Қайднома

Қидирув

Элдор Шомурордов: "Италия овқатлари менга ёқади ва итальянчада гаплашишга интиляпман"

Элдор Шомурордов: "Италия овқатлари менга ёқади ва итальянчада гаплашишга интиляпман"

  16.12.2020 05:05
  0
  375
Элдор Шомурордов:

Tele-sport.ru сайти ўтган ҳафта YouTube канали орқали Ўзбекистон миллий жамоаси ва «Женоа» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродовдан махсус интервью олди. Табиийки, суҳбат ҳамюртимизнинг «А» сериядаги дебют голи хусусида бошланди.

— Элдор, аввало, «А» сериядаги илк голингиз билан табриклаймиз. Қизиқ, «Парма» билан ўйиндан сўнг нима бўлди? Ўзингизни қандай ҳис қилдингиз?

— Айтарли яхши гап йўқ, ахир якунда яна енгилдик. Ҳа, кимлардир табриклашди, бироқ кўпчиликнинг кайфияти яхши эмасди. Ўзимга ҳам гол унча татимади. Умид қиламанки, кейинги голларим жамоамга асқотиб, ғалаба қозонамиз.

— Умуман, жамоа сизни қандай табриклади?

— Баъзилар ёнимга келиб, қучиб қолишди. Аммо мағлубият кайфиятга таъсир қилди.

— Элдор, бир неча ойдан буён Генуядасиз. Ростовни соғиняпсизми?

— Албатта. У ерда ўзимни эркин ҳис қилардим.

— Генуяда сизга Ростовдаги айнан нима етишмаяпти?

— Ростовнинг ўзи. Шаҳар билан боғлиқ ҳаммаси. Ростовда мухлислар мени жуда илиқ кутиб олишган ва ҳамма мени қўллаб-қувватлаганди.

— Собиқ мураббийингиз Карпинга нима дейишни хоҳлардингиз?

— Аввало, омад тилайман. «Рос­тов»нинг турнир жадвали юқорисида юришига тилакдошман. Клубни доим алоҳида кузатиб, унга мухлислик қиламан. Албатта, Валерий Георгиевич билан алоқадаман, гаплашиб турибмиз.

— Ўзбекистонда ҳам, Россияда ҳам таниқлисиз. Италияда қандай, биринчи голдан кейин Генуя кўчаларида сизни таниш­яптими?

— Коронавирус пандемияси туфайли кўчага кам чиқяпман. Уйда эса ниманидир ҳис қилиш қийин.

— Россияда ҳаттоки, сиз учун омадли шарҳловчи ҳам бор — Алексей Дурнов. «Сампдория»га қарши баҳсни айнан у шарҳлади ва биринчи самарали узатмани амалга оширдингиз. Ке­йин у шарҳлаган ўйинда «Парма» дарвозасига гол урдингиз. «Женоа»нинг барча ўйинлари айнан Алексей Дурнов шарҳлашини истармидингиз?

— Омадли шарҳловчи ҳақида билмайман, лекин «А» серия учрашувларини шу сайт орқали кўрадиган танишларим, дўстларим Алексей шарҳи ёқишини таъкидлашди.

— Алексей Москвада ўзбек таксичиси билан учрашганида, у шарҳловчини овозидан танибди. Демакки, нафақат «Женоа», балки россиялик шарҳловчини ҳам дунёга танитмоқдасиз. Ўша ватандошингиз — Жамолиддинов Акмалжон ушбу интервьюни ҳам кўришига ишонамиз. Она тилингизда унга нима дейсиз?

— Мухлислик қилганингиз учун раҳмат. Худо хоҳласа, янада яхшироқ ҳаракатланиб, сизларни хурсанд қиламан. Акмал акага омад!

— Италиялик шарҳловчининг сизни ўзбек эмас, қозоқ дегани ҳамюртларингизни қаттиқ ранжитди...

— Ҳамма хато қилади. Келаси сафар бундай хатога йўл қўйилмаса керак. Хато бўлди, кетди. Ҳаммаси жойида.

— Италияга мослашиш жараё­нида қийналмаяпсизми? Бўш вақтда нима билан шуғулланяпсиз?

— Асосан базадаги машғулотлар ва тайёргарлик кўриш билан бандман. Яна итальян тилидан сабоқ оляпман. COVID туфайли ота-онамни кўрмаганимга анча бўлди. Кечки пайт улар билан кўпроқ алоқага чиқяпман.

— Италияда ёлғиз яшаяпсизми?

— Ҳа. Бошида агентим жойлашиб олишимга ёрдам берди.

— Жамоа қандай қабул қилди? Алоҳида таништирув, қўшиқ куйлаш ёки рақсга тушиш бўлдими?

— Йўқ. Ҳеч қандай таништирувсиз тўғри машғулотга киришдим.

— Италия таомлари бутун дунё­га машҳур. Уларга кўникдингизми ёки барибир, ўзбек таомларини афзал кўряпсиз?

— Бу ерда ўзбек таомларини ҳали татиб кўрмадим. Ўзим тайёрлашни билмайман. Генуяда ўзбек таомлари ресторани йўқ. Қисқаси, маҳаллий таомларни истеъмол қилишга тўғри келяпти. Менга ёқди. Ўзи Россияда ҳам итальян ресторанларига кириб турардим. Тўғри, ошни роса соғиндим. Турмуш ўртоғим ва ота-онам ёнимга келишлари билан палов пиширамиз, албатта.

— Клубдошларингизни меҳмонга чақирасизми?

— Албатта, уларга ош ҳақида аллақачон айтиб қўйдим. Татиб кўришса, нималигини билишади.

— Итальян тилини ўзлаштириш қандай кетмоқда?

— Аввалига қийналдим. Бирор итальянча иборани билмасдим. Ҳозир ўсиш бор - сўзларни тушуниб, гапира бошладим.

— Нима, клуб ходимлари билан итальян тилида сўзлашяпсизми?

— Ҳаракат қиляпман. Улардан кўпроқ итальянчада гапиришларини сўрайман. Бордию, тушунмасам, инглиз тилига ўтамиз.

— «Женоа»га ўтганингиздан кейин «Аталанта» вакили Алексей Миранчук агент орқали сизга хабар йўллабди. У билан яқин танишмисиз?

— Йўқ, фақат «Ростов» ва «Локомотив» ўйинларида майдонда кўришганмиз.

— Миранчук коронавирус туфайли карантинда. Аҳволини сўрадингизми?

— Очиғи, имкон бўлмади. «Аталанта» билан ўйинда яна кўришиб, яқиндан танишишдан умидворман.

—Жамоангизнинг «Атанланта» билан ўйини 17 январь кунига белгиланган. Мотивация қандай? Бир-бирингизга ниманидир исботлаш нияти борми?

— Йўқ, нимани исботлашимиз керак? Асосийси, ғалаба қозониш. Учрашувдан кейин ўзаро суҳбатлашишимиз мумкин.

— Миранчук «Аталанта»да 2та гол урди, сизда эса 1та гол бор. Мавсум давомида голлар сони бўйича ундан ўзиб кета оласизми?

— Кўрамиз, ҳаммасини вақт кўрсатади. Аслида бундай вазифа йўқ. Чемпионат энди бошланди, Миранчук ҳозирча ўйнамаяпти. Менинг мақсадим битта — жамоамга ёрдам бериш.

— Сизнингча, Миранчук «Аталанта»да юксак натижаларга эриша оладими?

— Албатта, бунинг уддасидан чиқса керак. Икки ўйинда 2та гол - ажойиб натижа.

— Элдор, Янги йил байрамини қандай ва қаерда нишонламоқчисиз? Италиядами ёки ўз юртингизда?

— Яқинларим олдимга янги йилдан кейин келишади. Олдинда ўйин­лар ва машғулотлар бор. Шундай экан, Янги йилни Италияда ёлғиз кутиб олсам керак.

— Мухлисларингиз, ҳамюртларингизга тилакларингиз...

— Уларга аввало, саломатлик тилайман. Ҳеч қачон бетоб бўлишмасин. Омад ва оилавий хотиржамлик ҳамроҳларига айлансин.

— Қаергадир боришга рухсат борми? Ўзи сайрга ҳам чиқяпсизми?

— Очиғи, бунга вақт йўқ. Ҳар 3-4 кунда ўйин бор, тезроқ тикланиш зарур.

— Италияда айнан қайси масала қийинчилик туғдирмоқда? Нималарни кутмагандингиз?

— Бу ерда ҳаммаси бошқача. Россия Ўзбекистонга ўхшаш, Италия эса умуман бошқа, маданияти ҳам, менталитети ҳам. Шунчаки, кўникиш керак.

— Италияда зерикишга ҳам вақтингиз йўқ, чоғи. Янги чемпионат, янги клуб...

— Йўқ, албатта. Лекин ўзим шу ерга келишни хоҳладим. Мақсад аниқ — яхши ўйнаб, олға интилиш ва юқори марраларга чиқиш.

— «Женоа» бош мураббийи Роландо Маран билан бирор мавзу юзасидан гаплашиб турасизми? У жамоада ролингизни қандай кўряпти?

— Унча кўп гаплашмаймиз, чунки итальян тилида бемалол сўзлашишга билимим етарли эмас. Назарий жиҳатдан эса, Маран кўп нарсаларни тушунтиради, майдонда қандай ҳаракатланишни кўрсатиб беради. Унинг кўрсатмаларини тўғри бажаришга уриняпман. Аммо ўйин жараёнида хато қилмасликнинг иложи йўқ. Қисқаси, ўз устимда қаттиқ ишлаб, вазиятни ўзгартиришга уринишим талаб этилади.

— Жамоадошлар билан дўстлашиб олдингизми? «Ҳомийингиз» борми? Ким билан кўпроқ гаплашасиз?

— Ҳамма билан бир хил муносабатдаман. Ҳар бир футболчи ёрдам беришга ҳаракат қиляпти. Муаммо йўқ. Доменико Кришито Россияни кўп эслайди, «Зенит» ўйинларини ҳалигача кузатади.

— Унга Россия ва футболдаги ўзгаришлар ҳақида гапириб бердингизми?

— Бунга ҳожат йўқ. Ахир ўзи яхши билади. «Зенит»даги дўстлари билан ҳам гаплашиб туради.

— Элдор, суҳбат учун раҳмат! Сизни кузатиб, мухлислик қиламиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Голлар ва узатмалар кутиб қоламиз. Ўзбекистон ва Россияда ҳамма жамоангиздан ғалабалар кутади.

— Мени қўллаб-қувватлаётганларга миннатдорчилик билдираман. Барчасини ҳис қиляпман, кўр­япман, ўқияпман. Ўзбекистонлик ва россиялик мухлисларимга катта раҳмат. Уларни қувонтириш учун бор кучимни ишга соламан. Ишонч учун раҳмат.

P.S.: «Женоа» Италия «А» серияси 11-турида «Ювентус»ни қабул қилиб, 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Элдор Шомуродов мазкур ўйиннинг 73-дақиқасида Марко Пьяца ўрнига майдонга тушди ва бир вазиятда Криштиану Роналду билан яккакурашда устун ҳам келди.

Дилмурод АЛИМОВ тайёрлади                                              



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz