Қайднома

Қидирув

Нечанчи куни соврин ютгансиз?

Нечанчи куни соврин ютгансиз?

  04.12.2020 01:11
  0
  451
Нечанчи куни соврин ютгансиз?

ИЛК СОВРИНГА ЭНГ ҚИСҚА МУДДАТДА ЭРИШГАН МУРАББИЙЛАР. Футбол тарихида мустақил иш бошлаганига бир йил тўлмай туриб, «чўнтагига 2та соврин солган» мураббий ҳам бор. Йўқ, бу туш эмас, ҳақиқат! Sport360 портали айнан илк совринга энг кам вақт сарфлаган таниқли мураббийлар рейтингини тузиб чиқди. Хўш, кучли 10таликдан қайси мутахассислар жой олишди, рўйхатда ким етакчи? Демак, бошладик...

10. Томас ТУХЕЛЬ (Германия) - 3800-кун

Соврин: Германия кубоги-2016|2017

Томас Тухель «Майнц»даги 5 йиллик фаолиятидан кейин Дорт­мунд «Боруссия»си бошқарувини қўлга олди. У янги жамоадаги дастлабки икки мавсумда Бундеслига кумуш ва бронза медалларини ютди. Дортмунддаги миссияси якунланиши арафасида эса, дастлабки совринга эга чиқди. Мамлакат кубоги Тухель учун Германияда ютилган ягона сов­рин эканлигини ҳам айтиш ўринли.

 

9. Юрген КЛОПП (Германия) - 3715-кун

Соврин: Германия Бундеслигаси-2010|2011 олтин медали

Клопп ҳам фаолиятини «Майнц»­да бошлади ва ушбу жамоада 7,5 йил ишлади. Аммо майнцликлар билан бирор соврин ютолмади. Унинг «Боруссия»даги даври эса анча муваффақиятли кечди. Дейлик, Дортмунддаги 3-мавсумида «асаларилар»ни 2002 йилдан буён илк марта чемпионлик сари етаклади.

 

8. Рафаэль БЕНИТЕС

(Испания) - 3231-кун

Соврин: Испания Ла Лигаси-2001|2002 олтин медали

Бенитес 2001 йили «Валенсия» бош мураббийи лавозимида Эктор Купер ўрнини эгаллади. «Кўршапалаклар» испаниялик мутахассис бошчилигида илк мавсумдаёқ 75 очко тўплаб, чемпионликни тантана қилишди. Бу жамоа учун 31 йил бадалига расмийлаштирилган илк чемпионлик эди. Рафа эса шахсий совринлари сонини очди. Хуллас, Бенитес илк кубокни мустақил иш бошлаганига деярли 10 йил бўлганида боши узра баланд кўтарди.

 

7. Карло АНЧЕЛОТТИ (Италия) - 1516-кун

Соврин: Интертото кубоги-1999

Анчелотти 1999 йилнинг февраль ойида «Ювентус»да Марчелло Липпи ўрнини эгаллаб, турнир жадвали қуйи поғоналарида ўралашиб қолган жамоани тиклашга киришди. «Кекса синьора» ўша мавсум якунида 7-ўринни эгаллади. Шунга қарамай, «Ювентус» ва Анчелотти совринсиз қолмади - жамоа 2та ўйин натижасига кўра, «Ренн»ни енгиб, Интертото кубогини ютди.

 

6. Антонио КОНТЕ (Италия) - 1065-кун

Соврин: Италия «B» серияси-2008|2009 олтин медали

Конте мураббий сифатида 2006 йили иш бошлади ва тезда муваффақиятга эришди. Аниқроқ айтсак, италиялик мутахассис 2007 йили «Бари»ни қабул қилди ва мавсум-2008|2009да «оқ-қизиллар» билан Италия «В» серияси чемпиони бўлди. Бу вақтда Контенинг мураббийлик фаолияти бошланганига ҳали 3 йил тўлмаганди.

 

5. Жозе МОУРИНЬО

(Португалия) - 957-кун

Соврин: Португалия Примероси- 2002|2003 олтин медали

Жозе 14 йил мобайнида Португалия клублари академиялари тизимида изланди, етакчи жамоа­ларда ассистент ролини бажарди. 2000 йили эса «Бенфика» бош мураббийи сифатида мустақил иш бошлади. Шундан 957 кун ўтиб, «Порту» билан илк чемпионликни тантана қилди. Эътиборли томони, «аждаҳолар» 2002|2003 йиллар мавсумида «требл» қайд этгандилар (миллий чемпионат, Португалия кубоги ва УЕФА кубогида ғалаба).

 

4. Зайниддин ЗИДАН

(Франция) - 704-кун

Соврин: ЧЛ- 2015|2016 кубоги

Франциялик ёш мутахассис 2016 йилнинг 4 январь куни «Реал» бош мураббийи лавозимига та­йинланди. Зидан илк уринишдаёқ «Мадрид»ни чемпионлик пойгасига қайтарди, аммо клуб финишда «Барселона»дан 1 очко ортда қолиб, 2-ўрин билан кифояланди. Лекин буюк Зизуни бошқа турнирда муваффақият кутиб турарди. «Қироллик клуби» Зидан бошқарувидаги ЧЛнинг илк мавсумидаёқ финалга чиқди ва «Атлетико»ни пенальтилар сериясида енгиб, «шалпангқулоқ» соҳибига айланди.

 

3. Хосеп ГВАРДИОЛА

(Испания) - 333-кун

Соврин: Испания учинчи дивизиони- 2007|2008 олтин медали

Испаниялик мутахассиснинг мураббийлик фаолияти мамлакат учинчи дивизионида иштирок этадиган «Барселона» ўринбосарлар жамоасида бошланди. Муҳими, каталониялик ёшлар Гвардиола бошқарувидаги илк мавсумдаёқ ўз гуруҳларида чемпионликка эришиб, Сегундага чиқиш учун курашиш имконига эга бўлишди. 2008 йилнинг май ойида эса Гвардиола «Барселона»да Франк Райкаард ўрнини эгаллаб, нуфузли совринлар ютиш сериясини бошлаб юборди.

 

2. Диего СИМЕОНЕ

(Аргентина) - 298-кун

Соврин: Аргентина чемпионати-2006 олтин медали

Симеоне 2006 йилнинг май ойида «Эстудиантес» бош мураббийи ролини зиммасига олди. Муҳими, «Чоло»нинг жамоаси мамлакат чемпионати (Аппертура)да дарҳол «олтин» учун  «Бока Хуниорс» билан курашга киришди ва принципиал рақиблардан ҳисобланган «Химнасия»ни 7:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Симеоне ўшандаёқ мустаҳкам ҳимояни йўлга қўйганди - «Эстудиантес» 20та учрашувда атиги 13та гол қўйиб юборди. Диққатга сазовор томони, «Бока Хуниорс» охирги 2та турда 1тагина очко олганида ҳам, Симео­не мураббийликдаги дебютини соврин билан безата олмасди. Аммо рақиб охирги 2та учрашувда ҳам енгилди ва «Эстудиантес» бундан унумли фойдаланди. Яна бир томони, Симеоне шогирдлари «олтин ўйин» тугашига атиги 10 дақиқа қолган паллада ғалаба голини уришганди - бу ҳам тақдир инояти, албатта.

 

1. Микель АРТЕТА (Испания) - 212-кун

Соврин: Англия кубоги-2019|2020

3,5 йил давомида «Манчестер Сити»да Хосеп Гвардиола ёрдамчиси ролида ишлаган Артета «Арсенал»да мустақил фаолиятига старт бериш имкониятини қўлдан чиқармади. Испаниялик мутахассиснинг АПЛда ишлари юришмаган бўлсада, Англия кубоги ва суперкубоги айнан «канонирлар»­га насиб этди. Диққат қилинг, Артета бир ойдан камроқ вақт оралиғида 2та нуфузли кубок соҳибига айланди. Илк совринни эса мустақил фаолиятининг 212-куни расмийлаштирди! Қойилмақом суръат!

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz