Қайднома

Қидирув

Рафаэль Бенитес: “Клопп муваффақияти калити - эҳтирос ва фалсафа”

Рафаэль Бенитес: “Клопп муваффақияти калити - эҳтирос ва фалсафа”

  20.12.2020 16:16
  0
  339
Рафаэль Бенитес: “Клопп муваффақияти калити - эҳтирос ва фалсафа”

Рафаэль Бенитес - бу муваффақият иборасига синонимдек бўлиб кетган исм-фамилия. Испаниялик мураббий қаерда ишламасин, бирдек самарали фаолият юритган, маълум ютуқларга эришган. Аниқроқ айтсак, 60 ёшли мутахассис ўз ватанидан ташқари, Испания, Италия ва Англияда ҳам ном қозонди. У жумладан, Европа Чемпионлар Лигаси ва Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳал қилувчи баҳсларида ўз иши самарасини намоён қилди. Бенитес ўтган йилнинг ёзида Хитой футболига юзланди ва ҳозирда мамлакат чемпионати Биринчи дивизиони иштирокчиси - «Дальян Про» клуби бошқарувидаги янги тажрибадан шунчаки, завқланмоқда. ФИФА расмий сайти журналистлари The Best FIFA Football Awards соврини тақдимоти арафасида айнан буюк Рафани суҳбатга тортиб, унинг номзодлар ҳақидаги фикрларига қизиқишди, шунингдек, мураббийлик фаолиятидаги ўзгаришлар хусусида сўрашди.

- Лионель Месси ва Криштиа­ну Роналду анча муддат FIFA Football Awards совринини бегона қилишмади. Сизнингча, улар ниманинг ҳисобига узоқ вақтдан буён бу даражада ўзгача ўйин кўрсатишмоқда?

- 2 нафар мега даражадаги ижрочининг тенг вақтда ўйнагани - бу ҳам футбол, ҳам профессионал жамоадошлари, ҳам мухлислар учун омад. Ҳар иккиси ўта рақобатбардош, доимо ғайратли ва ҳамиша фақат ғалабага интилади. Профессионал спортда энг муҳими шу. Совринлар ютишни истайдиган мураббийга аввало, айнан шундай салоҳиятга эга, теран фикрлайдиган футболчилар керак. Қисқаси, Роналду ва Мессининг барқарор муваффақияти сири оддий - изчил ҳаракат, тўхтовсиз олға интилиш хислати. Менимча, ҳозирги ёшлардан Килиан Мбаппе ва Эрлинг Холанд ҳам шундай катта салоҳиятга эгалар, аммо улар ҳали барқарорликни таъминлаш учун жуда кўп тер тўкишлари лозим.

- 2004-2010 йиллар оралиғида «Ливерпул»да муваффақиятли иш олиб бордингиз. Мана, ФИФА талқинига кўра, жаҳоннинг амалдаги энг яхши мураббийи Юрген Клопп ҳам «Энфилд»да катта ютуқларга эришди, эришмоқда. Германиялик касбдошингиз ҳақида нима дея оласиз?

- Қойилмақом мураббий, шунчаки, гап йўқ! Албатта, Юрген чиндан ҳам, ўта яхши жамоага эга. Лекин ҳамма гап шу яхши жамоани муносиб бошқаришда. Демакки, Клопп­ни кучли мотиватор сифатида ҳам мақташ керак. Ҳар ҳолда, у ўз фалсафасидан чекинмади ва охир-оқибат, энг юксак марраларни забт этди. Тушунарлики, АПЛ ва Европа Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш осон эмас, айниқса, «Ливерпул»дек «телбавор» клуб билан. Ҳар икки соврин футбол чиройини биринчи ўринга қўядиган жамоа учун нимани англатишини яхши биламан ва Клоппнинг муваффақиятидан хурсандман, албатта. Унинг ўйинга нисбатан иштиёқи, эҳтироси ва ўзгармас фалсафаси муваффақиятларининг асосий сиридир.

- 30 йилдан бери мураббийлик билан шуғулланасиз. Сизнингча, шунча вақт давомида ушбу шарафли касб нечоғли ўзгарди?

- Умуман олганда, сезиларли даражада катта ўзгариш йўқ. Фақатгина ижтимоий тармоқлар таъсирини ҳисобга олмасак, шундай. Ўйин давомида ёки ундан кейинги ҳар қандай имо-ишора ҳам, қарорларингиз ҳам бир неча дақиқа ичида интернет дунёсига чиқади. Кейин мухлислар ўртасида илгари кузатилмаган охири йўқ мунозаралар бошланади. Тўғриси, ҳозирги кунда бундай босимни кўтариш осон эмас. Бу чиндан ҳам, яна бир кураш майдони...

- Айтингчи, яқин келажакда сизни қайсидир миллий терма жамоа бошқарувида ҳам кўришимиз мумкинми?

- Эҳтимол... Вақт ўтиши билан терма жамоага ҳам мураббийлик қиларман. Гарчи бу иш учун ҳали бироз ёш бўлсамда (кулади). Жиддий гапирсам, ҳар куни футболчилар билан изчил ишлашни хуш кўраман, лекин принципиал жиҳатдан терма жамоада ишлашни истисно қилмайман, барибир. Асосийси, ҳар доим хотиржамликни сақлаб қолиш ва вақтида тўғри қарор қабул қилишдир.

- Олдинги давр билан солиштирганда, дарвозабонлар ҳам ўзгаришдими?

- Албатта! Олдин киперлар учун асосан зарбаларни тўсиш ва стантард вазиятларда ҳимояни бошқариш муҳим саналарди. Энди улардан оёқ билан ҳам яхши ўйнаш талаб қилинмоқда. Шуни ҳисобга олсак, «Барселона» вакили Марк-Андре тер Штеген ҳозирда энг яхши дарвозабонлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, Ян Облак («Атлетико») ҳам ажойиб кипер. Англияда эса Алиссон («Ливерпуль») ва Эдерсон («Манчестер Сити») каби замонавий услубда ўйнаётган дарвозабонларга эътибор катта.

- Суҳбат якунида сиз учун тайёрлаб қўйилган тезкор саволлар тўпламига навбат берсак. Биринчиси - ўзингиз устозлик қилган энг яхши футболчи?

- Стивен Жеррард.

- Сиз билан ишламаган энг яхши футболчи?

- Лионель Месси.

- Энг яхши ўйин?

- «Реал»ни «Энфилд»да 4:0 ҳисобида енгган ўйинимиз.

- Фаолиятингиздаги энг яхши лига?

- Албатта, Англия Премьер-лигаси.

- Энг яхши схема?

- 4-2-3-1.

- Барча замонларнинг энг чиройли голи?

- Марадонага тегишли гол. 1986 йил, Мексика... Шунчаки, такрорланмас рейд маҳсули.

- Энг ёрқин хотира?

- 2005 йил, Истанбул. «Ливерпуль» билан Европа Чемпионлар Лигаси финалида қандай ғалаба қозонганимизни сира унутмайман.

- Энг катта муваффақиятингиз?

- «Валенсия»да ютган совринларим: чемпионатнинг 2та олтин медали, УЕФА кубоги ва Европа суперкубоги.

- Сиз дуч келган энг яхши мураббий?

- Шубҳасиз, Хосеп Гвардиола.

Рафаэль  Бенитеснинг мураббий  ролидаги ютуҚлари

***Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби (2010 йил)

***Европа Чемпионлар Лигаси ғолиби (2005 йил)

***УЕФА кубоги|ЕЛ ғолиби (2004 ва 2013 йиллар)

***Европа суперкубоги соҳиби (2005 йил)

***Испания Ла Лигаси чемпиони (2002 ва 2004 йиллар)

***Англия кубоги соҳиби (2006 йил)

***Англия Лига кубоги соҳиби (2006 йил)

***Италия кубоги соҳиби (2014 йил)

***Италия суперкубоги соҳиби (2010 ва 2014 йиллар)

***Испания Ла Лигасининг энг яхши мураббийи (2002 йил)

Рафаэль  Бенитеснинг мураббийликфаолиятидаги  клублар

*«Вальядолид» (Испания)

*«Осасуна» (Испания)

*«Экстремадура» (Испания)

*«Тенерифе» (Испания)

*«Валенсия» (Испания)

*«Реал» (Испания)

*«Ливерпуль» (Англия)

*«Челси» (Англия)

*«Ньюкасл» (Англия)

*«Интер» (Италия)

*«Наполи» (Италия)

*«Дальян Про» (Хитой)

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz