Қайднома

Қидирув

«Воситачи» - ҳакамлар ҳақида фильм

«Воситачи» - ҳакамлар ҳақида фильм

  03.12.2020 02:02
  0
  321
«Воситачи» - ҳакамлар ҳақида фильм

Биз ҳамиша ҳакамлар ишини муҳокама қиламиз, одатда бу негатив кўриниш олади. Эҳтимол, УЕФА ташаббуси билан юқори даражали ўйинларни бошқарган ҳакамлар ҳақида ишланган фильмни томоша қилганларнинг мазкур соҳа вакилларига нисбатан муносабатлари ижобий томонга ўзгарар.

Лойиҳа «Man in the Middle», сўзма-сўз таржима қилганда — «Ўртадаги одам» деб номланади. Аммо бой тилимиз шу ерда ҳам ёрдамга шошади. «Воситачи». Ҳуштак ва байроқчалар соҳибларининг майдон ташқарисидаги ҳаётларига бағишланган фильмни шундай номласак бўлаверади.

Ижодкорлар тўртта серия чиқаришни режалаштиришган, ҳозирча уларнинг фақат биттаси дунё юзини кўрди. Мазкур фильмда Чемпионлар Лигаси 2018|2019 йиллар мавсуми, VARнинг йирик турнир «плей-офф» босқичидаги дебюти ҳақида сўз боради. Ролларда - Дамир Скомина, Бьорн Куйперс, Клеман Тюрпен. Европанинг элит тоифадаги ҳакамлари, табиийки, ўз ижролари билан ҳаёт тарзларини намоён этишган.

Чиндан ҳам, УЕФА камералари «қора либослилар»га шунчалик яқинлашгани кишини ҳайрон қолдиради, энг ёрқин таассурот уйғотган жиҳат - ўйинлар пайти ҳакамларнинг футболчиларга мурожаатини эшитиш. Футболни «соқов» ҳолатда эмас, шундай диалоглар билан томоша қилиш янада қизиқарлироқ бўлиши шубҳасиз. «Воситачи»да ҳакамларнинг баҳсли вазиятларда, айниқса, VAR ёрдамига эҳтиёж туғилган ҳолатларда футболчилар билан ҳамда ўзаро суҳбатлашишларини нафақат томоша қилиш, балки эшитиш имкони мавжуд.

Афсуски, ҳозирча «Воситачи»нинг фақат инглиз тилидаги вариантини томоша қилиш мумкин, холос. Шу боис, бугун биринчи сериядаги энг эътиборга молик ҳолатлар ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Воқеа Амстердамда бўлганди

Чемпионлар Лигаси 1|8 финали доирасидаги «Реал» ва «Аякс» жамоалари ўртасидаги дастлабки баҳсга Амстердам мезбонлик қилганди. «Қироллик клуби» ўша оқшом гарчи камтарона ҳисобда (2:1) бўлсада, кўпчилик кутгандек ғалаба қозонди. Аммо уч ҳафтадан сўнг «Аякс» «Сантьяго Бернабеу»да «қаймоқранглилар»ни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратишини ҳеч ким тахмин қилмагани шубҳасиз.

Айнан «Аякс» — «Реал» беллашувида ЕЧЛ тарихида илк марта вазиятга VAR аралашуви кузатилди. Диққат марказида пайдо бўлган Тибо Куртуа тўпни эгаллашда қўпол хатога йўл қўйиб, Нико Тальяфикога дарвозани ишғол қилиш имкониятини тақдим этганди. «Аякс» футболчилари голни нишонлашга ҳам улгуришди, бироқ офсайд ҳолати VAR ёрдамида текширилгач, ўйиндан ташқари ҳолатда турган Тадич ўша эпизодда фаоллик кўрсатиб, Куртуага халал бергани исботланди. Шу тариқа, видеотакрорларга расман рухсат берилиши шарофати билан бельгиялик кипернинг хатоси аҳамиятини йўқотди.

Бир даҚиҚа ҳам тиним йўҚ, бу асабий иш

«ПСЖ» — «Манчестер Юнайтед» ўйинининг сўнгги қисми ўтиб бормоқда, англияликлар Парижда 2:1 ҳисобида олдинда боришмоқда. Шу пайт ассистентлар Дамир Скоминани монитор сари чорлашди: Кимпембе ўз жарима майдончасида қўл билан ўйнаганликда гумон қилинаётганди. Ўртада чорак финал йўлланмаси турибди, вазият хатарли.

Словениялик ҳакам такрорий вазиятни кўргани борганда, кучли босим остида қолди. Айниқса, «МЮ» вакиллари бу борада фаоллик кўрсатишди: мураббийлар штаби ва захирадаги футболчилар баланд овозда тавсиялар беришди, Скоминанинг ортидан туриб экранга қарашга интилишди. Ёрдамчи ҳакам ҳамкасбига эркинлик тақдим этиш мақсадида уларни тинчлантиришга уринди, қайсидир паллада Дамир Скоминанинг ҳам сабри чидамади. Словениялик ҳакам ғазабланган ҳолда «Манчес­тер Юнайтед» жойлашган ўриндиқ томон юзланди: «Илтимос, мени ёлғиз қўйинглар!».

Тўғриси, мана шу эпизодда ҳакамга раҳмингиз келиши мумкин. Тасаввур қилинг, бирор-бир матнни ёзмоқчи бўляпсизда, атрофингиздагилар тинмай қичқиришса, йигирмага яқин киши ўз фикрини маъқуллайверса, қандай аҳволга тушасиз? Биз ҳакамлардан адолатли қарорлар кутамиз, аммо уларнинг мураккаб вазиятда, кўпинча ғаним орттириб олиш эҳтимоли юқори бўлган ҳолатларда ҳаракатланишаётганини инобатга олмаймиз.

Уларнинг ихтиёрида қаҳва ичиб, котибадан футболда шунга ўхшаш ҳолатлар акс этган видеони тақдим этишни сўраб, кейин қарор чиқариш учун вақт йўқ. Ҳакамлар нафақат бехато, балки тезкор қарор чиқаришлари ҳам керак. «ПСЖ» — «Манчестер Юнайтед» учрашувининг иккинчи бўлимига қўшиб берилган дақиқалар ўтиб бораётганда, Дамир Скомина пенальти белгилади ва унинг ёрдамида урилган гол «қизил иблислар»ни ЧЛ чорак финалига олиб чиқди.

Ҳакам ҳамиша ҳақ

Яна бир диққатга молик эпизод «Тоттенхэм» ва «Манчестер Сити» жамоалари ўртасидаги чорак финал ўйинида содир бўлди. 11-дақиқада Бьорн Куйперс «шпор»лар дарвозаси ёнида бурчак зарбаси тепилишини белгилаб, қарори тўғрилигига шубҳа қилмаганди. VAR жамоаси эса Дэнни Роуз қўл билан ўйнаганини кўргани учун голландиялик реферини вазиятни кўриб чиқишга ундади. Куйперс бироз муддат мониторга тикилиб тургач, «нуқта»га ишора қилди, лекин Льорис ўша дуэлда Агуэродан устунлик қилди. Бьорн эса ўйиндан сўнг VAR хонасидаги ҳамкасбларига ўз вақтида кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлик билдирди.

«Ўйнасанг-чи, Месси!»

Умуман, Бьорн Куйперс — фильмнинг биринчи серияси бош қаҳрамони. Нидерландияда ишлаган Леонид Слуцкий ушбу ҳакамнинг очиқкўнгил эканлигини эътироф этганди, бироқ Куйперс майдонда жуда қаттиққўл ва талабчан. «Воситачи»даги қисқа, аммо жуда аҳамиятли эпизодлардан бири ЧЛ ярим финали доирасидаги «Барселона» - «Ливерпуль» ўйинида кузатилган. Каталонияликлар йирик ҳисобда ғалаба қозонишаётганда, Лионель Мессидаги сусткашлик Куйперсга маъқул келмади, чоғи, футболчини олға ундашга интилди: «Месси! Нега аранг ҳаракатлан­япсан? Бўлақол! Қимирласанг-чи, рақибни бироз бўлсада ҳурмат қил, қимирла! (Бьорн ушбу сўзларни айтаётганда, табассум билан енгидаги Respect ёзувига ишора қилган). Ўйнасанг-чи, Месси! Ҳар доим шундай қиласан. Югур! Нега бундай қиляпсан?! Ҳозироқ олдинга интил!»

Балки ўшанда «Камп Ноу»да фаолроқ тўп суриб, «Ливерпуль» дарвозасига кўпроқ тўп киритилгани маъқулмиди? «Энфилд»да «қизиллар» 4:0 ҳисобида ғалаба қозониб, финал йўлланмасига эга бўлишди. Куйперснинг виждони тоза - у Месси тезроқ ҳаракатланиши, пиёда юрмаслигини таъминлаш учун қўлидан келганини бажарди. Бьорннинг ўзи ўша ўйиннинг охирги дақиқаларида анча ҳолдан тойганди: 86-дақиқада нидерландиялик ҳакам мушакларидан жароҳат олгани сабабли, беллашувни оғриқ остида якунлашга мажбур бўлган.

Ҳакам доим тайёр

туриши керак

Чемпионлар Лигаси-2018|2019 финалида Дамир Скомина 22-сониядаёқ «нуқта»га ишора қилди: «Тоттенхэм» жарима майдончасида тўп Мусса Сиссоконинг қўлига текканди. Мазкур ҳолатда VAR аралашувига эҳтиёж туғилмади, словениялик рефери барчасини ўзи ҳал қилди, ваҳоланки, радиоалоқадан келган хабар ҳам қарори тўғри эканлигини тасдиқлади: «100 фоиз пенальти». Эҳтимол, Скомина ушбу пенальтини белгилаш орқали финалдаги кескинлик ва томошабопликни барбод қилгандир, аммо бу унинг ташвиши эмас. Асосийси, ўз ишини аъло даражада уддалади.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz