Қайднома

Қидирув

Чемпионлик сири нимада?

Чемпионлик сири нимада?

  27.11.2020 01:10
  0
  414
Чемпионлик сири нимада?

«Пахтакор» 13 карра чемпион! «Шерлар» марду майдон! «Шерлар»га шараф-шон! Ота қадрдонларини йўқлаш, қувончига шерик бўлиш - фарзандлар бурчи! Халқимизга хос бу улуғ таомилга нечун амал қилмайин, нега отам суйган «Пахтакор»ни шарафламайин?! Шарафлайман, чемпион бўлса, бундан кейин ҳам шарафлайвераман! Шарафлай-шарафлай ўйлайман: «Хўш, чемпионликнинг сири нимада?» Саволга ойдинлик киритаман: «шерлар» 13-марта чемпионликни тантана қилишди, бунда қандай синоат бор?

Савол залворли, албатта. Унга кичик мақола доирасида муфассал жавоб қайтариш мушкул. Бу тушунарли. Лекин батафсил жавоб қайтариш қийинлигидан чўчиб, кўпчиликни қизиқтирадиган саволни ўртага ташламаслик ҳам ноўрин. Жавобдан аввал бир ҳаётий ҳикояни биргаликда ўқиймиз. Шуҳрат Сатторов томонидан «Фейсбук» тармоғига жойланган ҳаётий ҳикояни ўқигач, ўйлаймизки, хаёлингизда «Пахтакор»нинг бутун ўтмиши, бугуни ва «Сўғдиёна» - «Насаф» учрашуви жонланади: «Кениялик югурувчи Абель Мутай марра чизиғига атиги бир неча метр қолганида, белгиларда адашиб, манзилга етиб келдим, деб ўйлаб, югуришдан тўхтади. Ундан ке­йинда келаётган испаниялик Иван Фернандес рақиби хатосини тушуниб, кениялик енгил атлетикачига югуришни давом эттириши зарурлигини айтиб, бақира бошлади. Мутай испан тилини тушунмагани боис ҳайрон эди. Фернандес Мутай олдига келиб, уни ғалаба чизиғи томон итариб келди. Бу ҳолатни қизиқиш билан кузатаётган мухбирлардан бири Ивандан маррага биринчи бўлиб етиб келиш ўрнига нега рақибига йўл берганини сўради. «Доим бир-биримизнинг қўлимиздан тутиб, ғалаба сари боришга ёрдам берадиган одамлар яшайдиган жамиятни орзу қиламан» - жавоб берди Иван Фернандес. «Лекин нақ бўлиб турган ғалабани рақибига тортиқ қилиш спортчиларга хос эмас» - бўш келмади мухбир ҳам. «Унга ғолибликни мен тортиқ қилганим йўқ, зотан у ғолиб бўлиб улгурганди». «Қоидага кўра, сизда ҳам ғолиб бўлиш имкония­ти бор эди», - деди бошқа мухбир. «Унда ғолиблигим нимага лойиқ бўларди? Ғолиблик медалининг қадри қанчалик бўларди? Мени кузатаётган онам бу ишимдан қандай ҳолга тушарди? Ғо­либ бўлиш - ёқимли, аммо хато қилган одамга кўмаклашиш - ундан шарафлироқ».

«Пахтакор» барибир, чемпион бўларди. «Сўғдиёна» ютиб, «Насаф» эса ютқазиб, шу чемпионликни тезлаштирди. «Шерлар» «Қўқон-1912»га қарши учрашувдан аввал чемпион эканликларини билиб майдонга тушишди. Оламшумул воқеа саналмасада, «Сўғдиёна» - «Насаф» учрашуви натижаси «шерлар» ва уларнинг мухлислари учун ёқимли ҳолат. Энди юқоридаги савол жавобига қайтамиз. Чемпионликнинг сири - биргаликдаги ҳаракат ва ҳамжиҳатликда! Шу хулоса замирида ғолибликка тааллуқли барча жиҳатлар мужассам. Барча жиҳатлар уйғун, мужассам бўлмаётгани учун ҳам, «Насаф» ҳозирча чемпионлик рутбасига эришолмаяпти. Очиғи, Қарши клубига йирик сармоя етишмаяпти. «Пахтакор»да эса молиявий мўл-кўлчилик ҳукмрон. Моддий жозибадорлик эвазига бугун «шерлар»да 2та кучли таркиб мавжуд. Қаршидан келган 5 нафар футболчи «Пахтакор» сафида чемпионликни нишонламоқда. Ҳақини олган бўлса-да, бу - «Насаф»нинг чемпионликдаги ҳиссаси. Илова қилинган ҳаётий ҳикоя хулосаси ҳам шундай: ғалаба бирликдаги ҳаракатда!

Демак, «Пахтакор» янада кучайиши ва «Насаф», «Бунёдкор» ёки «Навбаҳор» учун ҳам ОЧЛда ғолиб чиқиши шарт! Терма жамоамизни ҳам шу каби ҳамжиҳатлик, етарли сармоя ва унинг ўринли сарфи мундиал сари етаклайди. «Пахтакор»ни бу борада олқишласак, арзийди.

Муҳтарам мухлис! Халқимиз шеърсиз тантанани тантана ҳисобламайди. Шу боис эътиборингизга Ғуломжон Ҳамидов шеърини ҳавола этамиз:

Афсонамсан, «Пахтакор»

Чемпионлик байроғини

Ҳилпиратдинг ўн уч бор.

Афсонамсан, қўшиғимсан,

Карвонбоши «Пахтакор»!

 

Тарихингни эсга олсам,

Тан бермаган топилмас.

Айтилар-ку ойнинг юзи,

Этак билан ёпилмас.

 

Халқим ёддан чиқармайди,

Ҳар бир ютуқ, ғуссангни.

Жамоамиз жамлагандир,

Полвонкелбат жуссангни.

 

Мухлисларинг сени доим,

Бирдам бўлиб қўллаган.

Қора кунни унуттириб,

Зафарларга йўллаган.

 

Рақибларинг беллашишди,

Дам ишончсиз, дам мавҳум.

Бизларни шод айлади-я,

Йирик ҳисоб бу мавсум.

 

Рельсдан чиқди «Локо» бирдан,

«Бунёдкор» ҳам чекди «оҳ».

«Сурхон», «Машъал», АГМКни,

Зир титратди зарб ногоҳ.

 

Инсон тишлар бармоғини,

Гоҳ ҳайрат, гоҳ аламдан.

«Шерлар»га шеърий туҳфа,

Тўкилди хуш қаламдан!

Ажойиб шеър, тўғрими? Байрам байрамдек, тантана тантанадек бўлсин-да! «Ўтган асрнинг 70-80 йилларида «Пахтакор»нинг ҳар бир ўйинига борардим. Ўша дамларни соғинаман», - дейди ҳам­қишлоғим Турғунпўлат ака Расулов. Мухлис чемпион бўлолмаган «Пахтакор» ҳақида сўзламоқда. Бугун эса «Пахтакор» 13-чемпионлик шоҳсупасида! Мустақиллик шарофати бўлгани учун ҳам бу чемпионликнинг қадри баланд! «Пахтакор»нинг чемпионлик сирларини муҳокама қилар эканмиз, собиқ «Дўстлик» жамоаси стадио­ни ёнида яшовчи мухлисимиз Дониёрбек сўраб қолди: «Мана, «Пахтакор» мақсадига етди. Терма жамоамиз шарманда қилди. Сизнингча, «МЮ»нинг аҳволи не кечади? «Вест Бромвич» кабиларга ҳам ютқазавермаса керак-а?» «Ютқазмайди!» дедим андак тараддудланиб. Чунки терма жамоадан футболчилар ҳар хил кайфиятда қайтишди. Айниқса, Поль Погба ва Бруну Фернандеш ўртасидаги «дуэль» ғоят қизиқарли кечди. Брунуга аламли мағлубият таъсир ўтказибди. Бироқ пенальти тепишни бир амаллади. Хайрият, «МЮ» «МЮ»чилар олдида ёлғончига чиқармади, ишончимни оқлади. Энди юксак нафас билан терма жамоамиз ва «Пахтакор»га ишонч билдираман! Ишқилиб, ҳар иккиси халқаро майдонда бу ишончни оқласин!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz