Қайднома

Қидирув

Тони Кроос: “Зидан муаммога ечим топади, албатта”

Тони Кроос: “Зидан муаммога ечим топади, албатта”

  15.12.2020 03:30
  0
  332
Тони Кроос: “Зидан муаммога ечим топади, албатта”

Мадриднинг «Реал» клуби ярим ҳимоячиси Тони Кроос Германия миллий жамоасининг Лейпцигдаги ўқув-машғулот йиғинида бўлган пайти Marca нашрига интервью берди. У «Мадрид» атрофидаги воқеалар, Испания пойтахтидаги ҳаёт ва келажак истиқболлари ҳақида ўзига хос услубда жавоб қайтарди. Бундан ташқари, Кроос «Реал» таркибидаги ротация, халқаро футбол ва Европа Суперлигаси атрофидаги гап-сўзларга муносабат билдирди. Тони суҳбат бошида нега айнан «Реал»ни танлагани хусусида гапирди.

- Жуда оддий. «Реал» дунёдаги энг яхши, ҳатто энг катта клубдир. Ўша пайтлари шундай ўйлардим ва ҳозир ҳам. Орадан анча йиллар ўтди. 2013 йили «Бавария» раҳбарлари билан жиддий суҳбатлашиб олгандим. Дастлабки ғоям у ерда қолиш эди, аммо биз баъзи муаммоларга дуч келдик. Якунда ҳеч қандай келишувга эришолмадик ва мен уларга бошқа вариантларни қидиришимни айтдим. Жаҳон чемпионати бўлиб ўтаётганди, унда ёмон ўйнамаганман, деб ўйлайман (кулади). Анчелотти қўнғироқ қилиб, мени ўз жамоасида кўришни исташини билдирди. Қарор қабул қилиш қийин кечмади. Айнан мана шу энг яхши вариант эди ва бундан жуда хурсанд бўлдим.

- «Реал»га тезда киришиб кетишингизга сабаб нима?

- Мадриддаги дастлабки кунларимда нафақат жамоадошларим ва бош мураббий, балки мухлислар ҳам менга яқин кишисидек муомалада бўлишди. Германияда эса сендан мамнун бўлишлари учун аввало яхши ўйнашинг керак. Аммо Мадридда ўйиним яхши ёки ёмон бўлишидан қатъи назар, мени мамнуният билан кутиб олишди. Ўз навбатида, бу менга қулайлик яратди ва бошидан яхши ўйнашимга ишонч бағишлади.

- Немис футболчилари ҳар доим «Реал»да яхши ўйнашган. Шундан келиб чиқиб, мадридлик мухлислар нега кўпроқ германиялик ўйинчилар олинмаслигидан ҳайрон бўлишмоқда.

- Сами Хедира сингари замондош футболчилар Испания пойтахти ҳақида жуда илиқ фикрлар билдиришган. Бундан ташқари, анча олдин «Реал»нинг собиқ футболчиси Гюнтер Нетцер билан ҳам суҳбатлашишга муваффақ бўлгандим. У менга Мадрид нафақат ўйнаш, балки яшаш учун ҳам яхши жой эканлигини айтган. Хуллас, Мадрид ва клуб ҳақида фақат яхши нарсаларни эшитганман. Немисларнинг кўп эмаслиги тўғрисидаги савол эса менга эмас (кулади).

- Мадридга яхши ўрнашиб олгансиз. Шаҳар сизга нима берди?

- Тўғри, шаҳар муҳим, аммо бундан ҳам муҳими, ким билан яшаётганингиз ва кунингизни ким билан ўтказаётганингиздир. Умуман олганда эса, Мадрид Германия­дагидан кескин фарқ қиладиган ўзгача иқлимга эга. Уйим марказда жойлашган. Табиийки, у ер одамлар билан гавжум. Оилам билан айланишга чиқишим керак. У ерда эса мени ҳамма танийди. Бу яхши, чунки маҳаллий мухлислар ажойиб ва «Реал»нинг ҳақиқий фанатларидир. Лекин баъзида ёлғиз қолишни хоҳлаб қоларкан киши.

- Уларнинг ҳурматини ҳис қиляпсизми?

- Албатта. Мухлислар мунтазам равишда дастхат ва фотосуратлар сўраб туришади. Бу жуда яхши, чунки сизни севишади. Баъзан хотиржамлик билан уйдан чиқишни хоҳлайсиз, аммо бу бироз қийин масала. Ҳозир испанчада яхшироқ гаплашяпмиз. Даст­лабки йилларда турмуш ўртоғим маҳаллий тилни умуман билмасди ва бу жуда оғир дамлар эди. Тилни билмаслик, деярли танишларингиз йўқ... Ўз мамлакатингизни 24 ёшда тарк этганингиз ҳаётингизда жуда катта ўзгариш демакдир. Лекин биз ҳамма нарсага дош бердик.

- Бу ерда сиз Антониосиз...

- Ҳақиқий исмимни унутмайман, лекин Антонио бўлганим учун жуда яхши ишлаяпман.

- Нега «Реал»га барқарорлик етишмаяпти?

- Ҳа, бизга нимадир етишмаётгани рост ва бу сир эмас. Агар натижаларимизга назар ташласангиз, иккитаси яхши, бири ёмонлигига гувоҳ бўласиз. Янада кучлироқ ўйнаш керак. Баъзи ўйинларни томоша қилиб, бундан ҳам яхшироқ тўп суришимиз мумкинлигини тушунаман. Масалан, «Барселона» билан баҳс, «Интер»га қарши кечган ўйиннинг биринчи бўлими ёки бошқа учрашувларни мисол сифатида кўрсатсак бўлаверади.

- Жамоага нима етишмаяпти?

- Ҳозир жуда тушунарсиз ҳолатни бошдан кечиряпмиз. Ҳар уч кунда ўйнаймиз, таътил ҳам қисқа бўлди. Ўтган мавсумни анча кеч тугатдик, ёзги трансфер ойнасида эса керакли футболчиларни сотиб ололмадик. Энди камига жароҳат олганлар бор, кимдир COVID туфайли танаффус қилишга мажбур. Лекин ўзимни оқлашни ёқтирмайман. Ҳар бир учрашувда рақибни мағлуб этишга қодир бўлган бошланғич таркиб билан майдонга тушамиз. Бунга шубҳам йўқ. Нега шундай бўлмаяпти? Ўйинимизни янада яхшилаш учун ечим топишимиз даркор. Бу осон эмас: ҳар бир ўйинда ўзига хос вазиятлар мавжуд. Айнан шунинг учун биздан муносиб жавоб қайтариш талаб этилади. Ҳақиқат шундаки, жамоадек, биз бирор-бир нарсани ютишни истасак, яхшиланишимиз керак. Буни қандай амалга ошириш бўйича тажрибамиз бор.

- Мухлисларнинг йўналиш ўзгаришига умид қилишлари учун асос борми?

- Агар қандай ўйнашимизга назар ташласангиз, албатта, ҳа. Баъзида муваффақиятсизликлар юз беради ва биз энди бунга имкон қадар йўл қўймаймиз.

- Футболчилар ротацияга қандай қарашади? Учрашувни ўтказиб юбориш сизга ёқадими?

- Ҳар ҳолда, ўйинда қатнашмаганимдан ҳеч қачон хурсанд бўлмайман. Барча футболчилар ҳам шундай деб ўйлайман. Аммо бош­қа томондан, бош мураббийни тўғри тушунаман, чунки ҳар уч кунда ўйнашимиз керак, айниқса, бу мавсум тўхтовсиз ўйнаяпмиз. Бу пандемиядан кейин бўлгани каби, икки ёки уч ой эмас, балки Европа чемпионати якунига қадар давом этади. Тушунаман, Мистер баъзида таркибни ротация қилишга мажбур бўлади. Ўйинчи сифатида буни қабул қилишим шарт ва ўйнаш навбати келганда, қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Жисмоний ва руҳий ҳолат яхши шаклда бўлганида, доимо ўйнашни хоҳлайсиз. Аммо ротация ва дам олишларга бардош бериш керак.

- Сизнингча, Зиданни нега муҳокама қилишяпти?

- Агар натижа кўрсатмасангиз ва умидларни оқламасангиз, «Реал»да мунозара учун жой борлигини ҳамма билади. Шунинг учун биз ушбу клубдамиз. Аллақачон Зидан билан бундай даврларни бошдан кечирдик ва одатда, омадсизликларни енгиб ўтамиз. Бир неча ҳафта олдин, «Кадис» ва «Шахтёр»дан учралган мағлубиятлардан сўнг «Барселона»га бордик ва ажойиб ўйин намойиш этдик. Биз шундай яшаймиз ва агар натижа кўрсатмасак, биринчи навбатда бу клубда нима бўлаётганини Мистер билади. Биздан талаб қилинадигани - ўйинни яхшилаш ва ғалаба қозонишга интилиш. Бош мураббий муаммо ечимини топади, албатта.

- Германия термаси ихтиёрида бўлганингизда «Бавария» қолган жамоалардан анча устунлиги ва «Реал» бу йил ЕЧЛда оғир кунларни бошдан кечираётганини ҳис қилдингизми?

- Шубҳасиз айтишимиз мумкин бўлган ягона нарса - сўнгги бир неча ой ичида «Бавария» дунёнинг энг яхши жамоаси. «Реал» анчадан буён шундай яшаб келмоқда ва биз бу осон эмаслигини биламиз. Кетма-кет ўн йил ғалаба қозонишнинг иложи йўқ. «Реал» икки-уч йилдан бери дунёнинг энг яхши жамоаси бўлиб келмоқда. Энди «Бавария», аммо бу билан бизнинг обрўйимиз тушиб қолмайди. Сўнг­ги бир неча ой ичида улар қандай ўйнаганига назар ташласангиз... тўртта гол билан ғалаба қозонолмаган бирорта ўйини йўқ. «Бавария» Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлди, мен учун ушбу клубни ким ютса, ўша дунёнинг энг яхши жамоа­сидир. Чунки мазкур турнирда ғалаба қозониш энг қийин вазифа ҳисобланади. Тўғри, улар ҳозир биздан кучлироқ, аммо бу муаммо эмас. Чунки биз уларнинг чемпионатида ўйнамаймиз ва ҳеч бўлмаганда ҳозирча Чемпионлар Лигасида уларга дуч келмаймиз.

- «Бавария» футболчилари бош­қача тезликда ўйнашадими?

- Уларда ритм ва жуда яхши юқори босим мавжуд. Тан олишим керак, айни пайт биздан устун жамоалар бор.

- Тони Кроос атрофда содир бўлаётган воқеаларга бефарқ қарамайди, шу мақсадда ўз фондига ҳам асос солган, шундайми?

- Сўнгги беш йил давомида Германияда оғир касалликка чалинган болаларга ёрдам бериб келаётган фондим ишлаб турибди. Менда уларнинг орзуларини рўёбга чиқариш учун ёрдам бериш имконияти бор. Ҳаёт мураккаблашиб боряпти, пул бўлмаса, янада қийинлашади. Агар уларнинг уйларида бирор нарсани ўзгартира олсам ёки ота-оналар амалга оширишни истаган, лекин бажара олмайдиган болалик орзуларини бажарсам, буни албатта қиламан. Уларга ёрдам беришларини айтганингизда, бу футболдан кўра муҳимроқ эканлигини тушунасиз. Ушбу хайрли ишни ҳеч қачон тўхтатмайман. Футбол ўйнашни тўхтатишим мумкин, лекин ёрдам беришни эмас, асло.

- Европа Суперлигасига муносабатингиз...

- Бунда шубҳасиз ижобий жиҳатлар бор. Масалан, биз фақат Чемпионлар Лигаси ярим финалида кўришга одатланган савияси юқори ўйинлар сони ортади. Бу ҳам жамоа мухлислари, ҳам нейт­рал томошабинларни футболга жалб қилади. Барчамиз юқори даражали ўйинларни кўришни истаймиз. Аммо кичик клублар ҳақида ҳам ғамхўрлик қилиш лозим, уларнинг барчаси рақобатбардош. Суперлига эса бироз ўзгача лойиҳа. Мени кўпроқ бош­қа нарсалар ташвишга солмоқда.

- Қандай нарсалар?

- Масалан, кўпроқ турнирлар пайдо бўлади. Бизда икки-уч ҳафта бўш кунларимиз бор ва мен ФИФА ҳамда УЕФА янги турнир ўйлаб топишига аминман. Мени футболчиларнинг соғлиғи ташвишга солмоқда. Ҳар уч кунда ўйнаб, чарчашни бошлайсиз. Демак, ўйинлар керакли даражадан ортиқ. Бу худди йигирма жамоа иштирок этадиган яна бир клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига ўхшайди. Унга эҳтиёж йўқ, деб ўйлайман, бу ҳеч бир футболчига ёқмайди.

- Фаолиятингизни «Реал»да якунлайсизми?

- Шунга ҳаракат қиламан. Ҳали жисмоний ҳолатим яхши. Икки йил олдин қийин мавсумни бошдан кечирдик. Ҳозир бироз яхшиланди, яна курашамиз (кулади)

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz