Қайднома

Қидирув

"ТОП-5"да нима гаплар ёки пешқадамга татимаган тур

"ТОП-5"да нима гаплар ёки пешқадамга татимаган тур

  18.12.2020 23:23
  0
  375

Декабрнинг иккинчи ҳафтаси етакчи бешликнинг турнир жадвали пешқадамлари учун омадсиз келди. Фақат АПЛ ва «А» серияда карвонбоши ўз мавқеини сақлаб қолди. Бироқ уларнинг омадсизликлари таъқибчиларга ўртадаги фарқни қисқартириб олиш имкониятини берди.

Англия. Бой берилган очколар

АПЛнинг 12-тури дастлабки беллашувида мавсумни шиддатли бошлаган «Лидс» ўз майдонида «Вест Хэм»ни енга олмади - 1:2. Аслида учрашув дебютант учун муваффақиятли бошланиб, жамоа 6-дақиқада пенальти ёрдамида ҳисобни очганди. Бироқ кейинчалик ташаббус «бол­ғачилар» томонига ўтди ва Соучек тез орада мувозанатни тиклади. Иккинчи бўлим тенг курашлар остида кечди, Огбоннанинг аниқ зарбаси эса меҳмонларга ўта муҳим 3 очкони тақдим этди. Мазкур ғалаба лондонликларга еврокубоклар ҳудудидаги мавқеларини мустаҳкамлаш имкониятини берди.

Манчестер дербисида қайд этилган дуранг (0:0) икки номдор жамоа учун жиддий йўқотиш бўлди, бой берилган 2 очко уларни етакчи еттиликни тарк этишга мажбур этди.

«Гудисон Парк»да «Челси»ни ягона гол эвазига маҳв этган «Эвертон» Манчестер грандларини қувиб ўтди.

«Кристал Пэлас» ҳамда «Тоттенхэм» ўртасидаги Лондон дербиси асосан нисбатан кучлироқ меҳмонлар устунлигида ўтди. Улар илк дақиқалардан бошлаб майдон эгалари дарвозаси томон ҳужумлар уюштирдилар. Бироқ мезбонлар посбони Висенте Гуайта ўта ишончли ҳаракатлари билан хавфли зарбаларни қайтаришга муваффақ бўлди. Фақат Гари Кейннинг бурама зарбаси қаршисида ожиз қолди - айланма ҳаракат остида парвоз қилган тўп дарвоза яқинида ўз йўналишини ўзгартириб, Гуайтани доғда қолдирди. Майдон эгалари эса ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганида стандарт вазиятдан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирдилар.

«Ливерпуль» «Фулхэм» майдонига якка пешқадамга айланиш имкониятига эга бўлган ҳолда йўл олганди, лекин чемпион ана шу ажойиб имкониятдан фойдалана олмади. Боз устига, пенальти эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди. Хавфли ҳудудда бораётган майдон эгалари бутун ўйин давомида фаоллик кўрсатишди ва ҳақли равишда ҳисобни очишди. Клопп жамоаси эса негадир ўз ўйинини кўрсата олмади. Шу боис, биринчи бўлим мезбонлар фойдасига ҳал бўлди.

Таажжубки, танаффусдан ке-йин ҳам меҳмонлар ўйинида жонланиш кузатилмади. Фақат камсонли ҳужумларнинг бирида Муҳаммад Салоҳнинг стандарт зарбасидан сўнг тўп «жонли девор»да турган ўйинчилардан бирининг қўлига теккач, ҳакам мезбонлар дарвозаси томон пенальти белгилади. Мисрлик тўпурар уни голга айлантириб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди - 1:1.

Етакчилар омадсизлигидан унумли фойдаланган «Лестер» ўз майдонида «Брайтон» устидан йирик ҳисобда (3:0) зафар қучиб, уларга максимал даражада яқинлашиб олди. Шунингдек, «Шеффилд» дарвозасига 3та жавобсиз тўп йўллаган «Саутгемптон» ҳам етакчи квартетдан жой олди.

Испания. Энди Облакдан автогол

Ёдингизда бўлса, аввалги турда «Реал» Севильядан майдон эгалари дарвозабонининг автоголи эвазига қимматли 3 очко билан қайтганди. Бу гал турнинг марказий учрашуви мақомидаги Мадрид дербисида «Атлетико» посбони ўзи истамаган ҳолда устундан қайтган тўпни дарвозага тўғрилаб қўйди. Тўғри, бунгача чемпион Каземиронинг аниқ зарбаси эвазига 1:0 ҳисобида олдинда бораётганди. Ян Облакнинг хатоси мезбонлар устунлигини мустаҳкамлади, холос. Чунки унинг жамоадошлари жавоб голини уриш тугул, ҳатто Куртуа дарвозасига аниқ зарба йўллашни ҳам уддалай олмадилар. Шу тариқа Симеоне жамоасининг мағлубиятсиз серияси ниҳоясига етди.

Таажжубки, «Атлетико»га қадар турнир жадвалини бошқариб келган «Реал Сосьедад» ва совринли ўринларга даъвогарлик қилаётган «Вильярреал» мадридликлар омадсизлигидан тўла фойдалана олмадилар. Янада ажабланарли жиҳати шундаки, аввалги турда «Алавес» дарвозасига йўл топа олмаган «Сосьедад» бу турда «Эйбар» билан, «Эльче»ни енга олмаган «Вильярреал» эса «Бетис» билан жанговар (1:1) дурангларга рози бўлишди.

Аввалги турда «Кадис» майдонидан аламли (1:2) мағлубият билан қайтган «Барселона» «Камп-Ноу»да «Леванте» дарвозаси томон тинимсиз ҳужумлар уюштирган бўлсада, фақат битта гол билан кифояланишга мажбур бўлди. Албатта, шу ўринда меҳмонлар дарвозабони Айтор Фернандеснинг ўта ишончли ўйинини эътироф этиш жоиз. Бироқ ўйин давомида кўплаб зарбаларни бартараф этган посбон Мессининг битта зарбаси қаршисида ожиз қолди.

Германия. Карвонбоши ўзгарди

Бундеслиганинг 11-тури кутилмаган натижаларга бой бўлди. Жумладан, Дортмунднинг «Боруссия»си ўз майдонида «Штутгарт»дан шармандали (1:5) мағлубиятни қабул қилиб олди. Аслида учрашув мезбонлар учун одатдагидек бошланган, рақибнинг бўлим ўрталаридаги голига тез орада жавоб қайтаришганди. Бироқ танаффусдан кейин меҳмонлар вакили Вамангитука иккинчи марта Бюрки дарвозасини ишғол этди, кейин Фёрстер ва Кулибалилар 3 дақиқа ичида ҳисобдаги фарқни 3тага етказишди. Гонсалеснинг қўшимча вақтдаги голи эса учрашувга нуқта қўйди.

Аввалги турда «Альянц-Арена»да чемпион билан жанговар дурангга (3:3) имзо чеккан «РБ Лейпциг» бу сафар «Вердер»ни ортиқча қийинчиликсиз таслим этди. Забитцер ва Ольмонинг аниқ зарбаларига «мусиқачилар» жавоб қайтара олмадилар.

Пойтахтда «Унион» меҳмони бўлган «Бавария» бу турда ҳам қимматли 2 очкодан маҳрум бўлди - 1:1. Боз устига, мезбонларнинг тезкор (4-дақиқа) голига жавоб қайтариш учун бир соатдан кўпроқ вақт сарфлади. Жамоанинг польшалик халоскори мувозанатни тиклаб, жорий мавсумдаги голлари сонини 13тага етказиб олди.

Ўз майдонида «Хоффенхайм»­ни қабул қилган «Байер» учрашувни 4:1 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилиб, турнир пешқадамига айланиб олди. Эътиборлиси, мезбонлар ҳужумчиси Леон Бэйлининг «дубл»и бахтли тасодиф самараси бўлди. 4-дақиқада Леоннинг жарима майдончасига йўллаган тўпи кутилмаганда дарвоза тўридан жой олди. Иккинчи гол эса Крамаричнинг хатоси туфайли амалга оширилди - 27-дақиқада Андрейнинг ўз дарвозабонига узатган тўпини Леон эгаллаб олди ва дарвозани забт этди.

Иккинчи бўлимда меҳмонлар жавоб голини уриб, ҳисобдаги фарқни қисқартиришди. Бироқ мезбонларнинг 17 ёшли ўйинчиси Флориан Вирц учинчи голни урди. Тез орада Гриллич ва Пош иккинчи сариқ карточка билан жазоланиб, майдонни тарк этишди. Озчилик бўлиб қолган меҳмонлар бошқа гол ура олишмади. Қўшимчасига, ўйин тугаши арафасида ўз дарвозаларидан яна битта тўп ўтказиб юборишди.

Италия. «Милан»дан

навбатдаги дуранг

«А» сериянинг 11-тури муросасиз курашлар остида ўтди. Фақат охирги беллашувда «Милан» ўз майдонида «Парма»ни енга олмади. Аниқроғи, 90 дақиқа давомида меҳмонларга имкониятни бой бериб, қўшимча вақтда мувозанатни тиклади. Учрашув майдон эгаларининг фаоллигида бошланган бўлсада, ҳисобни меҳмонлар очишди. Тез орада Кастильехо мувозанатни тиклаганди, аммо учрашув ҳаками такрорий лавҳадан сўнг голни инобатга олмади. Кейинчалик омад майдон эгаларидан юз ўгирди. Жумладан, дарвоза устуни меҳмонларни 3 марта муқаррар голдан қутқариб қолди.

Танаффусдан кейин «Парма» мантиққа зид вазиятда иккинчи голни урди. Лекин орадан 2 дақиқа ўтгач, мезбонлар ҳимоячиси Тео Эрнандес бурчакдан узатилган тўпни дарвозага жойлаб қўйди. 91-дақиқада яна шу ҳимоячи кучли зарба эвазига меҳмонларни ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишга мажбур этди. Шу тариқа пеш-қадам катта қийинчилик билан нав­батдаги очкони қўлга киритди ва мағлубиятсиз ўйинлар сериясини 23тага етказиб олди.

Генуяга сафар уюштирган «Ювентус» маҳаллий «Женоа»ни 3:1 ҳисобида маҳв этди. Лекин чемпион мазкур ғалабага осонликча эришмади, «қора гуруҳ»га тушиб қолган мезбонлар муносиб қаршилик кўрсатишди. Шу боис, жамоалар танаффусга 0:0 ҳисоби билан йўл олишди.

Иккинчи бўлимда Пауло Дибала меҳмонларни олдинга олиб чиқди. Мезбонлар эса 4 дақиқадан кейин мувозанатни тиклашди. Лекин учрашув охирида майдон эгалари 2 марта ўз жарима майдончалари ичида ўйин қоидасини бузишди. Роналду эса пенальтилардан унумли фойдаланиб, ғалабани таъминлади.

Миланнинг «Интер» жамоаси «Кальяри» майдонида иродали ғалабани (3:1) расмийлаштирди ва пешқадамга яқинлашиб олди. Шунингдек, «Сампдория»ни қабул қилган «Наполи» ўзининг ғалабали сериясини давом эттирди - 2:1.

Франция. «Лиль» - Лига 1 етакчиси

Ҳа, сўнгги дам олиш оқшомларида Испания, Германия ва Франция чемпионатларида пешқадамлар ўзгарди. Лига 1 гегемони «ПСЖ» бу турда «Лион»га имкониятни бой бериб (0:1), рақибни олдинга ўтказиб юборди. «Лион» билан ёнма-ён келаётган «Лилль» эса ўз уйида «Бордо» устидан 2:1 ҳисобида устун келиб, тўплар нисбатига кўра етакчи бўлиб олди. «Марсель» эса энг яқин таъқибчиси - «Монако»ни шундай ҳисобда маҳв этиб, етакчи квартетдаги ўрнини сақлаб қолди. Энди уни «Ланс» майдонидан 3 очко билан қайтган (3:2) «Монпелье» таъқиб этади.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz