Қайднома

Қидирув

Бақоев, Шацких, Шквирин ва бошқалар...

Бақоев, Шацких, Шквирин ва бошқалар...

  17.12.2020 12:12
  0
  439
Бақоев, Шацких, Шквирин ва бошқалар...

ГEННАДИЙ КРАСНИЦКИЙ НОМИДАГИ ТЎПУРАРЛАР КЛУБИ. Газетамизнинг доимий шарҳловчиси Виктор Хохлюк Ўзбекистон футболи тарихини тўлиқ сақлаб қолиш мақсадида Геннадий Красницкий номидаги тўпурарлар клуби регламентига ўзгартириш киритиш масаласини ўртага ташламоқда. Агар унинг ғояси амалга ошса, афсонавий тўпурарлар ҳам фахрий клуб таркибидан жой олишади. Шунингдек, фаолияти давом этаётган кўплаб лауреатларнинг шахсий кўрсаткичлари яхшиланади.

Ғоянинг туғилиши

...Футбол журналисти эканлигим, қолаверса, умумий статистика Геннадий Красницкий номидаги тўпурарлар клуби (бундан буён матнда - Клуб)нинг ҳозирги ҳолатини батфсил ўрганишга ундади. Клубга миллий чемпионатнинг элит лигасида 100та ёки кўпроқ гол урган маҳаллий ҳамда хорижлик футболчилар киришади. Тўғри, ғоя ва ташаббус жуда зўр! Лекин муҳим жиҳат эътибордан четда қолган, яъни футболчиларнинг хориж клубларида урган голлари ҳисобга олинмаяпти. Масалан, Улуғбек Бақоев, Максим Шацких, Игорь Шквирин ва бошқаларнинг голлари. Таклиф шуки, ўзбекистонлик энг сара голеадорлар ҳақида маълумотларни тўлиқлаштириш учун архив ҳужжатлари (турли йиллардаги учрашувлар қайдномаси) ва футбол адабиётларини кўтариш керак. Собиқ иттифоқ ва ўзбек футболининг обрўли тарихчиси Владимир Ашотович Сафаров тахминан 28 йил олдин Геннадий Красницкий номидаги клуб ҳақида алоҳида мақола ёзганди.

- Ўзбекистоннинг дастлабки чемпионати арафасида маҳаллий тўп­урарлар клубини тузиш ҳақида таклифни ўртага ташлайман. Бунда Ўзбекистон жамоаси (ёки жамоалари) расмий ўйинларида 100та гол маррасига етган футболчини Клубга қўшиш керак. Албатта, шартлар асосида:

1. Ўзбекистон чемпионати, кубоги ва мамлакат терма жамоасидаги голлар;

2. Собиқ иттифоқ чемпионати, кубоги ва терма жамоасидаги голлар.

Биринчи банд шубҳа туғдирмаса, иккинчиси изоҳ талаб қилади. Кўп йиллар давомида собиқ иттифоқнинг турли мусобақаларида республикамиз шарафини ҳимоя қилган жамоаларда ўйнаган собиқ футболчилар натижасини инобатга олиш адолатдан, менимча. Зеро, кўп йиллар давомида ўзбек футболи шарафини ҳимоя қилган футболчиларни унутишга ҳаққимиз йўқ. Қолаверса, ушбу тўпурарлар кўрсаткичлари биринчи чемпионатга қадам қўядиган ёшларга эталон бўлиб хизмат қилади. Демак, ўтмишда муваффақиятли ўйнаган тажрибали тўпурарлар ҳам Клубга аъзо бўлишлари керак.

Таклиф этилган мезонларга асослансак, тўпурарлар клубидан Г.Красницкий, Б.Абдураимов, Ю.Саркисян, П.Агеев, У.Асқаралиев, Я.Эннс, Б.Баканов, В.Юрин, Ф.Эсонбоев, Г.Ичевский, О.Еремеев, М.Саидохунов, Ю.Лукин, Г.Разиев, С.Рўзиматов, Р.Нурмуҳамедов ва бошқалар жой олишади. Тўлиқ рўйхат ва аниқ рақамларни келтирмаяпман, чунки бир қатор футболчиларнинг голлари сони (айниқса, кубок турнирида урганлари)ни ҳали аниқлаш керак. Ушбу ишни С.Князев (Навоий), Ю.Ефимов (Фарғона), тошкентлик Е.Довгуцкий, В.Серий, Б.Литвинов каби статис­тикани севувчилар билан бирга амалга оширамиз. Айтганча, Ўзбекистондан ташқарида ҳам бу «жанр»ни яхши билувчилар бор - В.Колос (Уфа), В.Тедеев (Владикавказ), И.Алимов (Душанбе)...

Ўйлайманки, вақти-вақти билан тўпурарлар жадвалига ўзгартиришлар киритиш унча қўрқинчли эмас. Мана, Григорий Федотов номидаги клубнинг яратилганига 25 йил бўлди ва ҳамон баъзи тўпурарларнинг «унутилган» голлари қўшиляпти. Вақтида К.Есенинга ёзган хатимга асосан Г.Красницкий ҳисобига ҳам гол қўшилганди. Аксинча ҳолатлар ҳам учрайди. Москвалик статистик ходим Павел Алёшин фахрий клубга кирган Б.Абдураимовга 1та голни нотўғри қўшиб қўяди. Ваҳоланки, унга Абдураимов голлари ҳақида аниқ маълумот жўнатгандим. Албатта, статистик ҳисоб-китоблар кўп жиҳатдан қайд­нома сифати ва сақланиш хавфсизлигига боғлиқ. Шунинг учун чемпионатнинг илк қайдномасидан бошлаб, гол урилган дақиқалар, четлатишлар ва ҳоказо кўрсаткичларни аниқ белгилаш муҳим. Константин Есениннинг фикрича, пенальти бўйича маълумот ҳам қайдномада алоҳида кўрсатилиши керак: зарба гол билан тугадими, ноаниқ кетдими, дарвоза устунига тегдими ёки иккинчи зарбадан сўнг гол бўлди...? Тўғридан-тўғри бурчак зарбасидан ёки фалончининг узатмасидан кейин бош билан урилган голлар ҳам алоҳида кўрсатилса, нур устига аъло нур бўларди. Аммо бу ҳақда фақат орзу қилиш мумкин. Албатта, футбол ҳавасмандлари Ўзбекистон тўпурарлари клубини тузиш бўйича таклифимга тегишли жавоб беришларидан умидворман. Владимир САФАРОВ (Тошкент, 1992 йил).

 

20 йилдан кейин...

Владимир Сафаровнинг «Ўзбекистон ҳужумчилари» китоби (2012 йил)дан: «Ўзбекистонда тўп­урарлар клубини тузиш таклифи 20 йилдан кейин Футбол фахрийлари кенгаши раиси Наримон Жалолович Жалоловнинг ташаббуси билан қабул қилинди. 2012 йили Ўзбекистон футбол федерацияси Ижроий қўмитаси қарори билан 30 нафардан ортиқ тўп­урарни ўз ичига олган Клуб мақоми ва унинг таркиби тўғрисидаги низом тасдиқланди».

Энди статистик ҳисоб-китоблардаги ҳақиқатни етказиш учун зарур архив ҳужжатларидан келиб чиқиб, фаолиятининг кўп қисмини хориж клублари ва даражаси юқори ҳисобланган турнирларда ўтказган ўзбекистонлик афсонавий тўпурарлар кўрсаткичларини ўрганишга ўтамиз.

 

Геннадий Красницкий номидаги клубга кирганлар голлари ҳисоб-китоби

1. Максим Шацких

1996-1999 йиллар оралиғида Россия Биринчи лигаси клублари («Сокол-ПЖД», «Торпедо», «Лада-Тольятти-ВАЗ», «Газовик-Газ­пром» ва «Балтика»)да ўйнаган Шацких жами 86та ўйин ўтказган (2таси Россия кубогида) ва 26та гол урган. Шулардан 3таси Клуб ҳисобига киради (Максим 1999 йили Россия кубоги 1|32 финалида «Крис­-­талл» посбони Королёвни «хет-трик» билан ранжитган). Шацких кейинчалик 2000-2015 йилларда Украина элит дивизиони жамоаларида ўйнади: «Динамо» (Киев) - 328та ўйинда 142та гол, «Арсенал» (Киев) - 100та ўйинда 23та гол, «Черноморец» (Одесса) - 7та ўйин. Фаолиятининг охирида эса Ужгороднинг «Говерла» клубининг 29та расмий ўйинида 6та гол урган. «Макс-16» «Динамо»да мамлакатнинг 6 карра чемпиони ва 5 карра кубоги ғолиби, 3 карра кумуш медаль совриндори ва 2 карра Украина чемпионатининг энг яхши тўпурарига айланди. Умумий натижаси - 124та гол. Бу Украина чемпионати рекордидир. Ўзбекис­тон миллий жамоаси ҳужумчисининг Украина клубларидаги якуний кўрсаткичи - 464та ўйин ва 171та гол. Ўзбекистонлик ҳужумчи 2009 йили Қозоғистонда «Локомотив» (Остона) учун ўйнаб, 16та расмий учрашувда 9та гол урган. Максимнинг Ўзбекистон миллий жамоасидаги статистикаси ҳам чакки эмас: 61та ўйин, 34та гол. 16-рақамли афсона ҳаммаси бўлиб 543та расмий учрашувда 217та голдан хирмон ясади (1та ўйинда ўртача 0,39та гол).

2. Улуғбек Бақоев

Бақоев 1996-2000 йилларда  Ўзбекистон чемпионати Олий лигасида «Бухоро» шарафини ҳимоя қилди - 119та ўйинда 38та гол. 2003 йили Россияга йўл олган Бақоев Москванинг ЦСКА ва «Торпедо» жамоаларида 27та ўйин ўтказди (голсиз), кейин Бухорога қайтиб, статистикасини 7та ўйинда урилган 3та гол билан бойитди. Шундан сўнг «Андижон»нинг 3та ўйинида 1та гол урган ҳужумчи Қозоғистонда 4 мавсум муваффақиятли тўп сурди. 2008-2009 йилларда эса Бақоев «Қурувчи» (ҳозирги «Бунёдкор»)да фаолият юритиб, 15та ўйинда 8та гол урганча Ўзбекистон чемпионига айланди. Аммо ўйин амалиёти камлиги (лигада 5та учрашув) туфайли мавсум оралиғида Самарқанд «Динамо»сига йўл олди ва кейин яна Қозоғистонга, «Тобол»­га борди. Шу тариқа 2014 йили «Бухоро»га қайтган таниқли тўп­урар Ўзбекистон Олий лигаси дои­расидаги 9та учрашувда 3та гол урди. Бухоролик голеадор 2015 йилги мавсумни эса «Навбаҳор»да ўтказди: 21та ўйин, 7та гол. Умумий айтганда, Бақоев Ўзбекистон чемпионатида жами 65та гол урган (179та ўйинда).

Улуғбек Қозоғистонда 4 марта (2 марта «Тобол»да) чемпионатнинг энг яхши тўпурарига айланди. Жумладан, 2004 йили ўзбекис­тонлик ҳужумчи «Тобол»да рақиблар дарвозасини 22 бора нишонга олди. 2010 йили эса ўз ҳисобига 16та гол ёзиб қўйди. 2011 йили «Жетису»да 18та гол ва яна энг яхши тўпурар! Бақоев 2012 йилги мавсумни «Иртиш»да анча паст ўтказди. Аммо 14та гол ҳам Қозоғистон чемпионатидаги сўнгги мавсумини энг яхши снайпер сифатида якунлашига етди. Ўзбекистонлик снайпер ҳанузгача 3та клубда кетма-кет 3 мавсум тўпурар мақомини олган Қозоғис­тон ПЛнинг ягона ўйинчиси бўлиб қолмоқда. Улуғбек биргина «Тобол» сафида 154та ўйинда 75та гол урди (2та «хет-трик» ва 16та «дубль»). Умуман, бухоролик футболчи Қозоғистонда жами 123та гол урди! У шу кунгача Қозоғистонда ўйнаган энг сермаҳсул хорижлик тўпурар бўлиб, Нилтон Мендес номидаги клубда етакчилик қилмоқда, Олег Протасов клуби жадвалида эса 10-ўринда турибди. Фақат БААнинг «Дубай» клубига қисқа «саёҳат» Улуғбек учун «қуруқ» ва зерикарли бўлди (8та голсиз ўйин). Бақоевнинг Ўзбекистон миллий жамоасидаги статистикасига келсак, у терманинг 50та ўйинида 14та гол билан кифояланган. Умумий ҳисобда айтсак, Улуғбек Бақоев 565та расмий учрашув (Ўзбекистон кубоги бўйича статистик маълумотлар йўқ)да 203та гол урди (1та ўйинда ўртача 0,36та гол).

3. Игорь Шквирин

Фаолияти давомида 22 мавсум ўйнаган Шквирин натижасини нафақат яхшилаш, балки такрорлаш ҳам қийин. Чемпионатлар, турли мамлакатлар кубок мусобақалари, шунингдек, Ўзбекистон миллий жамоасида 302та гол! Ўзбекистонлик бошқа бирор футболчи ҳали шунча гол урмаган. Шквирин 4та мамлакат - Исроил, Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Малайзия чемпионидир. Шунингдек, 1988 йили «Днепр»нинг чемпион таркибида 10та ўйин ўтказиб, 2та гол урган. Таъкидлаш жоиз, афсонавий ҳужумчи Ўзбекистон миллий жамоасининг илк учрашувида сардор сифатида майдонга тушиб, биринчи голни ўз номига расмийлаштирган. У 1994 йили бирданига 3та юксак унвон соҳибига айланди - Осиё ўйинлари чемпиони, турнирнинг ва Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси. Шквирин статистикасини текширгач, юқори даражада урилган голларни ажратиб чиқдим (турли мамлакатлар элит дивизионлари, миллий кубоклар, хал­қаро турнирлар ва терма жамоадаги голлар). Зеро, Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ сардори номига 96тагина гол ёзилган. Нима қилиш керак? Ҳужумчининг қолган голлари нима бўлган? Ҳозирги вазиятда ечимни собиқ иттифоқнинг юқори савияли турнирларида Игорь томонидан урилган голларда кўрмоқдаман. У рақиблар дарвозасини 37та марта ишғол қилган. Аниқроқ айтсак, иттифоқ чемпионати Олий лигасида 27та («Пахтакор»да 25та, «Днепр»да 2та), кубок турнирида 5та («Пахтакор»да 4та, «Днепр»да 1та) ва футбол федерацияси кубогида 5та («Пахтакор»да 3та, «Днепр»да 2та). Шуни қўшсак, унинг ҳисобидаги голлар сони 133тага етади. Бу ҳужумчига Геннадий Красницкий номидаги клубга кириш чиптасини беради. Аммо яна савол бор: Шквириннинг хорижда урган голларичи? Эътибор беринг, у хориж одиссея (Россия, Исроил, Малайзия, Ҳиндистон)сида 85та гол тўплаган! Хориж клубларида ўйнаган кўплаб футболчилар борлигини ҳисобга олсак, Геннадий Красницкий номидаги тўпурарлар клуби регламентининг айрим бандларига ўзгартириш киритиш лозим:

- Г.Красницкий номидаги клуб рўйхатига футболчиларнинг Ўзбекистон чемпионати, кубоги, Осиё клублари турнирлари ва миллий жамоада урган голлари олинади.

- Хорижлик футболчиларнинг фақат Ўзбекистон клублари таркибида урган голлари ҳисобга олинади.

Келажакда голларни ҳисоблашга ўзгартириш киритишни таклиф қиламан:

- Ўзбекистон чемпионати юқори дивизиони, мамлакат кубоги ва суперкубоги, собиқ иттифоқ чемпионати юқори дивизиони, кубоги, футбол федерацияси кубоги, шунингдек, УЕФА, ОФК, АФК, КОНМЕБОЛ, КОНКАКАФ ва ОкФК тасарруфидаги юқори дивизионлар, миллий кубок, халқаро клублар турнирларида урилган голлар Клуб рўйхатига олинади. Яна Ўзбекистон миллий терма жамоаси (шу жумладан, олимпия ўйинларида) ва собиқ итифоқ термаси (шу жумладан, олимпия ўйинларида) учун урилган голлар ҳам.

Геннадий Красницкий клуби низомига керакли ўзгартириш киритиш орқали ўзбекистонлик тўп­урарларнинг статистик кўрсаткичларини сезиларли даражада яхшилаймиз. Унга Ўзбекистонда футбол тарихи ва ривожланишига улкан ҳисса қўшган футболчиларни қўшамиз. Яъни радикал қадам билан ўзбекистонлик мерганларнинг чет элдаги фаолияти ўчирилишига йўл қўймаймиз. Шунингдек, Ўзбекистон ва хориж давлатлари футбол майдонларида ўзларини кўрсатаётган ўйинчиларни ҳам унутмаслик керак - Бобур Абдухолиқов (54та гол), Баҳодир Насимов (99та), Сардор Рашидов (83та), Достон Ҳамдамов (72та), Санжар Шояхметов (65та), Жасур Яхшибоев (24та), Элдор Шомуродов (61та)...

Ҳа, Александр Гейнрих, Игорь Сергеев, Марат Бикмаев, Владимир Шишелов кабилар хориждаги голларсиз ҳам Клубга киришган. Лекин Клуб жадвали Геннадий Красницкий ва унинг шериги Биродар Абдураимовсиз тўлиқ кўринмайди, барибир. Ўйлайманки, бу мавзу мутахассислар, журналистлар ва мухлислар томонидан муҳокама қилинади. Ёзинг! Геннадий Красницкий клубининг кейинги фаолияти тўғрисида таклифлар киритинг. Ечилмас муаммолар йўқ, ёқимсиз ечимлар мавжуд! Газетанинг кейинги сонларида Клубнинг 2та жадвалини келтирамиз - ҳозиргиси ва ўзгартирилган шаклини.

------------------------------------

Муаллиф материалга тақдим этган фотосуратлар учун Ўзбе­кистон терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Александр Гейнрихга миннатдорчилик билдиради.

 

Виктор  ХОХЛЮК


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz