Қайднома

Қидирув

Евротур: Камёб воқеалар қуршовида...

Евротур: Камёб воқеалар қуршовида...

  26.11.2020 21:00
  0
  292
Евротур: Камёб воқеалар қуршовида...

ФИФА кунлари туфайли қисқа танаффусга чиққан топ-чемпионатлар икки ҳафталик ҳордиқдан сўнг ниҳоят, майдонга қайтишди. Муросасиз кечган баҳсларда ўта ажабланарли натижалар қайд этилмади, стартни шиддатли ўтказган айрим абжирлар аста-секин ўз ўринларини азалий фаворитларга бўшата бошладилар. Бироқ муваффақиятли иштирокни давом эттираётган жамоалар ҳам йўқ эмас.

Англия. Энди жадвалда қўшҳокимлик

АПЛнинг 9-турини бошлаб берган «Ньюкасл» - «Челси» қарама-қаршилиги Фрэнк Лэмпард жамоаси учун омадли бўлди. Учрашувни фаоллик билан бошлаган меҳмонлар 10-дақиқада Фернандеснинг автоголи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олдилар. Майдон эгаларининг мувозанатни тиклаш борасидаги уринишлари самара бермади. Натижада жамоалар лондонликларнинг кичик ҳисобдаги устунликлари билан танаффусга йўл олишди. Иккинчи бўлимда ўйин суръатида жиддий ўзгаришлар кузатилмади. «Кўклар» асосий эътиборни дарвозалари дахлсизлигини таъминлашга қаратган ҳолда, тезкор қарши ҳужумлардан фойдаланиш илинжида тўп суришди ва Абрахам ҳисобдаги фарқни оширди. Шу тариқа очколарини 18тага етказиб олган «Челси» 3-ўринга кўтарилди.

Турнинг марказий учрашувида «Тоттенхэм» ўз майдонида «Манчестер Сити» устидан 2:0 ҳисобида зафар қучди. Қизиғи, бу беллашувда ҳам ташаббус меҳмонлар томонида бўлди, тўпни назорат қилиш, дарвозага зарбалар йўллаш бобида улар яққол устунликка эришдилар. Аммо ўйиндаги ҳисобни «шпорлар»нинг осиёлик легионери Сон Хюн Мин очди. Ндомбеленинг ажойиб узатмаси эвазига Эдерсон билан яккама-якка вазиятга чиққан қитъадошимиз 5-дақиқада жамоасини олдинга олиб чиқди. Табиийки, Гвардиола шогирдлари ҳисобни тенглаштириш учун тинимсиз ҳужумлар уюштирдилар, лекин 22та зарбанинг бирортаси голга айланмади. Тўғри, бўлим ўрталарида Ляпорт Льорис дарвозасини иш-ғол этди, бироқ унга тўпни узатишдан аввал Жезус қўл билан ўйнагани боис, учрашув ҳаками голни инобатга олмади. Иккинчи бўлим ҳам меҳмонлар фаоллиги билан бошланган бўлсада, ҳужумлар самара бермади. Аксинча, захирадан майдонга тушган Ло Чельсонинг илк зарбасидан сўнг тўп яна Эдерсон дарвозасидан жой олди - «Сен урмасанг, сенга уришади» мақоли бежиз айтилмаган. Қизиғи, 22 зарбадан бирорта гол йўқ, мезбонларнинг 4 зарбасидан 2таси самарали!

Мазкур учрашувдан кейин нафақат лондонлик, балки бутун АПЛ мухлисларининг эътибори «Энфилд»га қаратилгани аниқ. Боиси, у ерда турнир пешқадами - «Лестер» чемпионга қарши майдонга тушганди. Бироқ учрашув кутилганидек «ҳаёт-мамот» мақомига кўтарила олмади. Чунки «тулкилар» устози Брендан Рожерс собиқ жамоаси устидан дастлабки ғалабани қўлга киритиш имкониятидан фойдалана олмади, шогирдлари эса якка пешқадамга айланиб олиш имконини бой беришди. Боз устига, ўз дарвозаларидан 3та тўп ўтказиб юборишди. Эҳтимол, меҳмонлар ҳимоячиси Жонни Эванснинг 10-дақиқадаги автоголи меҳмонлар руҳиятига салбий таъсир этгандир. Нима бўлганда ҳам, Клопп шогирдлари қолган дақиқаларда яна икки марта Шмейхелни ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этишди ва «Тоттенхэм» билан тенглашиб олишди. Ҳисобнинг янада йирик кўриниш олишига даниялик посбоннинг ажо-йиб сэйвлари имкон бермади.

АНГЛИЯ ПРЕМЬЕР-ЛИГАСИ.

 9-ТУР

БЁРНЛИ - КРИСТАЛ ПЭЛАС - 1:0 (1:0)

Гол: Крис Вуд (8).

ВУЛВЕРХЭМПТОН -

САУТГЕМПТОН - 1:1 (0:0)

Голлар: Педру Нету (75) - Тео Уолкотт (58).

Испания. «Севилья»

 уйғонгандек, «Атлетик» ҳам

«Вильярреал» ҳамда «Реал» ўртасидаги баҳсга меҳмонлар таркибдаги жиддий йўқотишлар билан келишди. Турли даражадаги шикастланишлар туфайли Серхио Рамос, Марсело ва Карим Бензема майдонга тушолмадилар. Ўйиндаги ҳисобни эса франциялик номдор касбдоши ўрнига майдонга тушган Мариано Диас очди. Аммо ўта омадли стартни ривожлантириш чемпионга насиб этмади. Таажжубки, испаниялик ҳужумчининг голи учрашув охиригача мезбонлар дарвозаси томон йўлланган аниқ зарба бўлиб қолди. Майдон эгалари эса 76-дақиқада «Реал» дарвозасига белгиланган пенальти эвазига мағлубиятдан қутулиб қолишди. Ўша вазиятда Тибо Куртуа жарима майдончаси ичида Чувуэзени қўполлик билан тўхтатиб қолганди. Дарвозабон Жерар Моренонинг аниқ зарбаси қаршисида ожиз қолди - 1:1.

Ана шу жанговар дуранг ҳар икки рақибни муҳим 2 очкодан маҳрум этди. Бунинг натижасида Марк-Андре тер Штегеннинг «Ванда Метрополитано»даги қўпол хатоси эвазига «Барселона»дан қимматли 3 очкони тортиб олган «Атлетико» 2-поғонага кўтарилиб олди. Шу тариқа пешқадам ва энг яқин таъқибчисига нисбатан 2та ўйин камроқ ўтказган Симеоне жамоаси яққол етакчига айланиш имкониятини сақлаб қолди.

Ла Лиганинг доимий фаворитларидан ҳисобланган «Севилья» бу турда «Сельта»ни қабул қилиб, навбатдаги ғалабасини (4:2) расмийлаштирди. Сўнгги поғонадан кўтарила олмаётган виголиклар 1-бўлимда мезбонларга муносиб қаршилик кўрсатишди, ҳатто мувозанатни тиклагандан кейин олдинга чиқиб олишди. Лекин танаффусгача ҳисобни тенглаштирган андалусияликлар 2-бўлимнинг охирги дақиқаларида яна икки марта меҳмонлар дарвозасини ишғол этишди. Якуний ҳисоб - 4:2. Мазкур ғалаба «Севилья»га еврокубоклар ҳудудига кўтарилиб олиш имконини берди.

Бильбаонинг «Атлетик»и ўз майдонида «Бетис» дарвозасига 4та жавобсиз тўп йўллаб, бир йўла 6 поғонага кўтарилди.

Турнир жадвалини бошқариб келаётган «Реал Сосьедад» дебютант «Кадис» майдонидан камтарона (1:0) ғалаба, лекин қимматли 3 очко билан қайтди.

ИСПАНИЯ ПРИМЕРОСИ. 10-ТУР

АТЛЕТИК - БЕТИС - 4:0 (2:0)

Голлар: Виктор Руис (9-авт.), Андер Капа (33), Муньяин (59), Беренгер (68).

Германия. Тинчликсевар ўртамиёналар

Бундеслиганинг 8-турида 7 ва 12-ўринларни банд этган 6 жамоа худди келишиб олгандек дуранг натижаларни қайд этишди. Янада ажабланарлиси, олтиликнинг қуйи поғоналари вакиллари ўзларидан юқорироқ ўринлардаги рақибларини битим имзолашга мажбур этишди: «Хоффенхайм» - «Штутгарт» - 3:3, «Айнтрахт» - «РБ Лейпциг» - 1:1, «Боруссия М» - «Аугсбург» - 1:1, «Бавария» - «Вердер» - 1:1. Ҳа, етакчи ва Мёнхенгладбах жамоаси ўз майдонида, «Штутгарт» ва «РБ Лейпциг» сафарда 2 очкони бой беришди.

Саховатли ўртамиёналарнинг сулҳпарварлигидан самарали фойдаланган «Байер» «Арминия»дан (2:1), «Боруссия Д» «Герта»дан (5:2), «Унион» «Кёльн»дан (2:1) сафарда устун келиб, ўз мавқеларини мустаҳкамлаб олишди. Хуллас, 6-ўринни банд этган «Вольфсбург» билан етакчи «Бавария» ўртасидаги фарқ яна 2 очкога қисқарди - аввалги турда 7та эди, энди 5та. Дарвоқе, дортмундликлар жамоасининг норвегиялик тўпурари Эрлинг Холанд Берлиндаги «покер»дан кейин Роберт Левандовскига деярли етиб олди.

«Фрайбург» майдонига ташриф буюрган «Майнц» ўзининг мавсумдаги дастлабки ғалабасини нишонлади ва Матетанинг «хет-трик»и эвазига 15-ўринга чиқиб олди.

Италия. Квартетдан

синхрон силжиш

«А» сериянинг 8-турини етакчи тўртликда бораётган жамоалар муваффақиятли ўтказдилар. Жумладан, мавсум кашфиёти - «Сассуоло» «Верона» майдонидан ишончли (2:0) ғалаба билан қайтди. Меҳмонларнинг 42 ва 76-дақиқалардаги голларига мезбонлар жавоб қайтара олмадилар. «Ювентус» ўз майдонида «Кальяри»ни худди шундай ҳисобда маҳв этди. Тўпурарлар баҳсида Ибрагимовични таъқиб этаётган Роналду 4 дақиқа ичида «дубл»га эришиб, ўйин тақдирини ҳал қилди.

«Рома» - «Парма» қарама-қаршилигида янада йирикроқ - 3:0 ҳисоби қайд этилди. Аввалги турда «Женоа»га қарши баҳсда «хет-трик»ка эришган Генрих Мхитарян бу сафар «дубль» билан кифояланди. Ундан аввалроқ Майоралнинг аниқ зарбаси римликларни олдинга олиб чиққанди. Мусобақада етакчилик қилаётган «Милан» Неаполдан қимматли 3 очко билан қайтди. Кутилганидек, Златан Ибрагимович ўзининг «дубл»и билан нав­батдаги зафарни таъминлади. Мезбонлар Мертенснинг аниқ зарбаси эвазига интригани ўйинган қайтарган бўлишсада, мувозанатни тиклай олмадилар. Аксинча, захирадан майдонга тушган Хеуге қўшимча вақтнинг 5-дақиқасида мезбонлар дарвозасига 3-тўпни йўллади - 3:1.

«Жузеппе Меацца»да «Торино»ни қабул қилган «Интер» аутсайдерни таслим этиш учун анчагина тер тўкишга мажбур бўлди. «Қора» гуруҳни тарк этишга аҳд қилган меҳмонлар 64-дақиқага қадар 2 тўп фарқи билан олдинда эдилар. Лекин қолган 30 дақиқа ичида майдон эгалари 4та гол уришга муваффақ бўлишди - Санчес ва Мартинесларнинг аниқ зарбалари, Лукакунинг «дубл»и меҳмонлар умидини чиппакка чиқарди - 4:2. Мазкур ғалаба «Интер»ни 5-ўринга олиб чиқди.

Франция. Чемпион

устидан иродали ғалаба

Амалдаги чемпион ва жорий мавсум пешқадамини қабул қилган «Монако» учун беллашув ўта омадсиз бошланди. Пойтахтликлар тўпурари Килиан Мбаппенинг 2та голи эвазига «ПСЖ» биринчи бўлимни ўз фойдасига ҳал қилганди. Бироқ танаффусдан кейин «Князлик клуби» худди Миландаги «Интер» каби букилмас иродани намойиш этиб, меҳмонлар посбонини 3 марта доғда қолдирди. Мазкур ғалабадан кейин «Монако» етакчи тўртликдаги «Лион» ва «Монпелье»га етиб олди, фақат тўплар нисбатига кўра 5-поғонани банд этди.

Эътиборлиси, квартетнинг барча вакиллари бу турда навбатдаги ғалабаларига эришдилар. «Лилль» ўз майдонида «Лорьян» дарвозасига 4та жавобсиз тўп йўллади. «Монпелье» ҳам «Страсбур» посбонини 4 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этди, аммо ўзи ҳам 3та гол қабул қилиб олди. Фақат «Лион» сафарда «Анже»ни кичик ҳисобда (1:0) маҳв этди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz