор ўйнаш лозим. Тин олишга асло ҳаққимиз йўқ. Хуллас, барқа­рорликка эришсак, шубҳа йўқ, катта натижалар қайд этамиз.

- Энди халқаро футболга ўтсак: Aнглия терма жамоасидаги дебютингиз қандай бўлди?

- О, ажойиб. Миллий жамоада ўйнаш ва гол уришни болаликдаёқ орзу қилганимни айтиш жуда оддийдек, аммо бу мен учун айни ҳақиқат. Кийиниш хонасида исмим ва "9" рақам ёзилган футболкани кўрганим ва уни эгнимга олганимда қандай ҳолатга тушганимни таърифлаб беришим қийин. Кейин майдонга тушиб гол уриш... О, қандай ҳаяжон... Ўша лаҳза бирдан оилангиз қанчалик ғурурланаётганини ўйлайсиз. Ҳаммаси айнан орзумдагидек. Лекин бунданда кўпроғини хоҳлайман, албатта. Хуллас, Aнглия термасидаги келажагимга умид билан қараяпман - ҳали яхши ўйин кўрсатиб, кўплаб голлар урмоқчиман.

- 2017 йили U-20 тоифасидаги ЖЧ финалида Aнглия термаси ғалабасини таъминлаган голни ургандингиз...

- Яна бир ажойиб туйғу. Ушбу турнирда ягона куч сифатида ишлаганимиз ортидан ғалаба нашидасини сурдик. Тақдирлаш маросимида миямдан ўтган фикр кечагидек эсимда: "Айнан шу ерда бўлишим шарт эди, бу менинг саҳнам". Ўйиндан кейин оилам олдига югуриб боргандим. Зафарни тонг отгунча бирга нишонладик, чунки яқинларим ортимдан Жанубий Кореяга боришганди. Финалда ягона голни уриш - абадий муҳрланадиган алоҳида лаҳза.

- Катталар ўртасидаги ЖЧ борасида нима дейсиз?

- Юрак оғрийди... Ҳамиша Aнглия термаси яхши ўйнашини истайсиз. Терма жамоамиз охирги йилларда муваффақиятга яқин борди, лекин жаҳон ёки Европа чемпионатида ғолиб чиқиш армон бўлмоқда. Асосийси, менга Aнглия термаси ўйинини катта саҳнада кузатиш ҳамиша ўзгача завқ улашган.

- Aнглия термасининг Қатар-2022 мундиалида ғолиб чиқишига умид боғлаш асослими?

- Бош жамоага қўшилганимга кўп бўлмади, лекин муваффақият қозонишимизга аминман, барибир. Таркибда маҳоратли ва иқтидорли йигитлар бор. Ўзи дунёдаги энг яхши ўйинчилар билан рақобатлашиш учун футболчи ўзини ўзи илҳомлантириши керак. Ҳа, жаҳон футболида савияли жамоалар кўп. Охирги хал­қаро учрашувда Бельгия термасига қарши ўйнадик. Бу жамоа дунё рейтингида 1-ўринда турибди. Халқаро дебютни шундай рақиб билан ўйинда нишонлаш - катта тажриба. Менимча, ўша учрашувда ғалаба қозониб, Aнглия термасининг энг кучлилар билан бемалол рақобатлашишини кўрсата олдик.

- Айни пайт шахсан сиз кимни Aнглия футболининг энг яхши вакили сифатида таърифлайсиз?

- Маркус Рэшфордни. Унда ҳаммаси бор: суръат, куч, маҳорат. Айниқса, дарвоза олдида жуда чаққон. Ҳужум марказида бундай ижрочи билан ёнма-ён ўйнаш сизга катта ишонч бағишлайди.

- Хўш, жаҳон миқёсида энг яхшиси ким?

- Роберт Левандовски. Қаранг, тинмай гол урмоқда. Айнан Левандовски ўйинини ўрганиб, олдинга интилиш имконияти бор. Қисқаси, Роберт ҳозирги кунда тенгсиз, шубҳасиз.

- Майдон ташқарисида нима билан шуғулланнишни ёқтирасиз?

- Дам олиш кунлари жадвалига имкон қадар риоя қиламан. Йога билан шуғулланаман, массаж оламан, яна бироз PlayStation ўйинига бериламан - бу жуда ёқади. Ҳозир испан тилини ўрганяпман, бўш вақт қолса, дўстларим билан қаҳва ичишга боришим мумкин ёки оилам ёнига ошиқаман.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz