Қайднома

Қидирув

Трансфер бозори усталари

Трансфер бозори усталари

  25.11.2020 04:40
  0
  676
Трансфер бозори усталари

«Бу ерда илк бор пайдо бўлганимда, муваффақиятга эришишни қандай жиҳатлар билан изоҳлашимга қизиқишганди. Ички ресурслар, таркиб ҳажми ва молиявий қудрат бобида етакчи олтиликка тенг кела олмаслигимизни яхши билардик. Бироқ мен шунақа мураккаб вазифаларни хуш кўраман. Биз буни уддаладик, мўъжизани такрорлашга тайёрмиз», деганди «Лестер» бош мураббийи Брендан Рожерс жорий мавсум старти арафасида. Дарҳақиқат, ортда қолган 8 турдан кейин «тулкилар» турнир жадвалида етакчилик қилмоқдалар. Шундай жамоани ким ЕЧЛ ҳудудидан четда қолади, дейишга журъат топа олади?

Жамоатчиликка «олғирлар» номи билан танилган «Лестер» 4 йил аввалги чемпионлик бахтли тасодиф маҳсули эмаслигини қайта-қайта исботлаб келмоқда. 2014 йилда элита вакиллари сафидан жой олган жамоанинг жадал ривожланишида селекция бўлимининг самарали фаолияти муҳим ўрин тутади.

Албатта, тараққиёт учун жиддий сармоялар сарфлаганини инкор этмаймиз. Таркиб қиймати бўйича (284 млн. фунт) «тулкилар» АПЛнинг 8-жамоаси. Охирги трансфер дарчаларида сезиларли харидлар амалга оширилди. 2 йил аввал Юри Тилеманс учун 30 млн. фунт сарфланганди. Энди иқтидорли Уэсли Фофана дебют мавсумини ўтказмоқда. Тез орада унинг баҳоси 2 бараварга ортиши тахмин қилинаётган бўлсада, жамоага ўтиши учун каттагина маблағдан воз кечилди.

Тўғри, барча трансферлар ҳам омадли бўлавермайди. Айниқса, 2016 йил ёзида қўлга киритилган чемпионликни ҳимоя қилиш ва ЕЧЛда муносиб иштирок этиш мақсадида раҳбарият кўплаб харидларни амалга оширганди. Лекин Аҳмад Муса, Ислом Слимани, Фуссени Диабате, Адриен Силва, Рашид Геззаль каби ўйинчилар юлдуз мақомига кўтарила олмадилар. Шунга қарамасдан, «тулкилар»нинг аксарият харидлари омадли бўлиб, сезиларли даромад келтирмоқда. Ўша трансфер мавсумидан кейин жамоа ҳар йили ёзги дарчада етакчи футболчиларини сотувга қўймоқда. Н`Голо Канте, Риёд Маҳрез, Дэнни Дринкуотер, Гарри Магуайр, Бен Чиллуэллар эвазига клуб ғазнаси 250 млн. фунтга бойи­ди. Ваҳоланки, «тулкилар» улар учун 25 млн. атрофида маблағ сарфлагандилар.

Харажатлар борасида етакчи олтиликка тенглашиб бўлмаслигини яхши тушунган клуб раҳбарлари селекция бўлимига ақл билан иш тутиш вазифасини юклашган.

«Лестер» мутахассислари муаммога тезкор ечим топишга интилмайдилар, ҳар бир номзодни пухта ўрганадилар. Айнан шу жиҳат Брендан Рожерснинг АПЛга қайтишига туртки бўлди. «Тулкилар»нинг «етти ўлчаб, бир кесиш» қоидаси, келажакни кўзлаган ҳолда қарор қабул қилишлари, омадсизлик даврида ҳам мураббийга ишонч билдиришлари унга мақбул бўлганди.

Шу ўринда жамоа янги марказий ҳимоячи масаласини қай тариқа ҳал қилганлигини эслатиб ўтиш жоиз. Бу позицияга даъвогарлик қилаётган футболчилар орасида «Бёрнли» ва Англия терма жамоасида ўз маҳоратини намойиш этишга улгурган Жеймс Тарковски ва профессионал даражада бор-йўғи 30 марта майдонга тушган Уэсли Фофана ҳам бор эди. Клуб «Сент-Этьен»нинг ёш иқтидорини афзал кўрди ва уни клуб тарихидаги рекорд баҳо - 32 млн. фунтга харид қилди. Бунинг асосий сабаби шуки, Фофана узоқ вақт жамоага ёрдам бериши ва кейинчалик мўмай даромад келтириши мумкин.

«Лестер»нинг асосий иш услуби шундай. У ўта иззатталаб бўлмаган камтарин жамоалардаги ёш иқтидорларни харид қилишни хуш кўради. Чунки бу клублар ўз тарбияланувчиларига аввало меҳнатсеварлик фазилатини сингдирадилар.

Скаутлик ва селекция бўлимлари бир-бирига кўмаклашган ҳолда, ҳамкорликда фаолият юритади. Уларнинг асосий эътибори нархи қиммат бўлмаган, навқирон футболчиларга қаратилган. Танлов жараёнининг ҳаққонийлиги алоҳида эътиборга молик. Аксарият клублар 18 ойдан кейин истеъфога йўл оладиган мутасаддилар, мураббийлар ва менежерлар тазйиқи остида жабр кўришади. «Лестер»даги тизим учун эса клубдаги мансабдорлар ўзгариши таъсир этмайди.

«Лестер» учун муҳими - тизимдаги тенгликни сақлаб қолиш. Мутасаддилар молиявий чекловларни инобатга олган ҳолда, етакчи ўйинчилари яқин келажакда ашаддий рақиблар сафидан жой олишлари мумкинлигини тўғри қабул қилишади. Тилеманс, Мэддисон ва Сеюнжю анчадан бери топ-клублар нишонида. Аммо «Лестер» бежизга улардан чаққонроқ ҳаракат қилгани маълум бўлиб улгурди. Ҳозир «тулкилар» таркибининг бозор баҳоси 422 млн.га тенг. Табиийки, «Лестер» учун бу қиймат кам. Нима бўлганда ҳам, улар худди Чиллуэлл каби камида 50 млн. эвазига янги жамоаларига йўл олишади. Бироқ бу йўқотишлар «тулкилар»ни чўчита олмайди - уларнинг ўрнини тўлдира оладиган номзодлар йўқ эмас. Бунинг учун «жараён»га раҳмат!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz