Қайднома

Қидирув

Шота Арвеладзе: «Ҳар доим соғлом фикр ғалаба қозонади»

Шота Арвеладзе: «Ҳар доим соғлом фикр ғалаба қозонади»

  18.12.2020 11:11
  0
  511
Шота Арвеладзе: «Ҳар доим соғлом фикр ғалаба қозонади»

Шота Арвеладзе - хорижда катта муваффақиятларга эришган футболчилардан бири. Унинг исми нафақат Грузия, балки бутун собиқ иттифоқ ҳудудида муҳим аҳамиятга эга. Ҳаттоки, унинг терма жамоадаги рақамини бошқа ҳеч кимга бермаслик мақсадида олиб қўйишни хоҳлашди ва машҳур мутахассис Луи ван Галнинг ўзи унга мураббийлик маҳоратини ўргатди. Ўтган ҳафта Шота Арвеладзе Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блогига берган эксклюзив интервьюсида футболдаги фаолияти, оилада қандай ўғил бўлганлиги, мураббий, мотиватор эканлиги ҳақида гапирди.

- Шота Юстинович, иккинчи марта мамлакат чемпионлигини қўлга киритдингиз. Кайфиятингиз қандай?

- Аъло! Албатта, бир нечта таҳлилий саволлар мавжуд. Ва саволлар ҳар доим йил охирида пайдо бўлади. У қандай эди? Қандай қилиб биз ундан ўтдик? Кейинги йил қандай бўлади? Хуллас, шунақа. Умуман олганда, ҳаммаси яхши. Биз ўз режаларимизни бажариб тугатдик. Тўрт тур олдин Ўзбекистон чемпионига айландик. Шогирдларимнинг мамлакат кубогида жуда масъулиятли бўлишларига умид қиламан. Улар, албатта, диққатларини жамлайдилар ва қўлларидан келганча ўйнашади, кейинроқ эса яхши кайфият билан Янги йилни нишонлаймиз.

- Ўзбекистонга келганингизда, бундай муваффақиятга эришиш имкониятини қандай тушундингиз?

- Баъзи бир қийинчиликларга қарамай, жамоа жуда машҳур ва бой тарихга эга. Мен буни билардим ва ҳамма нарса жойида эканлигини ҳис қилдим. Ишга киришишдан олдин клубга занжирнинг барча бўғинлари ўртасида фақат тўғри кўприк етишмаслигини тушуниб, буни атрофлича таҳлил қилдим. Унда икки томонлама йўл қуриш орқали нотўғри бўлган ҳамма нарсани тузатиш керак эди. Ҳа, «Пахтакор»нинг ўз тарихи ва яхши келажаги борлигини ҳеч бир раҳбар ҳеч қачон инкор этмаган ва инкор қилмайди ҳам.

- «Пахтакор»га келганингизда, жамоанинг турнир жадвали ўрталарида юрганлиги сизни хижолат қилдими?

- Олдин ишлар юракдан қилинмаётгани мени ўйлантирди, ҳаммаси ярим йўлда қолгандек таассурот уйғонди. Мендан олдин нима бўлганини билмайман ва ҳеч кимни айбламоқчи эмасман, лекин барибир, фикрим шундай. «Пахтакор» - халқ жамоаси, уни ҳамма яхши кўради ва ҳурмат қилади. Бу маданиятнинг, мамлакатнинг бир қисмидир. Грузияни Тибилисининг «Динамо»сисиз, шунингдек, Ўзбекистонни «Пахтакор»сиз тасаввур қилиш иложсиз.

- Тошкентликлардан таклиф олган кунингиз ҳақида гапириб беринг?

- Фарзандларим улғайишди, уларни йил охирида Рим ва Флоренцияга олиб кетишга ваъда бердим. Бу орада яқинларимга вақт ажратиш имконияти пайдо бўлди. Мен оилам билан Римга учиб кетдим. Аэропортдан чиқиб, телефонни ёқдим. Ўшанда улар менга қўнғироқ қилиб, «Гамаржоба» дейишди...

- Чақирув айнан кимдан бўлди?

- Фарҳод Мошири (Алишер Усмоновнинг бизнес шериги, «Эвертон» сармоядорларидан бири) тўғридан-тўғри қўнғироқ қилди. Кейин эса телефонни Алишер Бурхоновичга топширди.

- Алишер Усмоновнинг «Пахтакор»даги ўрни қанчалик катта?

- «Пахтакор»да эмас, балки бутун мамлакатда (кулади).

- Жавоб аниқ. Молиявий омил бу ҳаракатга қанчалик таъсир қилди? Ахир бу Европа мамлакатлари чемпионати эмас?

- Ҳа, бу Осиё ва бу ерни кўпчилик пул топиш имконияти деб билади.

- Ва мантиқан олганда тўғри, зеро сиз Ўзбекистон чемпионатида энг кўп маош оладиган мутахассис ҳисобланасиз...

- Менинг жавобим шундай: Туркияда ҳозир «Пахтакор»даги сингари маош олардим. Пул мен учун принципиал масала эмас. Аввало, менга ўша одамларнинг футболга бўлган муносабати ва клубни қандай ривожлантиришни тушуниши ёқди. Жумладан, Бобур Қобулович, Ориф Қобулович ва Қобул Қаюмович - мени «Пахтакор» футбол оиласига қабул қилган шахслар. Ва айниқса, Алишер Бурхонович билан биринчи учрашувимиздан кейин амин бўлдимки, бу клубдаги фаолиятимнинг бошланиши эди. Мен молиявий омил муҳим эмас, деб айтмайман, бу ҳар доим муҳим масала ҳисобланган. Лекин дейлик, Германия ёки Испанияда ишласам, у ерда ҳам молиявий муаммо менга таъсир қилмайди. Шунчаки, ишимни жуда яхши кўраман. Умуман олганда, ҳар қандай иш жойида ўша клубни севиб қоламан, барча жиҳатларга кириб боришга, маҳаллий маданиятни тушунишга, буни ўзимда ўзлаштиришга ҳаракат қиламан. Эҳтимол, бу мураббий учун ёмон бўлиши мумкин, чунки сиз азоб билан мағлубиятларни бошдан кечирасиз ёки бирор-бир тажрибангиз иш бермайдиган пайтларни бошдан кечирасиз. Бу халақит бериши мумкин. Аммо ўзимни ўзгартирмоқчи эмасман. Кимдир учун мен кўп нарсага эришдим, бошқалари учун, аксинча. Яшаганман ва яшайман ҳам. Ахлоқ, ахлоқ ва ахлоқ - менда шу нарса бор. Ота-онам ва бобо-бувим менга айнан шундай тарбия ва тамо-йилларни сингдиришганидан хурсандман.

- «Пахтакор»га келишдан аввал сизда муқобил вариант ҳам бормиди?

- Ҳа, турли таклифларга эга эдим. Худди ўша Туркиядан, Сау­дия Арабистонидан, шунингдек, Нидерландиядан, албатта, «Аякс»­дан эмас (кулади).

- Ўзбекистон ҳақидаги дастлабки таассуротлар?

- Ўзбек ошхонаси мени дарҳол ҳайратга солди. Бунгача фақат грузин ошхонаси шунчалик бой деб ўйлардим. Турли мамлакатларда бўлганман, турфа хил таомларни татиб кўрганман. Ўзбек ошпазлари ҳақида сайёҳлардан эшитган бўлсамда, мамлакатга келганимда жуда ҳайрон бўлдим. Тарих ҳақида ҳам, албатта, Бухоро, Самарқанд ҳақида билардим, лекин уларни Рим ва Афина билан тенгдош деб ўйламагандим. Ва «Тож Маҳал»ни ўзбеклар қурганлиги тўғрисида бу ерга келгунимча билмасдим. Айтишим керакки, Ўзбекистон жуда бой тарихга эга. Грузинлар ўзбек футболини «Пахтакор»нинг собиқ иттифоқ чемпионатидаги иштироки орқали танишган. Бу жамоа стадионида Тбилисининг «Динамо» клуби 1964 йили «Пахтакор»ни мағлуб этган. Олдин ҳам ўзбекистонликларни тез-тез учратардим, улар менинг юртимга ҳурмат сўзларини изҳор этишарди. Албатта, сиз қайсидир мамлакатда узоқ вақт яшаганингизда, айрим ноқулайлик туғдирадиган бошқа нарсалар билан танишасиз. Аммо бу, эҳтимол, барча мамлакатлар билан бир хилдир. Умуман олганда, мен бу ерда кўпроқ самимий ва хушмуомала одамларни кўрдим.

- Сизни салбий жиҳатдан энг кўп ажаблантирган нарса нима?

- Менга бирор нарса ёқмаса ва кимдандир сўрасам, тез-тез жавоб қайтаришидан ҳайрон бўлдим: «Шота, бу Ўзбекистон». Мен бундай тарих ва маданиятга эга бўлган одамлар, қадимги замонларда дунёнинг ярмини бошқарган мамлакат бўлганига ҳайронман. Ва бундай жавоблар мени бироз безовта қилди. Атрофимдаги ҳеч кимнинг ишга бундай ёндошмаслигини талаб қилишим керак эди.

- «Пахтакор»да кимдир сизнинг ишингизга халақит берган ҳолатлар бўлганми?

- Ҳеч қачон.

- Жиддий айтяпсизми?

- Ҳа, бу жуда яхши! Албатта, фикрлар бир-бирига тўғри келмаса, ҳар хил вазиятлар бўлиши мумкин. Ва бу нафақат футбол, балки ҳаётга ҳам тегишли. Аммо ишонаманки, ушбу вазиятда «Пахтакор»да соғлом муҳит ва ҳамма нарсага тайёрлик мавжуд. Ҳар ким ўз ишини ва биз клубда қиладиган ишларнинг умумий режасини билиши керак. Бу катта масъулият. Агар бирор киши бунга аҳамият бермаса, у шунчаки балиқ каби жим бўлиб қолади, ҳар қандай фикрга қўшилиб, бош ирғайди. Ҳар қандай тортишув охирида ҳамиша соғлом фикр ғалаба қозонади.

- Нидерландия футболининг фалсафаси - бу умумий, яъни тотал футбол, шу жумладан, ўйиннинг ҳужумкор табиати. Бу жуда кўп энергия сарф қилувчи омил эмасми? Сиз қачондир мураббий сифатида «автобус» қўйишни ўйлаганмисиз?

- Буни қилолмадим. Нидерландия футболининг генетикаси шундайки, ҳар ким ўзини ҳужум билан ҳимоя қилади. Буни жамоа услубига сингдиришга ҳаракат қилдик. Агар Суперлига ўйинларига диққат билан қарасангиз, унда ҳужум ташкил этиш билан биргаликда, энг яхши ҳимояланган жамоа - бу «Пахтакор».

- «Автобус услуби»ни назарда тутяпсизми ёки ҳимоядаги ўйинни тўғри ташкил қилишни назарда тутяпсизми?

- Яна қайси автобус? Бу услуб. Сиз уни танк, вертолёт ёки бошқа нарсалар деб аташингиз мумкин. Нима фарқи бор? Бизнинг минтақада ҳимояда энг зўри эканимиз аниқ. Умуман олганда, Осиё Чемпионлар Лигаси бизнинг ҳимояда аниқ 5-ўринда эканлигимизни кўрсатди.

Х.ЮСУПОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz