Қайднома

Қидирув

Бундестимни ким «кўмди»?

Бундестимни ким «кўмди»?

  29.11.2020 04:40
  0
  379
Бундестимни ким «кўмди»?

Германия миллий жамоаси яқинда испанлардан кучли «тарсаки» қабул қилиб олди. Европа Миллатлар лигаси доирасидаги учрашувда айниқса, 20 ёшли Ферран Торрес яйраб-яйраб тўп сурди, завқланиб-завқланиб, голлар урди. Гап ҳалигача ўзининг интервьюлари чиққан газеталарни йиғиб юрадиган йигит ҳақида кетмоқда. Унинг баданига туширилган татуировка маъноси ҳам ўзгача: «Чўкишдан бош тортаман».

Испания - Германия - 6:0. Бундай ҳисобни ҳеч ким кутган эмасди. Ҳозир кўпчилик бундестимнинг бундай шармандалигига Йоа­хим Лёв ва футболчилар ўртасида «гап қочгани»ни асос сифатида кўрсатмоқда. Лекин бу «қизил фурия» голларидан тенг ярмини ўз номига ёздириб қўйган Ферран Торрес қаҳрамонлигига соя сололмайди. «Манчестер Сити» ҳужумчисининг ўзи ҳам ўйиндан кейин деярли шундай маънода гапирди: «Ўта муҳим учрашувда «хет-трик» қайд этиб, жамоамга катта ёрдам берганимдан жуда мамнунман, албатта. Муҳими, бутун вақт давомида Германия термасига ўйнаш имкониятини бермадик, шу аснода рақибни мутлақо тор-мор қилдик».

Энди Ферран Торрес билан яқинроқ танишиб олсак бўлади:

*** Ферран Торрес Валенсия провинцияси Фойос муниципалитетида туғилган. Отаси уни 4 ёшида илк марта «Валенсия»нинг уй стадионига олиб борган - фанатлар трибунасига. Ферраннинг клубга нисбатан муҳаббати шу тариқа ниш урган: «Биринчи ўйиндан қолган эҳтирослар ҳамиша ёдимда. Аслида ўшанда на майдонга ва на футболчиларга қараганман, ахир жуда кичик бўлганман ва ўйинчиларни танимасдим. Шунчаки, трибунада янграган «Валенсия», «Валенсия», «Валенсия» ҳайқириғи ўзгача таъсир қилганди. Иккинчи томондан, 4 ёшдаёқ футбол менинг тақдирим эканлигини тушунган бўлсам керак».

*** Ферран Торрес 6 ёшга тўлгач, ота-онаси уни Мадридга, «Реал» академиясига олиб ўтишни хоҳлашади. Бироқ болакай мутлақо қарши чиқиб, «Валенсия» мактабини танлайди.

*** Ферран Торрес аслида ҳаммасини футзал машғулотлари билан бошлаган. Лекин югуриш жону дили эди ва кичик зал унга торлик қилган.

*** Ферран Торрес бир сафар ҳаётдаги энг катта муҳаббати (албатта, футболдан ташқари) нима эканлиги ҳақида берилган саволга жавобан кутилмаган жавоб қайтарган: «Татуировкалар. Орзум - билагимга ҳам нақш тушириш, бироқ ҳозирча вақт ва озгина жасурлик етмаяпти». Ҳозир унда 2та кичик тату бор. Ёқтиргани - опаси билан бирга чиздирган лангар сурати. Тасвир остида ажойиб ёзув бор: «Чўкишдан бош тортаман». Торрес бунга оддий изоҳ беради: «Оиламиз қийинчиликларни енгиб ўтган даврларни эслатиб турувчи сурат. Ота-онамда кўпинча бизни талаб даражасида озиқлантириш учун пул бўлмасди. Лекин улар ёрқин келажагимиз учун курашишган. Фақат «Валенсия» ўринбосарлар жамоаси сафига қўшилганимдан кейин оиламиз ўзини нисбатан ўнглаб олди. Энди профессионал футболчиман ва оиламизни тўлиқ таъминлаш учун боримни бераман».

*** Ферран Торрес ҳозирда болалар футболига сармоя киритмоқда. Дейлик, Испанияда Campus Ferran Torres номи остида 2та махсус лагерь очишга улгурди. Бири Валенсия, иккинчиси Мадридда ишлаб турибди.

*** Ферран Торрес ўз интервьюлари чиққан барча газета ва журналларни йиғиб юради. Ҳаттоки, ижтимоий тармоққа берган видеоинтервьюси матнини кўчириб, махсус «рамка»га солганча уни Манчестерга олиб борган.

*** «Манчестер Сити» испаниялик ҳужумчини таништирар экан, расмий сайтида ҳазиллашганди: «У атиги 5 ёшда». Гап шундаки, Ферран 2000 йилнинг 29 февраль куни туғилган.

Мураббийлар эътирофи

- Ферран Торрес - савияли футболчи. Қойилмақом даражада ҳужумга ўтади. Оддий айтганда, ҳозир ёшига нисбатан сезиларли даражада кучли. Хосеп Гвардиола («Манчестер Сити» бош мураббийи).

- Ферран Торрес ҳаракатини кузатишдан роҳатланаман. Жуда ақлли йигит. Айниқса, вазиятни олдиндан сезиш қобилияти таҳсинга сазовор. Унда феноменал ўйлаш фазилати бор. Марселино («Валенсия»нинг собиқ бош мураббийи).

- Айни пайт бўлажак футбол юлдузлари гуруҳи шаклланмоқда. Унда Ферран Торрес ҳам бор. У жуда тезкор ва хавфли. Луис Энрике (Испания терма жамоаси бош мураббийи).

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz