Қайднома

Қидирув

Тоҳир Шамсиддинов: “Мухлиссиз ўйин ўтказиш “Навбаҳор”га ярашмас экан”

Тоҳир Шамсиддинов: “Мухлиссиз ўйин ўтказиш “Навбаҳор”га ярашмас экан”

  23.11.2020 04:40
  0
  400
Тоҳир Шамсиддинов: “Мухлиссиз ўйин ўтказиш “Навбаҳор”га ярашмас экан”

Хабарингиз бор, 14 ноябрь куни Ўзбекистон кубоги баҳсларига қуръа ташланди. Унга кўра, жорий йил ОЧЛ йўлланмасига эга чиқишни мақсад қилган «Навбаҳор» кейинги босқичга чиқиш учун Про-лига вакили «Оқ-тепа» билан сафарда тўп сурадиган бўлди.
Суперлигадаги беқарор иштирок туфайли халқаро мусобақаларга йўлланма берувчи ўринлардан бирини эгаллаш имкониятини йўққа чиқарган «лочинлар» табиийки, кубок баҳслари орқали вазифани бажаришга уриниб кўришади. Боз устига, кубок финалининг Наманганда ўтиши ҳам «Навбаҳор» вакилларига қўшимча мотивация берса, ажабмас. Биз қуръа жараёни якунига етгач, наманганликларнинг тажрибали ҳимоячиси Тоҳир Шамситдиновни суҳбатга тортиб, унинг қуръа борасидаги фикрлари билан қизиқдик.

- Миллий термамиз йиғини сабабли юзага келган танаффус чоғида «Навбаҳор» «Андижон»га қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушди. Хўш, водий дербиси мақомидаги баҳс қандай ўтди?

- Мазкур учрашувни икки таркибга бўлинган ҳолда ўтказдик. Гарчи ўйин ўртоқлик мақомида ўтган бўлсада, дербига хос кескин кураш ва қизиқарли вазиятлар ҳам кузатилди. Шу куни ҳар икки жамоа вакиллари ижобий натижа қайд этиш учун жон-жаҳдлари билан курашишди. Шукрки, беллашувда ғалаба қозондик.

- «Навбаҳор»нинг кубок баҳсларидаги дастлабки рақиби маълум бўлди - Тошкентнинг «Оқ-тепа» клуби. Бу борада жамоангизга омад кулиб боқди, шундай эмасми?

- Албатта, бундай турнирларда стартни муносиб бошлаб олишга кўп нарса боғлиқ. Қуръа бу борада бизга ажойиб имконият яратди. Бироқ «Оқ-тепа» Про-лига вакили бўлишига қарамай, яхши шаклланган жамоа. Биз албатта, рақибни ҳурмат қилган ҳолда ушбу учрашувга жиддий таёргарлик кўрамиз. Ўйлайманки, сафарда кечадиган баҳсда ўзимиз учун керакли натижани қайд этамиз ва мусобақадаги юришимизни давом эттирамиз.

- «Навбаҳор» Суперлигада совринли ўринлар учун курашиш имкониятини бой берди. Айтинг-чи, жамоа кубок ўйинларига қай даражада эътибор қаратмоқчи?

- Мавсум аввалида жамоа олдига ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилганди. Бу вазифа ҳозир ҳам ўз кучида турибди. Гарчи, Суперлигадаги иштирок орқали ОЧЛ йўлланмасини берувчи ўринлардан бирини эгаллашга имконият қолмаган бўлсада, кубокка эга бўлиш орқали вазифани уддалашимиз мумкин. Шундай экан, кубок учрашувларига жиддий тайёргарлик кўрамиз ва ўз майдонимизда ўтадиган финалда қатнашиб, кубокни Наманганда олиб қолишга ҳаракат қиламиз.

- Кубок баҳсларининг ҳар бир босқичига алоҳида қуръа ташланади, ғолиблар битта ўйин натижасига кўра аниқланади. Бундай формат жамоаларга бироз ноқулайликлар туғдирмасмикан?

- Ўзимиздан келиб чиқиб гапирадиган бўлсам, ҳозирги пандемия даврини эътиборга олган ҳолда, ҳар қандай ноқулайликларга қарамай, мақсадимизга эришишга ҳаракат қиламиз. Албатта, осон эмас, лекин бу уддаласа бўладиган вазифа.

- Икки йиллик танаффусдан кейин яна қадрдон жамоангизга қайтдингиз. Хўш, «Навбаҳор»да олдингига нисбатан нималар ўзгарибди?

- Ўзгаришлар катта, албатта. «Навбаҳор» ҳамиша ўз олдига юқори мақсадларни қўядиган буюк жамоага айланмоқда. Бу ерда ҳар қандай футболчини ўзига жалб қила оладиган жонкуяр мухлислар бор. Уларнинг ўз суюклиларини қай тарзда қўллаб-қувватлашлари барчага маълум. Очиғи, бундай ишқибозлар қаршисида тўп суриш ҳамиша ёқимли.

- Айтинг-чи, Канчельскис даврида жамоа ички муҳитида ҳақиқатан ҳам муаммолар бормиди?

- Биласизми, жамоада ички муҳит ҳамиша аъло даражада бўлган. Биз бир оиламиз ва ака-укалардек муносабатдамиз. Эҳтимол, майдондаги чарчоқданми ёки кўнгилсиз натижалар сабабли асабийлашишданми, ўзаро муносабатимиз кимгадир бошқача кўрингандир.

- Мавсум охирлаб бормоқда. Кубок ўйинларида муносиб иштирок этиш учун жисмоний имкониятлар етарлими?

- Етарли, деб ўйлайман. Тўғри, пандемия сабабли мавсумни турли юкламлар остида ўтказдик, лекин умид қиламанки, кубок беллашувларига оптимал спорт формасида етиб борамиз. Қолганини кубок ўйинларида кўрамиз.

- Келаси йилдан «Навбаҳор»да стратегия ўзгаради ва клуб асосан маҳаллий ва ёш иқтидорларга эътибор қаратади. Нима деб ўйлайсиз, клуб қийналиб қолмасмикин?

- Бундай бўлади, деб ўйламайман. Чунки Наманганда маҳоратли футболчилар етарли. Кўряпмизки, вилоятда тарбия топаётган ёшларимиз ҳам иқтидорли футболчи сифатида етишиб чиқишяпти. Уларга бирозгина эътибор ва ишонч берилса, ўзларини кучлилар орасида кўрсата олишади.

- Жорий йил пандемия сабабли футболдан роҳат олиш учун кўп нарса етишмаяпти. Масалан: мухлислар. Қолаверса, кучайтирилган карантин боис ўйинлар тўхтаб қолди, МТЖ йиғинлари туфайли танаффуслар юзага келди... Умуман, жорий мавсум сизда қандай таассурот қолдирмоқда?

- Тўғри айтдингиз. Мавсумнинг бундай оғир кўринишда ўтишини ҳеч ким кутмаганди. Пандемия сабабли дастлаб узоқ вақт футбол учрашувлари ўтказилмади. Буни қайсидир маънода футболдан узоқлашдик, десак ҳам бўлади. Карантин енгиллаштирилиб, учрашувлар фақат мухлисларсиз ўтказилиши маълум бўлгач эса, бу хабарни қабул қилиш ниҳоятда оғир кечди. Ишқибозларнинг ўрни беқиёс бўлган «Навбаҳор»дек жамоага бўм-бўш майдонда ўйин ўтказиш ярашмас экан. Биласиз, пендемия даврига қадар Суперлига турнир жадвалида учинчи ўринда бораётгандик. Қайта рестартдан кейин эса бирдан жамоа аъзоларининг қарийиб тенг ярми коронавирусга чалинди. Бу эса учрашувларда тўлиқ куч билан ҳаракатланиш имкониятини бермади. Натижада кўплаб ўйинларда очко йўқотдик, совринли ўринлардан умид уздик.

- Сўнгги ўйинларда қўлга киритилган ижобий натижалар «Навбаҳор»нинг руҳий қийинчиликларни ортда қолдирганини англатадими?

- Ҳа, албатта, биз шу ўйинлар орқали кубок баҳсларига таёрланяпмиз. Қанча кўп ғалаба қозонсак, шунча кучайиб бораверамиз.

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz