Қайднома

Қидирув

Пьер Мертезакер: «Энг муҳими - самимийлик»

Пьер Мертезакер: «Энг муҳими - самимийлик»

  11.12.2020 03:03
  0
  379
Пьер Мертезакер: «Энг муҳими - самимийлик»

«Арсенал» клуби ва Германия терма жамоасида ёрқин из қолдирган, Бразилия мундиали ғолиби -  36 ёшли Пер Мертезакер айни пайт «тўпчилар» академиясини бошқармоқда. Футболчилик даврида Шимолий Лондон клуби шарафини муносиб ҳимоя қилган германиялик жонкуяр «канонирлар» билан 3 марта Англия кубогини қўлга киритган, бир неча йил сардор сифатида тўп сурганди. Бундестим таркибида эса нақ 104 марта майдонга тушган. Пер яқинда «Арсенал»нинг самарадорлик ва тадқиқотлар гуруҳи мутахассислари илтимосига биноан, миллионлаб мухлисларга видеоҳисобот берди.

- Қандай футболчини чинакам етакчи сифатида кўрасиз?

- Барча ишларда аввало, самимий бўлишга интиламан. Ҳар бир қадамни ўйлаб ташлашга одатланганман. Зеро, атрофдагиларга таъсир кўрсатишни хоҳлаган киши доимо самимийликни сақлаши лозим. Хуллас, биринчи вазифа - тарбияланувчиларни эзгулик сари йўллаш. Бунда етакчи болалар ва қолганларга бирдек муносабатда бўлиш шарт. Айни шу вазифани уддалаш осон эмас.

- Бой тажрибангиздан келиб чиққан ҳолда айтингчи, тарбияланувчи қайси хусусиятлар эвазига етакчи сифатида улғайиши мумкин?

- Табиатан юриш-туришини дои­мо назорат қиладиган, камчиликларини тушуниб, уларни йўқотиш йўлларини ахтарадиган болаларни ёқтираман. Ҳозиргача ўзим ҳам мукаммалликка эришиш ҳаракатини тўхтатган эмасман. Хато ҳаммада учрайди, кимки, афсусланишга олиб келадиган жиҳатларга барҳам беришга уринса, марра ўшаники. Академияда менежер ролини бажарганимдаёқ эшитиш одоби ўта зарурлигига ишонч ҳосил қилганман. Камгаплик ва жиддий эътибор - энг муҳим шарт. Мана, кучли эътибор туфайли футболчилик фаолиятим рисоладагидек кечди. Чўққидан тушмаслик учун ташкилий ва маъмурий масалаларда етарли малака тўплашим талаб этилади. Тан оламан, бу энг заиф нуқтам ҳисобланади. Умуман, ўзига талабчанлик билан ёндашадиган болалардан кўп нарса кутиш мумкин.

- Академия раҳбари сифатида бинойидек жамоа шакллантириш учун қайси жиҳатлар муҳим?

- Ҳозир академияда 100 нафардан ортиқ мутахассис ишламоқда. Шунча кишига раҳбарлик қилиш осон эмас. Муайян нуқтаи-назар ва фалсафани сақлаб қолиш муҳим, деб ўйлайман. Бу аввало, ҳаммага манфаат келтириши шарт. Табиийки, футболда тўпланган билим ва тажрибадан имкон қадар фойдаланаман.

- Турлича савия ва табиатга эга кишилардан тўлиқ фойдаланиш учун қандай йўл тутиш керак?

- Қўл остимдагиларни қанчалик танишим ва тушунишим касбим учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу ишда қайсарлик кетмайди. Ҳозир турли соҳаларда улкан тажриба тўплаган мутахассислар билан ҳамкорлик қиляпман. Чунки билимим чекланган. Тўғри қарорга келиш учун самарали ҳамкорлик даркор. Бу масалада ҳам самимийлик аҳамияти катта.

- Бўлажак етакчининг асосий ақидаси қандай бўлади?

- Ҳамма бир-бирига муайян даражада таъсир кўрсатади, менимча. Айниқса, ҳозирги футболда қадрият ва стандарт мезонлар муҳимлиги яққол бўй кўрсатмоқда. Шахсан мен ақидамдан чекинмайман. Бўлажак етакчиларга эса доимо самимий ва ҳалол ишлашни тавсия этаман. Ёшларда тез-тез кузатилаётган салбий жиҳат - қандайдир муаммо туғилса, бошқаларни айблашади. Бу жуда хавфли. Янги авлод вакиллари кўпроқ савол беришларини истайман. Ёшларга чорловим оддий - саволларни кўпайтиринг! Петр Чехдан ниманинг ҳисобига 15 йил давомида муваффақиятли ўйнаганини сўранг. Етакчилар доимо нозик табиатли бўлишган ва бу тенденция ўзгармайди. Айбни ўзгаларга ағдармаслик - янада ўсиш гарови!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz