Қайднома

Қидирув

Қаҳрамон Баҳодиров: «Мураккаб вазиятдан тезроқ чиқиб кетишга интиляпмиз»

Қаҳрамон Баҳодиров: «Мураккаб вазиятдан тезроқ чиқиб кетишга интиляпмиз»

  01.12.2020 09:09
  0
  369
Қаҳрамон Баҳодиров: «Мураккаб вазиятдан тезроқ чиқиб кетишга интиляпмиз»

Эрта баҳорда йўлга чиққан узун карвон - Суперлига баҳслари ҳам аста-секин марра чизиғи томон яқинлашмоқда. Олдинда ҳали 2та тур учрашувлари борлигига қарамай, мусобақа ғолиби аниқлаб бўлинди. Совриндорлар номи ҳам деярли аниқ. Бироқ элитада қолиш мақсадида «ёнаётган» жамоаларнинг бирортаси ҳали бу вазифани уддалаганича йўқ. Улардан бири - «Андижон»дир. 23-турда Отабек Ғуломхўжаев қўл остида дастлабки ўйинини ўтказган андижонликлар Муборакнинг «Машъал» жамоасини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратишганди. Аммо ке-йинги турда АГМКга имконият бой берилди (0:4). Яқинда «Андижон»нинг етакчи футболчиларидан бири Қаҳрамон Баҳодировни суҳбатга тортиб, турли мавзудаги саволларимизга жавоб олдик.

- «Андижон» ўз майдонида «Машъал» устидан ниҳоятда муҳим ғалабани қўлга киритди. Ўша ўйин шахсан сизда қандай таассурот қолдирди?

- «Машъал»га қарши учрашув аҳамиятли эканлиги, бу жамоа билан қийин баҳс кутиб турганини билган ҳолда шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Рақибимиз ҳам оддий эмасди. Хуллас, «Андижон»да бўлаётган ўзгаришлар самараси ўлароқ, қолаверса, янги бош мураббийимиз ишончини оқлаш мақсадида майдонга фақатгина ғалабани кўзлаган ҳолда тушгандик. Шукрки, мақсадимизга етдик.

- «Андижон»нинг янги бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаев жамоани нечоғлик ўзгартира олди? Ёки бу ҳақда гапиришга ҳали эртами?

- Йўқ, эрта эмас. Гарчи бу мутахассис Суперлигада эндигина дебют қилган бўлсада, авваллари терма жамоаларимизда ишлаб, маълум тажриба тўплаб улгурганди. Бош мураббийимизнинг чемпионатдаги дастлабки ўйини омадли чиққанидан хурсандман. Отабек ака клубга келган илк кунлариданоқ барча билан тез тил топиша олди, қисқа фурсатда йигитларнинг фикрини ўзгартириш баробарида, ҳали имконият қўлдан чиқмаганлигига бизни ишонтира билди. Очиғи, мураббийимиз билан кечган ўзаро суҳбатларимиздан кейин бу инсонга бўлган ҳурматим янада ортди. Ишонаманки, келажакда Ғуломхўжаевдек тажрибали ва билимли яна бир кучли мутахассис етишиб чиққанлигига гувоҳ бўламиз.

- Жамоанинг жорий мавсум ишлари юришмаётгани, сизнингча, нима билан боғлиқ?

- Хабарингиз бор, мавсум аввалида Александр Хомяков Суперлигада камида 7-8-ўринларда юрса арзийдиган яхши таркибга эга жамоани шакллантирганди. Бироқ худди ҳаётда бўлгани каби, футболда ҳам молиявий масалаларга кўп нарса боғлиқ. Менимча, биринчи даврадаги молиявий муаммолар ва футболчилар олдидаги қарздорликлар йигитлар руҳиятига жуда катта таъсир ўтказди. Ўйлашимча, шунинг оқибатида кўнгилсиз натижалар қайд этилди. Мана, иккинчи даврадан жамоа раҳбариятида ўзгаришлар юзага келгач, вазият ижобий томонга ўзгара бошлади. Ҳозир раҳбарият томонидан қаратилаётган эътибор ва шароитлар борасида муаммо йўқ. Ўйлайманки, жамоа аста-секин ўзига келиб олади. Бош мақсадимиз - клубнинг Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолиш.

- Натижалар салбий кўриниш ола бошлагач, жамоа ички муҳитида ўзаро тушунмовчиликлар юзага келиши табиий. Бу борада «Андижон»да ҳолат қандай?

- «Андижон»даги ички муҳит ҳамиша ажойиб бўлган. Жамоамиздаги барча футболчиларни жуда яхши биламан, улар худди укаларимдек бўлиб қолишган. Ҳаммаси ажойиб ва ҳалол йигитлар.

- Она шаҳрингиз бош жамоаси «Сўғдиёна» жорий мавсумда яхши натижалар қайд этмоқда. Айтинг-чи, мавсум аввалида ёки давралар оралиғида Жиззах клубидан таклифлар тушдими?

- Ҳар бир инсон каби мен учун ҳам она шаҳрим азиз ҳисобланади. Очиғи, ҳар доим Жиззах клуби шарафини ҳимоя қилишни хоҳлайман. Бироқ футболчининг қисмати шундай экан. Бугун у ерда, эртага бошқа жойда. Биласизми, ҳозир «Сўғдиёна»ни бошқараётган Улуғбек Бақоев билан 2018 йилда «Бухоро»да бирга ишлагандик. Ушбу мутахассис менга жароҳат олган пайтларимда далда бериб, қўлидан келган ёрдамини аямаганди. Шунинг учун бўлса керак, у кишини худди акамдек ҳурмат қиламан. «Сўғдиёна»га келсак, очиғи, бу жамоа жорий йил таклиф билан чиқмади.

- «Андижон» Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолса, бу мавсумдан кўнглингиз тўладими?

- Элитада қолишни уддаласак, ажойиб иш бўларди. Буни чин юракдан хоҳлайман. Чунки Андижонда, айниқса, водийда футболга бўлган муносабат ўзгача, барибир. Биласиз, водий жамоаларининг уй учрашувларига кўплаб ишқибозлар ташриф буюришади. Бу футболчилар учун ёқимли ҳолат. Умуман олганда эса, жорий мавсумдан кўнг­лим тўлмади. Сабаби, кутилмаган жароҳатлар сабаб кўп вақтим тикланиш ва захира ўриндиғида имкониятимни кутиш билан ўтиб кетди. Қарийб ўйин амалиётисиз мавсумни тугатяпман, десам ҳам бўлаверади.

- Дарҳақиқат, жорий йил ишларингиз юришмади. Очиғи, бу ҳақда гапиришни ҳам, эслатишни ҳам хоҳламагандим...

- Ҳечқиси йўқ. Бу ҳаёт, унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Муҳими, инсон оғир кунларда тушкунликка тушмаслиги ва ўз принципларидан воз кечмаслиги керак. Менимча, энг муҳим ва энг катта бахт жамиятга, халққа, ота-онага хизмат қилиш ва доимо ўз номини пок сақлашдир.

- «Андижон»да кетма-кет мураббийлар алмашиши футболчиларда ортиқча босимни келтириб чиқармаяптими?

- Ҳар бир мураббийнинг ўз тактикаси ва ишлаш принципи бўлади. Футболчиларнинг эса бу талабларга мослашиши учун камида 3-4 ой вақт керак. Ўзимиздан келиб чиқиб айтсам, ҳар бир келган янги мураббийнинг талабларини тезроқ ўзлаштириб, мураккаб вазиятдан чиқиб кетишга интиляпмиз.

- Сизнингча, «Андижон» учун ҳозирги оғир даврда керак бўладиган энг муҳим нарса нима?

- Бу саволга фақат биттагина аниқ жавоб бор. У ҳам бўлса, ҳар бир футболчининг ўзига бўлган ишончи ва мухлислар далдаси. Бўлди, бошқа ҳеч нарса керакмас.

- Отабек Ғуломхўжаев янги авлод мураббийлари сирасига киради. Хўш, бу мутахассисда олдин сиз билан бирга ишлаган мураббийларда учрамаган янгича ғоялар кўзга ташландими?

- Бу саволингизга аниқ жавоб бериш қийин. Ахир ушбу мураббий қўл остида эндигина иккита ўйин ўтказдик, холос. Очиғи, Ғуломхўжаевнинг жамоа ўйинига тўпни кўпроқ сақлаш, ҳужумкор футбол кўрсатиш инстиктини сингдираётгани ёқди.

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz