Қайднома

Қидирув

Ҳасан ал Ҳайдос: «Қатар барчани ҳайратлантиришга шай!»

Ҳасан ал Ҳайдос: «Қатар барчани ҳайратлантиришга шай!»

  12.12.2020 06:06
  0
  406
Ҳасан ал Ҳайдос: «Қатар барчани ҳайратлантиришга шай!»

***Қатар-2022 мундиали очилиш учрашувига 2 йилдан камроқ вақт қолди.

***Қатар терма жамоаси сардори Ҳасан ал Ҳайдос илк ўйинни интиқлик билан кутмоқда.

Ҳа, яна 2 йилдан кейин дунё футболининг нигоҳи мўъжазгина Қатарга қаратилади - навбатдаги жаҳон чемпионати очилиш маросимига:

Қачон? 2022 йил 21 ноябрь

Қаерда? «Ал-Байт» стадиони (Ал-Хор)

Нима? FIFA World Cup Qatar 2022 очилиш маросими

Маросимдан кейин қатарлик футболчилар «А» гуруҳидаги илк рақиблари билан бирга 60 минг оломонни ўз ичига олган «Ал-Байт» стадиони майдонига қадам босишади. Анъанавий арабча чодир кўринишида тайёрланган саҳнада турган диктор эса барча иштирокчиларни Қатар миллий мадҳиясини тинглашга таклиф этади. Табиийки, қатарлик мухлислар ва футболчилар ўз мадҳияларини жўр овозда куйлашади. Бу стадион атрофида ўзгача акс-садо беради ва бутун мамлакат бўйлаб янграйди. Камералар «Ал-Аннаби»нинг юлдузлари - Ҳасан ал Ҳайдос, Саад ал Шиб, Акром Афиф ва Али ал Моазни яқинлаштириб кўрсатади. Тушунарлики, ушбу лаҳзалар ҳар бир қатарлик хотирасига муҳрланади. Булар кўпчилик кўришни тахмин қилаётган бўлажак манзара. Хўш, Қатар терма жамоаси сардори Ҳасан ал Ҳайдос ЖЧ-2022 стартини қандай тасаввур қилмоқда? Унинг жамоадошларичи? FIFA.com сайти илк ўйинда мезбон жамоани сардор сифатида майдонга бошлаб тушиши кутилаётган «Ал-Садд» юлдузи билан айнан Қатар учун чинакам тарихий воқеага айланадиган мундиал ҳақида суҳбатлашди.

- Мана, ЖЧ стартига 2 йил қолди. 2022 йилнинг 21 ноябрь кунини қандай тасаввур қиляпсиз?

- Албатта, таърифи йўқ воқеликка тобора яқинлашяпмиз. Annabi либосини кийганим билан ҳар сафар ўзгача ҳиссиётлар оғушида қоламан. Ўйлайманки, барча жамоадошларим худди мен каби илк учрашув кунини интиқ ҳолда кутишмоқда. 2022 йилнинг 21 ноябригача тўлиқ тайёр бўлишимиздан умидворман, албатта. Тасаввур қиляпман, ўша куни эрталаб ҳамма жилмайганча бир хил савол билан мурожаат этса керак: «Ухлай олдингизми?» Менимча, ухлаш муаммо туғдирмайди. Зеро, ўша куни улкан бир илоҳий қувватга эга бўламизки, барча футболчилар стадионга бориш ва Қатарнинг шонли тарихида янги саҳифа ёзишни исташади.

- «Ал-Байт» стадионига кириб бориш саҳнасини қандай кўр­япсиз?

- Ҳозир кўзларимни юмсам, хаё­лан «Ал-Байт» стадиони жойлашган Ал-Хорга ҳар томондан оқиб келаётган мухлислар билан тўлган кўчаларни кўраман. Қатар байроқлари автоуловлар, биноларни безаб тургани ва уларни ҳилпиратаётган мухлислар... Стадионда эса трибуналар лиқ тўлиши, майдонга яқинлашганимизда, кескинлик янада кучайишини кутяпман. Бу табиий ҳолат, ахир биз бу кунни 2010 йилдан, яъни Қатар мундиал мезбони сифатида танланганидан буён кутяпмиз.

- Хўш, «Ал-Аннаби»нинг Қатар-2022 учун амбициялари қандай?

- Мамлакат шарафини ҳимоя қиламиз, демакки, амбиция шунга яраша баланд. Жаҳонга Қатар футболининг нималарга қодирлигини тўлиқ намойиш этмоқчимиз. «Плей-офф» босқичига чиқиш имконини берадиган натижа кўрсатишни кўзлаяпмиз, тўғри, бу осон эмаслигини яхши биламиз. Маълумки, олдинги жаҳон чемпионатларида айрим фаворитлар ҳам гуруҳ босқичидан нарига ўтолмаганлар - 2002 йили Аргентина ва Франция, 2014 йили Португалия, 2018 йили Германия термалари. Хуллас, ўз мамлакатимизда ўтадиган турнирдан эрта чиқиб кетмаслик учун бор имкониятларни ишга соламиз.

- Жамоангизнинг сўнгги йиллардаги ривожланишини қандай баҳолайсиз?

- Қатар футболи 17 йил олдин режалаштирилган жараённи босиб ўтди. Ўшанда аниқ мақсадлар қўйилганди, дейлик, Aspire академияси очилди ва истеъдодларни излаш бошланди. 2014 йили Қатар U-19 термаси Осиё кубогини қўлга киритди, кейин Янги Зеландия мезбонлик қилган U-20 тоифасидаги жаҳон чемпионатида қатнашди. Ушбу авлоднинг энг яхши футболчилари босқичма-босқич бош жамоаси таркибига қўшилдилар. Доимий ўқув-маш­ғулот йиғинлари ва учрашувлар орқали рақобатбардош, совринлар ютишга қодир жамоа шакллантирилди. 2015 йилги Осиё кубогидан сўнг миллий жамоанинг янги таркиби тузилди ва у навбатдаги қитъа биринчилигига қадар сезиларли даражада ривожланди. Бунинг самараси ўлароқ, 2019 йили Осиё чемпионига айландик. Бу мақомга лойиқ эдик, шубҳасиз.

- Айтингчи, 2019 йилги Осиё кубогини қўлга киритишингларда айнан қайси жиҳат катта роль ўйнади?

- ОК-2019 - биз учун қарама-қарши таассуротлар уйғотган турнир. Зеро, илк марта мухлисларнинг қўллаб-қувватлашларисиз ўйнадик. Лекин зиммамизда улкан масъулият борлиги ва Қатар халқи бизни қанчалик қўллаб-қувватлаётганини ҳис қилиб турдик. Бундай муҳитни яқинларимизнинг ижтимоий тармоқлар орқали алоқалари ҳамда телефон қўнғироқларидан англадик. «Плей-офф»даги ҳар бир ғалабадан сўнг меҳмонхонага қайтиб, Қатарда катта тантана бўлаётганини кузатдик. Шу тариқа бажараётган ишимиз нақадар муҳимлигини теран тушундик.

- Жамоангиз турнирда чиндан ҳам, ажойиб натижа кўрсатди. Дейлик, энг сермаҳсул иштирокчи бўлиш баробарида 1тагина гол қўйиб юборди. Бунга қандай эришдинглар?

- Ҳар бир ўйинда бор кучимизни ишга солдик, қўлдан келганини бажардик. Оддий айтганда, кучимизни асло аямадик. Ҳар бир ўйин ва рақибга профессионал тарзда ёндашганимиз ҳам ўз сўзини айтди. Умуман, жамоамиз энг яхши ҳужум ва ҳимояга эга эди. Бунинг натижасида энг яхши футболчи ва дарвозабонга аталган индивидуал совринлар ҳам бизга берилди. Ўша ўйинларга назар ташлар эканман, КХДР (6:0) ва Саудия Арабистони (2:0) термаларига қарши кечганларида фақат ҳужумда ўйнаганимизни эслайман. Ироқ ва Жанубий Корея термалари ягона гол эвазига енгдик, шунинг баробарида ярим финалда мезбон - БАА жамоасини 4та гол билан «янчиб ташладик». Японларга қарши кечган ҳал қилувчи баҳсда урган тезкор икки голимиз уларни кучли саросимага солди. Кейин финал эканлигини ҳисобга олиб, иккинчи бўлимда 3-голни уришдан олдин ўйин назоратига эътибор қаратдик.

- Сизнингча, 2019 йилги Осиё кубоги қатарлик футболчилар ва мураббийлар учун эталонга айланадими?

- Ўша турнир ўйиннинг турли вазиятларини муносиб ҳал қилиш қобилиятига эгалигимизни аниқ кўрсатиб берди: ҳужумга ўтиш, ҳимояланиш, рақибнинг кучсиз томонидан фойдаланиш, олдинга боришдан олдин тўпни иложи борича назорат остига олиш, узоқдан зарба йўллаш, марказдан кириб бориш... Ўз ўрнида, барча йигитларга мураббийларнинг техник ва тактик кўрсатмаларига оғишмай амал қилишгани учун миннатдорчилик билдиришим жоиз. Улар БАА майдонларида чиндан ҳам, ўз маҳоратларини намойиш этиш асносида Қатар футболи обрўсини оширдилар. Умуман, жамоамизда зарур барча жиҳатлар мужассам эди ва шукрки, енгилмас эканлигимизни исботлай олдик. Яна техник ходимларнинг саъй-ҳаракатлари ҳам самара берганини айтишим керак. Хуллас, барчаси бирлашиб, чемпионликни қўлга киритдик ва бу билан бутун қитъани лол қолдирдик.

- Энди жаҳон чемпионатида турли қитъаларнинг турли жамоа­ларига қарши ўйнайсизлар. Бу қийинчилик туғдирмайдими?

- Қийин бўлиши айни ҳақиқат, лекин бизда турли сценарийларга мўлжалланган давомли ва кенг қамровли ўқув дастури мавжуд. Масалан, 2019 йилги Америка кубогида турнир олдидан Бразилия термаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказган 3та кучли рақиб - Аргентина, Парагвай ва Колумбия жамоаларига қарши майдонга тушдик. Жорий йил эса Гана ва Коста-Рика термалари билан куч синашдик. Қолаверса, Осиё кубоги-2023 саралаши доирасидаги расмий учрашувлар ҳам қўл келмоқда. Кейинги йили яна Америка кубогига борамиз, шунингдек, КОНКАКАФ кубогида қатнашамиз, қўшимчасига йил якунига белгиланган Араб кубоги турнири бор. Ўйлайманки, ушбу мусобақалар ўйинлари етарли тажриба орттиришга ёрдам беради ва шу аснода турли шароитларда катта жамоаларга қарши ўйнаш ҳадисини ўзлаштирамиз. Бўлажак ўйинлар - ёш футболчиларимизни мундиалга муносиб ҳозирлаш учун яхшигина имконият. Умуман, жаҳон чемпионатига қадар имкон борича кўпроқ ўйин ташкил этишга вақт ҳам, имконият ҳам етарли, менимча.

- Қатарга келиши кутилаётган терма жамоалар, футболчилар ва мухлисларга нима де­йишни хоҳлардингиз?

- Шунчаки, «Қатарга хуш келибсиз!» дейман. Бу ерга келиб, ажойиб шахсий тажриба тўплайсиз ва футбол тарихидаги энг яхши ЖЧдан баҳра оласиз. Ишонтириб айтаман, Қатарда мислсиз футбол муҳити ҳукм суради.

ҲАСАН АЛ ҲАЙДОСНИНГ ЧОРЛОВИ

 

Футболчилар ва жамоаларга:

- Энг яхши турнирда қатнашишингизга кафолат бераман. Меҳмонхоналар, машғулот майдонлари ва стадионлар бир-бирига жуда яқин, бу энергия тежашда муҳим. Барчаси энг яхши кўрган ишингизни бемалол бажаришингизга ундайди. Кўплаб юлдузлар Дохага ташриф буюришган ва бу ердаги муҳитни ҳис қилишган. Баъзилар кичикроқ тадбирлардан ҳам завқ олиб қайтишган. Клублар ўртасидаги ЖЧ-2019 вақтида ҳам барчасини синаб кўриш мумкин.

Мухлисларга:

- Махсус бунёд этилган стадионлар сизга катта футбол таассуротларини тақдим этади. Бу ерда кунига 2та ўйинни бевосита томоша қилиш имконига эга бўласиз. Қатарнинг бетакрор манзараларидан чинакамига завқланишингиз тайин. Бунга аминман: денгиз, чўл ҳамда эски ва замонавий бозорлар. Барчаси равон йўллар ва поездлар тармоғи билан боғланади. Қисқаси, Қатар сизни ҳайратда қолдиришга шай!

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz