Қайднома

Қидирув

Жасур Абдураимов: «Чемпионлик ортида катта меҳнат бор»

Жасур Абдураимов: «Чемпионлик ортида катта меҳнат бор»

  10.12.2020 05:55
  0
  412
Жасур Абдураимов: «Чемпионлик ортида катта меҳнат бор»

«Пахтакор» бу йил ўз тарихида 13-марта мамлакат чемпиони бўлди. Табиийки, ҳар қандай муваффақият ортида катта меҳнат ётади. Инчунин, футболда ҳам машаққатсиз бирор нарсага эришиш мушкул. «Шерлар» учинчи йилки, босқичма-босқич олдинга қадам ташлашмоқда. Энди мураббий Шота Арвеладзенинг аҳил ва яхлит жамоа шакллантириш уддасидан чиққанини бемалол таъкидлаш мумкин. Лекин футболда бош мураббийнинг ўзи ҳеч нима қилолмаслиги ҳам ўз-ўзидан тайин. Демоқчимизки, «Пахтакор»нинг ютуқларида грузиялик мутахассисга яқиндан кўмаклашаётган ассистентлар ҳиссаси ҳам бор. Бир неча йилдан буён «Пахтакор» тизимида ишлаётган, Жасур Яхшибоев, Даниэль Насриддинов, Достон Иброҳимов, Ҳожиакбар Алижонов, Суҳроб Нуруллоев каби йигитларни кашф этган Жасур Абдураимов шундай ёрдамчилардан биридир.

- «Пахтакор»да фаолият олиб бораётган мутахассис сифатида навбатдаги чемпионликка қандай таъриф берасиз, мавсум бўйи­ча умумий хулосалар қандай?

- Мавсум анча мураккабликлар туғдиргани барчага маълум. Дейлик, жамоамизда кўпчилик коронавирусга чалинди. Ҳа, четдан қараганда, ғалабалар осонгина келгандек кўринар, аслида етарли даражада қийинчилик туғилди. Муҳими, ташкилотчилик юқори даражада эканлиги эвазига мураккабликларни енгиб ўтдик. Ўз ўрнида айтишим керак, футболимиздаги энг катта  камчилик айнан ташкилотчиликка бориб тақалади. Шота Арвеладзе аввало, шу масалада кучли. Яна услубимиз ва қизиқишимиз ўхшаш. Мисол учун, иккимиз ҳам «Манчестер Сити»га мухлислик қиламиз. Демоқчиманки, юқори ташкилотчилик ва бирдамлик чемпион бўлишимизда муҳим ўрин тутди.

- 2016 йили Баҳрайнда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида қўл остингизда ўйнаган жамоада Шароф Муҳиддинов, Нурилло Тўхтасинов, Бобур Абдухолиқов, Санжар Қодирқулов, Жасур Яхшибоев, Достон Иброҳимов каби йигитлар назарга тушишганди. Уларнинг ҳозирги даражасидан қониқяпсизми?

- 1997-1998 йилларда туғилган деярли барча футболчиларни яхши биламан. Чунки ўша вақт ёшлар термасини шакллантириш учун кенг қамровли селекция ишларини олиб боргандик. Ҳар бир позицияга энг кучли футболчиларни олиш мақсадида шахсан ўзим деярли барча вилоятларга борганман. Муҳими, меҳнатимиз самарасиз кетмаган ва бир қатор салоҳиятли йигитларни топгандик. Аслида бизнинг футболчилар жисмонан у қадар бақувват эмаслар, лекин техника томондан кучли, тезкорлик ҳам чакки эмас. Саволингизга келсак, айримлар кутилган даражада ўсишди, баъзилар ҳозир шу жараёнда. Муҳими, ўша йигитлар орасида миллий жамоага кирганлар ҳам етарли.

- Ўша жамоа Баҳрайнда чиндан ҳам, ҳужумкор футбол кўрсатиб, кўпчилик меҳрини қозонганди...

- Олдинги авлод вакиллари асосан ҳимояга таяниб, қарши ҳужум асосида ўйнашганди. Мен эса йигитларга ютсак ҳам, ютқазсак ҳам ҳужумни тўхтатмаслигимизни уқтирдим. Чунки ўзбек футболи ҳужумкорликка мо­йиллигини кўрсатишимиз керак эди. Эсимда, Баҳрайндан қайтгач, бир ҳафта уйдан чиқмадим. Кайфиятим тушиб кетганди ва ишдан бўшаш ҳақида ўйладим. Муҳими, мухлислар ва мутахассислар қўллаб-қувватлашди. Бу танланган услубимиз самараси эди. Аслида Осиё чемпионати финалида ўйнашимизга шубҳаланмагандим.

- «Пахтакор»нинг ОЧЛдаги иштирокига қандай баҳо бердинглар?

- Эҳ, «Персиполис» тўсиғидан ўтишимиз керак эди. Чунки ёмон ўйин кўрсатмадик. Энг асосийси, ўзбекистонлик футболчилар ҳеч кимдан кам эмасликларига барча ишонч ҳосил қилди.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz