Қайднома

Қидирув

Антуан Гризманн: «Леонинг муносабатига гап йўқ»

Антуан Гризманн: «Леонинг муносабатига гап йўқ»

  05.12.2020 02:20
  0
  274
Антуан Гризманн: «Леонинг муносабатига гап йўқ»

«Барселона»нинг франциялик ҳужумчиси Антуан Гризманн жа­моадаги истиқболига ишонмоқда, гарчи аксарият ўйинларда омади юришмаётган бўлсада. Ҳар ҳолда, у Киев «Динамо»сига қарши кечган сафар учрашуви (ЧЛ гуруҳ босқичи 4-тури) арафасида Vovistar] мухбирига интервью бериб, жамоадаги ҳолати, Лионель Месси билан ўзаро муносабати ва келажак режаларига батафсил тўхталиш асносида кейинги фаолиятига доир узун-қисқа миш-мишларга нуқта қўйишга уриниб кўрди.

***

- Таништирув маросимидан кейин бирор марта қандайдир баёнот берганим йўқ, чунки барча саволларга майдонда, яъни ўз ўйиним билан жавоб қайратишни хоҳлагандим. Бироқ энди ортиқ жим туролмайман, айрим гап-сўзлар сабр косасини тўлдириб юборди, - Universo Valdano кўрсатуви Гризманнинг шундай маъноли мулоҳазаси билан бошланди. Франциялик ҳужумчи суҳбатни клубдоши - Лионель Месси ҳақидаги фикрлари билан давом эттирди. Чунончи, Антуаннинг собиқ агенти Эрик Олатс аргентиналик юлдузни «клуб монархи»га қиёслаб, уни танқид остига олганди:

- Йўқ, Леога нисбатан ҳурматим баланд, ўйинидан қойил қоламан. Буни Мессининг ўзи ҳам яхши билади. Собиқ агентим изоҳига келсак, у билан анчадан буён кўришганим йўқ. Охирги марта ўз тўйимга таклиф қилгани олдига боргандим. У ҳаттоки, базмга ҳам келмади. Бироқ ҳайронман, журналистлар ҳамон фақат собиқ агентимдан интервью олишади. Менимча, бошқа ҳеч ким бундай ноўрин саволларга жавоб бермайди. Лео хусусида бемаъни фикр билдирган амаким эса, футболни умуман тушунмайди. У билан гаплашмай қўйганимдан Месси ҳам хабардор. Ҳозир амакимнинг телефон рақамини ҳам унутиб улгурдим...

«Барселона»га 1 йил аввалги таклифни рад этгандан кейин келдим. Бунга кийиниш хонасида изоҳ беришим ҳам мумкин эди. Лекин узримни майдонда айтишга қарор қилгандим. Жамоа сафига қўшилгач, Лео дастлабки таклифни рад этиб, хатога йўл қўйганимни таъкидлагани рост, у шунинг баробарида бу ёғига ҳамиша мен билан бирга бўлишини билдирди. Мана, ҳозиргача ҳар куни ваъдаси устидан чиқмоқда.

***

Антуан суҳбат давомида Каталония клубига тўлиқ мослашиш осон эмаслигини таъкидлаб, унга яна маълум муҳлат беришларини сўради:

- Танқидларга эътирозим йўқ. Чунки ҳали «муносиб Гризманн» бўла олганим йўқ. Аммо ҳозир тайёр нишонга айланиб қолганимни ҳам инобатга олиш керак. Алоҳида таъкидлайман, ўзим яқин орада ҳеч кимга интервью бермадим, яқинларим ҳам гаплашишмаган. Ўзи «Барселона»дек клуб услубига мослашиш - кўпроқ вақт талаб этадиган жараён. Бу ерда турли фикр-мулоҳазалар, ҳаттоки, клуб президенти бўлишга номзодлар гапларига қулоқ тутишимга тўғри келмоқда. Қолаверса, трансферим клуб учун қанчалик омадли эканлигини аниқлаш менинг вазифам эмас. Асосийси, «Барселона»да эканлигимдан бахтиёрман. Лекин мени тинч қўйишларини истайман. Ҳар куни ўзимга оид бемаъни сафсаталарни эшитиш жонимга тегди. Гоҳ Лео билан келишолмаётганим, гоҳ жамоадан кетишни ўйлаётганим ёки мени январда сотишлари хусусида ёзишади. Мазкур ин­тервью ҳаммани бироз тинчлантиришидан умидворман. Мухлисларга гапим шуки, жамоадошларим ва бош мураббийга тўлиқ ишонаман ва уларда ишонч уйғота олишимни ҳам биламан. Албатта, кўпчилик - мухлислар, клуб ходимлари ва журналистлар кўмагига эҳтиёж сезяпман. Аввалроқ Эрнесто Вальверде билан ҳамкорлик қилдим, Кике Сетьен ҳақида эса бирор фикр билдиролмайман. Лекин ҳаммасини айнан мураббий ҳал қилади.

***

Ҳужумчи айни пайт барча футболчилар учун долзарб масалага айланган мавзу - тақвим ҳақида ҳам гапирди:

- Ҳозир жамоа мураккаб давр­ни бошдан кечиряпти, жумладан, мен ҳам. Муҳими, олдинда кўплаб ўйинлар кутиб турибди, уларда муваффақиятли қатнашиб, бемалол совринларга эришиш мумкин. Бу имкониятни ҳеч ким тортиб ололмайди. Танқидларга эса фақат майдонда жавоб қайтаришимиз керак. Айниқса, мен шундай қилишим шарт - бу асосий вазифам. Тўғри, тақвим ўта тиғиз, кўплаб ўйинчилар жароҳатланишмоқда, ҳар 3 кунда майдонга тушиш осон эмас. Демоқчиманки, жароҳатларни тасодифга йўйиш тўғри эмас.

***

Муҳими, франциялик футболчи Каталония клубидаги келажагига ишонч билан қарамоқда. Антуан суҳбат якунида айнан шуни билдириб, мухлислари ва яқинларини тинчлантиришга уринди:

- Бу ерда мен учун ҳаммаси жойида эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Клубда ҳеч ким билан қандайдир муаммо йўқ, мақсадим - жамоа ғалабасига имкон қадар ҳисса қўшиш. «Барселона» ишончини оқлаш мен учун биринчи даражали бурч! Албатта, бунинг учун бор куч-маҳоратимни сафарбар этаман. Шунчаки, мени озгина тинч қўйишса, бас.

Антуан Гризманн шу интервьюдан кейин, 24 ноябрь оқшоми Киевда «Динамо»га қарши кечган ўйин (4:0)нинг 66-дақиқасида майдонга тушди ва сўнгги лаҳзада «Барса»нинг 4-голини урди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz