Қайднома

Қидирув

Ренан Лоди: «Моҳиятан ҳимоядаги ҳужумчиман...»

Ренан Лоди: «Моҳиятан ҳимоядаги ҳужумчиман...»

  25.11.2020 10:10
  0
  364
Ренан Лоди: «Моҳиятан ҳимоядаги ҳужумчиман...»

- У Бразилия термаси таркибидаги энг хавфли ўйинчи бўлди. Биринчи бўлимда «селесао» ижросидаги 3та энг хавфли вазият айнан шу йигитча фаоллиги туфайли юзага келди - Marca нашри Венесуэла термасини 1:0 ҳисобида маҳв этган «пентакампеонлар» вакили Ренан Лодига шундай таъриф берди. Испаниянинг обрўли газетаси ҳазил тариқасида «Атлетико» аъзосини ҳужумчи сифатида эътироф этган бўлсада, аслида у сўл қанот ҳимоячисидир. Фақат Неймар йўқлиги ортидан терма жамоада вужудга келган бўшлиқни тўлдириш зарурати Лодининг олдинда ўйнашини тақозо этди. Таажжубки, Ренан қисқа вақт ичида бўшлиқни тўлдириш билан чекланиб қолмай, ихтирочилик қобилиятини ҳам намойиш қилди. Натижада бир қатор нуфузли нашрлар уни ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида мақтади. Шундай илтифотга эришиш нафақат мухлислар, ҳаттоки, Ренан хаёлига ҳам келмагандир... Инчунин, бундан 18 ой аввал ҳам «селесао» сафидан жой олиш ёш ҳимоячининг энг буюк орзуси эди. Серранада туғилиб-улғайган футболчи эсини таниганидан буён «Атлетико Паранаенсе»дан бош­қа клубни кўрмаганди. Мана, Мадриднинг «Атлетико»си сафига қўшилгач, тез орада Бразилия термаси чап қанот ҳимоячиси сифатида танилди, Филипе Луисдан «феномен», афсонавий Жуниордан «ноёб иқтидор», Диего Симеонедан «мукаммал ўйинчи» қабилида мақтовларни эшитди. Табиийки, футболчининг шиддатли парвози ОАВ вакиллари эътиборидан ҳам четда қолмади. Жумладан, FIFA.com сайти мухбири 22 ёшли Ренанни алоҳида суҳбатга чорлади.

- Бразилиялик аксарият  футболчилар аввалига ёшлар жамоаларида мамлакат шарафини ҳимоя қилиб, кейин миллий термага ўтишган. Сиз эса 21 ёшда тўсатдан бирданига бош жамоа аъзосига айландингиз. Бу қандай ҳиссиёт бағишлади?

- «Атлетико Паранаенсе» тизимидаги барча ёш тоифалари жамоаларида тўп сурганман ва навбати билан Бразилиянинг U-15, U-17, U-20 термаларидан таклиф кутганман. Албатта, чақирув келган пайт хурсанд бўлганман, лекин чақиришмаса, унчалик ранжимаганман. Зеро, ҳамиша асосий эътиборни клубда чинакам профессионал даражага кўтарилишга қаратганман. Қисқаси, шунга ҳаракат қилиб, Яратгандан асосий жамоага киришни сўраганман. Оддий айтганда, ҳар доим янада яхшироқ ўйнаш, клубда ўз ўрнимни топишга интилганман.

- Бундан 13 ой муқаддам терма жамоадан четда эдингиз. Энди энг яхши чап қанот ҳимоячиси мақомидасиз...

- Шундай мартабага эришганим билан фахрланаман. Бир ўйланг, қанчадан-қанча футболчилар бу мақомни орзу қиладилар. «Бразил» ёзуви туширилган либосда майдонга тушиш - мислсиз бахт. Ҳар бир жамоадошим ва мураббийдан иложи борича кўпроқ ўрганишни истайман. Жамоа ихтиёридаги ҳар сонияни муносиб қадрлашга интиламан, албатта.

- Терма жамоанинг 6та ўйинида 3та самарали узатма муаллифига айландингиз. Қизиқ, бош мураббий Тите кўрсатмаси билан тез-тез олдинга ташланяпсизми ёки барчаси ўйиндаги вазият маҳсули?

- Моҳиятан олганда, қўшимча, яъни ҳимоядаги ҳужумчиман (кулади). Асосийси, терма жамоа бош мураббийи ҳужумга қўшилишим учун кўпроқ эркинлик беради. Бу ўзимга ҳам ёқади, клубда эса бундай эмас. Қисқаси, Тите тез-тез олға интилишимни сўрамоқда. Лекин бунда аввало, ҳимоядаги юмушларни рисоладагидек бажаришимни талаб этади, албатта.

- Бразилия термасининг Қатар-2022 мундиали саралаш босқичидаги иштирокидан нечоғли мамнунсиз?

- Ҳозир ишларимиз яхши, бундан ҳаммамиз жуда хурсандмиз. Муҳими, жамоамизда ажойиб муҳит ҳукмрон. Бирор салбий жиҳатни тополмайсиз - барча йигитлар бир-бирларига ёрдам беришга шай туришади. Мана, дастлабки 4та ўйинда 12 очко олдик - 100 фоизли натижа. Умид қиламанки, охиригача шундай кайфиятда ўйнашни давом этамиз. 

- Болалигингизда айнан қайси ЖЧ сизда кучлироқ таассурот қолдирган?

- ЖЧ-2010. ЖАР мундиалини ҳеч қачон унутмайман. Ўйинларни уйда томоша қилганмиз. Ҳа, Бразилия термаси нидерландияликларга ютқазиб, мусобақадан чиқиб кетганди гарчи ўйин бобида рақибдан қолишмаган бўлсада. Эсимда, ўшанда отам аламдан кўз ёшларини тиёлмаганди. Ўша омадсизлик худди кеча юз бергандек кўз ўнгимда.

- Чап қанот ҳимоячилари орасида кимларнинг ўйинини ёқтирасиз?

- Роберто Карлос ажойиб ўйин­чи эди. Аммо унинг ўйинларини кам кўрганман, чунки ёш эдим. Филипе Луис, Алекс Сандро ва Марселонинг ҳаракатлари таҳсинга сазовор. Улар ҳамиша ишончли тўп суришади.

- Умуман, қайси футболчини замонавий футболнинг энг яхши чап қанот ҳимоячиси сифатида эътироф этасиз?

- «Ливерпул»даги Эндрю Робертсон ва «Бавария» вакили Альфонсо Дэвисни. Дэвис мендан кичикроқ, Эндрю ҳам навқирон йигит.

- «Атлетико» жорий мавсум Ла Лигада ғолиб чиқиши мумкинми?

- Ҳа. Ҳозирча ҳаммаси рисоладагидек кетмоқда, кучли таркибга эгамиз. Ла Лига чиндан ҳам, мураккаб турнир. Етакчилар етарлича очко йўқотишмоқда. Захирамизда 2та учрашув бор. Умуман, мавсумни муваффақиятли ўтказиш учун тинмай изланишдамиз.

- Луис Суарес ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ўта ҳазилкаш, қувноқ йигит. Менга доимо ёрдам беради. У билан ўтаётган вақтдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Суарес - кучли, маҳоратли ижрочи. Жамоамизнинг асосий ўйинчиларидан бирига айланиб улгурди.

- Жоау Фелишчи?

- Уни клубдаги акам ўрнида кўраман. Аслида тенгдошмиз, муносабатларимиз аъло даражада. Жоау - иқтидорли йигит, дои­мо изланишда. Унинг келажакда энг яхши футболчилар қаторидан жой олишига шубҳам йўқ.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz