Катта футболга йўл маҳалладан, кўчадан бошланади. Ўзбекистон шароитида вазият шундай. Дала ишлари якунлангач, кузнинг сўнгги аёзли кунлари ёки февраль охирида (дала ишлари бошланмасидан олдин) ҳар бир қишлоқда футбол қизийди. Кўча билан кўча, маҳалла билан маҳалла... Гоҳо икки қишлоқ жамоалари ўзаро куч синашади. Ҳеч иложи топилмаса, футболсевар ёшлар жамоа шакллантиришнинг бошқа усулларини ўйлаб топишади. Дейлик, Исмоиловлар Исроиловларга қарши тўп суришадими-ей ёки 1994-1995 йиллаврда туғилганлар 1996-1997 йилларда таваллуд топганларни баҳсга тортишади. Хуллас, футбол учун вақт ва имкон топилса, бас - ҳаммаси бир зумда ҳал қилинади. Ана, ундан кейин кўринг-да ўйинни. Боягина қўл ташлашиб, кулиб сўрашган дўстларни майдонда умуман танимай қоласиз. Икки ўртада шон-шараф учун кураш боради, «Ким зўр?» саволига жавоб изланади. Ўйин тугагач, чойхона паловга марҳамат, кейин ғолиблар мақтаниб, мағлублар реванш устида ёниб, уй-уйларига тарқалишади. Бундай ўйинларнинг жозибаси ёшликнинг қайнаб-тошаётган тоза қони ва қалбда ловуллаётган оловда! Таъма, кин-адоват ва ҳасаддан холи шундай ўйинлар сабаб футбол ўлмайди, замонлар оша яшайверади.
«Нефтчи» - «Турон» ўйинида шунга яқин кайфият кузатилди. Айниқса, яйпанликлар давраси «Истиқлол» стадионига ҳар доим ҳам такрорланавермайдиган байрамона руҳ олиб кирди. Майдон - мухлис - футболчи учлигидаги ҳам руҳий, ҳам масофавий яқинлик кўзни қувнатди. Бўлмаса-чи, ахир айрим стадионларда ўйинни анча узоқдан кузатишга тўғри келади. Гоҳо футболчиларни ҳам танимайсиз, учрашув ҳароратини ҳис қилмайсиз. Про-лиганинг жорий йилги мавсумидан ўрин олган сўнгги баҳс ҳамма қолипларни бузиб ташлади, футболга жон олиб киргандек бўлди. «Торино» ҳимоячилари ён атрофни унутиб, «Юве» ҳужумларини қайтаришга қандай уринган бўлсалар, «Турон» ҳам «Нефтчи»га шундай дўлворлик билан қаршилик кўрсатди. Аслида футболимиз элитасида тобланган «Шўртан», «Динамо», «Нефтчи» чиғириғидан омон чиққан «Турон» ҳақида, бу жамоа жасорати хусусида аввалроқ ёзишимиз керак эди. Бироқ миллий футбол муҳитимиздаги пасту-баландликларни ҳисобга олиб, бу ниятни ортга сурдик. Аниқроғи, «Озгина сабр қилиб, охиригача борайликчи, нима бўлар экан?!» қабилидаги тажрибадан ўтган қизиқиш ниятимизни жиловлаб турди. Ҳайтовур, сабримиз ўзини оқлади. «Нефтчи» ҳеч кутилмаганда, оғзидаги ошни олдирди. Жамоага ҳаддан зиёд ишонч панд берди ва «Турон»га йўл очди. Бунақаси кам учрайди, жуда кам, аммо учрайди.
Қаранг, «Кадис»нинг 29 йил деганда «Барселона»ни яна мағлубиятга учратишини ким ўйлаганди?! Мана, бир ғариб жамоа Рональд Куманни ҳайратлантирди, ажаблантирди. Бу ҳолат «Барселона»нинг «Бавария»дан ёки «немис машина»сининг «қизил фурия»дан йирик ҳисобда енгилганига ўхшамайди асло! Гап фаворитларни енгиш ҳақида бормоқда. Демоқчимизки, миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2022га йўл олишини бир ўйинга боғлаб қўймаслигимиз керак. Саудия Арабистони термасининг ҳоли эртага не кечади - ҳеч ким билмайди. Ҳозир шундай ўйлаганимиз яхши. «Турон» тажрибалилардан устун чиқишни уддалади. Шунга яраша изланди ва жамоанинг омади чопди. Миллий терма жамоамиз учун ҳам шу каби омадли ҳол юз берса, не ажаб! ЖЧ-2010 саралашида КХДР термасига кулиб боққан омад нима сабабдан бизга ўнг қарамаслиги керак?! Ўнг қарайди! Қарамаса, футболчиларимиз мажбурлаб қаратишади.
Тўғри, орзуларимизни АПЛдаги ҳолатлар билан қиёслаш ноўрин. Мунтазам олға интиладиган абжир «Лидс» биринчи бўлиб гол ургани билан «Челси» мағлубиятга кўнармиди?! «Вест Хэм» Оле-Гуннар Сульшернинг тажрибасизлигидан фойдаланишга ҳарчанд уринмасин, «МЮ»да Бруну Фернандеш ва Поль Погба бор-ку! Гигантларни голлар чўчитолмайди. «Кичик»лар ҳаракат қилаверишади, лекин евромавсум якунида грандлар мақсадга эришаверадилар. Онда-сонда истиснолар учраб туради, албатта.
Ўйлаймизки, «Турон» футболимизда АПЛ машъаласини ёқади. Суперлиганинг янги жамоаси футболимиз муҳитини ҳам янгилашидан умидвормиз. Чунки «Турон» Суперлиганинг шунчаки, янги жамоаси эмас. «Сурхон», «Андижон» ёки «Нефтчи» бу муҳитни янгилолмас, «Турон» эса янгилайди. Акс ҳолда, биз ҳам янгиланмаймиз.
Муҳаммад ВАЛИ
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20