Қайднома

Қидирув

Марко Станоевич: “Мавссумдан қониқдим, албатта”

Марко Станоевич: “Мавссумдан қониқдим, албатта”

  14.12.2020 07:00
  0
  320
Марко Станоевич: “Мавссумдан қониқдим, албатта”

Жорий йилги мавсум «Насаф» учун анча муваффақиятли кечди. Дейлик, Қарши клубининг ёшлари U-18 биринчилигида чемпионликни нишонлашди, улар U-21 тоифасида ҳам совриндор бўлишди - 3-ўрин. Асосийси, «Насаф»нинг бош жамоаси ҳам якунда совриндан қуруқ қолгани йўқ - кумуш медаль Қаршига кетди. Мана, Рўзиқул Бердиев бир неча йиллардан буён асосан клуб академияси тарбияланувчиларига таяниб, муносиб натижани таъминлаб келмоқда. Қисқаси, орада нисбатан паст поғоналардан жой олган «Насаф» жорий йил яна юқорига кўтарилди. Рўзиқул Бердиевнинг молиявий қийинчиликлар ва бошқа муаммоларга қарамай, ёш футболчиларни медаллар учун курашга шайлантиргани таҳсинга сазовор, албатта. Тўғри, мураббий таркибни легионерлар билан ҳам имкон даражасида кучайтиришга уринди. Жумладан, Марко Станоевич, Дилавер Харрис ва Файсал Траоре жамоа сафига қўшиб олинди. Босниялик Харисга биринчи даврадан кейин жавоб берилди, Марко ва Файсал эса ишончни оқлашди. Айниқса, майдон марказида совуққон тўп суриши, стандарт вазиятларда ҳамиша хавф туғдиргани, кутилмаган аниқ зарбалар воситасида голлар ургани билан кўзга ташланган Марко Станоевичга юқори баҳо бериш мумкин. Жумладан, АГМК, «Бунёдкор» ва «Пахтакор» каби асосий рақиблар дарвозасини ажойиб тарзда нишонга олган сербиялик футболчи Рўзиқул Бердиев учун том маънода топилма бўлди. Хўш, Станоевичнинг ўзи мавсумдан нечоғли қониқди?

Тасдиқланмаган хабарларга қараганда, Марко Станоевич «Насаф» билан шартномаси муддатини узайтиришга рози, фақат 2021 йилги мавсум учун 150 минг доллар (чамаси 1,5 миллиард сўм) миқдорида маош сўрамоқда. Тўғри, Марконинг ўзи клуб вакиллари билан на шартномани узайтириш ва на маош масаласида ҳали гаплашмаганини таъкидлади.

- Марко, аввало, кумуш медаль билан табриклаймиз. Жамоангиз 2-ўрин масаласини сафарда услуб жиҳатидан ўзига ўхшаш «Бунёдкор» билан ўйинда ҳал қилди. Дастлаб шу учрашувга тўхталсак...

- Қизиқарли ўйин. Ҳа, «Бунёдкор» ҳам очиқ футболни хуш кўрадиган яхши жамоа. Очиғи, совринни асосий рақиблардан бирини енгиш асносида расмийлаштириш икки ҳисса ёқимли. Ўйлайманки, ўша куни ғалабага муносиб тўп сурдик, охиригача курашдик.

- Ўзбекистон чемпионатидаги дебют мавсумдаёқ совриндор бўлдингиз...

- Ҳа, мавсум мен учун Ўзбекис­тондаги биринчиси эди. 2-ўрин «Насаф» учун қониқарли натижа, менимча. Ҳар ҳолда, натижадан ҳамма қониқди, шахсан мен ҳам. Зеро, «Насаф» бутун чемпионат да­­вомида чиройли футбол кўрсатди.

- Мухлислар сизни ҳаттоки, Драган Черанга қиёслай бошлашди. Бунга муносабатингиз...

- Драган - қадрдон дўстим ва бу каби ўхшатишлар ёқимли. Лекин у мутлақо бошқача футболчи, кўп гол уради, сира тинмайди. Черанни бемалол Ўзбекистон чемпионатидаги энг яхши футболчилардан бири сифатида таърифлаш мумкин. Тўғриси, ҳозир ўзимни унга таққослашим қийин...

- Биринчи даврада Олмалиқда кечган ўйинда АГМК дарвозасига ажойиб гол урдингиз ва иккинчи даврада ҳам буни такрорлаш уддасидан чиқдингиз...

- АГМКга қарши ҳар икки ўйин қизиқарли тус олди. «Насаф» учун натижа баробарида чиройли футбол ҳам муҳим ҳисобланади. Тўғри, бунинг устида янада кўпроқ ишлашимиз лозим.

- Голларингизни асосан кимга бағишлайсиз?

- Ҳар доим аввало, оиламга!

- Биламизки, машҳур «Црвена Звезда» клуби тарбияланувчисисиз. Сербия футболида муҳим ўрин тутадиган бу жамоага ҳамон бефарқ бўлмасангиз керак...

- «Црвена» - чиндан ҳам, Сербиянинг энг совриндор ва катта клуби. Жамоанинг охирги 2 йилда  ЕЧЛда ўйнагани унинг даражасидан далолат. 13-19 ёш оралиғида «Црвена» академиясида шуғулланганман ва табиийки, клуб бир умр қалбимда қолади.

- Сиз учун Сербия тарихидаги энг кучли 3 нафар футболчи...?

- Қийин савол. Кўплаб ҳамюрт­ларим топ-жамоаларда муносиб ўйнашган, ўйнамоқдалар. Шахсан мен Неманья Видич, Деян Станкович ва Неманья Матични алоҳида эътироф этишим мумкин.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz