Қайднома

Қидирув

Карл-Хайнц Руммениггенинг ҳаёт ақидалари ёки «Бавария»нинг қалби ва руҳи ҳақида

Карл-Хайнц Руммениггенинг ҳаёт ақидалари ёки «Бавария»нинг қалби ва руҳи ҳақида

  29.11.2020 06:06
  0
  337
Карл-Хайнц Руммениггенинг ҳаёт ақидалари ёки «Бавария»нинг  қалби ва руҳи ҳақида

Карл-Хайнц Руммениггенинг футболчи сифатидаги асосий ютуқлари

 «Олтин тўп»нинг 2 карра соҳиби - 1980 ва 1981 йиллар

Европа чемпиони - 1980 йил

Жаҳон чемпионатининг 2 карра кумуш медали соҳиби - 1982 ва 1986 йиллар

Европа Чемпионлар кубогининг 2 карра ғолиби - 1975 ва 1976 йиллар

Қитъалараро кубок соҳиби - 1976 йил

Германиянинг 2 карра чемпиони - 1980 ва 1981 йиллар

Германия кубогининг 2 карра соҳиби - 1982 ва 1984 йиллар

Карл-Хайнц Румменигге - турли йўналишларда ноёб иқтидорини намойиш этадиган мукаммал инсон намуналаридан бири. 19 ёшида «Бавария» сафидан жой олган йигитча атиги 1 йилдан кейин Европада чинакам ҳукмронлик ўрнатган «гегемон» клубнинг асосий ҳужумчилари - афсонавий Герд Мюллер ва Ули Хёнесс ёнидан жой олганди. 1991 йили маъмурий лавозимга таклиф этилган Карл-Хайнц Румменигге орадан 11 мавсум ўтиб, «Бавария» бошқарув раиси мақомига кўтарилди. Қолаверса, 2008-2017 йиллар оралиғида Европа клублар ассоциациясини ҳам бошқарди. Бундай муваффақият замирида қандай сир бор? Алоҳида таъкидлаш керак, Румменигге феномени қандайдир «сир» сифатига муҳтож эмас. Барча муҳим фазилатлар (тезлик, дриблинг, позиция танлаш ва ҳоказо) соҳиби ўз даврининг идеал ҳужумчиси эди. Бундан ташқари, Карл-Хайнц ўта меҳнатсеварлиги ва тиришқоқлиги билан ҳам бошқалардан яққол ажралиб турарди. Хуллас, football.ua сайти айнан шу футбол афсонасининг бой ҳаётий йўлига нигоҳ ташлади.

Муваффақият учун орзунинг ўзи етарли эмас

- Клубимизда ҳаммани олға етаклайдиган йўлбошчи ҳамиша топилган: Франц Беккенбауэр, Ули Хёнесс... Балки ўзим ҳам шундайлардан бири бўлгандирман. Муҳими, биз муваффақиятни шунчаки, орзу қилиш билан кифояланмаганмиз. Унга интилганмиз, бор куч-маҳоратимиз, имкониятимизни сафарбар этганмиз. Қандайдир 20 йилча аввал «Бавария» оддий совриндор жамоалар сирасига кирарди. Энди эса катта аҳил оилага айланди. Рождество ёки Октоберфест байрамлари баҳона ҳаттоки, мухлислар уйларига борамиз. Йўқ, бу матбуотда овоза қилиш учун йўлга қўйилган тадбир эмас, аксинча, «Бавария»нинг асл моҳиятидир.

Айтишларича, айнан навқирон Руммениггенинг ғайрат-шижоати ва мақсадга интилувчанлиги ҳаттоки, Франц Беккенбауэр, Ули Хёнесс, Зепп Майер ва Герд Мюллердек «монстр»ларга ҳам илҳом бағишлаган экан. Тўғри, Карл-Хайнцнинг ўзи камтарлик билан мазкур эътирофни муболағага йўйиб, инкор этади.

«Бавария» - мукаммал иерархия

- Клубимизда аниқ иерархия (тўртибли бўйсиниш) тизими шаклланган бўлиб, унинг чўққисидан Франц Беккенбауэр ўрин олган, Пауль Брайтнер, Зепп Майер, Герд Мюллер, Ули Хёнесс ва бошқа афсоналар кейинги поғоналарни банд этишган. Мен эса шу тизимнинг тубидан жой олгандим. Ўша давр ёш футболчилар профессио­нал жамоалар сафига қўшилганларида, ортиқча асабийлашиш ортидан бироз эсанкираб қолишарди. Ҳозирги ёшларда ғайрат-шижоат ва ўз кучларига нисбатан ишонч анча юқори. Шахсан менинг футболчи ва инсон сифатида шаклланишимда «Бавария»даги устозим Дитмар Граммернинг таъсири сезиларли даражада катта. Гарчи қаерда эканлигимни аниқлаш мақсадида тун ярмида уйимга қўнғироқ қилишини ёқтирмасамда, унга ҳурмат билан қарардим.

Румменигге ҳужумчига хос фазилатларидан ташқари, ҳар тарафлама юксак ақл-заковат соҳиби сифатида ҳам ҳурмат қозонган. У шу хислати ҳисобига Пауль Брайтнердек аҳли дониш (ўтган асрнинг 80-йилларида «Бавария»ни жуфтлик шарафига «ФК Брайтнигге», деб аташарди) ва Пьер Литтбарски (ГФР терма жамоасида Румменигге билан сермаҳсул дуэтни ҳосил қилган «Кёльн» юлдузи) билан осонгина тил топишганди. Карл-Хайнц «Бавария»ни бош­қариш жараёнида гоҳ Беккенбауэр, гоҳ Хёнесс билан ажо­йиб ҳамкорликни йўлга қўйгани ҳам бежиз эмас, албатта. Айнан унинг даврида «Бавария» чинакам улкан оилага айланди. Албатта, барча жамоаларда бўлгани каби Бундеслига грандида ҳам мураббийлар билан келишолмай қолиш ҳолатлари кузатилган. Бунинг асосий сабабларидан бири - Карл-Хайнцнинг қўлга киритилган ютуқлар билан чекланиб қолмаслиги, ҳамиша янада юксакроқ чўққиларни забт этиш истагидир. Руммениггенинг фаолиятидаги ягона ажабланарли жиҳат шуки, у «Бавария»нинг «оилавий қадриятлар» сиёсатини тарғиб этсада, немис клублари учун риоя қилиниши шарт саналган «50}1» қоидаси (клуб тасарруфи хорижий сармоядорга ўтиб кетмаслиги учун акциялар пакетининг 50 фоизи ва яна битта акция унинг аъзоларида қолиши шарт)га мутлақо қарши. Карл-Хайнцнинг футболчилик фаолияти хусусида тўхталсак, «Интер»даги 3 мавсум унинг учун нисбатан муваффақиятсиз кечган. Бироқ бунга Карл-Хайнцнинг талаб даражасида ўйнай олмагани эмас, балки «нерадзурралар»нинг сов­ринларга эришолмаганлари сабабдир. 1984|1985 йиллар мавсумида жамоа деярли нақд қилинган скудеттони қўлдан чиқарганди. Умуман, германиялик ҳужумчи Италиядаги 107та учрашувда 42та гол урган. Рисоладагидек кўрсаткич.

 

 «Вақт машинаси»гасакрашнинг ҳожати йўқ

-Фаолиятим рисоладагидек кечди. Ҳозир футболчилар ажойиб даврда тўп суришмоқда. Илгари футбол ҳозиргидек кучли қизиқиш уйғотмаган, улкан даромад келтирмаган. Лекин «вақт машинаси»га сакрашимга не ҳожат? Ахир фаолиятим мақташга арзигудек муваффақиятли ўтди. Ҳар ҳолда, орзу қилганимдан кўпроғига эришдим: ГФР терма жамоа­си ва «Бавария» клубида қатор совринлар ютдим, сардорликка эришдим, Европанинг энг яхши футболчисига аталган мукофотга муносиб кўрилдим... Футболчилик фаолиятимдан 3та лавҳани бир умр унутмайман. Булар - Италия мезбонлигида ўтган ва ГФР терма жамоасининг ғалабаси билан ниҳоясига етган Евро-80 турниридаги голим, Европа Чемпионлар кубогининг 1976 йилги финали ва Англия терма жамоаси дарвозасига «Уэмбли»да 2та гол урганим. Фаолиятимдаги энг яхши учрашув сифатида эса Испания мезбонлик қилган ЖЧ-82 ярим финалида Франция термасига қарши кечганини эътироф этаман. Ўшанда жароҳат туфайли майдонга тушмаслигим мумкин эди. Лекин муз билан тўлдирилган дарвозабон қўлқопини оёғимдаги шиш устига қўйган ҳолда оғриқни пасайтириб, ўйинда иштирок этганман. Бордию, менга ниманидир ўзгартириш имконияти берилса, унда 1982 йили «Астон Вилла»га қарши кечган ЕЧК ҳал қилувчи ўйини, шунингдек, 1982 ҳамда 1986 йиллардаги ЖЧ финалларига пухтароқ тайёргарлик кўрган бўлардим.

Умуман олганда, Карл-Хайнц Румменигге 15 йиллик фаолияти давомида «Бавария»га 217та (422та ўйинда), «Интер»га 42та (107та ўйинда) ва «Серветт»га 34та (64та ўйинда) гол туҳфа этган. ГФР терма жамоасидаги статистикаси ҳам шунчаки, зўр - 10 йил мобайнида 95та ўйин ва 45та гол.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz