Қайднома

Қидирув

Осиёда маҳаллий мутахассислар муваффақиятлари ва...

Осиёда маҳаллий мутахассислар муваффақиятлари ва...

  22.11.2020 09:09
  0
  393
Осиёда маҳаллий мутахассислар муваффақиятлари ва...

Осиёнинг аксарият термалари маҳаллий мураббийлар кўмагида кўплаб муваффақиятларга эришишмоқда. Дейлик, турли ёш тоифасида жаҳон чемпионати, Олимпиада йўлланмаларига эга чиқишмоқда. Масалан, жорий йил январь ойида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Саудия Арабистони, Жанубий Корея, Австралия термалари чиптани қўлга киритишди. Манаман деган Жанубий Корея ҳам сўнгги икки мундиалга маҳаллий мураббий бошчилигида чиқди, Япониянинг Россия мундиалида нималар қилганини кўрдингиз. Қуйида мақолада «сариқ қитъа»да ўз мамлакати миллий жамоасига бошчилик қилиб, эътирофга молик ютуқларга эришган айрим мураббийлар ҳақида сўз юритамиз.

ШИН ТХЕ ЁНГ

Жанубий Корея футболи доим ўзининг футболчи ва мураббийлари билан ном қозонган. Бу юрт футболи раҳбарлари, одатда, терма жамоалар ва клубларга хориждан эмас, асосан маҳаллий мутахассисларни жалб этишни афзал кўришади. Қайсидир маънода бу ўз самарасини беради. Мамлакат шарафини халқаро майдонда ҳимоя қилувчи клуб ва термалар мунтазам равишда совриндорлар қаторидан жой олиб келишади. Шундай мураббийлардан бири саналган Шин Тхэ Ён ҳам клуб, ҳам миллий терма миқёсида турли мусобақаларда зафар қучган, унинг бошқарувидаги жамоа аъзолари доим тартибли ўйин намоийиш этишган.

Австралияда фаолиятига якун ясаган Шин «Квинс­ленд Роар»да Мирон Блейбергнинг илтимоси билан мураббий сифатида иш бошлади. Тажриба ва маҳоратини ошириб бораётган собиқ футболчи 2009 йилда биринчи маротаба жиддий жамоани бошқариш таклифини олганди. Қабул қилган клуби унга бегона эмасди. Ўзининг қадрдон жамоаси «Сеонгнам Ильва Чунма» устози бўлиш унинг учун шараф ҳисобланарди.

Ўз фалсафаси ва услубига эга мутахассис кейинги йили ОЧЛда шогирдларини чемпионлик сари етаклади. Салоҳияти юқори баҳоланган мураббийни 2014 йил терма жамоа устози Хо Мён Бо ўзига асосий ёрдамчи қилиб олди. У номаълум сабабларга кўра иштирок этолмаган учрашувларда эса Шин Тхэ Ён термага бошчилик қиларди. Бразилиядаги жаҳон чемпионатида ҳам у Бога яқиндан бевосита кўмаклашди, футболчиларни тактик томондан тайёрлашда асосий ишни бажарди. Натижада кейинги йили унга Жанубий Корея олимпия терма жамоасини беришди. Саралашдан муваффақиятли ўтган кореялик олимпиячилар Қатардаги Осиё чемпионатида Яман, Ироқ ва Ўзбекистон билан бир гуруҳдан ўрин олишди. Буни қарангки, илк турда Самвел Бабаян бошчилигидаги олимпия жамоамиз Жанубий Корея билан тўқнаш келди. Биз учун қониқарсиз натижа билан тугаган ўйинда рақиб 2:1 ҳисобидаги ғалабани тантана қилгани ёдимизда. Ҳакам Фахад ал Мирдасий биринчи бўлимда корейслар фойдасига пенальти белгилаганди. Ўшанда ярим ҳимоячимиз Отабек Шукуров жарима майдончаси ичида кўкрак билан тўхтатган тўпини, рефери қўл билан ўйнади, деб адашганди. Шу тариқа финалгача етиб борган Жанубий Корея бош соврин учун кечган жангда Японияга ют­қазди. Лекин асосийси, улар Рио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритишганди.

Жанубий Корея футболи мутасаддилари ишончини оқлашга интилаётган мутахассис Россиядаги жаҳон чемпионатига ҳам термани ўзи тайёрлади ва гуруҳ босқичида гранд термаларга ҳақиқий бошоғриқ бўлди. Швеция, Мексика, Германия каби жамоаларга муносиб кураш таклиф қилди. Швецияга 0:1, Мексикага 1:2 ҳисобларида мағлуб бўлгани ўз йўлига. Аммо сўнги учинчи турда Йоахим Лёв устозлигидаги «немис машинаси»ни ўзига бўйсунтиришини ҳеч ким кутмаганди. Германияни фақат ғалабагина кейинги босқичга олиб чиқарди. Бироқ охирги дақиқаларда Нойернинг қўпол хатоси, ҳимоячиларнинг довдираши оқибатида амалдаги жаҳон чемпиони Осиё қитъаси вакилларига 0:2 ҳисобида ютқазди. Мундиалдан кейин Шин ажойиб шакллантирилган жамоани португалиялик Паулу Бентуга топширишга мажбур бўлди.

МАҲДИ АЛИ

«Юлдуз футболчилардан кучли мураббий чиқмайди», деган гапга футбол оламида кўп дуч келамиз. Бироқ футболчилик фаолияти ёрқин кечмасада, кейинчалик салоҳияти юқори мураббий бўлиб етишганлар кам эмас. Маҳди Али ҳам футболчи сифатида кўпчиликка танилмаганига қарамасдан, БААнинг деярли барча ёшдаги терма жамоаларига мураббийлик қилиб, катта натижаларга эришди.

2007 йилда Маҳди Али катта футболга қайтди. БАА футболи раҳбарлари унга ёшлар терма жамоасини ишониб топширишди. Унинг бошчилигидаги жамоа Саудия Арабистони мезбонлик қилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида муваффақиятли қатнашганди. Финалда уларга Аҳмад Убайдуллаев бошчилигидаги Ўзбекистон термаси рақиблик қилганди. Ҳал қилувчи баҳсда Али шогирд­лари 2:1 ҳисобида ғалабага эришиб, чемпионликни нишонлашганди. Аҳмад Ҳалил 4та тўп билан тўпурарлар қаторидан жой олиб, турнирнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилганди.

Бу ютуқ Маҳди Алининг фаолиятидаги биринчи катта ютуқ эди. Тўғри, бунга қадар 2003 йилда ўсмирлар терма жамоасида бош мураббий ёрдамчиси бўлиб тажрибасини оширганди. Лекин мустақил мураббий сифатидаги дебют мусобақасида биричиликни олиш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. 2012 йилги ёзги Олимпиадага чиқиш учун Ўзбекистон олимпия термасида жуда яхши имконият юзага келди. Бир қадам босса бўлгани эди. Ҳаттоки, Лондонга учадиган самолётга чипталар буюртма қилиб қўйилганди. Бунинг учун яна Маҳди Али бошчилик қилаётган Бирлашган Араб Амирликлари олимпиячиларини енгиш керак эди, холос.

Доим ҳар қандай турнирда йўлимизга тўғаноқ бўлаётган бу жамоа яна йўлланмани «илиб» кетди. Юртдошларимиз иккинчи бўлим бошларида 2:0 ҳисобида ютиб туришганида, ғалабамизга ишонгандик. Афсуски, ҳимоячиларимизнинг ёш болаларча хатолари ва довдираб қолишлари оқибатида биргина рақиб футболчиси Аҳмад Ҳалил учрашув тақдирини, шу билан бирга Олимпиада чиптаси масаласини ҳал қилди-қўйди. Али эса шогирдларини Лондон сари етаклади.

2015 йил январь ойида Австралия яшил майдонларида ташкил этилган қитъа чемпионатида БАА термаси гуруҳдан чиқиб, чорак финалда амалдаги чемпион - Японияни мусобақадан чиқариб юборди. Ярим финалда Австралиядан мағлубият қабул қилиб олинганига қарамасдан, учинчи ўрин учун кечган ўйинда Ироқ устидан ғалаба тантана қилинди ва бронза медаллари амирликларга насиб қилди. БАА ҳужумчиси Али Мабҳут мусобақа тўпурари бўлди.

АБДУЛ ҒАНИ ШАҲАД

Ироқлик мураббий Абдул Ғани Шаҳад 2016 йил январь ойида Қатар мезбонлик қилган, Рио Олимпиадаси йўлланмаси тикилган Осиё чемпионатида Ироқ олимпия терма жамоаси билан муваффақиятли иштирок этганди. Дарҳақиқат, ўша таркибда тўп сурган аксарият футболчилар кейинчалик Ироқ миллий жамоаси ўзагини ташкил қилишди. Маҳди Комил, Ҳумам Тариқ, Али Ҳусний ва ҳоказо. Ўшанда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан бир гуруҳдан ўрин олган жамоа бирин-кетин ғалабаларга эришиб, кейинги босқичга йўл олган, учинчи ўрин учун кечган учрашувда Қатар терма жамоасини кичик - 1:0 ҳисобида енгиб, Рио Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритганди. Ўша мавсумда Абдул Ғани Шаҳад бир муддат Ироқ миллий термасига ҳам устозлиқ қилганди.

ГРЭМ АРНОЛЬД

Австралия олимпия терма жамоаси ўз тарихида илк бор тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси - Токио Олимпиадасига айнан Грэм Арнольд мураббийлигида йўлланма олди. Бир муддат олдин Австралия миллий жамоаси билан бизни Осиё кубогидан чиқариб юборган бўлса, энди олимпия термаси бош мураббийи сифатида Олимпиададан мосуво қилди.

Ушбу мутахассис фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, 2007 йилги Осиё кубогида Австралия терма жамоаси билан дастлабки уриниши муваффақиятсиз чиқди, кейин эса олимпия термасига устозлик қилиб, Пекин Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритолмаганди. Шундан сўнг «Норвич Сити», «Болтон» клубларига бош мураббий сифатида номзоди кўриб чиқилди. 2010 йил ЖАРдаги мундиалда Дут Хенкка кўмаклашди. Сўнгги йилларда маҳаллий мутахассисларга ишонаётган Авс­тралия футболининг натижалари чакки эмас.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, маҳаллий мураббийлар билан ҳам натижаларни қўлга киритиш мумкин, фақат бунинг учун мураббийларни ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш тизимига жиддий ёндашилса бўлгани.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz