Қайднома

Қидирув

Жаҳон футболи афсонаси Диего Марадона 60 ёшида вафот этди

Жаҳон футболи афсонаси Диего Марадона 60 ёшида вафот этди

  26.11.2020 07:05
  0
  403
Жаҳон футболи афсонаси Диего Марадона 60 ёшида вафот этди

Аргентиналик афсонавий футболчи Диего Марадона 60 ёшида ҳаётдан кўз юмди, дея хабар қилмоқда Аргентина футбол ассоциацияси.

Clarin нашрининг хабарига кўра, Марадонанинг ўлимига юракнинг бехосдан тўхтаб қолгани сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи бошида Марадонанинг миясидаги гематома сабаб операция қилинганди. 11 ноябрь куни собиқ футболчи шифохонани тарк этган. Шундан кейин Марадона алкоголга мойилликдан даволаниш учун клиникага олиб борилган.

Собиқ футболчи Сан-Андресдаги уйида вафот этган.

Марадона — 1960 йилнинг 30 октябрида Аргентинанинг Ланус шаҳрида туғилган. Футболчилик фаолияти мобайнида «Аргентинос Хуниорс», «Бока Хуниорс», «Барселона», «Наполи» ва «Севилья» каби номдор клубларда тўп сурган. Аргентина терма жамоаси билан 1986 йилги Жаҳон Чемпионати ғолиблигини қўлга киритган. «Наполи» сафида эса икки бор Италия чемпиони бўлган.

Марадона мураббийлик фаолияти мобайнида «Расинг», «Ал-Васл», «Ал-Фужайра» ва «Дорадос» каби клубларда, шунингдек, 2008—2010 йиллар мобайнида Аргентина терма жамоасида ишлаган. Унинг сўнгги жамоаси «Химнасия Ла-Плата» клуби эди, мутахассис 2019 йилдан буён ўша ерда фаолият юритаётганди.
***

Марадона профессионал футболдаги сўнгги расмий ўйинини 1997 йилнинг 25 октябрида ўтказганди. Роппа-роса 23 йил-у 1 ой вақт ўтгач, афсона бу дунё билан ҳам хайрлашди.

Унинг сўнгги ўйини ҳам оддий бўлмади. «Бока Хуниорс» Буэнос-Айреснинг «қонли дерби»сида «Ривер Плейт»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этганди. Диего ўша ўйиннинг иккинчи бўлимида жароҳат олади ва ўз ўрнини Хуан Роман Рикельмега бўшатиб беради. Беш кундан кейин даҳо фаолиятини якунлаганини маълум қилади.

Бироқ ушбу материал марҳумнинг сўнгги расмий ўйини ҳақида эмас, балки, хайрлашув учрашуви ҳақида бўлади.

Бутсаларини михга илган Марадона ўзини бошқа йўналишларда синаб кўрди: ЖЧ—1998 да шарҳловчилик қилди, спортга оид дастурларда экспертлик билан шуғулланди, китоб ёзди, Ливия терма жамоасига маслаҳатчи бўлди.

Ва, албатта, турли можароларга ўралашиб ҳам юрди. 1999 йилнинг бошида Марадона «Бока» мухлисларига одобсиз қўл ҳаракатини кўрсатган «Расинг» футболчиси Диего Латоррени калтаклашга ваъда берди, ўша йили Кубада наркотик моддаларга мойилликдан даволанди, 2000 йилнинг январида эса гипертоник кризис ва юрак аритмияси сабаб Уругвайдаги шифохонага ётди. Унинг қонидан наркотик моддаси топилди, натижада Диего Уругвай суди олдида жавоб берди. Жазодан қутулиб қолишга муваффақ бўлган Мардона яна Кубага жўнаб кетди ва ўша ердаги ёпиқ клиникада даволанди.

2001 йилнинг 10 ноябрида эса футбол олами бир неча йил интизорлик билан кутган воқеа содир бўлди — Буэнос-Айресда Диего Марадонанинг хайрлашув учрашуви бўлиб ўтди. Ўша куни томошабинлар билан лиқ тўлган «Ла Бомбонера» стадионида Аргентина терма жамоаси Жаҳон терма жамоасини 6:3 ҳисобида мағлуб этди. Кун қаҳрамонининг ўзи ҳар бир жамоа сафида бир бўлимдан ҳаракат қилди. Жаҳон терма жамоаси сафида Лотар Маттеус, Христо Стоичков, Эрик Кантона, Давор Шукер ва Рене Игита каби афсоналар ҳаракат қилганди.

 

Аввалги жисмоний формасидан асар ҳам қолмаган Диего учрашувда иккита пенальтини аниқ амалга оширган ҳолда дублга эришди. Унинг 30 метр масофадан йўллаган зарбасини эса Игита қайтаришга эришди. Ҳа, Рене бу ишни «чаён» услубида амалга оширганди.

Ўйин якунланишига 10 дақиқа қолганда «Бока» мухлислари пиротехника воситаларини ёқа бошлади ва ўз кумирини исмини айтиб ҳайқирарди. Марадона ҳиссиётларини жиловлай олмади: у йиғлаб юборди, учрашув иштирокчилари уни елкаларида кўтарган ҳолда, олқишлар қуршовида кийиниш хонасига кузатиб қўяди.

Ўша вақтда бутун стадион йиғларди, ўз афсонасини кузатиб йиғларди. 20 дақиқа ўтгач Диего майдонга қайтди ва хайрлашув хатини ўқиб эшиттирди:

«Мен хато қилдим ва бунга яраша жазо олдим. Тўпни булғаш мумкин эмас! Мен бу ўйинни шу қадар узоқ вақт кутдим. Мана у ҳам тугади. Қизим ва отам номидан барчангизга миннатдорчилик билдираман...». Шу гаплардан кейин Марадона яна йиғлаб юборди.

Бутун стадион қўшиқ куйлаган вақтда болалар ҳам кўз ёшларини тийиб тура олмади. Марадона мухлисларга жўр бўлиб қўшиқ куйлади.

Аргентина ўз қаҳрамонини шу тариқа кузатганди. Бугун эса бутун дунё аргентиналик даҳо билан видолашди. Хайр, Қирол! Алвидо, футбол эталони!


Манба: daryo.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz