Қайднома

Қидирув

Маттеус учун энг зўри – Левандовски!

Маттеус учун энг зўри – Левандовски!

  17.12.2020 10:10
  0
  243
Маттеус учун энг зўри – Левандовски!

Серғайрат, сарвқомат, ғалабага чанқоқлик: авваллари «немисларга хос фазилат» саналган барча жиҳатлар Лотар Маттеусда мужассам эди. У 1990 йили Римда ҳозирги 4 карра чемпион - бундестим шарафига жаҳон кубогини боши узра баланд кўтарганди.
1991 йилнинг 8 декабрь куни эса, ГФР миллий жамоаси сардори ФИФА томонидан йилнинг энг яхши футболчига таъсис этилган совриннинг дастлабки соҳибига айланди. FIFA.com сайти мухбирлари яқинда 59 ёшли Маттеусдан махсус интервью олишди. Нафақат Германия, балки бутун дунё  футболида ёрқин из қолдирган собиқ футболчи шу аснода 2020 йилги мавсум якунлари ва бундестимнинг ҳозирги ҳолати хусусида атрофлича фикр юритди.

- Герр Маттеус, тез орада энг сара футболчилар рўйхати эълон қилинади. Шахсан сизга ким кўпроқ ёқади?

- Мен учун бош совринга муносиби - Роберт Левандовски, шубҳасиз. Полякнинг зўрлиги айнан жорий йил давомида яққолроқ сезилди. У тинимсиз тер тўкиш эвазига олдинги чизиқда ҳам, эҳтиёж туғилса, ҳимояда ҳам чинакам етакчига айланди. Менимча, Роберт шу пайтга қадар ҳеч қачон ҳозиргидек ёрқин ўйнаган эмасди. Қолаверса, у ҳақиқий профессионал мақомида ҳаёт кечирмоқда, ҳар бир учрашувга пухта тайёргарлик кўриши ҳисобига жароҳатларни четлаб ўтмоқда. Асосийси, мунтазам равишда юксак савиясини кўрсатмоқда.

- Мураббийлар хусусида қандай фикрдасиз?

- Айни пайтга келиб, германиялик мураббийлар обрўси жуда кўтарилиб кетди. Бундай кўтаринкилик ҳамиша кузатилавермайди. Германиянинг буюк мураббийларини ҳамма яхши билади. Дейлик, 6 йил аввал Йоахим Лёв ЖЧ ғолибига айланди. Умуман, немис футболининг ҳозирги нуфузи жуда юқори. Ватандошларим муваффақиятлари билан фахрланаман, албатта. Ханс-Дитер Флик «Бавария»­да, Юрген Клопп «Ливерпул»да, Томас Тухель «ПСЖ»да шуҳратга бурканишди. Бироқ айни паллада «Бавария» устозига овоз бериш керак, менимча. Гап унинг мен учун қадрли жамоада ишлаётганида эмас, шунчаки, Флик иложи йўқ юмушни уддалади. Жамоани мураккаб вазиятда қабул қилиб олиб, уни ўз изига тушириш, футболчиларга хотиржамлик ва ишонч бағишлаш, ёш иқтидорлар эътиборини фақат ўйинга жалб этиш... Фликнинг бу мураккаб ишларни ўрнига қўйиши учун дебют мавсуми етарли бўлди. Бунда нафақат қўлга киритилган совринлар, балки унинг шогирдларига муносабати, жамоа ички мусобақалар билан бирга Европада ҳам ҳукмронлик қилаётганини назарда тут­япман. «Бавария»ни сермаҳсуллик ва янги рекордлар сари етаклаган Фликнинг ҳужумкор услуби чиндан ҳам, ҳайратланарли. Қисқаси, бошқа мураббийлар муваффақиятларини ҳам эътироф этган ҳолда, айнан Хансни биринчи ўринга қўяман.

- Айтингчи, Мануэль Нойер ўз амплуадошларини ортда қолдириб, Флик ва Левандовски ёнидан жой олишга муносибми?

- Ўйлашимча, Нойер нафақат энг яхши дарвозабонлар қаторидан жой олиш, балки асосий индивидуал соврин номинациясида ҳам ғолиб бўлишга муносиб. Зеро, Мануэль йил давомида фантастик ўйин кўрсатди, менимча, у айни пайт дунё футболининг биринчи рақамли дарвозабонидир.

- Левандовски ва Нойердан ташқари, бош совринга яна кимлар лойиқлар, сизнингча?

- Албатта, Роналду ва Месси. Португалиялик тўпурар «Ювентус» таркибида соврин ютди, жамоанинг яққол етакчисига айланди. Бундан ташқари, у - Португалия термасининг энг сермаҳсул футболчиси. Тўғри, Криштиа­ну жорий йилни аввалги давридагидек ўта ёрқин ўтказолмади. Очиғи, ўйин услуби жиҳатидан қараганда, менга Месси қўпроқ ёқади. Ҳа, Роналду ҳам, Лео ҳам фаолиятини юксак савияда давом эттирмоқда. Шунингдек, АПЛ ғолиби Муҳаммад Салоҳ ва «ПСЖ» етакчилари Неймар ҳамда Мбаппени ҳам алоҳида эътироф этиш керак.

- 1991 йили дунёнинг энг яхши футболчисига аталган соврин сизга топширилганди. Ўша тақдирлаш маросимидан нималар хотирангизда қолган?

- О, совринни қўлга олиш лаҳзаси ёдимга тушса, вужудимни фахрланиш ҳисси қамраб олади. Чунки бу соврин футбол оламининг энг сара вакиллари сафидан жой олганимни билдириб туради. Шунда қачондир яшил майдонда жавлон урган энг зўр ўйинчилар гуруҳига ҳақли равишда кирганимни англайман. Албатта, чексиз ифтихор туйғусини бағишлайдиган совринга эга чиққанимдан беҳад мамнунман.

Ўша йилги мавсум мен учун ўта омадли келганди. Совринни эса нафақат ўзим, балки терма жамоамиз хизматининг юксак эътирофи сифатида қабул қилганман. Шунинг баробарида шахсий мукофот воситасида алоҳида эҳтиромга эришиш ёқимли эканлигини ҳам инкор этмайман. ЖЧ-90 турнири - фаолиятимнинг энг ёрқин даври. Италияда ўз даврининг энг зўр футболчилари, жаҳон миқёсидаги юлдузлар билан куч синашган эдик. Шу кучли рақобат ва қийинчиликлар шароитида ҳам шахс, ҳам футболчи сифатида тобланганимиз - айни ҳақиқат.

- Дортмунд «Боруссия»сининг 20 ёшли ҳужумчиси Эрлинг Холанд бир қатор рекордларни ўрнатган ҳолда, Левандовски изидан бормоқда. У Робертдан ҳам иқтидорлироқдек кўринмоқда.

- Ҳа, агар Левандовскининг 20 ёшдаги ҳолати билан таққослаганда, шундай. Холанд қисқа вақт ичида жиддий ўсишга эришди. Роберт тахминан шу ёшда эндигина Польша чемпионати иккинчи дивизионидан Дортмунд сафарига тайёргарлик кўраётганди. Норвегиялик йигитча эса ЧЛдек нуфузли турнирда тўпурарлик бўйича Леваголдан ортда қолмасликка интилмоқда. Мана, 10та учрашувда 12та гол урди. Чин феномен, асосийси, Эрлинг ёш бўлишига қарамай, етакчи учун шарт саналган барча фазилатларга эга: тезкор, бақувват ва бехато ҳаракатланади. У ҳозирнинг ўзида яққол етакчи, иштиёқи юқори даражада. Холанд шу зайл­да ўйнашда давом этса ва жароҳатларни четлаб ўтса, яқин келажакда Европанинг энг сара ўйинчилари қаторига кўтарилиши муқаррар. Эҳтимолки, қачондир Роналду ёки Левандовски каби  аслар услубидан андоза олиб, улардан ўзиб ҳам кетар. Қисқаси, унда кўплаб тенгдошларида йўқ хусусиятлар мавжуд.

- Суҳбатимиз интиҳосида Германия терма жамоаси мавзусига қайтсак. Испания термасидан қабул қилинган шармандали мағлубият (0:6) ортидан бундестим, айниқса, Йоахим Лёв жиддий танқидга юз тутди...

- Асосийси, Лёв иложи борича тезроқ ўзини аввалгидек ҳис этиши керак. Агар мураббийни қуршаб турган муҳит норози кайфиятда бўлса, у жамоа билан талаб даражасида тиллаша олмайди. Бу ҳолат ўйин сифатига салбий таъсир кўрсатади. Назаримда, Лёвнинг ўзига ишончи ва қатъияти бироз пасайгандек. У негадир анча баджаҳл бўлиб қолди, арзимаган икир-чикирлардан ранжимоқда, муносабати аввалгидек дўстона эмас. Ҳа, Лёвни яхши тушунаман - ошиғинг олчи бўлиб турган паллада тилинг бурро, ҳамма айтганларинг тўғри. Қандайдир омадсизлик юз берганида эса, ҳеч кимга ёқмай қоласан. Менимча, Лёв аввало, ўзига савол бериши керак - ҳозир бу лавозимга муносибманми? Йўқ, мураббий жамоани ёмон бошқараётганини таъкидлаш фикридан йироқман. Дейлик, унинг жамоаси охирги 16та ўйиндан атиги 2тасида мағлубиятга учради. На Испания ва Франция термаси бундан яхшироқ натижа билан мақтана олади. Аммо умумий таассуротлар аввалгидек ижобий эмас.

- Мураббий Томас Мюллер, Жером Боатенг ва Матс Хуммельсни терма жамоага қайтармоқчи эмас. Лекин уларни қайтариш хусусидаги талаблар тобора кучлироқ янграмоқда. Сизнингча, Лёв бу борада фикрини ўзгартирармикан?

- Энг осон ва содда йўли битта - футболчилар савияли ўйин кўрсатишда давом этишлари керак. Ҳа, Лёв бу масалада бироз янглишгандир. У шунчаки, футболчиларни ЖЧ-2018 турниридан кейин тушкун кайфиятга тушиб қолишгани ва ўз клубларида талаб даражасида тўп суролмаганликлари учун терма жамоага жалб этмаётганини айтса, олам гулистон эди. Лекин кириш эшикларини батамом ёпиб қўйиш - хато. Лёв аввало, ёш футболчиларга имконият беришини айтди. Чунки у 2017 йили Конфедерация­лар кубогида зафар қучган терма жамоа ёшлари салоҳиятидан яхши хабардор эди. Бироқ ёшларда тажриба камлигини ўйласак, бу режа эътирозлар келтириб чиқариши тайин эди. Демоқчиманки, керакли натижага эришишда улкан тажриба соҳиблари асосий ролни ижро этишларини ҳамма яхши билади. Аммо Испания термаси билан кечган беллашувда Тони Кроос ва Илкай Гюндоган мураккаб вазиятларда шерикларини олға етаклай олмасликлари яққол кўзга ташланиб қолди...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz