Қайднома

Қидирув

Сергей Юраннинг Остон Ўрунов ҳақидаги гумонига жавоблар...

Сергей Юраннинг Остон Ўрунов ҳақидаги гумонига жавоблар...

  18.12.2020 12:00
  0
  403
Сергей Юраннинг Остон Ўрунов ҳақидаги гумонига жавоблар...

«Спартак» (Москва)нинг собиқ ҳужумчиси Сергей Юран жамоанинг собиқ директори Шамиль Газизов ишига баҳо бериб, ҳамюртимиз Остон Ўруновнинг ёшига нисбатан гумони борлигини айтди.

«Шамиль «Уфа»дан олиб келган футболчи ёшдек, аммо ҳамма у паспортида кўрсатилганидан 4-5 ёш катта эканлигини билади. Ҳа, энди Ўзбекистон... Бу сир эмас. Эшитганларим ҳақиқат», - деди Юран «Матч Премьер» жонли эфирида. Эътиборлиси, Юраннинг бу тахмини Россиянинг ўзида эътирозларга сабаб бўлди. Жумладан, «Уфа» директорлар кенгаши раиси Ростислав Мурзагулов айни пайт «СКА-Хабаровск»ни бошқараётган Сергей Юраннинг бу гумонига дарҳол жавоб қайтарди: «Сергей Николаевич - футбол ичида обрўли одам. Лекин геронтология (организм тузилиши ва умрни узайтириш билан шуғулланувчи фан)да кучлироқ мутахассислар бор. Остонга шундоқ қарасангиз, унинг ёш йигитча эканлигини тушунасиз. Айни шу сабабга кўра, у ҳали буюк футболчи бўлганича йўқ. Юран гумон қилган ёшга етса, у чиндан ҳам, катта ўйинчига айланади. Сергей Николаевичга эса жамоаси ўйинларида омад тилайман». «Уфа»нинг собиқ бош мураббийи Вадим Евсеев ҳам Юран фикри асоссиз эканлигини таъкидлади. «Йўқ, Ўруновнинг ёши борасида қандайдир гумондан холиман. Ҳар ҳолда, мендаги маълумотларга қараганда, у паспортида кўрсатилган ёшда. Қолаверса, Остон ўз ёшига нисбатан каттароқ ҳам кўринмайди. Мен учун у ҳамон ёш боладек», - деб ёзди ҳамюртимизнинг собиқ устози «Инстаграм»даги саҳифасида.

Россиялик таниқли журналист Илья Казаков эса Остон Ўруновнинг ёши бўйича мустақил суриштирув олиб боргани ва футболчимизнинг шахсий маълумоти қалбакилаштирилмаганини маълум қилди: «Ўрунов ҳақида ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан суҳбатлашдим. Мана, улар ёзган жавоб - «Мексикада 17 ёш тоифасида ўтказилган жаҳон чемпионатидан кейин Ўзбекистонда ёш футболчиларни синчковлик билан текшириш бошланган эди. Натижада 2 йил муқаддам бир қатор мураббий ва футболчилар бир умрга футболдан четлатилдилар. Ҳеч ким ёшни кичрайтириш умуман йўқ, демайди. Лекин ҳозир бизда бунга қарши қаттиқ кураш кетяпти. Ўруновнинг аниқ ёши текширилди. Остон туғилган Навоий шаҳри ФҲДЁ бўлими архивидан ҳужжатлар олиниб, туғруқхона берган сана билан солиштирилди. Ҳаммаси тўғри ва тоза».

Бундан ташқари, айрим нашрларда Сергей Юран «Химки»ни бошқараётган пайт «Спартак» раҳбарияти билан келишмовчилик юз бергани туфайли мураббий ўзича ўч олишга уринаётгани тахмин қилинмоқда. Маълумот учун, Ўрунов 2000 йилнинг 19 декабрь куни Навоийда туғилган. 19 ёшли футболчи «Спартак» сафига қўшилишига қадар «Нав­баҳор», «Локомотив» ва «Уфа» клубларида тўп сурган.

Ўзбекистон миллий термаси сардори Одил Аҳмедов ҳам Сергей Юраннинг далилларга асосланмаган гапларига муносабат билдирди. «Остонни анчадан буён биламан. Унинг отаси ва акаси ҳам жуссали, жисмонан бақувват одамлар. Бундай жисмоний бақувватлик Остонга оиласидан ўтган бўлса керак. Шундай экан, Юрандек таниқли шахснинг Ўрунов ҳақида ҳеч нарсани билмай туриб, бутун мамлакатга бундай гап тарқатиши аввало, унинг обрўсига тўғри келмайди», - деди Одил Аҳмедов Sport24 наш­рига. «Менимча, Юран нима деяётганини тушунмаган. Албатта, ҳар қандай одамнинг туғилган санасини фақат ота-онаси аниқ айтиши мумкин. Ҳа, Ўзбекистонда ҳам ёшини кичрайтирган футболчилар аниқланган ҳолатлар бор. Лекин бу Ўруновга тегишли гап эмас. Мана, бир неча манбаларда унинг ёши тўғри кўрсатилгани таъкидланмоқда. Аслида тескариси бўлиш керак. Яъни Юран ўз гапини исботлаб бериши лозим», - буниси россиялик журналистларга ўзбекистонлик мутахассис Алишер Никимбаевнинг жавоби.

Ушбу эътирозлар ва муносабатлардан сўнг Юран Ўрунов ҳақидаги сўзларига қайта изоҳ берди. «Бу бир нотаниш одам гапи эмас. Ўзбекистонда танишларим, мураббийлар бор, гаплашиб турамиз. Улар, эҳтимол, биздан Ўрунов ҳақида яхшироқ ва кўпроқ билишади. Шунинг баробарида таъкидлашим керак, аниқ рақам келтирмадим - 5 ёки 10 ёш. Футбол оламида шундай гап бор. Аммо 100 фоиз аниқ деёлмайман. Шунчаки, Остон «Спартак»ка ўтганида, менга қўнғироқ қилишганди: «Эшит, у 19 ёшда эмас. Бу Ўзбекистонга маълум». Шунда сўрадим: «Нима, ёши каттами?» Улар тасдиқлашди: «Ҳа, бироз каттароқ». Умуман олганда, ҳамма ушбу трансфердан ҳайрон бўлди. Нега 2 млн. евро тўлашганини тушунмаяпман. «Спартак» мактабида 19 ёшли тарбияланувчилар йўқми? Ўрунов - яхши футболчи, аммо «Спартак» даражасида эмаслиги аниқ», - дея Юран сўзларини келтирди Sport24.

Умуман олганда, ҳозирги замонда ёшини 5 йилга кичрайтирган фуболчини аниқлаш қийин масала эмас. Бунга ҳожат ҳам йўқ. Муаммо шуки, Ўрунов мураккаб даврни бошдан ўтказяпти. Ёш футболчи Россиянинг энг мухлиси кўп клубида ўз ўрнини топиш ҳаракатида. Боз устига, атрофида келажаги ҳақида ҳам турли гап-сўзлар айланяпти. Қисқаси, Юраннинг бу бўлмағур иддаоси футболчига нисбатан босимни кучайтиришдан бошқа нарсага ярамайди. Кўпни кўрган собиқ футболчи ва мураббий Юран буни билиши ва ўз сўзига масъул бўлиши керак.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz