Қайднома

Қидирув

Машаққатли машҳурлик ёхуд яна Ҳаким Зиеш туғрисида...

Машаққатли машҳурлик ёхуд яна Ҳаким Зиеш туғрисида...

  24.11.2020 10:10
  0
  301
Машаққатли машҳурлик ёхуд яна Ҳаким Зиеш туғрисида...

Сим де Йонг ҳайратдан қотиб қолганди. Унинг кўз ўнгида жамоадоши Ҳаким Зиеш олис масофадан «Валенсия» дарвозасини нишонга олиб, Каспер Силессенни доғда қолдирди. Ваҳоланки, ЕЧЛ доирасидаги беллашув бошланганига ҳали 10 дақиқа ҳам бўлмаганди! Қуйидаги материал янги мавсумни «Челси» таркибида бошлаган, сўнгги ўйинларда фаоллиги эвазига «кўклар» устозининг ишончини оқлаётган марокашлик футболчига бағишланади.

«ЕЧЛ ўйинлари пайти захира ўриндиғидаги жамоадошлар билан Ҳакимнинг ҳайратомуз ҳаракатлари ва голлари хусусида гаплашиб ўтирардик. Жумладан, унинг бошқа футболчиларга ўхшамаслиги ҳақида ҳам. Мазкур гол фикримизнинг тасдиғи бўлди», - деганди Зиешнинг «Аякс»даги жамоадоши.

Ақидага кўра, бир ухлаб, машҳур мақомида уйғониш учун узоқ йиллар давомида машаққатли тер тўкиш талаб этилади. Бу ҳикмат айнан Ҳаким Зиеш фаолияти мисолида ҳам ўз тасдиғини топади. Амстердам яқинидаги Дронтен шаҳрида таваллуд топган марокашлик ўғлон 2007 йилда «Херенвен» академияси тарбияланувчилари сафидан жой олганди. Шундан кейин болакай ҳаёти жиддий синовлар ва оғир жудоликка дош бериш билан ўтди. Отаси Муҳаммад ёруғ дунёни тарк этганида Ҳаким 10 ёшда эди. Унинг ўша пайтдаги ҳолатини фақат у каби отасидан барвақт етим қолган бола тўлиқ ҳис эта олади.

«Ўша қаҳратон қиш кунлари ҳозиргидек ёдимда. Анчадан бери хасталик билан курашган отам тўшакдан тура олмай қолганди. Хас­талик кун сайин оғирлаша бошлагач, отам хонасида ухлаб қолибман», - дея хотирлайди футболчи.

Бу оғир жудолик болакай ҳаётига ўз таъсирини ўтказмай қолмади, албатта. Зиеш анча вақтгача ўзига кела олмай юрди, машғулотларни ўтказиб юборишга одатланди. Шу сабабли унинг онаси Голландияда профессионал футболчи мақомига сазовор бўлган дастлабки марокашлик йигит - Азиз Дуфиқорга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Бундан ташқари, Азизнинг ўғли Роберто Ҳакимнинг яқин дўсти эди. Улар «Херенвен» мураббийларига футболчи бошига тушган мусибатни баён қилишгач, унга спорт формасини тиклаб олиши учун вақт беришга қарор қилишди. Шу тариқа Ҳаким аста-секин футболга қайта бошлади.

2012 йилнинг январида Зиеш асосий таркибда майдонга тушишга тайёр бўлди ва «Байер»га қарши ўртоқлик учрашувида «Херенвен»даги дебютини нишонлади. Ўша ўйинда у ўзининг «замбарак» зарбасини намойиш этишга ҳам улгурди. Кейин ёш ҳужумчи ЕЛ доирасида Бухарестнинг «Рапид»ига қарши баҳсда майдонга тушди. 4:0 ҳисобидаги ғалабага муносиб ҳисса қўшган Ҳаким Марко ван Бастен билан самарали хамкорлик қилиб, дебют мавсумида 429 дақиқа тўп сурди. Шу тариқа ёзда ҳужумчи тўлақонли профессионаллар сафидан жой олди. Аммо мураббийлар унинг бир жиҳатидан хавотирда эдилар - нисбатан нозик жуссали Зиешнинг жиддий тўқнашувларга дош бера олишини улар тасаввур қила олишмасди. 2013 йилнинг июлида бўлиб ўтган «Гент»га қарши беллашувда бельгиялик футболчилар қўполлигини енгиш Ҳаким учун осон бўлмаганлигини улар ўз кўзлари билан кўришганди.

«Гавдалар тўқнашуви шафқатсиз бўлсада, Зиеш бу ҳолатдан заррача чўчимасди. У доимо ўзига ишонган ҳолда рақиби билан курашга киришар ва чаққонлик эвазига ундан устун келарди. Ўзига ишониши кўпчилик учун манманликдек туюлар ва улар Ҳакимни ёқтиришмасди. Бироқ мен айнан шу хислати учун уни ҳурмат қилардим. Ҳаким тўп билан муомала қилишни хуш кўрар ва иложи борича кўпроқ ўйнашни истарди», - деганди Зиешнинг собиқ жамоадоши Юкка Райтала.

«Кўпчиликнинг наздида футболчи бақувват гавдага эга бўлиши керак. Лекин Зиеш ўзига хос ўйинчи, у жисмоний куч ўрнини ақлли ҳаракат ҳисобига тўлдиради. Уни шафқатсиз «подкат»лар ҳам қўрқита олмайди. Чунки у тезкор ва тезда тўғри қарорга келади» - мазкур сатрлар муаллифи бўлган ван Бастен шогирдининг яширин хислатларини ўз вақтида ҳис эта олган ва унга бўлган ишончи тобора ошиб борарди.

Дебют мавсумининг дастлабки учрашувида Зиеш илк дақиқадан майдонга тушди. Оқибатда 2013|2014 йиллар мавсуми ҳужумчининг шиддатли парвозига асос бўлди: 31 ўйин, 9 гол, 10 самарали узатма.

«Унинг ўйини томоша қилиб тўймайдиган даражага чиққанди. Шу боис, Ҳаким номдор жамоалар эътиборини қозонди. Бундай пайтларда кўпчилик футболчилар ўзларини йўқотиб қўядилар. Лекин Зиеш умуман ҳаяжонга тушмади, бутун эътибори ва куч-қувватини футболга қаратди. Ана шу тиришқоқлиги туфайли қисқа вақт ичида улкан муваффақиятга эришди. У ўз мақсадига етиш йўлида вақтинча ҳамма нарсадан воз кечишни уддалай олади», - ҳозирда «Монреаль Импакт» шарафини ҳимоя қилаётган Юкка Райтала қайсидир маънода ҳақ.

Юксак салоҳиятини намойиш этган ҳужумчи «Твенте»га ўтиш билан парвозни давом эттирди. Мавсумни 3-ўринда якунлаган жамоага «Аякс»га сотиб юборилган Душан Тадич ўрнини тўлдира оладиган футболчи сув ва ҳаводек зарур эди. Тез орада сербиялик футболчининг нуфузли 10 рақами марокашлик ҳужумчининг мулкига айланди.

«Жамоага келган пайтида у ҳақда ҳеч нарса билмасдим. Билганим, Ҳаким «Херенвен»да рисоладагидек тўп сурганди. Лекин ўйнаш бошқа, ёнма-ён машқ қилиш бошқа. «Твенте»даги 2 йил ичида у янада юқорироқ савияга эришди. Аммо айнан «Аякс»да асл профессионал эканлигини яққол исботлади», - дейди Зиешнинг собиқ жамоадоши Юнус Мухтор.

Дарҳақиқат, Энсхедда Зиеш мураккаб учрашувларда ҳам керакли натижани таъминлай оладиган халоскор ижрочи унвонига сазовор бўлди. 76 ўйинда у 34 марта рақиб жамоалар дарвозабонларини доғда қолдириб, 30та самарали узатмани амалга оширди. Кейинчалик Ҳаким нафақат футболчи, балки инсон сифатида ҳам ўз нуқтаи назарини намойиш эта бошлади. 2015|2016 йиллар мавсумида уни сардорлик лавозимига лойиқ топишди. Бироқ январь ойида Алфред Схредер истеъфосини кескин танқид қилганлиги учун боғичдан жудо бўлди.

«У сардор учун зарур бўлган барча фазилатларга эга, чинакам етакчи. Ўйин қовушмай қолган пайтларда жамоани ортидан эргаштириб, ҳаммамизга намуна бўла олади. Шу сабабли, унга сардорлик боғичини беришгани мени ажаблантирмади», - дейди Мухтор.

«Аввало, Ҳакимнинг ишончига сазовор бўлиш лозим. Агар сен ҳалол инсон бўлсанг, у сени ҳимоя қилиш учун кўксини қалқон қилишга тайёр туради. Доимо ҳақиқатни истайди. Матбуотда у ҳақда ноҳақ маълумотлар чоп этилса, Зиеш ҳаммасини эслаб қолади, туҳматни кечирмайди. Лекин ҳалол инсонни юксак қадрлайди».

Мухторнинг сўзларидан марокашлик футболчини хушмуомала йигит сифатида тасаввур қилиш мумкин. Бироқ анчагина қитмирлик жиҳатлари ҳам йўқ эмас: «У - ўта ҳазилкаш йигит. Жамоадошлари билан ҳазиллашишни, ўйнашишни хуш кўради. Бутсани вазелин билан мойлаш бобида унга тенг келадигани бўлмаганидек, кутилмаган қилиқлари ҳам кўп эди. Масалан, шкафча дастагини мойлаб қўйиши ёки эшикча ортига сув тўла идишни яшириб қўйиши ҳеч гап эмасди. Тўсатдан эшикни очган киши устидан муздек сув қуйи­ларди. Хуллас, Зиеш сира тинч тура олмасди».

2016 йилда «Аякс» таркибига ўтганида ҳам футболчи ҳазилкашлик одатидан воз кечмади. «У доимо тўпни рақиби оёқлари орасидан ўтказишга ҳаракат қилади. Ҳаким футболни севади ва завқ билан тўп суради», - дейди де Йонг.

«Твенте»даги ҳар бир учрашувда Зиеш ўртача 7 км. масофани босиб ўтарди. Энди у 12 км.га яқин югурмоқда. У янги муҳитга мослашиш учун курашди, тер тўкди. Натижада кучли ва моҳир ўйинчига айланди» - бу «Аякс»нинг футбол бўлими директори Марк Овермарснинг эътирофи.

Статистик натижаларга кўра, «Аякс»даги учинчи мавсумда Ҳаким Зиеш энг яхши кўрсаткичини қайд этди: 49 учрашув, 21 гол, 24 ассист. Асосий ихтисоси: ўнг қанот вингери.

Марокашлик футболчининг ўзига бўлган ишончи янада мустаҳкамланишида амстердамликлар бош мураббийи Эрик тен Хагнинг хизматлари катта бўлди. У ўз шогирдига гоҳ қанотда, гоҳ «ўнлик» позициясида ўйнаш имконини берди. Зиеш эса қайси чизиқда бўлишидан қатъий назар, доимо самара берадиган ечимни топа олади.

Ҳаким ҳозир 27 ёшда. Таажжубки, АПЛга ўтишга шу мавсумга келибгина рози бўлди. Бунинг сабаби бизга маълум эмас, аммо дронтенлик йигитча «кўклар» сафида муносиб тўп сура олишига ҳеч ким шубҳа қилмаганди. Зиешнинг бугунги кунда «Челси»да кўрсатаётган ўйини тахминлар ўзини оқлаганидан далолат.

«У албатта муваффақиятга эришади. Чунки Ҳаким изланувчан, ижодкор футболчилар сирасидан. Ҳатто спорт формаси талаб даражасида бўлмаган ўйинларда ҳам у йўқ жойдан хавфли вазиятларни юзага келтира олади. Бу ердаги анъанани у АПЛда давом эттиришига ишонаман» - Сим де Йонгнинг башорати қанчалик тўғри эканлигини жорий мавсум беллашувлари кўрсатиб турибди. Саломатлигидаги муаммолар сабаб дастлаб «кўклар» таркибига кириш имкониятидан мосуво бўлган Зиеш айни пайт рақиблар дарвозасини ишғол қилмоқда, самарали узатмалар муаллифига айланяпти, Лэмпард ҳам унинг ҳаракатларидан мамнун. Демак, «Челси»нинг бу хариди ўзини оқлади!

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz