Қайднома

Қидирув

"Реал" (Мадрид)дан кетиб янада порлаганлар...

"Реал" (Мадрид)дан кетиб янада порлаганлар...

  22.11.2020 05:05
  0
  482

Агар номдор клублар сафида қадр тополмаган футболчилардан алоҳида жамоа тузилса, у ЧЛдек нуфузли турнирда ҳам бемалол зафар қучарди... Ҳар ҳолда, кўплаб мутахассислар бу фикрни тўла маъқуллашади. Мана, биргина "Реал"дан кетиб, бошқа клубларда порлаган 9 нафар футболчига қараб, барчасига тўлиқ амин бўлишингиз мумкин.

Самуэль ЭТО~О. "Реал"да (1998-2000): 7та ўйин, гол йўқ. Камерунлик иқтидор "Қироллик клуби" тизимига 17 ёшида қўшилди ва 3 марта ижара сафарига чиқди - "Леганес", "Эспаньол" ва "Мальорка"га. Самуэль уларнинг учинчиси таркибидаги дастлабки 13та ўйинда 6та гол ургач, клуб унинг трансферини тўлиқ харид қилди ва сира афсусланмади. Ҳар ҳолда, Это~О 4 мавсум давомида "Мальорка" учун 67та гол урди, Испания кубогининг қўлга киритилишига муносиб улуш қўшди. 2004 йили "Барселона" сафига қўшилган камерунлик голеадор бутун фаолияти давомида "Реал"­га қарши 20та ўйинда иштирок этиб, 10та ғалаба, 5та дуранг ва 5та мағлубият қайд этди. Муҳими, ўзи "Мадрид" дарвозасини 11 марта нишонга олиб, яна 6та голга ҳаммуаллифлик қилди. Это~Онинг совринлари қаторида ЧЛнинг 3та кубоги (2таси "Барса", 1таси "Интер" билан) алоҳида ўрин тутади, қолаверса, у нақ 4 марта (2003, 2004, 2005 ва 2010 йиллар) Африканинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди.

Эстебан КАМБЬЯССО. "Реал"­да (2002-2004): 67та ўйин, 1та гол, 6та самарали узатма. "Қироллик клуби"нинг юлдузли таркиби аргентиналик иқтидорни сиғдиргани йўқ. Марказий чизиқ Гути, Консейсау, Бекхэм ва Макелеле тасарруфида эди. Шу сабабли Эстебан "Интер" таклифини қабул қилишдан ўзга чора тополмади. "Галактикос"да менга шунчаки, жой беришмади. Мутасаддилар юлдузлар ва академия тарбияланувчиларига эътибор қаратишар, мен эса бу мезонларга мос эмасдим", - деганди ярим ҳимоячи. Қаранг, Камбьяссо кейин­чалик "Интер"да қаторасига 5 марта (2006-2010 йиллар) скудетто соҳибига айланди, "нерадзурралар" гвардиячилари рўйхатида 11-ўринга кўтарилди (жами 431та ўйин). Бундан ташқари, 2010 йили "шалпангқулоқ" кубок қўлга киритилишига ҳам Это~О каби муносиб ҳисса қўшди.

 

Роберто СОЛЬДАДО. "Реал"да (2005-2008): 27та ўйин, 4та гол. Сольдадо - "Реал" академияси битирувчиси. У мавсум-2005|2006да Сегунда-2 турнири бош тўпурари бўлди (19та гол), аммо кейингисида "Осасуна"га юборилди (ижара). Роберто Памплонада ҳам рисоладагидек кўринди (Ла Лигада 12та гол) ва Мадридга қайтди. Бироқ кейинги мавсум атиги 8та ўйинда майдонга тушди, холос. 2008 йилнинг ёзида "Хетафе" вакилига айланган Роберто 66та ўйин­да 33та гол муаллифига айланди. Энг сермаҳсул даврни эса "Валенсия"да ўтказди: 141та ўйинда 82та гол ва 15та самарали узатма. Шунингдек, 2012-2013 йилларда мунтазам равишда Испания миллий жамоаси шарафини ҳимоя қилди.

Арьен РОББЕН. "Реал"да (2007-2009): 65та ўйин, 13та гол, 15та самарали узатма. Нидерландиялик ярим ҳимоячи Мадрид клуби сафига "Челси"даги фаолиятидан кейин қўшилди. У дебют мавсумида 28 марта майдонга тушиб, 5та гол ва шунча самарали узатма билан кифояланди. Боз устига, кучли рақобат туфайли асосий таркибдан мунтазам жой олмади. "Реал"даги 2-мавсум Арьен учун нисбатан самаралироқ кечди - 37та ўйин, 8та гол, 10та самарали узатма. Шуни назарда тутсак, уни "Бавария"га сотишгани кутилмаган ҳол бўлди. "Ўзимни яхши ҳис этаётгандим, ўйиним чакки эмасди. Бироқ Перес президентликка қайтдию, Роналду, Кака, Бензема ва Алонсони харид қилди. Қисқаси, катта харажатлар ортидан кимнидир сотиш зарурати туғилганди", - деганди Роббен ўз трансфери ҳақида. Лекин у "Мадрид"дан кетгани учун сира афсусланмаса керак. Зеро, "Бавария"да 10 йил ўйнаб, жамоа етакчиларидан бирига айланди, кўплаб совринларга эришди. Жумладан, 2013 йили ЧЛ кубогини боши узра баланд кўтарди.

 

Альваро НЕГРЕДО. "Реал"да (2004-2007, 2009): майдонга тушмаган. Бу футболчи "Кас­тилья"­даги 2 мавсумдан кейин "Альмерия"га ўтди, орадан 2 йил ўтиб, уни Мадридга қайтаришди. Чунки Альваро камтарин жамоадаги 73та ўйинда 31та гол ва 9та самарали узатмага муаллифлик қилиб, нималарга қодирлигини исботлаганди. Кейинчалик маълум бўлишича, "Қироллик клуби" уни қимматроқ нархда сотиш мақсадида 5 млн. еврога харид қилган экан. Қисқаси, Негредони 1 ойдан сўнг "Севилья"га пуллашди - 15 млн. еврога. Эътиборлиси, ҳужумчи андалусияликлар таркибида янада ёрқинроқ тўп сурди: 180та ўйин, 85та гол, 27та самарали узатма. 2012 йили эса Альваро Испания термаси билан қитъа чемпиони бўлди, кейин "Манчестер Сити" сафидан жой олди. "Бошимдан зар сочишса ҳам, энди "Реал"га қайтмайман. "Мадрид"га керак эмаслигимни жуда яхши тушунтиришди", - деганди футболчи "Севилья"да ўйнаган пайти.

Уэсли СНЕЙДЕР. "Реал"да (2007-2009): 66та ўйин, 11та гол, 12та самарали узатма. "Бернабеу"га катта умид билан ташриф буюрган нидерландиялик яна бир иқтидор. Уэсли дейлик, Роббендан фарқли равишда, асосий таркибдан жуда кам четда қоларди. Бироқ ватандошларнинг муаммолари жуда ўхшаш: "Мени "Реал"дан ноҳақ четлатишди. Чунки жамоага Хаби Алонсо келди. Ундан ёмонроқ ўйнамасдим, менимча". Снейдер "Реал"дан "Интер"га ўтиб, мавсум-2009|2010да "А" серия ва ЧЛда ғалаба нашидасини сурди. Нидерландия термаси билан эса ЖЧ-2010 финалига чиқди. Ўша йили УЕФА таснифига кўра, қитъанинг энг яхши ярим ҳимоячиси сифатида тан олинди ва рамзий терма жамоага ҳам киритилди. "Реал"дан нафратланишимни айтишдан истиҳола қиламан. Аммо жамоага қайтмаслигим аниқ", - деганди Снейдер.

 

Эсекьель ГАРАЙ. "Реал"да (2008-2011): 31та ўйин, 1та гол, 3та самарали узатма. Бу футболчи "Ньюэллс Олд Бойз"даёқ юксак нуфузга эришганди. Айтайлик, 2005 йили Месси, Агуэро ва Сабалета қатори ўсмирлар ўртасидаги ЖЧда ғалаба қозонди. Гарай яна 1 йилдан кейин Европага отланди. Кўп ўтмай, "Қироллик клуби" аргентиналик иқтидорли ҳимоячига эга чиқиш йўлида 10 млн. евродан воз кечди. Лекин у Мадридда асосан захирачи ролини бажарди. Ҳимоячининг салоҳияти фақат "Бенфика"да яққол бўй кўрсатди, у яна "Зенит"да ҳам юксак савиясини тасдиқлади. Дарвоқе, "Реал" 2015 йили шартнома муддатини узайтириш борасида узоқ вақт келишолмаган Рамос ўрнига айнан Гарайни қайта қабул қилишга чоғланди. Бироқ якунда Серхио Мадридда қолди.

Хосе КАЛЬЕХОН. "Реал"да (2011-2013): 77та ўйин, 20та гол, 7та самарали узатма. Охирги 10 йиллик аввалида "Қироллик клуби" трансфер сиёсатини бироз ўзгартириб, Роналду ва Кака сингари етук юлдузлар эмас, арзонроқ, лекин келажаги бор иқтидорларни харид қила бошлади. Педро Леон, Серхио Каналес ва Хосе Кальехон каби ёшлар орасида айнан учинчиси яхшироқ ўйин кўрсатди. Аммо у ҳам Мадридда узоқ қололмади, барибир. "Реал"да бахтиёр эдим, аммо ўсишга эришишим зарурлигини билардим. Хуллас, "Наполи" варианти юзага келганида, узоқ ўйлаб ўтирмадим. Рафаэль Бенитес кўп нарса ўргатдики, ундан жуда миннатдорман", - деганди Хосе. Дарҳақиқат, испан йигити "Наполи"да ишончли тўп суриб, тез орада жамоа етакчисига айланди, Испания термасидан таклиф олди.

 

Ашраф ҲАКИМИ. "Реал"да (2017-2018): 17та ўйин, 2та гол, 1та самарали узатма. Еврофутбол мавсуми кашфиётларидан бири. Зайниддин Зидан марокашлик футболчини 2018 йили кўз остига олган ва жароҳатланган Карвахаль ўрнида синаб кўрганди. Дани сафга қайтгач, яна захирадан жой олган Ҳакими кейинчалик ижара келишуви асосида Дортмунд "Боруссия"сига йўл олди. Муҳими, у Бундеслигада ҳам ҳимоя, ҳам ҳужумда тетик тўп суриб, мавсум давомида 9та гол ва 10та самарали узатмага муаллифлик қилди, топ-клублар эътиборига тушди. Шу аснода Ҳакими "Интер" либосини кийди.

Д.ДАДАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz