Қайднома

Қидирув

Густаво Альфаро: «Жамоам учун жонимни беришга тайёрман»

Густаво Альфаро: «Жамоам учун жонимни беришга тайёрман»

  30.11.2020 09:09
  0
  416
Густаво Альфаро: «Жамоам учун жонимни беришга тайёрман»

ЖЧ-2022 саралаш учрашуви доирасида Эквадор миллий жамоаси колумбияликларни янчиб ташлади - 6:1! Эквадорликлар бу сафарги мундиалга боришга жиддий бел боғлаганликлари кўриниб турибди. Буни ортда қолган 4та турдан кейин 9 очко билан Жанубий Америка қитъасининг ҳақиқий грандлари - Бразилия ва Аргентинадан кейин жадвалнинг учинчи поғонасидан мустаҳкам ўрин олганликларидан билиб олиш қийин эмас. Жамоанинг ана шундай даражага чиқишида бевосита унинг янги бош мураббийи, аргентиналик мутахассис Густаво Альфаронинг хизматлари катта. Яқинда FIFA.com сайти мухбирлари ушбу мураббийдан интервью олишди.

Аргентиналик мутахассис суҳбат давомида футболчилик фаолияти ва Эквадорга қандай бориб қолгани ҳақида гапирди. Шунингдек, Жанубий Америкадаги саралаш босқичининг очилиш учрашувлари ва олдидаги муаммоларни таҳлил қилди. Густаво Альфаро жамоаси билан 2022 йилги жаҳон чемпионатига бориш учун бор билим ва тажрибасини ишга солмоқчи. «Келгуси бир ярим йил ичидаги асосий вазифа - орзуларни рўёбга чиқариш», деди у иш бошлаганидан кейин берган дастлабки интервьюсида. 1988-1992 йилларда «Атлетико де Рафаэла» ярим ҳимоячиси сифатида қисқа муддатли фаолиятидан сўнг Алфаро нафақага чиқди, бир неча ой ўтгач, мураббийликни бошлади. Ўшандан бери у Саудия Арабистонидаги қисқа вақтни ҳисобга олмаганда, фақат Аргентина футболида ишлади.

- Профессионал футболчи сифатидаги тажрибангиз нисбатан қисқа муддат давом этган экан. Нима учун?

- Футбол ҳар доим менинг иштиёқим бўлган. «Атлетико Рафаэла»да ўйнашдан ташқари, айнан ўша ерда катта бўлганман. Чунки ота-онам клуб расмийлари бўлишган. Ёшлигимда бир кун келиб энг кучли лигада ўйнашни, радиода роҳатланиб футбол тинглашни ва шахсий лига жадвалларимни янгилашни орзу қилардим. Аммо Рафаэлагача ҳали узоқ эди, шунинг учун кимё муҳандиси сифатида ўқишни бошладим. Бир йил ўтгач, биз минтақавий лигага чиқдик ва у ердан В Nacional (иккинчи дивизион)га кўтарилишга муваффақ бўлдик. Отамга бироз ўйнаб, ке-йин яна ўқишни давом эттиришга ваъда бердим ва уч йилдан сўнг бунга эришдим ҳам. Охир-оқибат ўйинчилик пайтидаги орзуларим рўёбини мураббийликда амалга оширишга қарор қилдим. 30 ёшга тўлганимда, профессионал тарзда мураббийлик билан шуғуллана бошладим.

- Эквадор термасидаги ишингиздан мамнунмисиз?

- Бу ажойиб келишув. Биринчидан, бузиш мумкин бўлмаган қадриятлар мавжуд. Иккинчидан, эришилган натижалар ва олинган билимлардан ҳеч қачон мамнун бўлмаслик қатъияти. Ўйинчиларимга айтаман: «Орзулар яхши, лекин уларнинг амалга ошишини кутиб ўтирманг, ташқарига чиқинг ва ишга киришинг». Бир нечта мураккаб қарорлар қабул қилишимга тўғри келган, лекин омадим чопиб, улар иш берди.

- Ҳозир сизга шундай имконият берилишининг айни вақтимиди?

- 58 ёшдаман. Бу тўғрими ёки нотўғри, билмайман, лекин курашишим керак эди. Ютуқлар дарҳол келмайди. 34 ёшимда иккинчи дивизионда мураббийлик қилдим ва юқори лига мени ўзига жалб қилганига амин бўлдим, аммо бир йил ўтиб, учинчи дивизионга тушиб қолдим. Баъзан ҳақиқат оёқларингиздан тортади, ўз ўрнингизга қўяди!

- Жаҳон чемпионатларидаги телевизион таҳлилчи сифатидаги фаолиятингиз ҳозирги ишингизда асқотяптими?

- Жаҳон чемпионатини ёритиш мен учун магистр даражасига эга бўлишга ўхшайди. Нафақат учрашувларни кузатдим, балки футболни ҳам муҳокама қилдим, хусусан, мураббийлар билан. Нутқларни ўргандим, тактик тушунтиришлар бердим. Омадли мураббийларнинг таржимаи ҳоли билан танишдим. Бир кун фойдаланишим мумкин бўлган андозаларни қидирдим.

- Мисол келтира оласизми?

- Бразилиядаги мундиалда Аргентина термаси ўйинни орқа чизиқда уч ёки беш футболчи билан бошларди, аммо танаффус пайти мураббий икки чизиққа тўрт нафардан ўйинчи қўйиб, тактикани ўзгартирди, шу тариқа финалга йўл олди. Ўша турнирда Жазоир Германияга бўш ҳудуд қолдирмади, тезкор ҳужумлар орқали танаффусгача немислар вазифасини қийинлаштирди. Ўшанда Мануэль Нойер тозаловчи сифатида ўйнашга мажбур бўлганди. Лёв қўшимча вақтда ярим ҳимоячи Хедирани фақат марказда ўйнатиш орқали ечим топди. Шунингдек, Луи ван Гални кўрсатиш мумкин. У пенальтилар серияси бошланишидан бироз олдин дарвозабонни алмаштирди ва чора самара келтирди. Ўйин ёки турнир натижасига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шу каби қарорларни қабул қилишни истайман.

- Олдинги клубларингиз орасида сизни халқаро майдонга алоҳида тайёрлаганлари бўлганми?

- Миллий жамоадан тушган таклиф узоқ давом этган жараённинг чўққиси бўлди, аммо мен бу ерда бўлишимни аввалдан сезардим. Чунки «Бока Хуниорс»да ишлаганман. Бир неча маротаба шундай даражадаги ишдан умид қилгандим, аммо маълум мезонларга жавоб бермасдим. Чунки одамлар термани бошқаришга лойиқлигимга шубҳа қилишарди. «Бока»да ишлаш осонмас - у зиммангизга кунлик талабларни юклайди, ҳаммасига айнан сиз жавоб берасиз. Бундай тажриба тоифангиз ошишига хизмат қилади, буни жуда қадр­лайман.

- Эквадорда ишлашингизга нима туртки бўлди?

- Ўйинчилар салоҳияти. Ёшлар жамоаларидаги футболчиларнинг ривожланишини кузатдим, улар жуда яхши таассурот қолдиришди. Шунингдек, 23 ёшлилар орасида иқтидорлилар етарли, аммо Нобоа, Домингес ва Валенсия кабилар унчалик кўп эмас. Таркибни қайта шакллантириш жараёнида жамоага Аргентина футболидаги ижобий жиҳатларни сингдира олсам, Эквадор термаси анча кучайиши мумкин.

- Саралаш баҳслари старти арафасида ушбу ролни эгаллаганингизда, биринчи синов қандай бўлди?

- Жамоа тузиш, вақт муаммосини ҳал қилиш. Футболчилар билан муносабатни яхшиладим, улар эса шунга яраша жавоб қайтаришди. Менга ишонишаётгани, маслаҳатимга қулоқ тутишаётганини ҳис қилдим.

- Саралашнинг дастлабки турларида жамоангиз Аргентина термасига ютқазди, уругвайликларни эса ишончли тарзда мағлуб этдинглар. Умумий хулосангиз қандай?

- Барчаси ижобий бўлди. Чунки биз Жанубий Американинг иккита энг кучли жамоаларига қарши ўйнадик. Яхши тўп сурдик, айниқса, Уругвайга қарши. Ўзимизга ишонч ортди. Эквадор аввалги мундиал саралашининг дастлабки тўртта ўйинида ғалаба қозониб ҳам Россияга боролмаганди. Ишимиз энди бошланди, вазиятнинг ижобий тус олиши учун боримизни берамиз. Аргентина термасига қарши баҳснинг иккинчи бўлимида бошқача ўйинни кўрдим. Футболчиларга катта номларга эга Аргентина билан тўқнаш келаётганларини унутишларини айтдим. Чунки бу вазифани мураккаблаштириши мумкин. Улар ҳар қандай тахминлардан воз кечишлари керак эди - худди «баландлик масаласи»да бўлгани каби.

- «Баландлик масаласи» деганда нимани назарда тутяпсиз?

- Уругвайдаги ўйиндан олдин Эквадорнинг «баландлик», яъни юқорироқда турган рақибидан ҳайиқаётганини пайқадим. Фикримча, Эквадор ўзидан номдорроқ жамоалар билан орадаги фарқни йўқ қилиш учун учта ишни бажариши керак. Биринчиси - тажовуз, албатта, яхши маънода. Рақиб тезлик, техника бобида устундир, аммо сизнинг ўйинга бўлган муносабатингиз, тўп билан тўғри ҳаракатланишингиз учрашув тақдирини белгилаши мумкин. Иккинчиси - концентрация. Мақсадим - футболчилар онгига муҳим вазиятлар ёки бўш ҳудудларни ўз вақтида аниқлаш хусусиятини сингдириш. Уругвайга қарши ўйинда концентрация масаласидаги камчиликлар туфайли иккита кераксиз пенальти орттириб олдик. Учинчидан - тактик интизом. Истеъдод шарт, аммо унинг ўзи етарли эмас. Учала омил ҳам мақсадимиздаги жамоани шакллантиришимизда асқотиши мумкин.

- Ўша икки ўйинда ўтказиб юборилган учта гол ҳам айнан «нуқта»дан урилди. Бунинг ижобий ва салбий жиҳатлари борми?

- Қисқача айтганда, учта кераксиз голни ўтказиб юбордик. Кичик хатолар катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Тактик жиҳатдан, Аргентина термаси режаларимизни бузиб юборди: агар танаффусга 0:0 ҳисобида етиб олганимизда, иккинчи бўлимда тезкор футболчиларимиз ёрдамида натижага эришишни ният қилгандик. Унутмаслик керакки, ушбу саралаш мусобақаларида нафақат очколар, балки тўплар нисбати ҳам аҳамиятли бўлади. Кам гол ўтказаётганимиз мудофаа масаласига жиддий қараётганимиздан далолат.

- Кейинги ўйинлар учун режалар қандай?

- Ҳар бир учрашувни финалдек қарши оламиз. Барчасига руҳий жиҳатдан тайёр бўлишимиз даркор. Рақибларимиз кучли, биз эса уларга қарши курашларга ақлни чархлаган ҳолда тайёрланишимиз керак.

- Жамоадаги оптимизмга муносабатингиз?

- Аввал таъкидлаганимдек, вазифамиз - орзуларни рўёбга чиқаришдир. Бу ерга шунчаки жамоани бошқариш эмас, балки ғалаба қозониш учун келганман. Масалан, кейинги Америка кубогини ютолмаймиз, деб ким айтди? Қарорим қатъий, агар жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритолмасак, буни катта омадсизлик сифатида қабул қиламан. Демак, Эквадор термасини Қатарга олиб бориш учун бор кучимни сарфлаш, жонимни беришга тайёрман.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz