Қайднома

Қидирув

Муносабат: Бепарволик оқибати ҳамда...

Муносабат: Бепарволик оқибати ҳамда...

  12.12.2020 08:08
  0
  433
Муносабат: Бепарволик оқибати ҳамда...

Ноябрнинг сўнгги якшанбаси оқшомида яна бир бўйдоқлик оқшомини «Формула-1»ни томоша қилиш билан ўтказдим ва ҳалок бўлишига оз қолган Роман Грожаннинг беқиёс жасоратини кўрдим. Бир-икки кундан сўнг эса мени Баҳрайнда кўрганларимдан минг карра кўпроқ қойил қолдирган бошқаси чиқди. Аниқ бир қизиқ нарсани таъкидлашим жуда қийин. Ниҳоят, Элдор гол урди. Агар бирор параллель коинотда ўзбек футболчисини зудлик билан топ-клубга телепортация қиладиган кучлар мавжуд бўлса, мен рад этардим. Доимо шундай илк муваффақиятларни кўришни хоҳлайсан киши. Шартнома имзолаш, биринчи жароҳат, ассист ва энди гол. Шомуродов, шубҳасиз, Европада ютуқларга эришади. Чемпионлар Лигасида ўйнайди, терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқади. Италия футбол шоуси фотомоделлари эса унга ошиқ бўлишади.

Аммо ўзбек футболида абсурдлар учрамаганда, у ўзбек футболи бўлмай қоларди. Агар бундан олдин Россия ва Италия матбуоти футболчимизнинг ўйинига жуда яхши баҳо берган бўлса, кечга келиб кўплаб дунё оммавий ахборот воситалари «сариқ матбуот»нинг бутун кучи билан ўзбек футболига чуқур сингиб кетишди. Гўзал Фарғона шаҳрида Про-лига турнири доирасида маҳаллий «Нефтчи» ва Яйпаннинг «Турон» жамоалари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Сўнгги тур учрашуви конкрет муаммони ҳал қилди. Ғолиб Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Натижада «Турон» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва тарихда биринчи марта Ўзбекистоннинг олий дивизионига йўл олди. Бу албатта, ёқимли. География кенгайиб бормоқда. Боз устига, жамоанинг хусусий эканлиги айтилмоқда. Кейин эса шов-шувли ҳодиса кузатилди...

Финал ҳуштаги чалинганидан кейин «Турон» футболчилари анъанавий равишда қувонишди ва ғалабани тўғридан-тўғри майдонда нишонлашди. Фарғонанинг «Нефт­чи» клуби футболчилари эса ҳакамлар бригадасига ҳужум уюштиришди. Бутун дунёга тарқалиб кетган видеоёзувлардан лайнсменга қандай босим ўтказилгани, мухлислар майдонга туша бошлагандан сўнг товушлари бутун Фарғона водийси бўйлаб эшитиладиган жазава бошлангани сезилиб турди.

«Нефтчи» футболчиси Жамшид Тўрақулов учрашув бош ҳаками Шавкат Насибуллаевга Эрик Кантона услубида зарба берди. Албатта, кўрганларидан илҳомланиб, мухлислар қўшилишди, ҳакамни ушлаб қолиш ва зарарсизлантиришга уринишди. Шавкат тартибсизликни вақтида англаб етиб, трибуна остидаги хонага қараб югурди. Аммо ҳаттоки, у ерда ҳам бир талай фарғоналик мухлислар уни қувиб ўтиб, яхшилаб «адабини беришди».

Умуман олганда, ҳакам енгил жароҳат билан қутулди. Насибуллаевга лайнсменлар Ришат Нугманов ва Дониёр Сайловов ёрдам беришди. Улардан бирининг бошини ёришди ва фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг аралашуви уни ёмон оқибатлардан халос қилди.

Хўш, нима учун бу воқеа содир бўлди?

Биринчидан, мухлисларнинг ҳиссиётларини ҳеч ким бекор қилолмайди. Эҳтимол, бу уларнинг ҳаракатларини қандайдир тарзда асослайдиган ягона баҳонадир. Асосий сабабларга тўхталадиган бўлсак, шубҳасиз, бу - Суперлига чиптаси, ҳакамларнинг ишидан қониқмаслик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ўйин ташкилотчиларининг бепарволиги.

Шавкат Насибуллаев - республика тоифасидаги ҳакам. Бу йил у тез-тез миллий чемпионат учрашувларига тайинланди. Жорий мавсум у Суперлиганинг 10та ўйинида ишлади. Уларда 4та қизил ва 34та сариқ карточка кўрсатган. Яъни, ҳакам анча «қаттиққўл». Қизиғи шундаки, у аввал ҳам можаролар «радар»ига тушиб қолганди.

Ўтган йилги чемпионатнинг 14-турида «Металлург» АГМКга қарши баҳс олиб борди. Ушбу ўйиндан сўнг Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитаси жарима билан бирга Насибуллаевни тўртта ўйинга дисквалификация қилганди. Айтганча, ўшанда унинг ўзини оқлашига сабаб бор эди. Олмалиқликлар бош мураббийи Миржалол Қосимов четда турмади. У Насибуллаевни баланд овозда сўкди ва битта учрашувга дисквалификация қилинди.

Фарғонадаги учрашув Насибуллаевнинг «Турон» дарвозасига пенальти белгиламагани билан «Нефтчи» мухлислари ёдида қолди. Ўйин трансляциясида тўп «тирсакдан юқори зона»га қандай текканлиги аниқ кўрсатилган. «Нефтчи» футболчисининг зарбаси шунчалик яқин масофадан берилгандики, унга ҳатто Златан Ибрагимович ҳам вақтида реакция кўрсатолмасди.

Шунингдек, «Турон» футболчисининг «Нефтчи» дарвозабонига қарши тажовузкор ўйнаганини ҳам эслаш даркор. Футболчилар ўртасида одатий можаро бошланди ва натижада, қизил карточка ўрнига, иккаласига ҳам «сариқ» кўрсатилди. Олдинги ютуқ ва муваффақиятсизликларини инобатга олган ҳолда, ҳакамнинг фаолиятига омад тилашдан бошқа иложимиз йўқ. Воқеадан кейин ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари саккиз кишини ҳибсга олишди. Терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Сайтдаги ягона қайд - бу учрашув ҳақида қисқача репортаж ва «Турон»нинг Суперлигага йўлланма олгани муносабати билан йўлланган табрик.

Мазкур ҳолатда бошқарув органларининг позицияси кишини ажаблантиради. Дастлаб «Нефтчи» - «Турон» ўйини 29 ноябрь, якшанба куни бўлиб ўтиши керак эди. Аммо шу куни «Пахтакор» «Локомотив» билан ўйнаши кўзда тутилганди, чемпионни қутлаш, байрам уюштириш, ғолибларга кубокни топшириш зарурати вужудга келганди. Шу сабабли, Фар­ғонада ўтиши режалаштирилган Про-лига баҳси икки кун ке-йинга қолдирилди. Бундан нима чиққанини эса ўзингиз кўрдингиз.

Бундай ҳолатлар тез-тез учраб турадими? Билмайман. Ҳеч нарса аниқ эмас. Аммо ўзбек футболи шу тариқа можаролар, нотўғри қарорлар ва популизм ботқоғига ботган паллада ривожланишни кутиш қийин. Хайриятки, шундай пайтларда Шомуродов ўз кўрсаткичлари билан нохушликлардан чалғишимизга сабабчи бўлмоқда.         

Евдоким РАИМОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz