Қайднома

Қидирув

Диққат, нарх тушмоқда ёки ЙИЛ ДАВОМИДА сезиларли даражада АРЗОНЛАШГАН ЮЛДУЗЛАР

Диққат, нарх тушмоқда ёки ЙИЛ ДАВОМИДА сезиларли даражада АРЗОНЛАШГАН ЮЛДУЗЛАР

  11.12.2020 09:19
  0
  495
Диққат, нарх тушмоқда ёки ЙИЛ ДАВОМИДА сезиларли даражада АРЗОНЛАШГАН ЮЛДУЗЛАР

Германия­нинг transfermarkt портали яқинда Европада фаолият юритаётган футболчиларнинг янги трансфер баҳосини эълон қилди. Рўйхатга қарасак, бир қатор юлдузлар баҳоси кескин пасайган. Албатта, бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Қизиқ, қайси юлдузлар трансфер суммаси борасида кўпроқ йўқотишди?

10. Садио МАНЕ («Ливерпуль»)

Пасайиш миқдори: 30 млн. евро (150 ўрнига 120 миллион)

Сенегаллик снайпер мавсум-2019|2020да ёрқин ўйин кўрсатди: «Ливерпуль» таркибида 47та учрашувда 22та гол ва 12та самарали узатма. Унда нархи нега пасайди? Асосий сабаб - коронавирус пандемияси. Экспертлар шу йил баҳорда футболчилар трансфер қиймати уларнинг ёшига боғлиқ ҳолда 10-20 фоиз арзонлашишини тахмин қилишганди. Садио айнан 20 фоиз арзонлашди.

 

9. Гарри КЕЙН («Тоттенхэм»)

Пасайиш миқдори: 30 млн. евро (150 ўрнига 120 миллион)

Гаррининг қиймати ҳам трансферлар бозоридаги инқироз туфайли камайди. Бундан ташқари, «шпорлар» тўпурари бир неча ойни белидаги жароҳатдан қутулишга сарфлади. Тўғри, Кейн янги мавсумда анча самарали тўп сурмоқда. Демак, ҳужумчининг баҳоси қайта кўтарилса, ажабмас.

8. Муҳаммад САЛОҲ («Ливерпуль»)

Пасайиш миқдори: 30 млн. евро (150 ўрнига 120 миллион)

Тан олайлик, мисрлик тўпурар мавсум-2017|2018даги ёрқин муваффақиятдан кейин тезликни бироз пасайтирди. У ўша мавсум 52та учрашувда 44та гол ва 16та самарали узатма тўплаганди. Демак, трансфер баҳосининг тушганида шахсий кўрсаткичлари таъсири ҳам бор.

 

7. Кевин де БРЮЙНЕ («Манчестер Сити»)

Пасайиш миқдори: 30 млн. евро (150 ўрнига 120 миллион)

Бельгиялик ярим ҳимоячининг баҳоси кўпчиликни ажаблантирмоқда. У ўтган йили зўр тўп сурган бўлсада, қийматида ўсиш кузатилмади. Ваҳоланки, Кевин мавсум-2019|2020ни 13та гол ва 20та самарали узатма билан якунлади.

 

6. Раҳим СТЕРЛИНГ («Манчестер Сити»)

Пасайиш миқдори: 32 млн. евро (160 ўрнига 128 миллион)

Бу футболчининг маҳсулдорлиги сўнгги 3 мавсумда «Гол } пас» тизими бўйича 40 баллдан пастга тушмади. Лекин transfermarkt  портали учун бунинг ўзи етарли эмас: «Баҳо фақат ўйин сифати эмас, балки футболчига бўлаётган талабдан келиб чиққан ҳолда белгиланади».

 

5. Неймар («ПСЖ»)

Пасайиш миқдори: 32 млн. евро (160 ўрнига 128 миллион)

Неймарнинг баҳоси ҳам пасайишда давом этмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири - савияси нисбатан паст Лига 1да тўп сураётгани. Қолаверса, ҳужумчининг маҳсулдорлиги ҳам нисбатан пасайди, яна жароҳатлар унинг учун жиддий тўсиқ...

 

4. Антуан ГРИЗМАНН («Барселона»)

Пасайиш миқдори: 40 млн. евро (120 ўрнига 80 миллион)

Франциялик ҳужумчи «Атлетико»дан «Барселона»га ўтиб хато қилгандек. Тўғри, Антуан охирги ўйинларда ниҳоят, голлар ура бошлади. Аммо ҳозирги ҳолати каталониялик мухлислар ишончини оқлаш учун етарли эмас, барибир.

 

3. Лионель МЕССИ («Барселона»)

Пасайиш миқдори: 40 млн. евро (140 ўрнига 100 миллион)

Майдондаги ақлли ҳаракатларини ҳар қанча мақтамайлик, 33 ёш - фахрийлик нишонаси. Мисол учун, Леодан атиги 2 ёш катта Криштиану Роналду трансфери «атиги» 60 млн. еврога баҳоланмоқда. Унинг ўтган йилги нархи 90 млн. эди. Мессини ҳам тахминан шундай қисмат кутмоқда.

 

2. Кепа АРРИСАБАЛАГА («Челси»)

Пасайиш миқдори: 42 млн. евро (60 ўрнига 18 миллион)

Испаниялик кипер «Челси»да батамом омадсизликка йўлиқди. «Кўклар» томонидан сарфланган 80 млн. евро ҳавога учгандек, гўё. Мана, Кепа «қовун»­ларидан безиган жамоа унинг ўрнини Эдуар Менди билан тўлдирди.

 

1. Эден АЗАР («Реал»)

Пасайиш миқдори: 60 млн. евро (120 ўрнига 60 миллион)

Улкан «бош оғриғи», жаноб жароҳатбой! Азар «Реал» сафига ўз позицияси бўйича энг сара ижрочи мақомида қўшилганди. Аммо ҳали у ёқ-бу ёққа кўз югуртириб улгурмасидан жароҳатга йўлиқди. Кейин яна шикастланди. Шу зайлда ярим йилдан камроқ вақтда 4 марта сафдан чиқди. Ҳозир ҳам аҳвол шу...

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz