Қайднома

Қидирув

Эътироф: "Қизил тумор" ёхуд яна Диогу Жота ҳақида "бадиа"...

Эътироф: "Қизил тумор" ёхуд яна Диогу Жота ҳақида "бадиа"...

  15.12.2020 09:00
  0
  309
Эътироф:

Диогу Жотани танийдиган (айниқса, Португалияда) истаган киши билан суҳбатлашсангиз, у доимо ўзига етарли баҳо бермаганлигини тасдиқлайди. Жота фақат ўзига ишонган, аммо ҳеч қачон элитага даъво қилмаган. «Диогу ўта зеҳнли бўлгани учун ундан иқтидорли ўйинчиларга нисбатан кўпроқ нарсаларни талаб қилишади. Портуда унга ўхшаган йигитлар жуда кам», дейди футболчининг яқин дўстларидан бири.

Дарҳақиқат, ёш иқтидор соҳибида ибрат бўлишга арзийдиган мисоллар етарли: фаолиятини Португалиянинг камтарин жамоасида бошлаган Жота 4 йил ичида «Атлетико» таклифини рад этиб, энди Англия чемпиони таркибидан жой олди. Парвоз шиддатини баҳолаш учун олим бўлиш шарт эмас. «Қизиллар» сафига қўшилган кунидан бошлаб ёш ҳужумчи жамоанинг ардоқли «тумор»ига айланди. «Энфилд»нинг ёрқин афсоналаридан бири Стивен Жеррард ҳам асосий таркибнинг доимий аъзоси бўлгунга қадар қанчадан-қанча қийинчиликларга дуч келган, лекин тобора кучлироқ иштиёқ билан олға интилганди. Унинг иқтидорига шубҳа билан қараганларнинг таъна-дашномлари Стивига қўшимча куч бағишлаб, охир-оқибат нималарга қодирлигини намойиш этганди.

Диогу Жотага қадрдон «Порту» ҳам ишонч билдирмагач, ўсмир қўшни «Пасуш»га йўл олди. Таажжубки, ўзининг тарбияланувчилари билан шуҳрат қозонган клуб шундай ноёб жавоҳирни кўра олмади. Ўз шаҳрига сиғмай қолган Диогу қўшни жамоада ҳамшаҳарлари хатосини исботлашга қарор қилди.

«Пасуш»да бошқа футболчилар қатори Пеле исмли йигит ҳам Жотанинг жамоадошига айланди. 24 ёшли футболчи анча тажрибали бўлгани боис, илк учрашувдаёқ Диогунинг юксак салоҳиятига ишонч ҳосил қилди. Дебютант 19га чиққанида «Пасуш» Лига кубоги мусобақасида қатнашиш имкониятига эга бўлган, тақдир тақозосига кўра, «Спортинг» билан куч синашишига тўғри келганди. Табиийки, ғалаба қозониш камтарин жамоанинг хаёлига ҳам келмаганди: рақиб чемпионлик сари интилаётган номдор жамоа бўлса, ўйин ҳам унинг майдонида ўтади. «Жозе Алваладе» эса меҳмонларни менсимай қарши олди.

Ўша паллада Жота 21 марта майдонга тушган бўлсада, тажрибалироқ жамоадошлари олдига талаблар қўйишдан ҳайиқмаганди. «Пасуш» учун еврокубоклар ҳудуди чегарасида ниҳоясига етган мавсумда Диогу 12та гол урди. Жумладан, ўша голларнинг бири «Порту» устидан кичик ҳисобдаги ғалабани таъминлади. Таажжубки, аллақачон асосий таркиб ўйинчисига айланганига қарамасдан, Жота академия ётоқхонасида болалар билан яшарди. Мана шу ҳолат Пелени ажаблантирганди. Айниқса, ўзига жуфт (Рут Кардоза) топиб олганини инобатга олсак. Наҳотки, у қиз билан суҳбатлашишни ёқтирмаса? Ёки машинасига ўтириб, Портудаги қариндошларидан хабар олишни? Бироқ Жота ҳеч қаерга шошилмас, бунинг ўрнига болакайлар билан PlayStationда FIFA ўйнашни афзал кўрарди. Аммо футбол вақти келганида, бор эътиборини майдонга қаратарди. У ўз голлари ва ўйини билан жамоага ёрдам берар ва тезроқ топ-клубга ўтиши кераклигини ҳис этарди.

Диогу «Порту» стадиони яқинида яшаган бўлсада, клуб унинг учун жуда олис туюларди. Ўшанда 2-дивизиондаги «Гондомар» ёшлари таркибида тўп сурарди. «Бенфика»даги Пабло Аймарни «кумир» деб ҳисобларди. Диогу исмли бошқа болакайлардан ажралиб туриш мақсадида ўз либосига номидан кейин Ж ҳарфини ёздириб олганди. Бу ҳарф португал тилида «Жота» деб талаффуз этилади. Энди у ҳужумчининг тахаллуси бўлиб қолди. Аслида унинг тўлиқ номи - Диогу Жозе Тейшейра да Силва.

Футболчи «Гондомар»ни 17 ёшда тарк этди. Бу жамоада 37 марта майдонга тушиб, 39та гол урганди - чемпионат рекорди. Баъзан шанба куни 17 ёшлилар сафида майдонга тушиб, эртасига 19 ёшлилар билан ўйнарди. Шу боис, битта «уик-энд»да 2та «хет-трик»­ка эришган пайтлари ҳам бўлган.

Ҳозирда ўз академиясига Жота номини берган «Гондомар» ўз тарбияланувчиси билан фахрланади. Бироқ футболчи бу жамоани тезроқ тарк этиш ниятида бўлган - унга асосий таркибдан жой берилмаганидан ранжиганди. Диогу 1-2 марта Браганинг «Спортинг»и машғулотларида бўлди, кейин «Бенфика» ва «Порту» скаутлари билан учрашди. Лекин бирор-бир натижа чиқмади. Ниҳоят, навбат ҳужумчининг асл фанатига айланган «Пасуш»нинг ёшлар координатори Жилберту Андрадега келди. У клуб президентини Жота билан шартнома имзолашга кўндирди.

Таажжубки, янги жамоада ўз ўрнини топиб олиш Жота учун қийин кечди. Ҳатто унга жавоб бериш ҳақида фикрлар пайдо бўлди. Буни қарангки, қаҳрамонимиз ўзининг дебют учрашувида барча шубҳаларга барҳам берди. Португалия кубоги доирасидаги ўйинда тўп киритиб, жамоа тарихидаги энг ёш гол муаллифи бўлди. Қўшимчасига, ўша ўйинда 2та ассистни ҳам расмийлаштирди. Шу тариқа Диогу 12 марта майдонга тушиб, мавсумни 4та гол билан якунлади. Бу натижа жамоада 4 йиллик шарт­номага имзо чекиш имкониятини берди.

Албатта, келишув Жотанинг кайфиятини кўтарди. Бироқ у мамнунлигини яширмаган ҳолда, келажак режаларини ҳам очиқ-ойдин изҳор этди: «Шартномам 2019 йилгача мўлжалланган. Бироқ ёлғон гапиришни ёқтирмайман: бу ерда узоқ қолмоқчи эмасман. Шу мавсумда (2015|2016) талаб даражасидаги савияга кўтарила олишимга ишонаман».

Ўша пайт футболчининг позицияси аниқ эмасди. У ярим ҳимоя чизиғининг чап қанотида, ҳужумда ҳам ўйнайверар, сохта тўққизликни хуш кўрарди. Кейинчалик «Шахтёр» ва «Рома»ни бошқарган Паулу Фонсека даврида Жота иккинчи ҳужумчи ролида майдонга тушди. Мураббийлик лавозими Симауга ўтгач, у қанотга яқинроқ ҳудудга ўтди. Бунга қадар «Брага» ва «Боавишта»да ишлаган Симау 2015 йилда «Пасуш»га келганди. Жота ҳақида у ҳеч нарса билмасди. Тез орада Диогу янги устозининг ишончини қозонди. Ёш шогирдидан кўнгли тўлган мураббийни ноёб иқтидорнинг камтарин жамоада барбод бўлиши хавотирга қўйди. Бироқ тез орада Диогу хавотирга барҳам берди.

2016 йилда «Атлетико»га ўтганида, Жота ёш йигитча эди. Мадридда янги жамоадоши Антуан Гризманнинг ўйини унга ёқиб қолди: «Унинг ҳаракатлари завқ беради. Мен ҳам шундай ўйнай оламан, деб ўйлайман. Жисмоний кўрсаткичларимиз жуда яқин». Аммо Диего Симеоне тамоман ўзгача фикрда эди. У Жотага имконият бермади. Натижада футболчи аввал «Порту»га, кейин «Вулверхэмптон»га «сургун» қилинди.

Нима учун шундай бўлди? Ишонч­ли манбаларнинг таъкидлашича, «Атлетико» фақат Симеоненинг кўрсатмаларига итоат этади. Аргентиналик мутахассис тажрибасиз Диогунинг жамоа талабларига жавоб бера олишига ишонмаган. Бундан ташқари, футболчининг «Пасуш»дан харид қилиниши бош директор Мигель Анхель Хилнинг ташаббуси билан амалга оширилганди. Жотанинг ўзи эса «Арсенал» ва «Вест Хэм» скаутлари таклифларига эътибор бермай, айнан «матрасчилар» таркибига интилди: «Атлетико»нинг таклифи ўта салобатли эди. Молиявий жиҳатлари барча жамоалардаги каби бўлсада, клуб соҳибининг юриш-туриши менга ёқиб қолганди».

Хуллас, Диогу Жота ва унга ўхшаган бир неча футболчилар учун «Атлетико»даги фаолият мавсумолди тайёргарлиги билан ниҳоясига етди. Айрим манбалар мадридликларни мақсадсиз харидларни амалга оширганликда айбласа, бошқаси бу келишувлар фақат клуб ва Жорже Мендеш манфаатларига хизмат қилганлигини таъкидлайди.

«Атлетико»га ўтганидан кейин Жота «Вулверхэмптон» эътиборини тортди. Клубнинг янги соҳиблари Мендеш билан тиғиз алоқа ўрнатиб, таркибларини португалиялик футболчилар билан тўлдира бошладилар. Жотани улар молиявий «фейр-плей» қоидаларига амал қилган ҳолда ижарага олишди. Шу тариқа Диогу «бўрилар»нинг 3-4-3 схемасига осон мослашган тайёр ҳужумчига айланди. Она тилида сўзлашадиган касбдошларининг кўпчилик эканлиги эвазига улар билан тез тил топиша олди.

«Вулвз»нинг Чемпионшипда ғолиб чиқишига Диогу 17та голи билан ҳисса қўшди. Бироқ АПЛдаги 13та ўйинда бирорта тўп киритолмади. Бу ҳужумчи учун ўта оғир руҳий зарба бўлсада, Нуну Эшпириту ватандошига бўлган ишончини йўқотмади. Севимли позицияси - марказга ўтганидан кейин Диогу дарвозаларни забт эта бошлади ва тез орада 10та гол ва 7та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Рауль Хименес билан ташкил этган жуфтлиги жамоанинг даҳшатли қуролига айланди. Бироқ журналистлар Хименес, Невеш ва Траорени тинимсиз равишда мақтасаларда, Жотага эътибор беришмасди. Диогуни эса икир-чикирлар умуман қизиқтирмас, ўз юмушлари билан овора эди.

Қисқаси, Жота ҳатто АПЛга ўтганида ҳам ўзлигини йўқотмади, баъзан қаторасига бир нечта учрашувларда голлар урса, баъзида қисқа танаффус оларди. Ниҳоят, 2020 йилда у ва мураббий бир овоздан унинг «бўрилар» олдида қарзи қолмаганини эътироф этишди. Айни шу паллада «Ливерпул»нинг 45 млн. фунтлик таклифи қарорнинг ўринли эканлигини тасдиқлади.

Диогуни 2016 йилдан бери кузатиб юрган «қизиллар» сафига ҳужумчи азалий қадрдондек сингиб кетди - 14 учрашувдаги 9та голни ўзгача таърифлаш етарли бўлмайди. Яна бир мақтовга арзирли жиҳат - қаторасига 8та ўйинда 8та гол! Анчадан бери метиндек мустаҳкам кўринган Мане-Салоҳ-Фирмино учлигига Жотанинг ташрифидан кейин дарз кетди. Йўқ, Диогу, трио ҳукмронлигига халал бермади. Аксинча, майдонга туша олмаган учлик аъзоси ўрнини тўлдирди. Шунинг­дек, ўзининг сермаҳсул фаолиятини давом эттирмоқда. Айтганча, навбатдаги турда португалия­лик футболчи «Энфилд»да ўзининг собиқ жамоаси - «Вулверхэмптон»ни мезбон сифатида кутиб олади. Қизиқ, у майдонга тушармикан?
***
P.S: «Ливерпуль» вингери Диогу Жота кейинги икки ой мобайнида майдонга тушолмайди, дея хабар тарқатди Record. Аввалроқ ушбу футболчининг тиззасида муаммо борлиги, шу боис, якшанбага белгиланган «Фулхэм»га қарши баҳсни ўтказиб юбориши айтилганди. Португалия ОАВнинг қўшимча қилишича, Жотанинг шикастланиш даражаси жуда жиддий бўлиб, у кейинги йилнинг февралида майдонга қайтиши мумкин.

Жорий мавсум «қизиллар» вингери барча турнирларда 17та ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига 9та гол ёздириб қўйди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz