Қайднома

Қидирув

Санти Касорла: «Қатар мундиали энг зўрларидан бири бўлади»

Санти Касорла: «Қатар мундиали энг зўрларидан бири бўлади»

  27.11.2020 05:50
  0
  400
Санти Касорла: «Қатар мундиали энг зўрларидан бири бўлади»

Вақтида «Вильярреал» ва «Арсенал»дек клубларда муносиб тўп сурган ярим ҳимоячи Санти Касорла Испания миллий жамоасининг олтин авлоди вакилларидан биридир. Ажойиб дриблинг салоҳияти ва заргарона узатмалари туфайли «Эль Маго» («афсунгар») тахаллусини олган футболчи «қизил фурия» таркибига 2008 йили қўшилиб, қисқа вақт ичида Европа чемпионатида 2 марта шоҳсупага кўтарилди. Кейинчалик бир қатор жиддий жароҳатларга дуч келган 35 ёшли фахрий ҳамон яшил майдондан четга чиққан эмас. 2018 йили «Вильярреал»га қайтган Касорла қадрдон жамоаси сафидаги ўйинлари билан «Ал-Садд» бош мураббийи Хави эътиборини тортди. Мана, собиқ жамоадоши даъватига биноан, бўлажак ЖЧга мезбонлик қиладиган мамлакатга йўл олган фахрий 4 ойдан буён «Ал-Садд» шарафини ҳимоя қилмоқда. Унинг FIFA.com сайти мухбири билан суҳбати сафардан кўзлаган мақсади, Луис Арагонес ва Висенте дель Боскедан олган сабоқлари, Хави, Қатар Юлдузлар лигаси ва «Ал-Садд» клубига муносабати хусусида бўлди.

- Аввало, Қатар футболига юзланиш ва «Ал-Садд»да ўйнаш қароринингиз ҳақида тўхталсангиз...

- Нотаниш мамлакатга оила билан кўчиб ўтиш - ўта қизиқарли воқеа. Аслида бу ерга келишимдан олдин ҳам Хави билан Қатар ва «Ал-Садд» ҳақида кўп гаплашганмиз. У мени ўзи босиб ўтган йўлдан юришга даъват этиб, етарлича қизиқтириб қўйди. Дейлик, ички чемпионатда рақобат кучли эканлигига ишонтира олди. «Ал-Садд» - нафақат ички, балки қитъа мусобақаларида ҳам совринларга даъвогарлик қиладиган савияли жамоа. Бу ерга совринлар коллекциямни бойитиш ва клубга ёрдам бериш учун келдим. Муҳими, ҳозир Қатарда жуда бахтиёрман ва ўйлайманки, бу мамлакат фаолиятимни якунлаш учун энг қулай макон.

- Дебют мавсумингизда чемпионликка эришдингиз, бўлажак мундиал учун бунёд этилган стадионлардан бирида расмий голларингиз ҳисобини очдингиз...

- О-о, ЖЧ учун мўлжалланган стадионда гол уришнинг гашти ўзгача. Буни ҳеч қачон унутмасам керак. Ўша учрашувда жамоам ажойиб ўйин кўрсатди, мен эса 2та голга муаллифлик қилиб, мухлисларда яхши таассурот қолдирдим. Дастлабки ўйиндаёқ муҳитга қийинчиликсиз мослашиб олганимда клубдошларимнинг роли катта. Хуллас, Қатар кубогидаги ғалаба омадли стартга айланди.

- Лекин ОЧЛ-2020да жамоангиздан омад юз ўгирди...

- Тушунарлики, финалга чиқиш мақсадида тўп сурдик. Боз устига, барча учрашувлар Дохада ташкиллаштирилди. Бироқ ўйинлар қисқа вақт ичида ўтказилгани баъзи қийинчиликларни туғдирди. Менимча, гуруҳ босқичида рисоладагидек футбол кўрсатдик. «Персеполис»га қарши баҳс­да ҳам ғалабага яқин эдик. Бутун вақт давомида етарлича хавфли вазиятлар яратдик. Афсуски, улардан фойдаланолмадик ва якунда рақибнинг бурчак зарбаси пайти гол қўйиб юбордик. Шуларни ўйласам, ичим куяди, имкониятни бой берганимиз алам уйғотади. Иккинчи томондан, бу мағлубият ўйинимизни янада кучайтиришга ундайди. Мана, Амир кубоги турнири финалига чиқдик, чемпионатда етакчи бўлиб олдик. Энди шу шиддатни бўшаштирмаган ҳолда, 2021 йилги ОЧЛда муваффақиятли қатнашишга уриниб кўрамиз.

- Ҳозир дўстингиз ва собиқ жамоадошингиз Хави раҳбарлигида ўйнаяпсиз. Унга футболчи ва мураббий сифатида қандай баҳо берасиз?

- Хави - буюк футболчи. «Барселона» ва терма жамоада қандай ўйнаганини бутун дунё билади. Хави футбол тарихидаги энг яхши ярим ҳимоячилардан бири эканлигини ўз ўйинлари ва сов­ринлари билан исботлаб қўйган. Энди «Ал-Садд»ни аъло даражада бошқармоқда. Ўйлайманки, клуб мутасаддилари ва мухлислар ундан мамнунлар.

- Хавининг мураббийлик фао­лияти келажаги хусусида қандай фикрдасиз? Кўпчилик уни Хосеп Гвардиоланинг «Камп Ноу»даги вориси бўлишини тахмин қилганди.

- Хавининг малакаси ҳар қандай шубҳадан холи. У билан ҳар куни мулоқотда бўлаётган футболчи сифатида айтаман, сермаҳсул фаолиятида кўзга ташланган барча ижобий хислатларини янги соҳада ҳам сақлаб қолган. Менимча, Хави келажакда «Барселона»ни бошқаради, барибир. Аммо қачон шундай қарорга келишини фақат ўзи билади. Яна бир гап - Хави гарчи Хосеп каби «Ла Масия» тарбияланувчиси бўлсада, унинг нусхаси эмас асло. Хави - ўзига хос услуб ва ғояларга эга янги мураббий.

- Келинг, энди Евро-2008 турнири арафасида Луис Арагонес сизни Испания терма жамоасига таклиф қилган даврни ёдга олайлик.

- Кенг маънода ундан қарздорман. Марҳум буюк мураббий жуда кўплаб ўйинчиларга яширин маҳоратларини юзага чиқариш имкония­тини берди, шу аснода испан футболини юқорига кўтарди. Евро-2008 арафасида термадан чақирув олгач, қандай ҳолатга тушганим ҳамон эсимда. Ўшанда анча ёш эдим ва табиийки, бошида роса ҳаяжонланган, лекин таклифни дадил қабул қилгандим.

- Кейин Испания термаси қитъа чемпионатида ғалабага эришди, сиз зафарга ўз улушингизни қўшдингиз...

- Ҳа, қандай ажойиб дамлар... Муҳими, Хави, Давид Сильва ва Иньеста каби аслар билан ёнма-ён тўп суриб, бебаҳо тажриба тўпладим. Улар йиғинлар ва учрашувларга тайёргарлик жараёнида дои­мо ёрдам беришарди. Эсимда, Италия термасига қарши кечган чорак финал ўйини жуда мураккаб тус олганди. Ўшанда иккинчи бўлимда Иньеста ўрнига тушдим. Учрашув пенальтилар сериясигача чўзилди. Иккинчи зарба ижросини менга топширишди. Очиғи, кучли босимни ҳис этдим, фақат жамоадошларимнинг далда беришгани ва қўллаб-қувватлашганидан куч олиб, вазифани уддаладим.

- Финалда майдонга тушиш ва зафар шукуҳини қандай таърифлайсиз?

- Финал - сўнгги марра! Унда хато кечирилмайди. Айниқса, Германия термасидек жиддий рақибга қарши баҳсда. Хуллас, дастлабки сониядан ҳушёрликни сақлаган ҳолда, ўйин назоратини қўлга олдик ва якунда мақсадга эришдик. Аслида кўпроқ гол уришимиз ҳам мумкин эди. Лекин 44 йиллик «қурғоқчилик»дан кейин соврин ютиш муҳимроқ эди. Шунинг учун таваккал қилишдан тийилдик. Мавжуд тушунчага кўра, чемпионликка эришишдан кўра, унвонни ҳимоя қилиш қийинроқ, лекин биз 4 йилдан кейин осонгина зафар қучдик. Рост айтяпман! Кучли рақиблар етарли эди, шунга қарамай, барча учрашувларда ташаббусга эришдик, енгил тўп сурдик. Ҳал қилувчи беллашувда Италия термаси дарвозасини 4 марта нишонга олганимиз фикримга асос. Оддий айт­ганда, барча жабҳаларда устун эдик, менимча.

- Бу муваффақият сиз ўтказиб юборган ЖЧ-2010 турнири ўрнини тўлдирдими?

- ЖЧ - футболчи фаолиятидаги энг юксак нуфузли мусобақа. Афсуски, жароҳат туфайли жамоадошларимга ёрдам беролмадим. Лекин уларнинг муваффақия­тини ўзимникидек қабул қилдим. Ундан аввал Конфедерациялар кубоги-2009 турнирида ғолиб чиққандик. Эҳтимол, шу муваффақият бизга жаҳон тожи учун курашда кучли илҳом бағишлагандир...

- 4 йилдан кейин Бразилия-2014 мундиалида иштирок этиш шарафига муваффақ бўлдингиз, аммо...

- Ҳа, иштирок ўзим умид қилгандек ёрқин чиқмади. Гуруҳ бос­қичидан ўтолмаганимиз барчани «шок» ҳолатига солиб қўйди. Бироқ футбол шунақа. Баъзан омад сиздан батамом юз ўгиради. Муваффақиятсизликка учраган бўлсакда, имконият бергани учун Висенте дель Боскедан чексиз миннатдорман.

- Қатар-2022 турнири тобора яқинлашмоқда. Мамлакатдаги тайёргарлик жараёнига қандай баҳо берасиз?

- Бу ерда амалга оширилаётган ишлардан барчамиз ҳайратдамиз. Қатар мундиали энг сара турнирлар қаторидан жой олишига шубҳа йўқ. Мана, айрим стадионларда майдонга тушдим ва уларнинг сифати, дизайнига қойил қолдим. 2 йилдан кейин бу ерга келган меҳмонлар фантастик муҳит оғушида роҳатланадилар.

- Испания термасининг янгиланаётган таркиби хусусида қандай фикрдасиз?

- Жамоа ажойиб жараённи бошдан кечирмоқда. Ҳозир юртимизда келажаги порлоқ ёш иқтидорлар етарли. Менимча, Луис Энрике тўғри йўлдан бормоқда. Ёшларнинг жадал ривожланиб, керакли тажриба ҳосил қилишлари ва навбатдаги чемпионликка эришишлари учун уларга етарли вақт бериш, барча шароитларни яратиш керак.

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz