Қайднома

Қидирув

Мавсум кашфиётлари: Ла лигани ёндираётган “Сосьедад”

Мавсум кашфиётлари: Ла лигани ёндираётган “Сосьедад”

  18.12.2020 13:13
  0
  520
Мавсум кашфиётлари: Ла лигани ёндираётган “Сосьедад”

Ла Лига турнир жадвали юқорисида кутилмаган манзара - «Реал Сосьедад» етакчилар гуруҳида ва «Реал» ҳамда «Барселона»дан юқорида! Мана, биринчи давранинг ярмидан кўпи ортда қолди, бу орада шоҳсупа учун кураш «Атлетико» ва «Сосьедад» ўртасида кечди. Қисқаси, мавсум старти «Мадрид» ва «Барса» учун минусга юрди. Тўғри, «қаймоқранглилар» нисбатан юқорига кўтарилиб олдилар, «кўк-анорранглилар» эса Йохан Кройфф давридан буён бундай ёмон стартни кўрмагандилар. Воқеалар қандай ривож топиши - вақт ҳукмидаги масала. Ҳозирча турнир жадвали юқорисига тиришаётган «кутилмаган меҳмон» - «Сосьедад» ҳақида алоҳида гаплашсак арзийди. Зеро, Баскония юрти жамоаси йигитлари бунга лойиқлар.

«Сосьедад» чемпионликни кўзламоҚдами?

Сан-Себастьянда мухлислар аллақачон 40 йил олдин кузатилган бетакрор футбол байрами такрорланишини тасаввур қила бошлашди. Маълумот учун, «Реал Сосьедад» 1981-1982 йилларда ўз тарихидаги энг яхши даврни бошдан кечирганди. Ўшанда камтариндек кўринган жамоа қаторасига 2 марта Испания чемпионати олтин медалини ютганди. Кейинчалик клуб ҳаётида бу даражадаги катта ютуқ бошқа кузатилгани йўқ. Мана, энди Бискай кўрфази шарафини ҳимоя қиладиган клуб Испания харитасининг юқори нуқтасида турадиган Сан-Себастьян шаҳрига ҳамоҳанг тарз­да Ла Лига турнир жадвали чўққисига интилмоқда. Ҳа, басконияликларнинг охиригача юқори суръатни ушлаб қолишлари қийин, лекин уларда Примеро тожи учун курашиш имконияти йўқ эмас. «Сосье­дад»нинг бирдан порлагани бежиз эмас. Диққат қилинг, «оқ-ҳаворанглар» Ла Лиганинг дастлабки 12та турида 22та гол уришди - бу энг юқори кўрсаткичдир. Қолаверса, жамоа чемпионатнинг шу даврида ғалабалар (7та), мағлубиятлар (1та) ва қўйиб юборилган голлар (5та) сони бўйича иккинчи яхши натижани қайд этди. Асосийси, клуб афсоналари вазиятга реал кўз билан қарашмоқда ва камтарликни унутмаган ҳолда, тож ҳақида муддатидан олдин гапиришни истамаяптилар. «Очиғи, «Реал Сосье­дад»ни ҳозирдан чемпион сифатида кўриш қийин ва ўринсиз, аммо бизда шундай умид борлиги ҳам айни ҳақиқат», - дейди Баскония клубининг 2та чемпионлик мавсумида катта ҳажмда иш бажарган собиқ футболчи Роберто Лопес Уфарте. Ҳа, «Сосьедад» ва «олтин» ўртасида ҳали каттагина масофа бор, лекин унинг Басконияда энг яхши жамоа мақомини олишига атиги бир қадам қолди. Мавсум-2019|2020 доирасидаги «Баск кубоги» турнири финали кейинги йилнинг 4 апрелига қолдирилганини эслатиш жоиз. Аслида ҳал қилувчи баҳс жорий йил апрелда ўтказилиши керак эди, бироқ коронавирус пандемияси ушбу кичик турнир тақвимига ҳам «аралашмай» қолмади.


Ла Лигага қайтган Давид Сильва

«Реал Сосьедад»га лоақал чемпионатнинг кучли 4та клуби қаторига кириш учун ҳақиқий имконият тақдим этаётган бундай ажойиб натижалар қаердан юзага келди? Ваҳоланки, аввалги мавсум «оқ-ҳаворанглар» сафида етакчиликни қўлга олган ва жамоанинг асосий юлдузи сифатида бўй чўзган Мартин Эдегор Мадридга қайтди. Норвегиялик иқтидор Басконияда ўзини ўнглаб олгач, Тони Кросс ва Лука Модрич каби етук ижрочилар сафига қўшилди, натижада «Сосье­дад» олдида унинг ўрнига дарҳол ўринбосар топиш зарурати туғилди. Муҳими, клуб раҳбарлари узоқ вақт ўйлаб ўтирмадилар: ёш норвегиялик ўрнида фахрий Давид Сильвани кўришди ва адашишмади. Асосийси, фаолиятининг катта қисмида АПЛни «гуллатган» испаниялик ярим ҳимоячи таклифни қабул қилди. Тўғри, у ватанига қайтишини олдинроқ айтганди ва ўтган ёзда «Сосьедад» либосини кийди. Аслида «Манчестер Сити»га кўп хизмат қилган Давид орада жомадонларини Рим сафарига мўлжаллаб ҳам йиғиштирганди. Чунки «Лацио» унга «семиз» маош, базадан муносиб жой ва Европа Чемпионлар Лигасидаги иштирокни таклиф қилди. Умуман, «бургутлар» сафига қўшилиш варианти Сильва учун ҳар жиҳатдан афзалроқ эди. Бироқ ўртага оиласи тушдию, Давиддан Сан-Себастьянга қайтишни талаб қилди (футболчи олдин маълум муддат «Эйбар» сафида тўп сурганди). Қисқаси, «Сити» афсонаси якунда яқинлари раъйига қарши бормай, «Реал Сосьедад»дан қўним топди. Бу тўғри қарор бўлиб чиқди ҳам. Фаолияти давомида 761та расмий учрашувда тажриба тўплаган ярим ҳимоячи Испанияга қайтиши билан «Сосье­дад» ўйинига жозиба олиб кирди, етакчилик фазилатини бағишлади. Бунинг самараси ўлароқ, жамоа ярим ҳимоясида барқарорлик таъминланди, ижодкорликнинг янги қирралари кўзга ташланди. Алоҳида факт шуки, 34 ёшли ярим ҳимоячи чемпионатда энг ёш таркибга эга жамоа сафига қўшилди: футболчиларнинг ўртача ёши 24,8га тенг. Хуллас, Давид Сильва 30 ёшдан ошган 3 нафар ўйинчи қаторига кирди. Асосий жамоа қайдномасининг ярмидан кўпи академия тарбияланувчилари билан банд эканлигини алоҳида айтиш керак - 16 нафар. Оддий айтганда, маҳаллий тарбияланувчилар ҳозирги «Реал Сосьедад»нинг асосий қу­ролларидан бири ҳисобланадилар.

 

23 ёшли сардор - Микель Ойарсабаль феномени

Маҳаллий юлдузлардан бири - ярим ҳимоячи Микель Ойарсабаль. Испания - Германия ўйинидан сўнг у ҳақда фақат Сан-Себастьян эмас, балки бутун Европада гапира бошлашди. «Қизил фурия» Йоахим Лёв дружинасини «янчиб ташлаган» баҳс (6:0)да Микель 73-дақиқада захирадан майдонга тушди ва қисқа вақтда гол муаллифига айланди. Умуман, 23 ёшли вингер жорий мавсум «оқ-ҳаворанглар» ўйинига катта таъсир кўрсатмоқда. Биринчидан, тажрибали Асьер Ильярраменди йўқлигини билинтирмай, сардорлик вазифасини ўз зиммасига олди. Асьер 2019 йилнинг сентябрь ойидан буён сафда эмас, унинг ролини эса ёш Ойарсабаль ортиғи билан бажармоқда. Иккинчидан, Микель етакчилик фазилатларидан ташқари, тўпурарлик қобилиятини ҳам намойиш этмоқда. У Ла Лиганинг 12та турида 7та гол урди. Муҳими, Ойарсабаль ва жамоа ҳар қандай схемада жозибали ва янгича футбол кўрсатмоқда. Дейлик, асосий 4-1-4-1 схемаси кўпинча 4-3-3 ёки 4-2-3-1га алмаштирилади. Ҳар 3та чизма «Сосьедад»га тўғри сингдирилган ва ҳозирги муваффақиятда катта аҳамият касб этмоқда. «Оқ-ҳаворанг­лар» устози ҳам клуб одами: 49 ёшли Иманоль Альгуасиль вақтида ёшлар таркибини бошқарган. Қисқаси, у ҳозирги кўплаб шогирдларини ёшликларидан яхши билади. Эҳтимол, айни шу жиҳат асосий жамоанинг ютуқларини таъминлаётгандир. Альгуасиль мураббийлик фаолиятини 2011 йили бошлаган. 2013 йили «Сосьедад»нинг иккинчи жамоасида бош мураббий ассистентига айланди ва кейин асосий таркиб билан ишлаш имкониятини ҳосил қилди. 2018 йилнинг март ойига келиб, клуб раҳбарияти Иманолни бош жамоага вақтинча мураббий сифатида танлади. Декабрь охирида эса мутахассис тўлақонли шартнома остига имзо чекди.


Ёшлар  жамоасини 
бошқараётган  Хаби  Алонсо

2019 йилдан буён «Реал Сосье­дад»нинг иккинчи жамоасини афсонавий Хаби Алонсо бошқармоқда. Айтишларича, Карл-Хайнц Руммениггенинг шахсан ўзи уни «Бавария»нинг бўлажак мураббийи сифатида кўрмоқда. Хаби ҳозирча тажриба орттириш жараёнида ёш истеъдодларни муносиб тарбияламоқда. Айтиш жоиз, Алонсо футболчилик фаолиятини айнан Сан-Себастьянда бошлаган ва 2003 йили жамоа билан Испаниянинг вице-чемпионига айланган. Ўшанда кўзланган «олтин»га етишиш учун атиги 2 очко етмай қолганди. Алонсо ва Альгуасиль характерида умумийлик бор - бу ортиқча шов-шувни ёқтирмаслик. «Тўғриси, матбуот анжуманларига хушим йўқ, «Твиттер» ва «Инстаграм» каби тармоқларда ҳам фаол эмасман. Мана, мураббий сифатида ишлаяпман ва ўзимни бундай икир-чикирлардан иложи борича узоқроқ сақлашим керак. Менга атаб мақтовли сарлавҳа ва мақолалар ёзишларини ҳам истамайман», - дейди «Сосьедад» бош мураббийи. Хаби Алонсо ҳам худди шундай. Маълумки, камтарлик кўпинча муваффақиятга олиб келади. Эҳтимол, бу жорий мавсумдаёқ иш берар ва «Сосьедад» камида юқори тўрт­ликдан жой олиш имкониятидан унумли фойдаланар. Тан олиш керак, чемпионликни қўлга киритиш жуда қийин: Испания биринчилигида олдингидай эталон - «Атлетико» ва тўлиқ жангга шай «Реал» бор. Умуман олганда, Примерода деярли ҳар мавсум қувноқ старт оладиган жамоа топилади. Дейлик, ўтган мавсум «Гранада» кўпчиликни  ҳайратга солганди, ундан олдин «Алавес» ва бошқалар. Қисқаси, ҳозирги «Сосьедад»нинг чемпионлик учун имконияти жуда камлигини исботловчи ёрқин мисоллар кўп. Аммо Альгуасиль шогирдларини жиддий кузатиш керак, барибир. Улар ўйинларини томоша қилиб, сардорнинг ҳаракатларию, такрорланмас Давид Сильванинг сеҳрига қойил қолинг...

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz